Мақолалар

Қуръон тиловат қилганда йиғлаш

Мен Бомдод номазидан кейин Ёсин сурасини ўқишим билан ўз ўзидан этим жимирлаб йиғи келади. Ушбу ҳолатимни сабабини айтиб берсангиз.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Қуръон тиловат қилганда йиғлаш – бу хайрли ҳолат. Пайғамбаримиз алайҳиссалом, саҳобалар ва салафи солиҳларимизнинг тиловатдаги ҳолатлари шундай эди. Аллоҳ таоло солиҳ мўминларнинг васф этиб шундай марҳамат қилади:
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ اللَّهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ آيَاتُهُ زَادَتْهُمْ إِيمَانًا وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ
яъни: "Мўминлар – Аллоҳ зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина (барча ишларида) таваккул қиладиганлардир" (Анфол сураси, 2-оят).
Демак, Аллоҳ таолонинг номи зикр қилинганида ва Қуръон тиловат қилинганида ҳақиқий мўминнинг дили эрийди, қалби қўрқувга тушади ва кўзларига ёш келади. Тошбағирлик ва Аллоҳнинг амрига итоатсизлик фосиқларнинг хулқларидандир.
Бошқа бир оятда:
وَيَخِرُّونَ لِلْأَذْقَانِ يَبْكُونَ وَيَزِيدُهُمْ خُشُوعًا (الإسرا-109)
яъни: “Улар йиғлаган ҳолларида юзлари билан йиқилурлар ва бу (Қуръон) уларнинг хушуъ-хокисорликларини зиёда қилур” (Ал-исро сураси, 109-оят), дейилган.
Сиз Аллоҳ таолонинг Каломини тиловат қилишда бардавом бўлинг. Тиловат асносида қалбингиз эриб, йиғи келса, бунга муваффақ этган Аллоҳ таолога ҳамд айтинг.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг Каломини хушуъ билан тиловат қиладиган бандаларидан қилсин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

@diniysavollar

2072 марта ўқилди

Мақолалар

Top