muslim.uz
ЮНИСEФ вакили: Ўзбекистоннинг «Меҳр» операцияси доирасида ватандошларни қайтариш ва уларнинг жамиятга мослашиши бўйича муваффақиятли тажрибаси кўплаб мамлакатларда қизиқиш уйғотмоқда
БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамадзаде Чирчиқ шаҳридаги «Бўстон» санаториясида бўлиб, у ерда «Меҳр-3» операцияси доирасида Суриядан олиб келинган аёллар ва болалар учун яратилган реабилитация шароитлари билан танишди.
Мунир Мамадзаде «Дунё» АА мухбирига берган интервьюда ўз таассуротлари ҳақида сўзлаб берди
- БМТ тизими, жумладан, ЮНИСEФ Ўзбекистон тажрибасини юқори баҳолайди, - деди у. - Хусусан, биз «Меҳр-1» ва «Меҳр-2» операцияларини ҳужжатлаштирдик ва минтақанинг энг яхши тажрибаси сифатида бошқа мамлакатларга тақдим этмоқдамиз. Ҳужжат жорий йил сентябрь ойида БМТ доирасида бўлиб ўтган тадбирларда инглиз ва рус тилларида тақдим этилди, минтақа мамлакатларида тарқатилди.
Бошқача айтганда, «Меҳр» муваффақияти - бу алоҳида бир фикр-мулоҳаза эмас, балки ҳужжатлаштирилган ҳақиқатдир. Қўшни давлатлар вакиллари менга мамлакатингиз тажрибасини ўрганишда ёрдам сўраб тез-тез мурожаат қилиб туради.
Мен ушбу реабилитация марказининг жиддий ролини ҳам таъкидлашни истардим. Чунки нотинч ўлкалардан қайтиб келган кишига бундай шароитдаги биринчи ришта ҳамда реинтеграция жараёнигача ташкил қилинган иш мазмуни ва сифати жуда муҳим.
Менимча, бу катта эътибор ва жойлардаги машаққатли меҳнатни талаб қиладиган асосий ва жуда қийин даврдир. Биринчи ва иккинчи операция тажрибаси муваффақиятли бўлган эди. Ушбу кампания ва реинтеграция жараёни ҳам муваффақиятли бўлишига ишонамиз ва умид қиламиз. Буларнинг барчаси ҳукумат даражасида мувофиқлаштирилган, барча вазирлик ва идоралар жалб қилинган. Менимча, энг муҳими - мамлакат раҳбариятининг сиёсий иродасидир.
Биз ушбу жараёнда иштирок этаётганлар иш самарали бўлишини таъминлаш учун барча имкониятларни ишга солаётганини кўриб турибмиз. Бутун жамиятнинг кўмаги ҳам муҳим. Бу аёллар ва болалар турли вазият ва ҳолатларнинг қурбонлари эканлигини англаш керак. Биз, ўз навбатида, ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ушбу амалиёт давом эттирилиши учун зарур бўлган ҳаракатларни қиламиз.
ЮНИСEФ ушбу раундни ҳам муваффақиятли операция сифатида ҳужжатлаштиришига ишончим комил.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғи билан, 2019 йил «Меҳр» гуманитар операциялари доирасида Сурия ва Ироқдан 220 нафар аёллар ва болалар олиб келинган эди. Жорий ой ўтказилган «Меҳр-3» операцияси доирасида эса 98 нафар ватандошимиз юртга қайтарилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Саҳобиддин СОТИМОВ: Маърифат улашиш энг эзгу амал
Ўзбекистонга зиёрат туризми Индонезия оммавий ахборот воситалари диққат марказида
Индонезиянинг «tribunnews.com» машҳур оммавий ахборот воситалари сайтида Ўзбекистондаги зиёрат туризмининг имкониятлари ҳақида туркум мақолалар эълон қилинди", деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Шундай қилиб, электрон порталда туроператорларнинг "Ўзбекистонда узоқ дам олишни истаган мусулмон саёҳатчилар учун махсус таклифлар" (Penawaran spesial bagi travelers muslim yang sudah lama ingin liburan ke Uzbekistan), "Ҳалол туризм сегменти учун Ўзбекистонга Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳарларига ташриф буюриш учун промопакети мавжуд (Untuk segmen wisata halal, ada paket promo ke Uzbekistan mengunjungi kota Samarkand, Bukhara dan Tashkent) материаллари жойлаштирилди.
Мақолаларда айтилишича, Ўзбекистонга ташриф сизга Имом Бухорий, Шоҳи Зинда ва Ислом цивилизациясининг бошқа хос жойларини бетакрор маънавий-тарихий меъморий мажмуаларини ўз кўзингиз билан кўриш имконини беради.
Нашрларда аниқ маълумотлар келтирилган, хусусан, Индонезиядаги туроператорлар учун Ўзбекистонга тур пакетларининг нархлари кўрсатилган ва боғланиш учун контактлар тақдим этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Нишонга урилган гаплар: Насиҳат қилиш осон, уни қабул қилиш қийин
Рост деб билган нарсам баъзиларни ғазабини келтирганини кўрганимда, жим туриш ҳикмат эканини ўргандим.
Шарқ ҳикматларидан
***
“Огоҳ бўл, инсон ўз қалбининг қинидир. Қачонки, қилич ўтмас бўлса, қиндан нима фойда?!”
Улуғлар ҳикматидан
***
Насиҳат қилиш осон. Муаммо шундаки уни қабул қилиш қийин. Зеро, насиҳат, қўлингга тикон кирганда уни оладиган игнага ўхшаб азоб беради.
Саййид Аброр Умар
***
“Қачонки, тақдир ёрдам қўлини чўзса, ожиз кишига ҳушёр бир олимни кўмакчи қилиб қўяди”.
Елиб-югурувчиларнинг кўпи ўзига жабр қилаётган, тўхтаб турувчиларнинг кўпи сайр қилаётган бўлади.
Шайх Абдуллоҳ Шибравий
***
Одамнинг умри аввалида қилган ишлари умрининг охиридаги ишларига ҳам далолатдир.
Пора фақат ноҳақлигу золимларга ёрдам бергувчидир.
Маҳмуд аз Замахшарий
***
Мусулмон ҳеч кимни урмас ва сўкмас,
Қидирмас кимсани қийнамоқ йўлин.
Шубҳа йўқдир, Аллоҳ золимни севмас:
“Валлоҳу ла юҳиббуз-золимийн…”
“Ҳикмат ёғдулари” китобидан
***
“Уч нарсани уч нарса билан бирга ушлагин, шунда сен мўминлардан бўласан: кибрни тавозулик билан, ҳирсни қаноат билан ва ҳасадни насиҳат билан”, дедилар.
Молик ибн Дийнор
***
Саидаброр Умаров тайёрлади
Имом-хатибнинг насиҳати сабаб иш ижобий ҳал этилди
Марғилон шаҳар бош имом-хатиби Абдуфаттоҳ домла Олимов маҳалладаги муаммоларни ўрганиш асносида бир келишмовчилик устидан чиқди.
Ҳудудда истиқомат қилувчи бир фуқаронинг хонадонини таъмирлаб берган уста хизмат ҳаққини ололмаётгани, хонадон эгаси эса уста хизматига кўп пул сўраётгани сабаб ўртада келишмовчилик чиққанини билдирди. Шаҳар бош имом-хатиби Абдуфаттоҳ домла Олимов ҳар иккала томонни ҳам тинглагандан сўнг динимизда ҳалол-ҳаром масаласи, ўзганинг ҳаққини ейишнинг оқибати, Исломда биродарлик, ака-укачиликнинг фазилати ҳақида оят-ҳадислар ҳамда улуғлар ҳаётидан мисоллар келтириш билан икки томонга насиҳат қилди. Шукрки, имом домла томонидан эслатилган ояту ҳадисларга ҳар иккила томоннинг ҳам бефарқ бўлмагани, насиҳатга амал қилишгани сабаб келишмовчилик бартараф бўлди.
Биз бу билан мақтаниш ниятида эмасмиз, бироқ ён-атрофга бефарқ бўлмасликни истардик. Зеро, сизнинг чиройли насиҳатингиз ёҳуд фойдали маслаҳатингиз сабаб бир инсон ҳаёти жаҳолатдан маърифат сари бурилиши мумкин.
Р.Жалилов,
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги ходими