muslim.uz
Илмли талабалар тақдирланди
Шу йил 6 февраль куни Нукус шаҳридаги Имом Эшон Муҳаммад жоме масжиди катта мажлислар залида Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус Ислом таълим муассасаси талабалари 2020-2021 ўқув йили биринчи семестр натижалари бўйича тадбир ўтказилди.
Тадбир Қуръони карим тиловоти ва хайрли дуолар билан бошланди. Уни билим юртининг катта ўқитувчиси Ж.Искендеров кириш сўзи билан очиб берди. Сўнг таълим муассасасининг ўқув ишлари бўйича мудири ўринбосари С.Кудайбергеновнинг 2020-2021 ўқув йили биринчи семестр натижалари бўйича ҳисоботи тингланди.
Шундан сўнг 2020-2021 ўқув йили биринчи ярим йилида барча фанларни “аъло” баҳоларга ўзлаштирган талабаларга билим юрти раҳбариятининг “Фахрий ёрлиқ” ва қиммат баҳо совғалари топширилди.
Ҳар бир ота-она фарзанди қўлга киритган ютуқлар билан фахрланади. Жорий ўқув йили биринчи ярим йилини “аъло” баҳоларга якунлаган талабаларнинг ота-оналарига билим юрти раҳбариятининг “Ташаккурнома”лари почта хизматлари орқали уйларига жўнатилди.
Тадбир давомида билим юрти ёшлари тайёрлаган “Таълимда – устоз ва талаба ҳамҳиҳатлиги” мавзусидаги видеоролик тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди. Тадбир маҳаллий телевидение орқали тасвирга олинди.
Саламат Кудайбегенов
Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний
ўрта махсус ислом билим юрти ўқув ишлари бўйича
мудир ўринбосари
Фиқҳ фани: Мухтасарул виқоя китоби (аудио)
«Ўзбекгидроэнерго» исломий облигациялар чиқаради
Ушбу вазифани амалга ошириш мақсадида «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликни йўлга қўйди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
«Ўзбекгидроэнерго» маълумотига кўра, ҳамкорлик доирасида «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг маҳаллий ва хорижий капитал бозорларига чиқиши бўйича ҳамкорлик қилиш, қимматли қоғозлар, жумладан, Ислом тамойилларига асосланган қимматли қоғозларни чиқариш вазифалари амалга оширилади. Унга кўра, жорий йилнинг июль-август ойларида облигацияларни чиқариш режалаштирилмоқда.
Ҳозирги кунда акциядорлик жамияти «яшил» исломий облигацияларни чиқариш бўйича изчил изланишлар олиб бормоқда. Хусусан, бир қатор нуфузли хорижий инвестиция муассасалари, АҚШнинг «Citibank», «JPMorgan Сhase», Швейцариянинг «Credit Suisse», Бирлашган Араб Амирликларининг «Emirates NBD», Франциянинг «Societe Generale» сингари нуфузли банклари билан исломий облигацияларни жойлаштириш бўйича музокаралар давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Қуръон тиловат қилганда йиғлаш
Мен Бомдод номазидан кейин Ёсин сурасини ўқишим билан ўз ўзидан этим жимирлаб йиғи келади. Ушбу ҳолатимни сабабини айтиб берсангиз.
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Қуръон тиловат қилганда йиғлаш – бу хайрли ҳолат. Пайғамбаримиз алайҳиссалом, саҳобалар ва салафи солиҳларимизнинг тиловатдаги ҳолатлари шундай эди. Аллоҳ таоло солиҳ мўминларнинг васф этиб шундай марҳамат қилади:
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ اللَّهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ آيَاتُهُ زَادَتْهُمْ إِيمَانًا وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ
яъни: "Мўминлар – Аллоҳ зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина (барча ишларида) таваккул қиладиганлардир" (Анфол сураси, 2-оят).
Демак, Аллоҳ таолонинг номи зикр қилинганида ва Қуръон тиловат қилинганида ҳақиқий мўминнинг дили эрийди, қалби қўрқувга тушади ва кўзларига ёш келади. Тошбағирлик ва Аллоҳнинг амрига итоатсизлик фосиқларнинг хулқларидандир.
Бошқа бир оятда:
وَيَخِرُّونَ لِلْأَذْقَانِ يَبْكُونَ وَيَزِيدُهُمْ خُشُوعًا (الإسرا-109)
яъни: “Улар йиғлаган ҳолларида юзлари билан йиқилурлар ва бу (Қуръон) уларнинг хушуъ-хокисорликларини зиёда қилур” (Ал-исро сураси, 109-оят), дейилган.
Сиз Аллоҳ таолонинг Каломини тиловат қилишда бардавом бўлинг. Тиловат асносида қалбингиз эриб, йиғи келса, бунга муваффақ этган Аллоҳ таолога ҳамд айтинг.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг Каломини хушуъ билан тиловат қиладиган бандаларидан қилсин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.
@diniysavollar
Мардани Али Сера: Ўзбекистон индонезиялик сайёҳлар ва зиёратчилар учун талаб юқори бўлган сайёҳлик йўналишига айланиши мумкин
Ўзбекистон раҳбарияти мамлакатнинг тарихий ва маданий меросини асраб-авайлаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошираётгани ҳурматга лойиқдир.
Бу ҳақда Индонезия парламенти Парламентлараро ҳамкорлик қўмитаси раисининг ўринбосари Мардани Али Сера “Дунё” ахборот агентлигига берган эксклюзив интервьюсида маълум қилди.
Унинг айтишича, бугун Жакарта ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиарейсларни очиш устида иш олиб борилмоқда. Бу ҳам иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга кўмак беради.
“Ташриф давомида биз қатор тарихий ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилдик ва уларни озода ва катта ғамхўрлик билан сақланаётганидан хурсанд бўлдик. Маълумки, Индонезия мунтазам равишда тарихий ва диний жойларни зиёрат қилади. Ҳар йили 1,5 миллион индонезиялик Макка шаҳрига зиёратга боради. Мамлакатимиз сайёҳлари учун, шунингдек, Дубай ва Туркия ҳам оммабоп йўналишлар ҳисобланади. Аммо бу мамлакатларда Имом Бухорий, Мотурудий ва бошқа буюк мутафаккир ва уламоларларнинг номлари билан боғлиқ зиёратгоҳлар мавжуд эмас. Шу муносабат билан Ўзбекистон индонезиялик сайёҳлар ва зиёратчилар учун талаб юқори бўлган сайёҳлик йўналишига айланиши мумкин”, - деди Индонезия парламент делегацияси раҳбари.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати