muslim.uz
Рўзадор тилига эҳтиёт бўлсин
Рўза тутиш нафақат еб-ичиш ва нафсни жиловлаш билан, балки тилидан чиқаётган ҳар бир сўзга эътиборли бўлиш билан ҳам мукаммал адо этилади. Киши тонг қоронғусидан то шомгача қийналиб еб-ичмасаю оғзидан турли сўкиниш ва ёлғонлар чиқаверса, бу рўза мукаммал бўлмайди. Бу борада Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Рўза шаҳватлардан тўсувчидир, агар бирортангиз рўза тутадиган бўлса, нолойиқ сўзларни айтиб, жоҳиллик қилмасин, бирор киши урушиб ёки сўкишадиган бўлса, мен рўзадорман, деб икки марта айтсин”, - дедилар. (имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари). Ушбу ҳадисда айтилганидек, имкон борича ёмон сўзлардан узоқ бўлиш, мабодо бирор кимса рўзадорни ранжитадиган бўлса, тилига эҳтиёт бўлишдан чалғитса бунинг ҳам ечими борлигини, “мен рўзадорман” деб айтиши кифоя экани таъкидланади.
Набий (с.а.в.): “Баъзи рўзадрлар борки, уларга рўзаси учун очликдан ўзга нарса бўлмас. Баъзи тунда бедор бўлган борки, уларга бедорлиги учун уйқусизликдан ўзга нарса бўлмас”, дедилар. Баъзи кишилар рўза тутдим, деб вақтини бекорчи ишларга сарф этади, ғийбат қиладилар, ёлғон гапириб турли тушунмовчиликларга сабаб бўлади ёки мақтанчоқлиги билан риёкорга айланади. Ушбу ҳадис одамларни ана шундай рўзадорга макруҳ, яъни ёмон кўрилган ишларни бажармасликни огоҳлантиради, акс ҳолда қийинчиликдан бошқаси берилмаслиги таъкидланади. Демак, ҳар бир ибодатнинг ўзига керакли қайтариқларига қатъий амал қилиш жоиз бўлганидек, рўзанинг ҳам муҳим шартларидан бири – тил офатларидан сақланмоқдир.
Ёлғон гапириш мунофиқлик аломати экани ҳадисларда келтирилади. Бу иллат рўза учун ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Бу борада бир ҳадиси шарифда: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилмоғига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ”, дейилади. Демак, рўза тутдим деб ният қилган, унинг барча қийинчиликларини сабот билан енгган ҳар киши албатта ёлғон гапиришдан ҳимояланмоғи муҳим экан.
Рўзадор ғийбат, сўкиниш, бўҳтон каби барча иллатли амаллардан тийилмаса, унинг савоблари йўққа чиқиши мумкин. Бу хақда Расулуллоҳ (с.а.в.): «... У киши очликдан бошқа нарсага эга бўлмайди» — деганлар. (Ибн Можа ривояти, саҳиҳут тарғиб).
Аксинча, рўза тутган инсон яхши гапларни гапириб, инсонларга эзгулик улашса, кўнгилларини олиб ширинсуҳан бўлишга интилса, кўплаб савобларга эришади. Рамазоннинг беқиёс имкониятларидан бири дуоларнинг ижобат этилишидир. Бебаҳо лаҳзаларни беҳуда ишларга сарф этиш ўрнига холис дуо қилишнинг хислати сон саноқсиздир.
Бу борада Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Уч тоифа кишининг дуоси рад этилмайди. Улар: Рўзадорнинг оғиз очгунича қилган дуоси, одил имомнинг дуоси, мазлумнинг дуоси”, - деганлар (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари)
Абдуллоҳ ибн Ос (р.а.)дан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Рўзадорнинг ифтор пайтида қилган дуоси рад қилинмайди”, - дедилар. (Ибн Можа ва Ибн Сунний ривоятлари).
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир муовини А.Ғаниев тайёрлади.
Рўза - улуғ ибодат
Рўзанинг шаръий маъноси ейиш, ичиш ва эр-хотин жинсий яқинлик қилишдан тийилиш демакдир. Рўзанинг фарзлигига Қуръон, суннат, ижмоъ ва маъқул далиллар мавжуд. Қуръондаги далил:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”. (Бақара, 183). Шунингдек:
فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ
яъни: “Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин”, ояти ҳам Рамазон рўзасининг фарзлигига далилдир. (Бақара, 185).
Суннатдаги далил эса Пайғамбар с.а.в.нинг қуйидаги ҳадиси муборакларидир:
بني الإسلام على خمس : شهادة أن لا إله إلا الله ، وأن محمدا رسول الله ، وإقام الصلاة ، وإيتاء الزكاة ، وصوم رمضان ، وحج البيت من استطاع إليه سبيلا
(رواه البخاري ومسلم) .
яъни: “Ислом беш нарсага бино қилинган: Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканлигига гувоҳлик бериш, намоз ўқиш, закот бериш, Рамазон рўзасини тутиш, йўлга қодир бўлган киши ҳажга бориши”. )Бухорий ва Муслим ривояти). Шунингдек,
عن أبي إمامة الباهلي رضي الله عنه قال: سمعت رسول الله صلي الله عليه وسلم يخطب في حجة الوداع فقال: (( اتقوا الله، وصلوا خمسكم، وصوموا شهركم، وأدوا زكاة أموالكم، و أطيعوا أمراءكم، تدخلوا جنة ربكم
(رواه الترمذي)
яъни: Абу Имома ал-Боҳилий р.а. айтадилар: Мен Расулуллоҳ с.а.в.ни Ҳажжатул Вадоъдаги хутбада шундай деганларини эшитганман: “Аллоҳга тақво қилинг, беш вақт намозингизни ўқинг, бир ой рўзангизни тутинг, молларингизни закотини беринг, амирларингизга итоат қилинг, Раббингизнинг жаннатига дохил бўласизлар” (Термизий ривояти).
Рамазон ойи рўзасининг фарз эканлигига ва уни фақат кофир кимсагина инкор қилиши мумкинлигига мусулмон уммати бир овоздан ижмоъ қилганлар.
Маъқул далил қуйидагиларда кўринади, биринчидан: рўза неъматга шукр келтириш учун василадир. Чунки, рўза неъматларнинг ичида энг қадрлиси ва зарури бўлмиш ейиш, ичиш ва жимоъ қилишдан нафсни тийиш бўлиб, маълум вақт ўзини бу неъматлардан тийган киши унинг қадрига ета бошлайди. Зеро, неъматнинг қадри ундан бебаҳра бўлгандагина билинади. Бу эса, кишини неъматга шукр қилишига сабаб бўлади. Неъматга шукр қилиш ҳам ақлан ва ҳам шаръан фарздир. Шунинг учун Қуръони каримдаги рўзага оид оятнинг сўнгида:
لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ
яъни: “шукр қилишингиз учундир”, дейилмоқда. (Бақара, 185).
Иккинчидан, рўза тақвога василадир. Чунки, киши Аллоҳнинг розилигини истаб, унинг аламли азобидан қўрқиб ҳалол неъматлардан нафсини тияди. Бунда нафси унга итоат қилади. Бас, шундай экан, нафснинг ҳаромдан ҳазар қилиши янада осонроқ кечади. Шундай экан, рўза нафсда Аллоҳ ҳаром қилган амаллардан тийилишга кўникма ҳосил бўлишига сабаб бўлади. Ҳаромдан сақланиш эса фарздир. Шунинг учун ҳам Қуръони каримдаги рўзага оид оятда:
لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
яъни: “шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”, дейилган (Бақара, 183).
Ҳар бир ибодатда бўлгани каби рўзанинг ҳам фарз бўлишининг ҳикмати бор. Рўза инсонни тарбиялашда, унинг ахлоқини гўзаллашувида катта аҳамият касб этади. Зеро, тарбия маёғи бўлмиш рўза туфайли киши нафақат жисмонан, балки маънан ва ахлоқан покланади. Ибн Можа ўзларининг “Сунан” китобларидан қуйидаги ҳадисни келтирадилар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : لِكُلِّ شَيْءٍ زَكَاةٌ وَزَكَاةُ الْجَسَدِ الصَّوْمُ
яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. айтдилар: “Ҳар бир нарсанинг закоти бор, жасаднинг закоти рўзадир”. Маълумки, закотнинг маъноси тозалаш демакдир. Демак, рўза туфайли киши жасадини ундаги ортиқча ва зарарли моддалардан тозаласа, ахлоқини зарарли одат ва хулқлардан тозалаб олади. Чунки, аъзоларни гуноҳ ишларни қилишдан тийиш рўзанинг мақбул бўлишининг асосий шартларидандир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ с.а.в. ҳадисларининг бирида марҳамат қилдилар:
عن أبي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم من لم يدع قول الزور والعمل به فليس لله حاجة في أن يدع طعامه وشرابه
(رواه البخاري).
яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Ким гуноҳ гапни ва гуноҳ амални қўймаса таоми ва шаробини тарк этганига Аллоҳ муҳтож эмас”. (Бухорий ривояти).
Демак, рўза кишида инсоний фазилатларни мужассам бўлишлиги ва номуносиб иллатлардан қутилишига кўмак берадиган улуғ ибодатдир.
Ҳомиджон Ишматбеков.
Рўзадорнинг дуоси ижобат бўлади!
Рамазоннинг фазилатлари жуда кўп. Ана шулардан бири рўзадор одамнинг дуоси ижобат бўлишидир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ فَلْيَسْتَجِيبُواْ لِي وَلْيُؤْمِنُواْ بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ
“Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар”. (Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳудан имом Аҳмад Ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алаҳиссалом: “Қалблар идишга ўхшайди. Баъзилари баъзисидан кўпроқ жойлаштиради. Агар Аллоҳдан бирор нарса сўрайдиган бўлсангиз, ижобат бўлишига қаттиқ ишониб сўранг. Ғофил қалб билан дуо қилган банданинг дуосини Аллоҳ қабул қилмайди”, дедилар. Имоми Бухорий Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Агар банда шошилишмаса, дуосига ижобат бўлади. Дуо қилдим, қабул бўлмади, демасин”, деганлар.)
Бу Бақара сурасининг 186-ояти бўлиб, у рўза ҳақидаги оятларнинг орасида келган. Бундан олдин мана бу оят келган:
شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِيَ أُنزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِّنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَن شَهِدَ مِنكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ وَمَن كَانَ مَرِيضاً أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِّنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلاَ يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُواْ الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُواْ اللّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ
“Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунлардан тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки шукр қилсаларингиз”. (Аллоҳ таоло Ўзининг абадий мўъжизаси, қиёматгача инсониятга ҳидоят бўладиган китоби Қуръони Каримни тушириш вақти қилиб Рамазони шариф ойини ихтиёр қилганининг ўзи бу ойнинг фазилатини юксакка кўтарган. Энди эса, нур устига нур, фазилат устига фазилат қўшиб, рўза ибодатини ҳам шу Рамазон ойида тутишни фарз қилмоқда.) (Бақара, 185).
186-оятдан кейин эса ушбу оят келган:
أُحِلَّ لَكُمْ لَيْلَةَ الصِّيَامِ الرَّفَثُ إِلَى نِسَآئِكُمْ هُنَّ لِبَاسٌ لَّكُمْ وَأَنتُمْ لِبَاسٌ لَّهُنَّ عَلِمَ اللّهُ أَنَّكُمْ كُنتُمْ تَخْتانُونَ أَنفُسَكُمْ فَتَابَ عَلَيْكُمْ وَعَفَا عَنكُمْ فَالآنَ بَاشِرُوهُنَّ وَابْتَغُواْ مَا كَتَبَ اللّهُ لَكُمْ وَكُلُواْ وَاشْرَبُواْ حَتَّى يَتَبَيَّنَ لَكُمُ الْخَيْطُ الأَبْيَضُ مِنَ الْخَيْطِ الأَسْوَدِ مِنَ الْفَجْرِ ثُمَّ أَتِمُّواْ الصِّيَامَ إِلَى الَّليْلِ وَلاَ تُبَاشِرُوهُنَّ وَأَنتُمْ عَاكِفُونَ فِي الْمَسَاجِدِ تِلْكَ حُدُودُ اللّهِ فَلاَ تَقْرَبُوهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللّهُ آيَاتِهِ لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَّقُونَ
“Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ сизнинг ўзингизга ҳиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни афв этди. Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг. Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг. Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг. Масжидларда, эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг. Булар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг. Аллоҳ одамларга Ўз оятларини шундоқ баён этади. Шоядки тақво қилсалар”. (“Эътикоф” сўзи бир нарсани лозим тутиш маъносини билдиради. Шариатда эса, масжитда Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш ниятида ибодатни лозим тутишга айтилади. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалам Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикофда ўтирар эдилар. Эътикоф ўтирган одам иложи борича масжиддан чиқмай ибодат билан машғул бўлади. Унда банда Аллоҳ учун ҳамма нарсадан ажраб чиқади. Шунинг учун аёлларга яқинлик қилишдан ҳам ўзини тияди. Ушбу зикр қилинган нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолога боғлиқ нарсалар, Унинг чегаралари. Аллоҳ уларга яқинлашмасликка буюрмоқда, чунки чегарага қанча яқинлашилса, чегарани бузиш эҳтимоли шунча кўпаяди.) (Бақара, 187).
Дуо ҳақидаги оятдан олдин ҳам, ундан кейин ҳам рўза ҳақидаги оятларнинг келиши рўзадор дуога ҳарис бўлиши кераклигига, рўзадорнинг дуоси ижобат қилинишига ишорадир, шунга далолат қилади.
Шунинг учун барчамиз бу ойда барча солиҳ амаллар қатори дуо қилишга ҳам ҳарис бўлишимиз, айниқса, оғиз очиш арафасида дуо қилиб қолишнинг пайидан бўлишимиз керак.
Ҳадиси шарифларда ҳам рўзадорнинг дуоси ижобат қилинишига далиллар кўп.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Уч кишининг дуоси рад этилмайди. (Булар): одил имом (раҳбар, етакчи), оғзини очиш арафасида турган рўзадор ва мазлумнинг дуоси. Аллоҳ таоло мазлумнинг дуосини булутлар тепасига кўтаради, унга осмон эшиклари очилади ва Робб азза ва жалла “Иззатимга қасамки, сенга кейинчалик бўлса ҳам ёрдам бераман” дейди”. Имом Термизий ривоят қилган.
Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Учта дуо ижобат қилинадиган дуолардан: рўзадорнинг дуоси, мазлумнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси”.
Аллоҳ таоло барчамизнинг тутаётган рўзаларимизни, қилаётган ибодатларимизни қабул айлаб, дуоларимизни ижобат этсин, омин!
ЎМИ Матбуот хизмати
Аллоҳнинг рамазондаги туҳфалари
Бизларни муборак Рамазон ойига етказиб, марҳаматини дариғ тутмаган ва уни рўзасини гуноҳларга каффорат қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамд-у санолар бўлсин!
Кундузлари рўзадор ва кечалари бедор бўлишда бизларга намуна бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳнинг зиёда раҳматлари нозил бўлсин!
Рамазон Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига берган улуғ неъмати бўлиб, бу ойда Раббимизнинг раҳматлари ёғилиб, хоссатан Аллоҳ таолонинг бизларга берадиган иноятлари зиёда бўлади. Қуйида ўша неъматларнинг баъзиларини эслаб ўтамиз;
- Рамазон ойининг биринчи кечасиданоқ ибодатлар осонлашади;
عن أبي هريرة رضي الله عنه، أن النَّبي صلى الله عليه وسلم قال: إذا كان أول ليلة من شهر رمضان، صفِّدَت الشياطين ومردة الجن، وغلِّقَت أبواب النار فلم يُفتح منها باب، وفتِّحت أبواب الجنة فلم يُغلق منها باب، وينادي منادٍ كلَّ ليلة: يا باغي الخير أقبِل، ويا باغي الشرِّ أقصِر، ولله عُتقاء من النار، وذلك كل ليلة
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон ойининг биринчи кечасида шайтонлар ва ўзбошимча жинлар занжирланади, дўзахнинг бирорта эшиги ҳам қолмай ҳаммаси ёпилади, жаннатнинг барча эшиклари очилади ва ҳар кеча: Эй яхшилик қилувчи! Ғанимат бил, эй ёмонликка мойил бўлувчи ўзингни тийгин, дея нидо бўлади. Ҳар кеча Аллоҳ кўплаб бандаларини дўзахдан озод қилади”, - дедилар. Шайтонларнинг кишанланиши шак-шубҳасиз ибодатни енгиллатиш учун бўлади.
- Рамозон ойи рўзаси гуноҳларга каффорат бўлади;
عن أبي هريرة رضي الله عنه، أن رسول الله صلى الله عليه وسلم كان يقول: الصلواتُ الخمسُ، والجمعةُ إلى الجمعة، ورمضانُ إلى رمضان: مكفِّرات ما بينهنَّ إذا اجتَنَبَ الكبائرَ؛ (أخرجه مسلم(
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш вақт намоз, жума намози ва рамазон ойи то кейингиси келгунигача бўлган кичик гуноҳларни ювиб кетади”, деб марҳамат қилдилар (Муслим ривояти).
- Рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади;
Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
البقرة: 183
“Эй иймон келтирганлар! Шояд тақводор бўлсангиз деб сизлардан олдингиларга фарз қилинганидек сизларга ҳам рўза фарз қилинди”, деб марҳамат қилади (Бақара сураси, 183-оят).
Аллоҳ таоло бандаларига ушбу оят карима орқали рўза тутишликдан асосий мақсад тақво ҳосил қиладиган амаллардан бири эканлигини баён қилмоқда. Лекин бу дегани гуноҳ ва маъсиятлар қилиб ҳам рўза тутса тақводор бўлади дегани эмас, албатта. Тақво Аллоҳнинг наздида қанчалик буюк нарса эканлиги ҳақидаги ояти карималар ҳаммамизга маълум ва машҳур.
- Рўза туфайли Аллоҳ ўтган гуноҳларни кечиради;
عن أبي هريرة رضي الله عنه، أنَّ النبي صلَّى الله عليه وسلم قال: مَن صام رمضان إيمانًا واحتسابًا، غُفر له ما تقدَّم من ذنبه؛
متفق عليه
Имом Бухорий ва имом Муслимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Кимки Рамазон ойи рўзасини иймонла ва Аллоҳдан савоб умидида тутса, ўтган гуноҳлари мағфират бўлади”.
Бу ҳадиси шариф рўза нақадар улкан ибодат эканлиги, хато ва камчиликларни кечирилишига таъсир қилишлигини ифода этади. Фақат икки шарт билан. Бири иймон-ихлос, иккинчиси “Иҳтисоб” яъни Аллоҳнинг Ўзидан савоб умид қилган ҳолда тутиш билан. Мазкур ҳадисдаги “иймон билан” деган иборани Ҳофиз ибн Ҳажар роҳматуллоҳи алайҳ: “Рамазон рўзасининг фарз эканини эътироф этиб” деган маънони ифодалайди деган бўлсалар, “Иҳтисобан”деган сўзига Имом Хаттобий: “қатъий ишонч ила савобидан умид қилган ҳолда, покиза ният ва нафсига оғир олмай рўзани тутмоқлик”-деб маъно берган экан.
- Рўза ҳудди Қуръон каби ўз соҳибини Қиёматда шафоат қилади;
عن عبدالله بن عمرو رضي الله عنهما أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: الصِّيام والقُرآن يشفعان للعبد يوم القيامة، يقولُ الصيامُ: أيْ ربِّ، منعتُه الطَّعامَ والشهوات بالنهار، فشفِّعني فيه، ويقولُ القُرآنُ: منعتُه النومَ بالليل، فشفِّعني فيه، قال: فيُشفَّعان
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза ва Қуръон ўз эгаларини Қиёмат куни шафоат қилади. Рўза: “Эй Рабби мени деб кундузи овқатдан ва нафсий хоҳишларидан ўзини тийди, мени унга шафоатчи қил”, дейди. Қуръон эса: “Мени деб кечалари бедор бўлди, мени унга шафоатчи қил”, дейди ва иккови ҳам ўз эгаларини шафоат қилади”, деганлар. Демак, ким рўзани ихлос ва Аллоҳнинг кўриб, билиб, кузатиб турганига ишонч ҳосил қилган ҳолида тутса, қиёмат куни тутган рўзаси ўзига кафил шафоатчи бўлиб келар экан.
- Рамазон тунларини қоим қилиш аввалги гуноҳларга каффорат бўлади;
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечалари ибодат билан бедор ўтказишга қизиқтирар, аммо қатъий буюрмас эдилар.
عن أبي هريرة أنَّ رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: مَن قام رمضان إيمانًا واحتسابًا، غُفر له ما تقدَّم من ذنبه
رواه البخاري ومسلم
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазонда иймон ва ихлос ила қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти). Рамазон ойи кечалари ибодат қилиш жуда ҳам фазилат ва гуноҳлардан покланиш имконияти ҳам экан. Рамазонда бедор бўлиб ўқиладиган намоз “таровеҳ” деб номланади. Таровеҳ роҳат-истироҳат маъносини англатади. Йигирма ракат нафл намозни имомга иқтидо қилган ҳолда жамоат билан масжидда адо этиш энг улуғ фазилатли амаллардандир.
- Рамазон ойида қилинган умранинг савоби бир ҳаж савобига тенг бўлади;
عن عبدالله بن عباس رضي الله عنهما أن النبي صلى الله عليه وسلم قال لامرأةٍ من الأنصار - يُقال لها: أم سنان -: إذا جاء رمضان، فاعتمري؛ فإنَّ عمرة فيه تَعدل حجة
متفق عليه
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорий аёллардан бирига: “Рамазон ойи келса умра қилгин. Чунки у бир ҳажга тенг келади”, - деганлар. Лекин бу инсон зиммасига умри давомида бир маротаба фарз қилинган ҳаж ибодати соқит бўлади дегани эмас. Балки, Рамазон ойининг баракотидан ҳар бир қилинган амалга бошқа вақтдан кўра бу ойида кўпроқ ажр-мукофот берилишига далилдир.
- Рамазон ойида қилинган садақа энг афзал садақадир;
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон ойида энг сахий инсонга айланиб, саҳоватлари янада жўшиб кетар экан. У Зоти шариф:
قال صلى الله عليه وسلم: أفضل الصَّدَقة صدقة في رمضان
أخرجه الترمذي عن أنس
“Энг афзал садақа Рамазон ойидагисидир”, дер эдилар (Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Бас, шундай экан биз ҳам Ҳабибимиздан ўрнак олиб, рамазон кунлари оиламизга, қариндошларга, маҳалламиздаги бева-бечораларга, кам таъминланган инсонларга қўлимиздан келганича моддий кўмак берсак, беморларни бориб хол сўрасак улуғ фазилатга соҳиб бўлардик.
- Ифторлик қилиб берган одам рўзадорларнинг савобига тенг савобни олади;
عن زيد بن خالد الجهني رضي الله عنه، عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: من فطَّر صائمًا، كان له مثل أجره، غير أنه لا ينقص من أجر الصائم شيء
رواه الترمذي
Зайд ибн Холид ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Ким бир рўзадорга ифторлик қилиб берса шу рўзадорнинг савобига тенг савобга эга бўлади ва бу рўзадорнинг савобидан ҳеч нарсани камайтирмайди”(Термизий ривояти).
Саҳоба ва салаф солиҳларимизнинг одатлари шундоқ бўлган. Ибн Ражаб роҳматуллоҳи алайҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг одатларини эслаб шундай дейди: “У ҳар доим рамазон ойида мискинлар билан овқатланар, топа олмаса овқат емас эдилар. Агар овқатланиб турганларида бошқа бир киши таом сўраса, ўзининг овқатни бериб яна ҳеч нарса емасдан рўзага ният қилар эканлар”.
Ҳулоса ўрнида, Яратган Раббимиз Рамазон ойида холис ниятлар билан тутаётган рўзалармизни, кечалари қоим туриб адо этаётган таровеҳ намозларимиз, хатми Қуръонларимиз, хайру саҳоватларимизни ва барча солиҳ амалларимизни қабул қилишини ҳамда бу муборак ойни фазли ва қадрини топишлигимизни насиб этсин! Амин.
Жалолиддин Ҳамроқулов
Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом хатиби
Рамазон – тақво ойи
Аллоҳ таоло бандаларига буюрган ва уларни қайтарган амалларда инсонларнинг дунё ва охиратдаги саодатли ҳаётлари кафолатланган. Ана шундай ибодатлардан бири Рамазон ойида рўза тутиш ҳисобланади. Рўза тутиш орқали инсон гуноҳларига тавба қилади ва ибодат қилиш баробарида жамиятга ҳам ўз ҳиссасини қўшади. Рўзанинг бир қанча фойдалари бор. Жумладан:
- Рўза тутиш тақвога васила ҳисобланади. Чунки инсон Аллоҳ таолонинг розилигига эришишдан умид қилиб ва рўза тутмаса азобга қолишдан қўрқиб кундуз кунлари ҳалол бўлган амаллардан ҳам тийилади. Ҳалолдан тийилган кишининг ҳаромдан сақланиши эса турган гап. Демак, рўза Аллоҳ таоло ҳаром қилган амаллардан сақланишга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”, деб марҳамат қилади. “...тақволи бўлсангиз”, ибораси рўза тутиш ҳикматини баён қилиш учун келтирилган сабаб жумла ҳисобланади. Инсон рўза тутиш орқали гуноҳлардан сақланади. Шаҳватини синдиради ва гуноҳга ундовчи омиллар заифлашади. Рўза тақвога сабаб бўладиган энг катта омил ҳисобланади.
- Рўза тутиш орқали шайтонни бўйсиндирилади. Шайтон залолат, иғво ва шаҳватларга чорлайди. Инсон ейиш ва ичишни камайтириш билан шаҳватлардан тийилади. Сафийя розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилган ривоятларида: “Шайтон инсоннинг қон томирида юради. Очлик билан унинг йўлларини торайтиринглар”, дейилган.
- Рўза инсон табиатини бўйсундиради ва шаҳватини синдиради. Инсоннинг қорни тўқ бўлганида турли хил гуноҳларни хоҳлайди. Қорни оч бўлганда эса нафсу ҳавоси хоҳлаган нарсалардан тийилади. Ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй йигитлар жамоаси, сизлардан ким уйланишга қодир бўлса уйлансин. Зеро у кўзни тўсувчироқ ва фаржни сақловчироқ. Ким унга қодир бўлмаса рўза тутсин. Чунки рўза унинг учун бичилишдир”, дедилар.
- Рўза тутиш инсонни камбағалларга меҳрибон ва раҳмли бўлишга ундайди. Чунки рўза тутган инсон бир кунгина очлик нималигини ҳис қилса доим қорни оч юрадиганлар ҳақида ўйлайдиган бўлади. Қалби юмшайди, фақир-мискинларга эҳсон қилади ва уларга раҳмли бўлади. Бу билан Аллоҳ таоло тарафидан ҳам юксак ажр-мукофотларга эришади.
- Рўза тутиш орқали инсон ўзига берилган неъматга шукр қилишни ўрганади. Рўза тутиш сабабли энг катта неъматлар ҳисобланадиган ейиш ва ичишдан тийилиш юзага келади. Неъматлардан маълум муддат тийилиш уларнинг қадрини билишга сабаб бўлади.
Хулоса ўрнида айтганда, бандалар бу амални адо қилиш орқали тақво ва Аллоҳ таолодан қўрқиш даражасига етади. Натижада Аллоҳ улардан рози бўлган ва улар ҳам Аллоҳдан рози бўлган инсонлар жумласидан бўладилар. Рўза ўз эгасини энг юқори даражаларга кўтаради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам рўза ҳақида: “Рўза сақлагувчи”, деганлар. Рўза гуноҳлардан сақлайди, охират азобидан сақлайди, еб-ичишда чегарадан чиқиш оқибатида келиб чиқадиган турли касалликлардан сақлайди.
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Ойбек ҲОШИМОВ тайёрлади