muslim.uz
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат ангаким, Муҳаммад уммати афзали умамдур ва умматлари орасида хулофойи рошидийн азизу муҳтарамдур (Мавзунинг давоми) (Йигирма саккизинчи мавзу)
ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ
ДОНО БЎЛУР...
* * *
Заҳируддин Муҳаммад Бобур
хазиналари
* * *
МУБАЙЯН ВА
НАСРИЙ БАЁНИ
* * *
ИЙМОН-ЭЪТИҚОД КИТОБИ
* * *
НАЗМ
Кимки шайхайну анбиёни сўкар,
Қонини ўз илиги бирла тўкар.
Сўккучи шаръ аро бўлур кофир,
Тилимизни Сен асра, эй Қодир.
Бовужудеки, шаръ этар кофир,
Ўлум ўлғай бу журмға таъзир.
Яхши денг жумла олу асҳобин,
Васф этинг барча ёру аҳбобин.
Яхши денг, яхши ҳам кўрунг барини,
Иззу таъзим ила сўрунг барини.
Жумлани яхши эътиқод қилинг,
Барчасин яхшилиққа ёд қилинг.
Чун хилофат Алийға топти қарор,
Тушти асҳоб аро хилофи ниқор.
Ҳақ Алий жониби эди анда,
Ким хилоф этти, бўлди шарманда.
Ул хилоф эрди ноҳақу ботил,
Лек аларға тегурмагайсен тил.
Икиси эрди ул мубашшарадин,
Ким, бу навъ иттилар хато орадин.
НАСРИЙ БАЁН
Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломнинг уммати
умматларнинг афзали эканлиги ва ул зотнинг
умматлари орасида хулофойи рошидийн азиз ва
муҳтарам эканликлари ҳақида
(Мавзунинг давоми)
Кимки пайғамбарларни ва шайхайнни, яъни икки шайх бўлмиш ҳазрати Абу Бакр билан ҳазрати Умарни (розияллоҳу анҳумо) сўкса, у ўз қўли билан ўз қонини тўккан бўлади. Чунки у зотларни сўкадиган киши шариъатда кофир бўлади. Эй Қодир – қудратли Аллоҳ! Сен тилимизни бундай фалокатдан асрагин! Чунки шариъат куфр деб санаса, бу зулмга жазо ўлимдир.
(Тўғри эътиқод шуки,) у зотнинг барча оила аҳлларини ва саҳобаларини яхши денг, барча ёрлари ва дўстларини яхши сўз билан васф этинг.
Уларни яхши дейиш билан бирга яхши ҳам кўринг, ҳаммаларини иззат-икром, ҳурмат-эътибор билан эсланг. Барчаларини яхши деб эътиқод қилинг, ҳаммаларини яхшилик билан – яхши сифат ва яхши таъриф билан ёд этинг.
Халифалик ҳазрати Алига қарор топган вақтида саҳобалар ўртасига душманлик ихтилофи тушди. Ўшанда ҳақиқат ҳазрати Али тарафида эди, у зотга хилоф қилганлар уялиб қолди. У ихтилоф – қарама-қаршилик ноҳақ ва бекор бўлган эса-да, лекин уларга ҳаргиз тил текизмагин!
Иккиталари (ашараи) мубашшарадан – (ҳаёт чоғларидаёқ) жаннатий эканлиги башорат қилинган зотлардан эдилар, кейин шу йўсин хатони ўртадан йўқ қилдилар.
Насрий баён ва шарҳ муаллифи:
Мирзо КЕНЖАБЕК
Ахсикентдан Сомонийлар ҳукмдорлари муҳри топилди
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Ахсикент ёдгорлигидан 1086 йил аввал ишланган Сомонийлар ҳукмдорлари муҳри топилди.
Муҳр атрофига “Ла илаҳа иллалоҳ, ал Маликул Хаққул мубин. Муҳаммадур расулуллоҳ, Содиқул, ваъдил амийну” калимаси битилган бўлиб, ўртасида “Ҳасбияллоҳ” ва ҳижрий сана 322, деб ёзилган.
Сомоний ҳукмдорлари муҳри 514-рақамли экспонат сифатида рўйхатга киритилиб, Ахси саййидлари илмий-маърифий мемориал мажмуаси таркибидаги Осори-атиқалар музейидан жой олди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат), ЎзА
Оламлар Сарварига ўзини тортиқ этган аёл
Ҳудайбия сулҳи тузилганига бир йил тўлди. Мусулмонлар Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан бирга умра ибодатини адо этиш учун Маккага йўл олишди.
Ниҳоят, узоқдан Макка кўринди. Уни кўрар-кўрмас ҳамма ёқни мусулмонларнинг “Лаббайкаллоҳумма лаббайк…”, деган овозлари тутиб кетди. Мусулмонлар Набий алайҳиссалом раҳнамоликларида улуғворлик ва ҳайбат билан умрани адо этишга киришишди. Макка мушриклари дарҳол шаҳарни бўшатиб, тоғ томон чиқиб кетишди. Шаҳарда фақат бир неча эркак ва аёл қолишди, холос.
Бу вақтда Маймуна мусулмон бўлган, аммо имонини яшириб юрган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккага келишлари уни жасоратлантирди. Имонини барчага ошкор этди. Сўнг Пайғамбаримиз алайҳиссаломга завжа бўлиш истагида Аббос ибн Абдумутталиб розийаллоҳу анҳуни вакил этиб юборди.
Онамиз Набий алайҳиссаломга ўзини тортиқ этган аёллардан биридир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом унинг таклифини қабул этиб, совчи бўлганларида, у ўз туясига миниб олган эди. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг таклифларига: “Туя ҳам, унинг эгаси ҳам Аллоҳ ва Расули учундир”, дея розилик билдирди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло: «Яна (ҳар қандай) мўмина аёлни – агар у ўзини пайғамбарга тортиқ этсаю, пайғамбар уни (маҳрсиз) ўз никоҳига олишни истаса…” (Аҳзоб сураси, 50) оятини нозил қилди.
Набий алайҳиссалом Маймуна онамизга ҳижратнинг еттинчи йили, қазо умрасидан фориғ бўлгач, никоҳландилар. Бу вақтда Жаъфар ибн Абу Толиб Ҳабашистондан қайтиб келган эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом тўй дастурхонини Маккада қилиб бермоқчи бўлдилар. Мақсадлари Маккада қолиш муддатини узайтириш ва қурайшликлар билан қайта битим тузиш эди. У зот алайҳиссалом ушбу никоҳ орқали Қурайшнинг кўнглини Исломга мойил этишни истадилар. Лекин улар бош тортишди.
Қурайш раислари Ҳувайтиб ибн Абдул Уззони: “Маккада қолиш муддатинг тугади, энди чиқиб кет”, деб айтиш учун юборишди. Шундан кейин Набий алайҳиссалом Абу Рофеъга буюрдилар, барча йўл тадоригини кўришга тушди.
Маккадан чиқаётганларида Маймуна онамиз ҳайқириб қурайшликларни мусулмон бўлишга чақирди. Онамизнинг очиқ мурожаат этиши қурайшдан кўпчиликда Исломни қабул этишга рағбат уйғотди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Набий алайҳиссалом билан Маймуна бинти Ҳориса онамизнинг турмуш қуришларидан буюк ҳикматни ирода қилди. Ушбу муборак никоҳ сабаб Бани Ҳилол уруғи Исломга мойил бўлди, қалблари имон учун шижоатланди. Набий алайҳиссалом ҳам улар томонидан лутф ва қўллаб-қувватлашга эришдилар. Улар Исломни ўз ихтиёрлари билан, бирма-бир қабул қилишди.
Ҳудайбия сулҳида белгиланган муддат битгани сабаб Набий алайҳиссалом мусулмонлар билан Маккадан чиқдилар Сариф (Маккадан ўн милларча узоқликда, Танъим яқинидаги жой номи)га бориб, ўша ерда онамиз билан гўшангага кирдилар. Ўшанда Маймуна розийаллоҳу анҳонинг ёши 26 да, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёшлари эса 59 да эди. Онамиз шарафига тўй дастурхони ёзиб, 400 (баъзи ривоятларда 500) дирҳам маҳр бердилар.
* * *
Маймуна бинти Ҳориса розийаллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўнгги никоҳланган жуфти ҳалоллари. Отаси: Қурайшнинг обрў-эътиборли кишиларидан Ҳориса ибн Ҳазн ибн Бужайр. Онаси: Фазилат ва юксак насаб соҳибаси Ҳинд бинти Авф ибн Зуҳайр. Маймунанинг опаси Умму Фазл Лубобаи Кубро Аббос ибн Абдумутталибнинг, кейинги опаси Асмо бинти Ҳорис Лубобаи Суғро Валид ибн Муғийранинг жуфти ҳалоли эди. Шу сабаб Маймуна онамиз Абдуллоҳ ибн Аббос ҳамда Холид ибн Валидинг холасидир.
Онамизинг яна бошқа бир опаси Асмо бинти Умайс Жаъфар ибн Абу Толибнинг, Сулма бинти Умайс Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг, Салама бинти Умайс Абдуллоҳ ибн Каъб розийаллоҳу анҳумнинг завжаларидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай дердилар: “Мўмина опа-сингиллар. Маймуна Набий алайҳиссаломнинг умр йўлдоши. Уммул Фазл бинти Ҳориса, Сулма Ҳамзанинг аёли, Асмо бинти Умайс уларнинг она бир сингилларидир” (Имом Насоий ривояти).
Шунингдек, Маймуна розийаллоҳу анҳонинг оламни эрта тарк этган она бир опаси Зайнаб бинти Ҳузайма ҳам мўминлар онаси эди.
Маймуна онамиз Набий алайҳиссаломга турмушга чиқишидан олдин Абу Руҳм ибн Абдул Уззонинг никоҳида бўлган.
Онамизнинг асл исми Барра эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом уни Маймунага ўзгартирганлар. Жувайрия онамизнинг ҳам исми Барра бўлиб, Набий алайҳиссалом уни ҳам ўзгартирган эдилар.
Маймуна Мадинага келганидан сўнг Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг покиза хонадонларида қадрли, итоатли, самимий, вафодор завжа бўлиб яшади. Тақводорлиги ва серибодатлиги билан шуҳрат қозонди. У кундузлари масжиди Набавийда кўпроқ намоз ўқишга ҳаракат қиларди. Чунки у Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан: “Мана шу масжидимдаги намоз Масжидул Ҳаромдан бошқа масжидларда ўқилган намозлардан минг маротаба афзалдир”, деб марҳамат қилганларини эшитган эди. Шунингдек, у Каломуллоҳни чуқур англашга, суннатларни ўта диққат билан ўрганишга киришди. Ойша онамиз розийаллоҳу анҳо буни эътироф этиб: “Маймуна орамизда Аллоҳ таолога энг тақводорроғимиз ва қариндошлар билан алоқаси энг кўпроғимиз”, деб айтарди.
Маймуна розийаллоҳу анҳо бошқа оналаримиз каби Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг суннатларини умматга етказишда жонбозлик кўрсатди. Бир мисол. Аҳзоб сурасининг: «Уйларингизда Аллоҳнинг тиловат қилинадиган оятлари ва ҳикмат (яъни Пайғамбар ҳадислари)ни зикр қилинглар! Албатта, Аллоҳ лутфли ва огоҳ Зотдир», (34-) оятига мувофиқ онамиз шариат аҳкомларини ўта аниқлик билан умматга етказди. Эътибор берсак, у ривоят қилган ҳадислар асосан ғусл, таҳорат, Набий алайҳиссаломнинг уйқуга ётишлари, уйқудан уйғонишлари, киришлари ва чиқишлари ҳақидадир.
Маълумки, ушбу ишларнинг барчасини оналаримиздан бошқа ҳеч ким бу қадар аниқлик билан етказиб беролмасди. Бу ҳам бўлса, уларнинг Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан доимий суҳбатлари сабабидандир.
Маймуна онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан 76 та ҳадис ривоят қилди. Уларнинг аксариятини Имом Бухорий ва Имом Муслим раҳимаҳумаллоҳ ривоят қилишди. Улардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғусл қилишларининг баёни келтирилган.
Маймуна онамиз розийаллоҳу анҳодан Иброҳим ибн Абдуллоҳ, онамизнинг мавлоси Сулаймон ибн Ясор, Абдуллоҳ ибн Салит, опасининг ўғли Абдуллоҳ ибн Шаддод, Абдуллоҳ ибн Аббос, акасининг ўғли Абдураҳмон ибн Соиб Ҳилолий ва бошқалар ривоят қилишган.
Ривоят қилинишича, Маймуна онамиз биринчи бўлиб “Тез ёрдам” гуруҳини тузган аёлдир. У аскарларнинг жароҳатларига малҳам қўйиб, керакли муолажалар қилган. Ҳатто жангларнинг бирида аскарларга сув тарқатаётиб, ўзи ҳам жароҳат олади ва Аллоҳнинг марҳамати ила омон қолади.
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларидан сўнг Маймуна онамиз кўп йиллар соғ-омон умр кўрди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хотираларини ҳурматлаб, қолган умрини ҳам тақвода ўтказдилар.
Унинг садоқати ва муҳаббати шу қадар самимий эдики, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан биринчи бор бирга бўлган Сариф ерида, дарахт остида, 81 ёшида жон таслим қилди. Унинг жанозасини Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо ўқиди. У киши одамларга: “Анбарни кўтарганингизда уни силкитманглар, қаттиқ қимирлатманглар”, деб буюрди.
Аллоҳ таоло Маймуна бинти Ҳорис онамиздан ҳамда барча мўмин-мусулмонлардан рози бўлсин.
“Сиярул аълам ан-нубало”, “Табоқотул кубро”, “Сийрату Набавия”
ва бошқа асарлар асосида Мубина ҲАЙДАРОВА тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 4-сонидан
АОКАда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита брифинги бўлиб ўтди
2020 йил 24 декабрь куни АОКАда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов иштирокида брифинг ўтказилди.
Брифингдан муҳим маълумотлар:
Сўнгги 4 йилда 1 та Президент фармони, 6 та Президент қарори, Вазирлар Маҳкамасининг соҳага оид 13 та қарори қабул қилинди. Шунингдек, Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун розилик бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида 1 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
“Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига асосан, Сурхондарё вилоятида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди.
“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини давлат муассасаси шаклида ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди.
“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига асосан, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази давлат муассасаси шаклида ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди.
“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомилаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, Дин ишлари бўйича қўмитанинг янгиланган тузилмаси тасдиқланди ва Қўмита ҳузуридаги Конфессиялар ишлари бўйича кенгашнинг янгиланган таркиби тасдиқланди.
“Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармонига асосан, Дин ишлари бўйича қўмита тузилмасида Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборт-таҳлил маркази, Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоят филиалига эга бўлган Малака ошириш маркази, Ҳадис илми мактаби, “Вақф” хайрия жамоат фонди каби ташкилотлар ташкил этилди ва уларнинг асосий вазифалари белгилаб олинди.
Адлия вазирлиги ва Олий суди ўзининг расмий веб-сайтлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали суд томонидан экстремистик ёки террористик деб топилган ҳамда Ўзбекистон ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилотлар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва мобиль мессенжерлар рўйхатини эълон қилиб, унинг доимий равишда янгилаб борилишини таъминлаши белгиланди.
“Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига асосан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди. Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендияси таъсис этилди.
Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати
Ҳизбут-таҳрирнинг “бандалар феъллари” масаласидаги ақидавий хатоси
Ислом тарихига назар солар эканмиз, шу кунга қадар эътиқодий муҳим масалаларда тўғри йўлдан оғиб адашган, бошқаларни ҳам домига тортиб кетган кўплаб тоифа ва оқимларга гувоҳ бўламиз. Хавориж, шиа, жаҳмия, мўътазила, азориқа, қадария ва ҳоказо номларни келтириш мумкин. Дин душманлари тарафдан ҳар бир даврда турлича фитна иғво йўллари билан бу каби оқимлар ўртага чиқаверган, аҳли ҳақ олимлар томондан эса оммани уларнинг залолатларидан огоҳлантириш, уларга қарши илмий раддиялар ҳам изчил амалга ошириб борилаверган. Ва бу ҳол то даври қиёматгача давом этса ҳам ажабмас.
Буюк тобеинлардан Ҳасан ал-Басрий суҳбатларида тингловчилик қилиб юрган Восил ибн Ато номли шахс устози жамоасидан ажраб чиқди. У ўша даврда аҳли сунна ақидасидан ўзининг “ал-манзила байнал-манзилатайн” яъни, “оралиқ манзил” тушунчаси билан ажраб чиққан эди. Унинг иддаосича катта гуноҳ қилганлар иймонидан ажрайди бироқ, кофир ҳам бўлмайди. Улар иймон ва куфр оралиғида аросатда қоладилар деб аҳли суннага хилоф қилганди. Унинг шу мухолафати туфайли унга ва унинг издошларига Ислом тарихида “мўътазилий” деб ном берилди.
Бу тоифа кейинчалик қадария ва жаҳмия тоифаларининг ботил ақидавий мафкураларини ўзида жамлаб бироз ривожланди ҳам. Мўътазилийлар маълум вақт гуриллаб давр сурган бўлса-да, аҳли сунна уламоларининг саъй-ҳаракатлари натижасида бу тоифа вакиллари кейинчалик батамом тугатилган. Лекин шунга қарамасдан уларнинг ақидавий давомчилари янги-янги номлар билан ора-орада бўй кўрсатиб туради. Шулардан бири “Ҳизбут-таҳрир” оқимидир!
Ҳизбут-таҳрирчиларнинг бидъий қарашларидан бири “инсон амаллари (ҳар қандай ҳатти-ҳаракатлари)нинг яралиши масаласи”га доир бўлиб, уларнинг иддаосича инсоният ўз амалларини ўзи яратади, Аллоҳ эмас. Бу ақиданинг асли эгаси тарихда қолиб кетган “уммат мажусийлари” деган жирканч лақабга ҳақли равишда эга бўлган жаҳмийлар бўлиб, улардан Восил ибн Ато бошлиқ мўътазилийларга мерос қолган эди.
Ҳизбчилар раҳнамоси Тақиюддин Набаҳоний “аш-Шахсийят ул-исломийя” номли асарида ўзининг жаҳмия ва мўътазилалар билан бу масалада ҳамфикр эканини исбот этган ва бу ҳақида у шундай ёзади:
“Бу феъллар (яъни инсон амаллари), уларни қазога дахли йўқ, қазони ҳам уларга дахли йўқдир. Чунки инсон ўз феълларини ўз ихтиёри ила амалга оширади. Шунга кўра, ихтиёрий амалларнинг Аллоҳнинг тақдир ва қазосига кирмайди”. (Тақиюддин Набаҳоний. “аш-Шахсийят ул-исломийя” 1-жуз. 1-қисм. 71-Б ).
Шунингдек, айни ўша асарда яна шундай дейди:
“Инсонга бериладиган савоб ва уқубатни ҳидоят ва залолатга боғлиқ деб билиш шуни англатадики, ҳидоят ва залолат аслида инсоннинг феъли, Аллоҳга боғлиқ эмас”. (Тақиюддин Набаҳоний. “аш-Шахсийят ул-исломийя” 1-жуз. 1-қисм. 74-Б ).
Унинг бу фикри “Низомул-ислом” (Ислом низоми) номли китобининг 22-бетида ҳам ўз аксини топган.
Жаҳмия, қадария ва мўътазилаларнинг замонамизда янги пайдо бўлган авлодлари саналмиш ҳизбут-таҳрирчиларга бу масалада рад жавобларидан олдин шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “инсон амалларининг яралиш” масаласи муҳим ва ўта жиддий ақидавий масалалардан биридир. Юқорида айтиб ўтилганидек, бу масалада биринчи бўлиб аҳли суннага мухолиф бўлганлар уммат мажусийлари—жаҳмийлар бўлган.
Аҳли сунна таълимоти бўйича бутун коинотда ҳар бир мавжудот, ҳаракот-у саканот, ихтиёрий-ғайри ихтиёрий феълларнинг ягона яратувчиси Аллоҳ таолонинг якка ўзидир! Ҳа, Аллоҳ ҳамма нарсани яратувчиси, Холиқидир! Инсоният ҳаракатлари, амалларини Аллоҳ яратмаган дейишлик бу Ер-осмонни Аллоҳ яратмаган деб эътиқод қилиш билан бир хилдир!
Буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони имом Бухорий ҳазратлари ҳам ўз даврида бу ақида эгаларига етарлича раддиялар қилган. Ул зот бу мавзуда “Халқу афъолил-ибод вар-рад ъалал-жаҳмия ва асҳабит-таътил” номли йирик раддия асарини битганлар. Мазкур асарида шундай дейдилар:
فاما أفعال العباد، فقد حدثنا علي ابن عبد الله، قال: حدثنا مروان إبن معاوية، قال: حدثنا أبو مالك، عن ربعي بن حراش عن خذيفة، قال: قال النبي صلي الله عليه و سلم: «إن الله يصنع كل صانع و صنعته» و تلا بعضهم عند ذلك: «و الله خلقكم و ما تعملون» فاخبر ان الصانعات و اهلها مخلوقة
“Энди, бандаларнинг феъллари масаласига келсак, бас бу ҳақда Али ибн Абдуллоҳ Марвон ибн Муовиядан, у киши Абу Моликдан, укиши Рибъий ибн Ҳирашдан, у киши Хузайфа розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилган: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Албатта, ҳар бир саноатчи ва уларнинг ижодини Аллоҳ яратади”. Шу ҳадис айтилган чоғда баъзилар бунга дастак сифатида ушбу ояти каримани тиловат қилганлар: “Ваҳолбуки, сизларни ҳам ва сизлар қилиб турган амалларни ҳам Аллоҳ яратган”(Вас-соффат / 96). Бас, Аллоҳ таоло хабар бердики, ҳар бир иш ва уни қилувчи саноатчилар Аллоҳ таоло тарафдан яратилгандир”. (Имом Бухорий. Халқу афъолил-ибод вар-рад ъалал-жаҳмия ва асҳабит-таътил. 2-Ж. 66-Б. 124-ҳадис).
Аслида жаҳмийлардан қолган пуч ақидани рад этиш учун мана ша ҳадис тоғни талқон қилгудек кучли далил бўлса-да, муммонинг жиддийлиги туфайли имом Бухорий ҳазратлари яна бир қанча далилларни келтирганлар. Жумладан машҳур тобеин Товус ал-Ямоний раҳматуллоҳи алайҳнинг “Расулуллоҳнинг кўплаб саҳобалари билан учрашганман. Уларнинг ҳаммаси “ҳамма нарса Аллоҳнинг тақдири билан боғлиқдир” деб айтардилар”—деган сўзларини ҳам илова қилган.
Яна бир ривоятида эса Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг: “Ҳамма нарса Аллоҳнинг тақдири билан бўлади, ҳатто қўлингни сонинг устига қўйишинг ҳам”—деган қавлини келтирган. (Ўша манба. 69- Б. 131-Ҳадис).
Имом Бухорий ҳазратлари мавзуга доир йигирмага яқин ҳужжатлар келтиргач, ўзларининг хулосаларини шундай изҳор этадилар:
حركاتهم، و اصواتهم، و إكتسابهم، و كتابتهم مخلوقة
“Бандаларнинг ҳаракатлари, товушлари, касб-корлари, ёзув-чизувлари (Аллоҳ тарафдан) яратилгандир…” (Ўша манба.70- Б.).
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ тақдим қилган далиллардан хулоса қилиб шундай дейишимиз мумкин: Ўтган асримизнинг иккинчи ярмида хуруж қилган, жаҳмий ва мъътазилийларнинг мафкуравий давомчилари бўлмиш ҳизбут-таҳрирчилар тўғри йўлда эмас! Улар танлаган ақида салафи-солиҳлар ақидасига батамом зиддир! Уларга эргашганлар ҳақ йўлдан оғишганлардир! Аллоҳ таоло барчамизни бидъат ва залолат аҳлига қўшилиб қолишдан Ўзи асрасин!
- Ислом тарихига назар солар эканмиз, шу кунга қадар эътиқодий муҳим масалаларда тўғри йўлдан оғиб адашган, бошқаларни ҳам домига тортиб кетган кўплаб тоифа ва оқимларга гувоҳ бўламиз. Хавориж, шиа, жаҳмия, мўътазила, азориқа, қадария ва ҳоказо номларни келтириш мумкин. Дин душманлари тарафдан ҳар бир даврда турлича фитна иғво йўллари билан бу каби оқимлар ўртага чиқаверган, аҳли ҳақ олимлар томондан эса оммани уларнинг залолатларидан огоҳлантириш, уларга қарши илмий раддиялар ҳам изчил амалга ошириб борилаверган. Ва бу ҳол то даври қиёматгача давом этса ҳам ажабмас.
Буюк тобеинлардан Ҳасан ал-Басрий суҳбатларида тингловчилик қилиб юрган Восил ибн Ато номли шахс устози жамоасидан ажраб чиқди. У ўша даврда аҳли сунна ақидасидан ўзининг “ал-манзила байнал-манзилатайн” яъни, “оралиқ манзил” тушунчаси билан ажраб чиққан эди. Унинг иддаосича катта гуноҳ қилганлар иймонидан ажрайди бироқ, кофир ҳам бўлмайди. Улар иймон ва куфр оралиғида аросатда қоладилар деб аҳли суннага хилоф қилганди. Унинг шу мухолафати туфайли унга ва унинг издошларига Ислом тарихида “мўътазилий” деб ном берилди.
Бу тоифа кейинчалик қадария ва жаҳмия тоифаларининг ботил ақидавий мафкураларини ўзида жамлаб бироз ривожланди ҳам. Мўътазилийлар маълум вақт гуриллаб давр сурган бўлса-да, аҳли сунна уламоларининг саъй-ҳаракатлари натижасида бу тоифа вакиллари кейинчалик батамом тугатилган. Лекин шунга қарамасдан уларнинг ақидавий давомчилари янги-янги номлар билан ора-орада бўй кўрсатиб туради. Шулардан бири “Ҳизбут-таҳрир” оқимидир!
Ҳизбут-таҳрирчиларнинг бидъий қарашларидан бири “инсон амаллари (ҳар қандай ҳатти-ҳаракатлари)нинг яралиши масаласи”га доир бўлиб, уларнинг иддаосича инсоният ўз амалларини ўзи яратади, Аллоҳ эмас. Бу ақиданинг асли эгаси тарихда қолиб кетган “уммат мажусийлари” деган жирканч лақабга ҳақли равишда эга бўлган жаҳмийлар бўлиб, улардан Восил ибн Ато бошлиқ мўътазилийларга мерос қолган эди.
Ҳизбчилар раҳнамоси Тақиюддин Набаҳоний “аш-Шахсийят ул-исломийя” номли асарида ўзининг жаҳмия ва мўътазилалар билан бу масалада ҳамфикр эканини исбот этган ва бу ҳақида у шундай ёзади:
“Бу феъллар (яъни инсон амаллари), уларни қазога дахли йўқ, қазони ҳам уларга дахли йўқдир. Чунки инсон ўз феълларини ўз ихтиёри ила амалга оширади. Шунга кўра, ихтиёрий амалларнинг Аллоҳнинг тақдир ва қазосига кирмайди”. (Тақиюддин Набаҳоний. “аш-Шахсийят ул-исломийя” 1-жуз. 1-қисм. 71-Б ).
Шунингдек, айни ўша асарда яна шундай дейди:
“Инсонга бериладиган савоб ва уқубатни ҳидоят ва залолатга боғлиқ деб билиш шуни англатадики, ҳидоят ва залолат аслида инсоннинг феъли, Аллоҳга боғлиқ эмас”. (Тақиюддин Набаҳоний. “аш-Шахсийят ул-исломийя” 1-жуз. 1-қисм. 74-Б ).
Унинг бу фикри “Низомул-ислом” (Ислом низоми) номли китобининг 22-бетида ҳам ўз аксини топган.
Жаҳмия, қадария ва мўътазилаларнинг замонамизда янги пайдо бўлган авлодлари саналмиш ҳизбут-таҳрирчиларга бу масалада рад жавобларидан олдин шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “инсон амалларининг яралиш” масаласи муҳим ва ўта жиддий ақидавий масалалардан биридир. Юқорида айтиб ўтилганидек, бу масалада биринчи бўлиб аҳли суннага мухолиф бўлганлар уммат мажусийлари—жаҳмийлар бўлган.
Аҳли сунна таълимоти бўйича бутун коинотда ҳар бир мавжудот, ҳаракот-у саканот, ихтиёрий-ғайри ихтиёрий феълларнинг ягона яратувчиси Аллоҳ таолонинг якка ўзидир! Ҳа, Аллоҳ ҳамма нарсани яратувчиси, Холиқидир! Инсоният ҳаракатлари, амалларини Аллоҳ яратмаган дейишлик бу Ер-осмонни Аллоҳ яратмаган деб эътиқод қилиш билан бир хилдир!
Буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони имом Бухорий ҳазратлари ҳам ўз даврида бу ақида эгаларига етарлича раддиялар қилган. Ул зот бу мавзуда “Халқу афъолил-ибод вар-рад ъалал-жаҳмия ва асҳабит-таътил” номли йирик раддия асарини битганлар. Мазкур асарида шундай дейдилар:
فاما أفعال العباد، فقد حدثنا علي ابن عبد الله، قال: حدثنا مروان إبن معاوية، قال: حدثنا أبو مالك، عن ربعي بن حراش عن خذيفة، قال: قال النبي صلي الله عليه و سلم: «إن الله يصنع كل صانع و صنعته» و تلا بعضهم عند ذلك: «و الله خلقكم و ما تعملون» فاخبر ان الصانعات و اهلها مخلوقة
“Энди, бандаларнинг феъллари масаласига келсак, бас бу ҳақда Али ибн Абдуллоҳ Марвон ибн Муовиядан, у киши Абу Моликдан, укиши Рибъий ибн Ҳирашдан, у киши Хузайфа розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилган: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Албатта, ҳар бир саноатчи ва уларнинг ижодини Аллоҳ яратади”. Шу ҳадис айтилган чоғда баъзилар бунга дастак сифатида ушбу ояти каримани тиловат қилганлар: “Ваҳолбуки, сизларни ҳам ва сизлар қилиб турган амалларни ҳам Аллоҳ яратган”(Вас-соффат / 96). Бас, Аллоҳ таоло хабар бердики, ҳар бир иш ва уни қилувчи саноатчилар Аллоҳ таоло тарафдан яратилгандир”. (Имом Бухорий. Халқу афъолил-ибод вар-рад ъалал-жаҳмия ва асҳабит-таътил. 2-Ж. 66-Б. 124-ҳадис).
Аслида жаҳмийлардан қолган пуч ақидани рад этиш учун мана ша ҳадис тоғни талқон қилгудек кучли далил бўлса-да, муммонинг жиддийлиги туфайли имом Бухорий ҳазратлари яна бир қанча далилларни келтирганлар. Жумладан машҳур тобеин Товус ал-Ямоний раҳматуллоҳи алайҳнинг “Расулуллоҳнинг кўплаб саҳобалари билан учрашганман. Уларнинг ҳаммаси “ҳамма нарса Аллоҳнинг тақдири билан боғлиқдир” деб айтардилар”—деган сўзларини ҳам илова қилган.
Яна бир ривоятида эса Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг: “Ҳамма нарса Аллоҳнинг тақдири билан бўлади, ҳатто қўлингни сонинг устига қўйишинг ҳам”—деган қавлини келтирган. (Ўша манба. 69- Б. 131-Ҳадис).
Имом Бухорий ҳазратлари мавзуга доир йигирмага яқин ҳужжатлар келтиргач, ўзларининг хулосаларини шундай изҳор этадилар:
حركاتهم، و اصواتهم، و إكتسابهم، و كتابتهم مخلوقة
“Бандаларнинг ҳаракатлари, товушлари, касб-корлари, ёзув-чизувлари (Аллоҳ тарафдан) яратилгандир…” (Ўша манба.70- Б.).
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ тақдим қилган далиллардан хулоса қилиб шундай дейишимиз мумкин: Ўтган асримизнинг иккинчи ярмида хуруж қилган, жаҳмий ва мъътазилийларнинг мафкуравий давомчилари бўлмиш ҳизбут-таҳрирчилар тўғри йўлда эмас! Улар танлаган ақида салафи-солиҳлар ақидасига батамом зиддир! Уларга эргашганлар ҳақ йўлдан оғишганлардир! Аллоҳ таоло барчамизни бидъат ва залолат аҳлига қўшилиб қолишдан Ўзи асрасин!
Ботиржон домла ТОЖИБОЕВ
Андижон шаҳар “ҒИШТЛИ”
жоме масжид имом-хатиби