muslim.uz
Туризмда илмий ёндашув муваффақият омили
Туризм — мамлакат иқтисодиёти ва тараққиётида муҳим ўрин тутади.
Бугунги кунда мазкур соҳанинг ўзига хос тармоқлари — экотуризм, агротуризм, зиёрат туризми йўналишлари ривожланмоқда. Шу боис туризмни замон талаблари даражасида ташкил этиш ҳамда уни малакали ва илғор тажрибага эга ёш мутахассис кадрлар билан таъминлаш долзарбдир.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва “Ипак йўли” туризм халқаро университети ўртасида имзоланган англашув меморандуми соҳа ривожини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Рустам Қосимов, Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Aзиз Aбдуҳакимов юртимизнинг туризм салоҳияти, бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, зиёрат туризмини янада ривожлантириш борасида ишлаб чиқилаётган “Йўл харитаси” ҳамда мазкур тармоқ учун юқори малакали кадрларга эҳтиёж ва талаб ортиб бораётганини таъкидлади.
– Маълумки, дунё аҳолисининг катта қисмини муқаддас ислом динига эътиқод қилувчилар ташкил этади, – деди Р.Қосимов. – Дунё тамаддуни бешикларидан бири бўлган она Ватанимиз эса қадим тарих ва улуғ алломалар юрти ҳисобланади. Шу боис юртимиз тарихи, унинг беназир табиати ва албатта, буюк алломалари маънавий меросидан баҳраманд бўлишни истаб бутун жаҳон мамлакатларидан саёҳатга отланувчилар кўпчиликни ташкил этади. Бу ўз навбатида, Ўзбекистоннинг жаҳонда ўз имижи ва мавқеини ҳам белгилаб берадиган омиллардан. Шу боис мазкур соҳани ривожлантиришда мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш мамлакатимиз тараққиётига ҳам хизмат қилиши шубҳасиз.
Тадбирда юртимиз тарихи, бой миллий, маданий-маънавий ва буюк аждодларимиз меросини чуқур тадқиқ этиш, соҳада фаолият юритаётган туристик фирмалар мутахассислари билим ва малакасини янги илмий тадқиқотлар асосида ошириш масаласи туризм, хусусан, бугун долзарб аҳамият касб этаётган зиёрат туризми ривожида муҳим экани қайд этилди.
– Бугун имзоланган Aнглашув меморандуми Юртбошимиз таъкидлаганларидек, зиёрат туризмини илмий ёндашув асосида ривожлантиришда дастлабки ва муҳим босқич бўлди, десак муболаға бўлмайди, – деди A.Aбдуҳакимов. – Маълумки, ўтмишнинг долғали даврлари тарихнинг кўплаб зарварақлари ўчиши, халқ хотирасидан кўтарилиши ва охир-оқибат унутилишига ҳам сабаб бўлган. Шу боис минг афсуски, бугунда юртимизнинг кўплаб азиз қадамжолари ва улуғ аллома ҳамда мутафаккирлари ҳақида айрим ҳолатларда асосли-асоссиз афсона ва ривоятлар асосида сайёҳларга маълумотлар тақдим этилиши кузатилади. Бу эса, баъзан кишида янглиш фикр ва хатоликларни келтириб чиқариши мумкин. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан имзоланган англашув меморандуми юртимизда зиёрат туризмини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Дарҳақиқат, қадимдан илм-маърифат бешиги бўлган она заминимиз нафақат ўз табиати ва беназир иқлими, балки жаҳонга машҳур улуғ мутафаккир ва алломалари билан ҳам ном қозонган. Буни қадим Самарқанд, Бухоро, Хива, Кеш, Насаф, Шошу Ҳуқанд шаҳарлари-ю уларда камолга етиб, илм-маърифат туғини баланд кўтарган Бухорий, Насафий, Термизий, Фарғоний ва Шошийлар қолдирган бебаҳо маънавий меросда кўриш мумкин.
Туризм соҳасини ривожлантириш борасида ўзаро фикр алмашиш орқали мавжуд муаммоларга ҳамжиҳатликда илмий ёндашув асосида ечим ахтариш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида фикр юритилган анжуманда масъуллар томонидан туристик фаолият билан шуғулланувчи фирма вакиллари ҳамда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари саволларига атрофлича жавоб берилди.
Ўзбекистон Халқаро
ислом академияси матбуот хизмати
Отинойиларнинг жамият ривожидаги ўрни
Бугун, 24 декабрь куни Қашқадарё вилояти вакиллиги биносида туман ва шаҳар бош отинойилари иштирокида 2020 йилда қилинган ишлар, 2021 йилда бажарилиши лозим бўлган вазифаларга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов, Қашқадарё вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Ш.Карамова иштирок этди.
Йил якунига бағишланган йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов отинойиларнинг вазифалари, жумладан, хотин-қизлар ўртасида турли бидъат-хурофот ва салбий ҳолатларнинг олдини олишда отинойилар ўрни масаласи юзасидан тавсиялар берди.
Шунингдек, мамлакатимиздаги ислоҳотларга отинойилар халқимизнинг диний-маърифий саводхонлигини ошириш орқали фаол иштирок этиши лозимлиги, бунинг учун улар диний ва дунёвий илмларни эгаллаши, дунёдаги янгиликлардан хабардор бўлиши, тарихимизни яхши билиши, фидокор, халқпарвар бўлиш талаб этилишини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ҳадис илми мактабида журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил қилинди
Жорий йил 23 декабрь куни Ҳадис илми мактаби томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида халқимизга янада кенгроқ ахборот бериш мақсадида Мактабда журналист ва блогерлар учун Пресс-тур ташкил қилинди.
Пресс-тур доирасида журналистлар дастлаб Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилишди. Шу ерда Муҳаддислар султони ҳаққига Қуръон тиловот қилинди. Шундан сўнг, иштирокчилар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Марказ директори Ш.Зиёдов муассасанинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик ва илмий-тадқиқот йўналишида олиб борилаётган ишлар, эришилган ютуқлар хусусида сўзлаб берди.
Шундан сўнг журналист Ҳадис илми мактабига ташриф буюрди. Мактаб ректори О.Юсупов мактабнинг ташкил этилиш мақсадлари ва кутилаётган натижалар, мактабда талабаларнинг ўқишга қабул қилиш тизими, унда ўқитиладиган фанлар ва ўқув адабиётлари таркиби, мутахассислик бўйича ишлаб чиқилган ўқув режасини дунёнинг етакчи таълим муассасаларининг нуфузли уламолар томонидан эътироф этилганлиги ва ўқитишда қўлланиладиган замонавий методлар ҳақида сўзлаб берди.
Тадбир доирасида журналистлар Мактаб ўқитувчи ва талабалар учун қулай шарт-шароитлар сифатида бунёд этилган ёпиқ сув ҳавзаси, спорт зали, Ахборот-ресурс маркази, кафедралар, талабалар турар жойи билан яқиндан танишдилар.
Оммавий ахборот васиталари ходимларига Мактабда яратилганган шароитларни таништириш давомида Ахборот-ресурс маркази учун хориждан олиб келинган ўқув адабиётлари, ўқув жараёнларини электрон ахборот технологиялари орқали ташкил этиш, бошқариш ва мониторингини юритиш мақсадида ишлаб чиқилган электрон портал ҳақида ҳамда кафедра ўқитувчилар томонида ўқув-услубий, илмий тадқиқот йўналишларида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Шунингдек, журналистлар дарс машғулотлари билан яқиндан танишиш мақсадида Миср Араб Республикасининг Ал-Азҳар университетидан жалб этилган Ҳадис илми фанлари доктори, профессор Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмоннинг 2 курсдаги Ҳадис ва шарҳ фанидан бўлиб ўтаётган дарс жараёнига ташриф буюрдилар. Дарс машғулоти давомида журналистларга Мактабда фанларни ўқитишда қўлланилаётган ўқув методлари, ўқув жараёнларининг ўзига хос хусусиятлари ва талабалар томонидан қўлга киритилган ютуқлар ҳақида сўзлаб берилади.
Журналистлар ва ҳар икки илм маскани жамоаси иштирокида ўтказилган очиқ мулоқот давомида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилди.
Ҳадис илми мактаби
Матбуот хизмати
Ҳизбчиларнинг “Исматул анбиё” масаласидаги хатолари
Исматул анбиё деб Пайғамбарларнинг катта ва кичик гуноҳлардан омонлиги, Аллоҳ таоло уларни гуноҳлардан сақлаб қўйишига айтилади.
Уммат бирдамлигига футур етказишда дин душманларидан қолишмайдиган тоифа—ҳизбчиларнинг навбатдаги бузуқ ақидаси Аллоҳ таоло танлаган пайғамбар алайҳимуссаломлар билан боғлиқдир. Пайғамбар алайҳимуссаломлар Аллоҳ таолонинг суюкли бандаларидир. Энг аввалгиси ҳазрати Одам алайҳиссалом ва энг сўнггиси ҳазрати Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Аллоҳ таоло одамлар орасидан энг солиҳларини танлаб пайғамбар тайинлайди. Пайғамбар алайҳиссаломларнинг вазифаси умматларига шариат аҳкомларини етказишдан иборатдир.
Ҳизбчиларнинг тасаввурларига кўра пайғамбарлар қачонки пайғамбарлик вазифасини олгач, Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ ишда бардавом бўлишади. Пайғамбарликдан олдин эса улар ҳам ҳамма қатори оддий иносн бўлиб, турли ношаръий гуноҳ ишлар қилиши мумкин эмиш. Қаранг, уларнинг раҳнамоси нима деяпти:
«إلا أن هذه العصمة للأنبياء والرسل، وإنما تكون بعد أن يصبح نبيًّا أو رسولا بالوحي إليه، أما قبل النبوة والرسالة فإنه يجوز عليهم ما يجوز على سائر البشر، لأن العصمة هي للنبوة والرسالة»
“..бироқ бу исмат пайғамбар ва расулларга қачонки улар илоҳий ваҳий билан пайғамбар ва русуллик мақомига эришсаларгина берилади. Ундан олдин эса уларда ҳам бошқаларда содир бўлган ишлар бўлиши мумкин. Чунки исмат бу пайғамбарлик ва рисолат туфайлидир”. (Тақийюддин Набаҳоний. “аш-Шахсийят-ул-исломия”. 1-Ж. 1-Қисм. 120-Б.).
Йирик ҳанафий олими шайх Мулла Али ал-Қори ҳазратлари Ўсмон Ўший қаламига мансуб “Бадъул-амолий” қасидасига ёзган “Завъул-маъоли” номли шарҳида шундай ёзади:
“Аҳли сунна вал-жамоа уламоларининг иттифоқига кўра, пайғамбарлар энг содиқ, омонатдор, ҳалол, ростгўй ва маънавий етук баркамол инсонлардир. Зеро Аллоҳ таоло рисолат ва нубувват учун ёлғончи, каззоб, пасткаш, қаллоб ва хоинларни асло танламайди. Пайғамбарлар куфр иллатидан пайғамбарликдан олдин ҳам кейин ҳам омонда бўлишига салафи-солиҳларнинг ижмоъси бор. Шунингдек, катта гуноҳи кабираларни қасддан қилишдан ҳам сақланган соф инсонлар эканига мўътабар уламоларнинг иттифоқи мавжуд”. (Шайх мулла Али ал-Қори. “Завъул-маъоли”. 80-Б).
Ҳизбчиларнинг эътиқодига кўра, илгарги ҳаётида ўғри, фирибгар, қароқчилик каби разиллик белгиси бўлган ишлар билан шуғулланганлар ҳам пайғамбар бўлишлари мумкин эмиш. Аллоҳ таоло бу каби бузуқ тоифаларга қўшилиб, гумроҳ бўлиб қолишдан барчамизни паноҳида Ўзи асрасин!
Ботиржон домла ТОЖИБОЕВ,
Андижон шаҳар “ҒИШТЛИ”
жоме масжиди имом-хатиби
Польша, Миср, Италия, Греция ва Ўзбекистон экспертлари Ислом маданиятининг Самарқанд архитектурасига қўшган ҳиссасини муҳокама қилишади
Бугун, 24 декабрь куни «Маданий меросни сақлаш - туризмни ривожлантириш йўлида муҳим омил» халқаро илмий-амалий симпозиуми бўлиб ўтади.
Uzbektourism.uz хабарига кўра, тадбир Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Туризмни ривожлантириш институти, Самарқанд Давлат архитектура-қурилиш институти ва «Ипак йўли» туризм халқаро университети ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Симпозиумда таниқли олимлар, санъат арбоблари, археологлар ва халқаро университетлар профессорлари, Польша, Миср, Италия, Греция ва Ўзбекистоннинг маданият, архитектура ва дизайн соҳасидаги экспертлари иштирок этади.
Тадбирда қуйидаги мавзулар муҳокама қилинади:
Замонавий архитектурани ривожлантириш тенденциялари,
Ўзбекистон маданий меросини асраб-авайлаш;
Ислом маданиятининг Самарқанд архитектурасига қўшган ҳиссаси;
Ўзбек халқининг бой бадиий мероси, жаҳон санъати тарихидаги ўрни, ривожланиш босқичлари ҳамда халқаро ижодий ва илмий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи замонавий тенденциялар, шунингдек, дунёдаги маданий меросни асраб-авайлаш йўлидаги интеллектуал туризм ва инновацион тенденциялар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати