muslim.uz

muslim.uz

Хотира - муқаддас туйғу. У бор экан, қадр-қиммат, ардоқ аталмиш тушунчалар замонлар оша барҳаёт бўлиб қолаверади. Динимизда инсон шаънига ҳурмат кўрсатиш, унинг жамиятга кўрсатган яхши амалларини хотирлаб, ёд этишлик фазилатли амаллардан ҳисобланади. Айниқса, савобли ишлар, хайру саҳоват учун 70 баробар кўпроқ ажрлар берилувчи Рамазон ойида бундай ишларга ташаббус кўрсатиш айни муддао бўлади.

Куни кеча Тошкент шаҳар Миробод тумани бош имом-хатиби Одил домла Холмуродов мазкур туманда ишлаб, ўз хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган Шодиев Иброҳим ва Зокиров Улуғбеклар хонадонига Ички ишлар бошқармаси ходимлари билан биргаликда ташриф буюриб, оила аъзолари холидан хабар олди. Қуръони карим тиловат қилиниб, юрт ҳимояси, ватан осойишталиги йўлида жонини фидо этган марҳумлар хотираси ёдга олинди. Хонадон эгалари учун ифторлик озиқ овқатлари ва моддий ёрдам берилиб, ушбу муборак кунларда маҳзун дилларга ҳамин қадар хурсандчилик улашилди. 

ЎМИ Масжидлар бўлими

Ҳакимул уммат, мавлоно Ашраф Али Таҳановий раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейдилар:

Худди рўза ботиний беморликлар яъни, гуноҳлардан сақлагани каби, жуда кўп зоҳирий (яъни, жисмоний) беморликлардан ҳам сақлайди. Чунки, жуда кўп беморликлар еб-ичишдан пайдо бўлади. Рўза сабабли уларда камлик бўлади ва бундай касалликлар ҳам юзага келмайди. Қуйидаги ҳадисда унга ишора қилингандир:

Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳар нарсанинг закоти бор ва баданнинг закоти рўзадир" дедилар (Ибн Можа ривояти).

ФОЙДА: Яъни, худди закот ила молнинг кир-чири кетганидек, рўза ила баданнинг кир-чири, яъни беморликлар пайдо бўлишига сабаб бўладиган айниган моддалар кетади. Қуйидаги ҳадисда бу маъно очиқ-ойдин келгандир:

Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Рўза тутинг, соғ бўласиз", дедилар (Имоми Табароний ривояти).

Рўза сабабли зоҳирий ва ботиний зарарлар кетганидек, ундан зоҳирий ва ботиний хурсандчилик ҳам ҳосил бўлади. Чунончи, Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан  ривоят қилинган бир узун ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Рўзадорга икки хурсандчилик бор: Бир хурсандчилик ифторлиги вақтида. Иккинчи хурсандчилик Роббисига йўлиққан вақтида" дедилар (Имоми Бухорий ривояти).

 

"Муборак Рамазон аҳкомлари" китобидан. Урду тилидан

Тошкент шаҳар, Уч-тепа тумани, "Ҳазрати Али" масжиди ноиби-имоми Абдулқайюм Комил таржимаси.

Айни муборак Рамазон ойида дунёнинг барча минтақаларидаги мўмин-мусулмонлар Исломнинг беш фарзидан бири – рўза амалини адо этмоқда.
Эрта тонгдан кун ботгунга қадар давом этадиган рўзадорлик вақти дунёнинг турли жойларида бир-биридан фарқ қилади. Айниқса, шимолий қутбга яқин мамлакатларда ёз кунлари узоқ давом этгани учун бу ерларда саҳраликдан ифторликка бўлган муддат ҳам узоқроқ бўлади.
Шу кунларда дунё бўйича рўза вақтлари 21 соатдан 11 соатгача бўлган оралиқни ташкил этмоқда. Жумладан, Исландияда бу вақт 20 соату 17 дақиқани (яъни соат 02:27 дан 22:44 гача), Финляндия ва Гренландияда 19 соат 25 ва 19 соат 21 дақиқа бўлмоқда.
Бу йил Рамазон ойида рўзадорлик вақти энг қисқа бўлган мамлакат Чили бўлиб, ушбу давлат мусулмонлари ҳозирги кунда 10 соат 33 дақиқа давомида рўза тутишмоқда. Бу вақтни Исландия билан солиштирганда 10 соат 44 дақиқага қисқа, деганидир.
Шунингдек, рўза тутиш вақти 12 соатдан кам бўлган давлатларни ҳам санаб ўтамиз. Мисол учун, Янги Зелландия (11 соат 35 дақиқа) ва Жанубий Африка Республикаси (11 соат 47 дақиқа), Бразилия ва Австралия мусулмонлари эса мос равишда 11 соат 59 дақиқадан рўза тутишмоқда.
Бундан ташқари, Бирлашган Араб Амирликларида мусулмонлар саҳарликдан то ифторликкача бўлган вақт 14 соат 52 дақиқа бўлмоқда.
Ўзбекистонда эса рўзадорлик вақти 16 соат беш дақиқани ташкил этмоқда. Дунё мамлакатлари билан солиштирганда Юртимиз мусулмонлари деярли ўртача вақт давомида рўзла амалини адо этмоқда.
Аллоҳ таоло Ўзи мукофотини берадиган рўза амалини ихлос билан мукаммал адо этишни барча мўмин-мусулмонларга насиб қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жиззах вилояти Зомин тумани Даштобод шаҳридаги “Қора тепа” жоме масжиди ходимлари 35 млн сўмлик кўрпа-тўшак, кийим-кечаклардан иборат хайрия ёрдамларини Сардоба туманидан Даштобод туманига кўчирилган мингга яқин сирдарёлик юртдошларимизга етказди.

*   *    *

Зомин тумани бош имом-хатиби Аброр Равшанов саховатпеша инсонларни жалб қилган ҳолда 6 млн сўмлик турли хилдаги кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотларини ҳокимият сектори орқали “Сардоба” сув омборидаги фалокатдан жабр кўрган, ҳозирда Шароф Рашидов туманига жойлаштирилган сирдарёлик биродарларимизга юборди.

*   *   *

Зомин тумани “Амир Хамза” жоме масжиди имом-хатиби Абдумажид Маллаев ушбу тумандаги “Мустақиллик” маҳалласига кўчириб ўтказилган сирдарёлик 12 та оилага кийим-кечак, курпа-тушак, гилам, озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат жами уч миллион сўмлик ёрдам кўрсатди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top