muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази: истиқболдаги режалар» мавзусида халқаро онлайн-анжуман ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Дин ишлар бўйича қўмита маълумотига кўра, тадбирда ўзбекистонлик ҳамда хорижлик таниқли олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Жумладан, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (IСESCO) бош директори Салим ал-Малик, Ал-Азҳар ислом тадқиқотлари академияси бош котиби Назир Муҳаммад Айяд, Ислом тараққиёт банкининг фан, технология ва инновациялар бўйича маслаҳатчиси Ҳайат Синди каби таниқли олим, мутахассис ва жамоат арбоблари нутқ сўзлади.
Анжуманда сўзга чиққанлар Имом Мотуридий илмий меросини ўрганиш ва халқаро жамоатчиликка тарғиб қилиш шарафли ва масъулиятли вазифа эканини қайд этиб, бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар юксак баҳоланди.
Иштирокчилар глобаллашув жараёнида намоён бўлаётган мафкуравий таҳдидларга қарши кураш жараёнида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаб, келгусида амалга ошириладиган ишлар режаси ҳам муҳокама қилинди.
— Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази дунёнинг етук мотуридийшунос олимлари, тадқиқотчиларини бирлаштирадиган, қизғин фикрлар муҳокама қилинадиган платформа бўлиб хизмат қилади, — деди Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси раиси Абдуғофур Аҳмедов. — Ўз навбатида, ушбу маскан маърифий ислом ғояларини тараннум этадиган ва бунга замин яратадиган маърифа марказига айланади.
Анжуман якунида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (IСESCO) билан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйтча англашув меморондуми имзоланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Тожиддинов Абдусамад

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Музаккир яъни даъватчида бўлиши шарт бўлган энг биринчи хислат бу солиҳликдир, чунки солиҳ бўлмаса, ақлли кишилар ундан қочиб, фақат нодонлар эргашади. Натижада олам фасод бўлади. Солиҳ бўлмаса, сўзи қалбларга фойда бермайди.

Музаккир яна тақводор бўлиши, саҳиҳ бўлмаган ҳадисни ривоят қилмаслиги керак. Чунки Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисда айтиладики: “Ким бир ҳадисни ривоят қилса ва уни ёлғон деб ўйласа, у ёлғончиларнинг биттасидир”.

Шунингдек, даъватчи мажлисни чўзиб юбормаслиги лозим. Агар чўзиб юборса, инсонлар малолланиб қолади ва бу ҳол илмнинг баракасини кетказади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Қалбларда фаоллик ва юзланиш, уларнинг келиши ва қайтиб кетиши бор. Қавм сендан илмни қабул қилиш учун юзланганида гапир”.

Зуҳрий ривоят қиладилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалбларга бир соат-бир соат дам беринглар”, деб айтдилар”.

Зайд ибн Аслам отасидан ривоят қилади: “Бани Исроилдаги бир қози қавмига узун-узун мавъиза қилар эди. Бас, уларни малоллантириб қўйди, натижада ўзи ҳам лаънатланди, улар ҳам лаънатландилар”. Музаккир (эслатувчи, даъватчи) мулойим, тавозеъли бўлиши, мутакаббир, дағал, қўпол бўлмаслиги лозим. Чунки тавозеъ ва мулойимлик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқларидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: (Эй Муҳаммад), Аллоҳ томонидан бўлган бир марҳамат сабабли уларга юмшоқ сўзли бўлдингиз. Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингизда эди, албатта, улар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар (Оли Имрон, 159), деб айтган.

Агар у инсонларга намоз, рўза, садақанинг фазилатларидан бирор нарсани хабар бермоқчи бўлса, аввал ўзи айтаётганига амал қилиши лозим. Токи қуйидаги оят аҳлидан бўлиб қолмасин: “Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми? (Бақара, 44).

 Иброҳим Нахаъий айтадилар: “Мен учта оят сабабли қисса айтишни ёмон кўрдим”. Дарҳақиқат, у оятларни юқорида зикр қилиб ўтдик.

Музаккир Қуръон тафсирларини, хабар-ҳадисларни, фуқаҳоларнинг сўзларини ўрганган бўлиши керак. Али ибн Абу Толиб инсонларга ҳикоя айтаётган кишини кўриб: “Носих ва мансухни биласанми?” деб сўрадилар. У: “Йўқ”, деди. Шунда Али унга: “Ҳалок бўлибсан ва ҳалок қилибсан”, дедилар. Музаккир гапираётганида бир кишига эмас, оммага юзланиши лозим. Ҳабиб ибн Абу Собит айтадиларки: “Гапираётганда фақат бир кишига юзланмасдан, бутун жамоага қараб гапириш суннатдир”. Музаккирнинг тамаъгир бўлиши асло мумкин эмас. Чунки тама инсоннинг обрўсини туширади, юзининг ва илмининг қадрини кетказади. Аммо, бир инсон масала сўрамасдан олдин унга ҳадя берса, унинг ҳадясини қабул қилишининг зиёни йўқ.

Музаккирнинг мажлисида хавф ва ражо бўлиши лозим. Мажлиснинг ҳаммасини бутунлай хавф ёки фақат ражо қилмайди. Чунки бундан қайтарилгандир. Агар музаккир мажлисни узун қилишни хоҳласа, унга мажлиснинг орасида инсонларга ёқадиган ва табассум қилинадиган сўзларни қўшиши мустаҳаб. Чунки бу иш эшитишга қизиқиш ва иқболни зиёда қилади. Умар розияллоҳу анҳу ҳақларида ривоят қилинишича, агар у киши мажлисга ўтирсалар, инсонларни охиратга рағбатлантирар ва дунёга берилиб кетишдан қайтарар эдилар. Агар инсонларнинг дангасалик қилаётганини кўрсалар, дарахт экиш, бино тиклаш, деворлар қуриш ҳақида гапирар эдилар. Агар инсонларни ғайратли, шижоатли ҳолатда кўрсалар, охират зикрига қайтарардилар.

Бўстонул Орифийн китобидан

Ҳиндистонда бўлажак Айодҳа масжиди лойиҳаси эълон қилинди, бунинг учун расмийлар бундан 29 йил аввал вайрон бўлган Бобурий масжиди ҳудуди ўрнига участка ажратди. Олий суднинг қарори билан Айодҳадаги участка ўрнига мусулмонлар учун ажратилган ерда Дханнипур қишлоғидаги бўлажак масжиднинг биринчи тоши Ҳиндистон Республикаси кунида қўйилади.
Масжиднинг дизайн лойиҳаси Уттар-Прадеш сунний Кенгаши томонидан тақдим этилган бўлиб, диний иншоотнинг кўриниши одамни лол қолдиради – масжид Ҳиндистон учун жуда ноодатий кўринишга эга бўлади.
2 000 нафар намозхонларни сиғдира оладиган диний иншоот шарсимон шаклга эга бўлади ва вайрон қилинган Бобурий масжидидан 4 баробар катта бўлади, дея хабар бермоқда IslamNews Hindustan Times нашрига таяниб.
Аллоҳнинг уйидаги 300 ўринли шифохона мажмуаси масжиднинг ўзидан 6 баробар кўп жойни эгаллайди. Шифохона билан масжид ўртасида сўфийлар мақбараси жойлашган бўлади.
Қизиғи шундаки, масжид электр энергияси билан таъминланмайди - барча зарур энергия қуёш панелларидан ҳосил бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Вторник, 22 Декабрь 2020 00:00

Яхши ишларни кичик ҳисоблама!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Салим ибн Жобир (Жобир ибн Салим ҳам дейилади) Ҳажимий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб деди:

— Эй Аллоҳнинг Расули! Менга насиҳат қилинг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳдан қўрқ! Гарчи идишингдаги сувни биродарингга бўшатиб бериш ёки унга гапирганингда очиқ юзли бўлиш бўлсада, яхши ишларни ҳеч қачон кичик дема! Изорингни осилтириб юришдан сақлан. У кибрдандир. Аллоҳ уни севмайди. Агар бир киши сени сенда биладиган айби билан айбласа сен уни ундаги айб билан айблама. Уни тек қўй. Гуноҳи ўзига, ажри сенга бўлади. Ҳеч кимни сўкма!

Ибн Жобир розияллоҳу анҳу айтади:

«Шундан сўнг инсонни ҳам, бошқа нарсани ҳам сўкмадим».

Яхшиликни ҳеч қачон кичик дема. Қайси иш бизни жаннатга олиб киришини билмаймиз.

Мушук ўтиб кетиши учун машинангни тўхтатишинг ҳам яхшилик.

Бир қарияни йўлдан ўтказиб қўйишинг ҳам яхшилик.

Ногирон кишининг аравачасини судрашинг ҳам яхшилик.

Ишлаб турган кишига бир пиёла сув беришинг ҳам яхшилик.

Ёши катта инсоннинг юкини енгиллатишинг ҳам яхшилик.

Эр-хотин орасини ислоҳ қилишинг яхшилик.

Аёлингни эркалатишинг ҳам яхшилик.

Фарзандларингни кечиришинг ҳам яхшилик.

Қўшнингга бирор нарса ҳадя қилишинг ҳам яхшилик.

Беморнинг дори-дармонига ёрдам бериб юборишинг ҳам яхшилик.

Яхшиликнинг интиҳоси йўқ. Аллоҳга олиб борадиган йўллар инсониятнинг нафаси миқдорида кўпдир. Олдида шунча йўл бўла туриб тўхтаб қолган киши қанчалар бахтсиз!

Ўзингизга «Яхшилик қилганга яхшилик қил, ёмонлик қилганга ёмонлик қил» деган тарозу ясаб олманг. Агар биз ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтарсак, ёмонлик қачон тугайди?!

Дунёда бир хулқ бор. Унинг номи «Ўзини баланд тутмоқ (бу кибр эмас)». Ҳеч кимга сени ўзининг ахлоқи даражасига туширишига йўл қўйма. Ҳар бир жанжалга қўшилма. Олдингда содир бўлган ҳар қандай урушга аралашаверма. Бугунги уруш-жанжалларнинг кўпчилиги арзимасдир. Унда гарчи ғолиб бўлсангда ғолиблик нашидасини ҳис қила олмайсан. Аммо мағлуб бўлсанг, мағлубият аламини тортасан. Ахлоқидан воз кечган кишига тенг келиш учун ахлоқимиздан воз кечсак ундан нима фарқимиз қолади?!

Оқил инсон фақатгина жаннатни ўз баҳоси деб билади. Йўли жаннатга олиб бормайдиган масалани у нима бўлса ҳам тарк қил. Натижа қанақа бўлмасин сен сен ғолиб бўласан. Авф қилиш билан Аллоҳ инсоннинг фақат иззатини зиёда қилади.

Кунлар айланиб ҳақ соҳиби албатта ғолиб бўлади. Ботил эгаси эса мағлуб бўлади. Бу Аллоҳнинг инсонлар ичидаги жорий қонунидир.

Юсуф алайҳиссаломни арзимас пулга сотиб юборган қўллар вақт ўтиб у зотдан садақа сўраб, у зот алайҳиссаломга узатилди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни «сеҳргар», «шоир», «ёлғончи», «мажнун» деб ҳақорат қилганлар охирида Макка фатҳи куни у зотга: «Сен олийжаноб инсонсан, олийжаноб инсоннинг ўғлисан!», дейишган эди.

Абдулқодир Полвонов

Top