muslim.uz
Нишонга урилган гаплар: Ўзини ёки бировни алдаган киши ростгўйликнинг ҳидини ҳам ҳидламайди
Инсонлар сабабли бир амални тарк қилиш риё ва инсонлар сабабли бир амални бажариш ширкдир. Аллоҳ бу иккитасидан сақлагани ҳақиқий ихлосдир.
Фузайл ибн Иёз
***
Ўзини ёки бировни алдаган киши ростгўйликнинг ҳидини ҳам ҳидламайди.
Саҳл Тустарий
***
Одам фарзандига унутиш ва орзу-ҳавас каби иккита улуғ неъмат берилган. Агар шу неъмат бўлмаганида мусулмонлар йўлларида юрмас эдилар.
Ҳасан Басрий
***
Дунё тушдир, охират уйғоқлик. Ўлим бу иккаласининг орасида. Биз бир-бирига боғланмаган, пойинтар-сойинтар тушлар ичидамиз, вассалом!
Тарих муҳрлаган сўзлар
***
Беш нарса борки, улар қалб давосидир:
- Солиҳ кишилар билан ўтириш.
- Қуръон қироат қилиш.
- Қоринни овқатдан холи қилиб, оч юриш.
- Кечани ибодат билан бедор ўтказиш.
- Тонг пайтида тазарруъ билан ёлвориб, ибодат қилиш.
Абдуллоҳ Антокий
***
Учта севги инсонни руҳлантиради:
- Аллоҳга;
- Ота-онага;
- Ватанга бўлган севги.
Қолганлари кучингни олади, ҳолдан тойдиради.
***
Нима бўлишидан қатъий назар инсон бўлиб қол! Ҳеч бўлмаса шунга ҳаракат қилки, йўқса ит феълли бўлиб қоласан: суяк ташлаганга суйкалиб, бошқаларга ҳурадиган.
Саййид Аброр Умар
***
Яратилганларни, Яратган яратганлиги учун севинг!
(Борлиқ, табиат жониворлар ва одамларга яхши муносабатда бўлинг. Чунки уларнинг ҳам сизнинг ҳам Роббингиз Аллоҳ таоло).
Жалолиддин Румий
***
Садақани ҳар куни, кўпроқ қилаверинг. Зеро, қайси бири Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлганлигини билмайсиз.
Шайх Муҳаммад Содиқ, Муҳаммад Юсуф
***
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Даврий нашрлар тарғиботида фаол бўлган имом-хатиблар тақдирланмоқда
Шу кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакилликларида имом-хатиблари иштирокида 2020 йилда қилинган ишлар, ютуқ ва камчиликларга бағишланган сарҳисоб тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Ана шундай тадбирлар Наманган, Фарғона, Бухоро, Тошкент вилояти, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларида бўлиб ўтди. Уларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбар ва ходимлари, “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт матбаа ижодий уйи вакиллари қатнашди.
Тадбирларда сўзга чиққанлар сўнги йилларда диний соҳада амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилинди, келгусидаги долзарб вазифаларга тўхталиб ўтишди. Жумладан, вилоят бош имом-хатибларининг йил якуни бўйича ҳисоботлари тингланди.
Очиқ мулоқот шаклида ўтаётган йиғилишларда диний-маърифий соҳа фаолиятини янада такомиллаштириш, масжидлар фаолиятини яхшилашда имом-хатиблар келгусида қилиши лозим бўлган ишлар кўриб чиқилиб, зарурий тавсиялар берилди.
Жумладан, имом-хатиблар фаолияти самарадорлигини ошириш, ёшлар билан ишлаш, интернет ва ижтимоий тармоқларда фаоллик кўрсатиш, Исломни аҳолига кенг етказишда фидоийлик билан хизмат қилиш каби қатор кўрсатма ва топшириқлар берилди. Пандемия сабаб юртимиздаги масжидлар фаолиятини вақтинча тўхтатгани, бу даврда имом-хатиблар хайрия ишларига урғу беришди. Ҳозирда Республикамиздаги барча масжидларда намозхонларимиз карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ибодатларини адо этаётгани таъкидланди. Сўнги йиллар янги масжидлар қуриш ва мавжудларини таъмирлаш йиллари бўлаётганини қайд этишди. Имом-хатиблар билдирган таклифлар қўллаб-қувватланди.
Тадбирлар давомида 2020 йилда фаол хизмат қилган, чуқур билими, тажрибаси, намунали хулқи, фидокорлиги билан Аллоҳнинг байтига, динимизга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган имом-хатиб ва ноиблар турли йўналишларда тақдирланди.
Йиғилишлар якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт матбаа ижодий уйида нашр этилаётган “Ҳидоят”, “Мўминалар” журналлари ва “Ислом нури” газеталарига аҳолини обуна қилишда фаоллик кўрсатган имом-хатибларга ташаккурнома, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар топширилди. Имом-хатибларнинг Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида дин хизматчиси сифатида қилаётган солиҳ амаллари ҳусни қабул бўлиши, уларнинг келгусидаги фаолиятига куч-қувват сўраб, хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Силаи раҳмнинг фазилати
Силаи раҳмни узиш гуноҳи кабиралардандир. Шуни билиб ҳам ҳеч бир сабаб ва шубҳасиз силаи раҳмни узишни ҳалол санаган, мумкин деб эътиқод қилган киши жаннатга кирмайди. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади:
عن أبي محمد جبير بن مطعم رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: » لا يدخل الجنة قاطع» قال سفيان في روايته: «يعني قاطع رحم». (متفق عليه).
яъни: “Кесувчи жаннатга кирмайди”. Суфён ўз ривоятида: “Қариндошликни узувчи назарда тутилган”, дейди (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
“Силаи раҳм” арабча сўз бўлиб, “сила” – боғлаш, “раҳм” – қариндош (онанинг бачадонини ҳам раҳм, дейилади), яъни “қариндош уруғлик алоқаларини боғлаш” деган маънони билдиради.
Силаи раҳм қилиш – ўзгаларга нисбатан қариндошларига ғамхўр ва муҳаббатлироқ бўлиш, улардан хабардор бўлиб, моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб туришдир.
Силаи раҳмга энг ҳақдор кишилар ота-она, ака-ука, опа-сингил каби қон-қариндошлардир.
Қуръони каримнинг бир қанча оятларида қариндошлик алоқаларини боғлашнинг фазилати ва уни узишнинг ёмонлиги ҳақида сўз юритилган.
Жумладан, қуйидаги оятда қариндошликни боғлайдиган кишилар мақталади:
وَالَّذِينَ يَصِلُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَنْ يُوصَلَ وَيَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ وَيَخَافُونَ سُوءَ الْحِسَابِ
яъни: “Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар” (Раъд сураси, 21-оят).
Аллоҳ таоло яхшиликларга буюради, ёмонликлардан қайтаради. Буюрилган яхшиликлар ичида муҳимларидан бири силаи раҳм қилишдир:
إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالْإِحْسَانِ وَإِيتَاءِ ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ
яъни: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур”.
Ояти карималарда қариндош уруғлик алоқаларини узганларга қаттиқ таҳдид қилинади:
فَهَلْ عَسَيْتُمْ إِنْ تَوَلَّيْتُمْ أَنْ تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ وَتُقَطِّعُوا أَرْحَامَكُمْ أُولَئِكَ الَّذِينَ لَعَنَهُمُ اللَّهُ فَأَصَمَّهُمْ وَأَعْمَى أَبْصَارَهُمْ
яъни: “Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) «кар», кўзларини «кўр» қилиб қўйгандир” (Муҳаммад сураси, 22-23-оятлар).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу мавзу жуда муҳимлигини ҳадиси шарифлари таъкидлайдилар:
وعن أَبي هريرة رضي الله عنه أن رَسُول الله صلى الله عليه وسلم قَالَ : » … مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ باللهِ وَاليَومِ الآخِرِ ، فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ …» (مُتَّفَقٌ عَلَيهِ).
яъни: “…ва ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қариндошлик алоқаларини боғласин…” (Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилишган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга силаи-раҳм сабабли ризқнинг мўл-кўл бўлиши, умрнинг узоқ бўлишини уқтирадилар:
وعن أنسٍ رضي الله عنه أن رَسُول الله صلى الله عليه وسلم قَالَ » من أحَبَّ أنْ يُبْسَطَ لَهُ في رِزْقِهِ ، ويُنْسأَ لَهُ في أثَرِهِ ، فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ ) مُتَّفَقٌ عَلَيهِ .
яъни: “Ким ризқи кенг бўлиши, умри узун бўлишини хуш кўрса, қариндошлик алоқаларини боғласин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим Анас ибн Моликдан ривоят қилишган).
Аллоҳ таолонинг изни билан силаи раҳм, уни боғлаганларни дуо, узганларни дуоибад қилиб туради. Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади:
عن عائشة رضي الله عنها قالت قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «الرَّحِمُ مُعلَّقة بالعرشِ ، تقولُ: «من وَصَلَني وَصَلَهُ اللهُ ، ومن قطعني قَطَعَهُ الله «. (أخرجه البخاري ومسلم).
яъни: “Раҳм (қариндошлик) Аршга осилиб: “Ким мени уласа, Аллоҳ уни уласин. Ким мени узса, Аллоҳ уни узсин”, дейди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Аллоху Таоло силаи рахмда бардавом қилсин. Қариндошлари билан келишмай, гина адоват қилиб силаи рахмни кесувчилардан бўлмайлик.
Анваржон домла Ибайдуллаев,
Олтинкўл тумани «Уйшин»
жоме масжиди имом-хатиби
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Каттақўрғон шаҳридаги масжидларда олиб борилаётган ишлар билан танишди
Кеча, 23 декабр куни Самарқанд вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов Каттақўрғон шаҳрига ташриф буюрдилар.
Ташриф ушбу шаҳарда жойлашган “Муҳаммад Нақиббек” жоме масжидидаги шарт-шароитлар билан танишишдан бошланди. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, яқинда мазкур масжид таҳоратхонасининг янги биноси фойдаланишга топширилган эди. Зайниддин домла Эшонқулов мазкур таҳоратхонадаги қулай шарт-шароитлар билан танишди.
Ташриф мазкур шаҳар ҳудудида жойлашган “Қориравот” жоме масжидида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини кўздан кечириш билан давом этди. Ҳозирда мазкур масжид биносида пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Вилоят бош имом-хатиби ушбу қурилиш ишларига ҳамда бундай хайрли ишларга ўз ҳиссасини қўшаётган саховатпеша инсонлар ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
Шундан сўнг, Зайниддин домла Эшонқулов “Тегирмонбоши” жоме масжидида Пешин намозини адо этдилар. Намоз сўнгида мазкур масжиднинг шу даражага етиб келиши ва намозхонлар учун енгилликлар қилиш йўлида беминнат хизмат қилаётган саховатпеша инсонлар ҳаққига дуои хайрлар қилдилар.
Ташрифнинг иккинчи ярми мазкур шаҳар бош имом-хатиби фаолият олиб бораётган “Қори Муҳаммадрасул” жоме масжидини кўздан кечириш билан давом этди. Айтиш жоизки, ҳозирда ушбу масжид таҳоратхонасининг янги, замонавий биносида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, мазкур масжид ҳудудида фаолият олиб бораётган китоб дўкон билан танишдилар.
Ташриф сўнгида Каттақўрғон шаҳар бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Дўстмуродовга шаҳарда жойлашган масжидлар фаолиятини янада такомиллаштириш, қулай шарт-шароитларни тақдим этиш бўйича керакли тавсиялар берди ҳамда бу йўлда имом-хатибларимизга, саховатпеша инсонларга ва барча масжид ходимларига Аллоҳ таолодан куч-қувват сўраб дуолар қилди.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Бир савол сўрасам: Эр ҳаром пул топса, аҳли аёли ҳам гуноҳкор бўлади-ми?
— Эр ҳаром йўл билан уйга нарса олиб кириб, болалари ва хотинига eдирса, бунинг гуноҳи эрнинг бўйнидами? Ёки истеъмол қилмаслик керакми? Иккиланиб қолдик.
— Эр ҳалол йўлдан ризқ топишга ҳаракат қилиши шарт. Аҳлига ҳаром луқма едиришдан узоқ ва эҳтиёт бўлиши лозим. Агар эркак киши оиласига ҳаром луқма едирса, гуноҳкор бўлади. Аҳлига эса ҳеч қандай чораси бўлмаса, ўлмай қоладиган даражада ейишга рухсат бор.
Қолаверса, ҳаром таом еган одамнинг неча кунлаб дуоси қабул бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, Анас! Луқмангизни ҳалол қилинг, киши ҳаром луқма еса, қирқ кун дуоси ижобат бўлмайди”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
Демак, ҳар бир имонли киши тановул қилаётган луқмасига қаттиқ эътибор қилиши ва уни фақат ҳалол йўл билан топиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мол-дунёни қаердан топаётганига парво қилмаса, Аллоҳ таоло ҳам у кишини дўзахнинг қайси эшигидан киритишига парво қилмайди” (Имом Дайламий ривояти).
Шу боис, илгари оналаримиз оталаримизни ишга кузатаётиб: “Биз бу дунёнинг очлигига сабр қила оламиз, лекин дўзахнинг ўтига сабр қилолмаймиз. Аллоҳдан қўрқинг, ризқимизни ҳалолдан топинг”, деб эслатиб туришарди.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ