muslim.uz
Қаҳрамонлик, жасорат ва садоқат намойиши
Аввало, барчани катта байрам – фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан самимий табриклаб, мамлакатларимизнинг жасоратли фахрийларига, дўст халқларимизга соғлик-омонлик ва фаровонлик тилаймиз.
Урушда елкама-елка курашган ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган ота-боболаримизнинг мардлиги ва қаҳрамонлиги авлодларнинг миннатдор хотирасида абадий қолади.
Иккинчи жаҳон урушида собиқ Совет Иттифоқи давлатлари фуқаролари қаҳрамонлик, жасорат, садоқат намойиш этдилар. Урушнинг энг оғир йилларида инсонпарварлик кўрсатдилар. Бунинг энг ёрқин далили сифатида босиб олинган ҳудудлардан тинч аҳолини Ўрта Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистонга эвакуация қилинишини кўриш мумкин.
Мамлакатимизда 1999 йилдан буён ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланаётгани ғалабага муносиб ҳисса қўшган ота-боболарни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, урушда тинчлик учун жон фидо этганлар хотирасини мангу билишда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу кун ўтганлар хотирланадиган, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ёдга олинадиган, дориламон кунларга етиб, қарилик гаштини сураётган қариялар қадрланадиган кунга айланди.
Жорий йилнинг 30 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Унга кўра, шу йил фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги нишонланмоқда. Жумладан, ўтганларимиз руҳи-покларига Қуръон тиловатлари ва хайрли дуолар қилинади. Барҳаёт бўлганларини эса ҳолларидан хабар олинади, моддий ва маънавий кўмак берилади.
Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб айтдилар: “Сизлардан вафот топиб кетганларни тирикликда қилган яхши амалларини ёдга олиб туринглар”.
Ҳақиқатан ҳам, ўтганларни хотирлаш савобли ва хайрли амаллардандир. 1941-1945 йилларда фашизмга қаратилган шиддатли жангларда қанчадан-қанча ота-боболаримиз ўз юртининг тинчлиги учун мардларча курашиб, жон фидо қилдилар. Бу ёруғ кунларни кўриш эса уларнинг аксариятига насиб этмади.
Инсоният тарихидаги энг даҳшатли қирғинбарот урушда 1,5 миллион нафар ўзбекистонлик фуқаро фронт¬га кетиб, жангларда бевосита иштирок этгани, уларнинг ярим миллиони жанггоҳлардан қайтмагани, яна қанчалаб инсонлар майиб-мажруҳ, ногирон бўлиб келгани, минглаб аёллар бева, болалар етимга айланганини эсласак ҳали ҳам даҳшатга тушамиз.
Фронт ортида қолган юрт¬дошларимиз эса, тунларни кунларга улаб, оч-наҳор бўлса-да, ўта оғир, заҳматли меҳнати билан ғалабага, тинчликка салмоқли улуш қўшди. Халқимизга хос бағрикенглик, меҳр-оқибат, саховат, эзгулик сингари юксак инсоний хислатлар уруш йилларида яна бир бор яққол намоён бўлди.
Дарҳақиқат, бугун ота-боболаримизни эъзозлаш, Ватан учун жонини фидо қилган азиз инсонларнинг руҳи покларини шод этиш эзгу амаллардан. Зеро, улар орзу қилган ҳур замонлар биз авлодларга насиб этди.
Бугун ҳар биримиз тинчлигимизни сақлаш, она-Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашда жонини тиккан азиз инсонлар олдида қарздормиз. Ҳар доим уларга эҳтиром кўрсатиш динимиз амридир.
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Хотира – абадий, қадр – муқаддас
Инсон хотира билан тирик, қадр билан барҳаёт. Шу боис юртимизда ўтганлар хотирасини эъзозлаш, бугунги тинч, осойишта, дориломон кунларга етишимизда фидойилик кўрсатган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар, нуроний отахону онахонлар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш эзгу анъанага айланган.
Ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куниган бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар республикамизнинг барча ҳудудларида кўтаринки руҳда ўтказиб келинаётир. Бу йил ҳам Президентимизнинг 2020 йил 30 мартдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ушбу шодиёнани уюшқоқлик билан нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Хотира ва қадрлаш тушунчалари замирида инсонга, унинг ҳаёти, шаъни ва қадр-қимматига чексиз эҳтиром туйғуси мужассам. Хотира ва қадрлаш кунлари арафасида бугунги тинч-осойишта ҳаёт, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир синов ва машаққатлар эвазига эришилгани хаёлимиздан ўтади. Шу йўлда қурбон бўлган миллионлаб юртдошларимиз хотирасига таъзим қиламиз. Бизга насиб этган мустақиллик, тинчлик ва осойишталикнинг аҳамиятини янада теранроқ англаймиз.
Бу йил фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини кенг нишонлаймиз. Ана шу буюк ғалабани қўлга киритишда мардлик ва жасорат кўрсатган фахрийларимизни, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизни табриклаб, уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилаш барчамиз учун катта шарафдир. Шу билан бирга, уруш майдонларидан қайтмаган, мана шундай мусаффо осмон, тинч ва осойишта ҳаёт учун жон бериб, қурбон бўлган юртдошларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгамиз.
Уруш бошланганда Ўзбекистон аҳолиси 6,5 миллион кишига яқин бўлган. Шундан 1,5 миллион киши, яъни қурол кўтаришга қурби етган (!) одамлар оловли жанггоҳларда жон олиб-жон беришган. Улардан 500 мингдан кўпроғи жанг майдонларида шаҳид бўлган, кўплари майиб-мажруҳ бўлиб қайтган, бедарак йўқолганлари қанча.
Булар шунчаки оддий рақамлар эмас. Бу рақамлар ортида фидойилик, ҳурлик, истиқлол, эркинлик орзулари мужассам бўлган. Шуларни ўйласак, ўз-ўзидан бугунги саодатли кунларга осонликча эришилмаганини англаймиз. Демак, барчамиз шу азиз Ватанни кўз қорачиғимиздек асрашга бурчлимиз.
Иккинчи жаҳон урушида қатнашган юртдошларимиз сафи тобора торайиб боряпти. Шу боис уларнинг қадрига етиб, дуоларини олиб қолишга ҳаракат қилишимиз керак. Кексаларни эъзозлашни ўзини мусулмон санаган киши борки, шафар билан адо этади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Ёш йигит кекса кишини ёши улуғлиги учун ҳурмат қилса, Аллоҳ таоло уни ҳам кексайганида ҳурмат қилинадиган инсонлар қаторига қўяди”, (Имом Термизий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда эса: “Кичикларга раҳм-шафқатда, катталарга ҳурмат-иззатда бўлмаган киши биздан эмасдир”, дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).
Фронт ортида меҳнат қилганлар ҳам урушда қатнашганларчалик машаққатларга дучор бўлишгани тарихий ҳақиқатдир. Юртдошларимиз фронт ҳудудларидан кўчириб келтирилган бир миллионга яқин болалар, аёллар ва қарияларни қабул қилгани, уларга бошпана бергани, ҳатто охирги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўргани, “Сен етим эмассан” деб, уларни ўз бағрига олиб, меҳр-мурувват кўрсатгани халқимизнинг одамийлик фазилатлари, олижаноблигининг амалдаги ёрқин ифодасидир. Зеро, ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: “Мен ва етимни кафилликка олган киши жаннатда мана шундай бўлади (деб шаҳодат ва ўрта бармоқларини бир-бирига яқинлаштириб кўрсатганлар)” (Имом Бухорий ривояти).
Инсоният тарихидаги энг мудҳиш ва бешафқат урушни бошидан кечирган халқимиз доимо бундай ёвуз офат ҳеч қачон қайтмаслигини, остонамизга яқин йўламаслигини сўрайди. Шу боис доимо дуога қўл очганимизда, аввало, тинчлик-хотиржамликни, саломатликни Яратгандан сўраймиз. Илоҳим, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Толибжон Низомов
Аждодларни хотирлаш-муқаддас қадрият
Инсон қадри муқаддас, хотираси барҳаётдир. Хотираси бўлмаган, тарихини унутган, ўз аждодларини танимаган халқнинг келажаги йўқ. Хотира ва қадрлаш тушунчаси бизга қадрли ҳамда чуқур маънога эгадир. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, уруш майдонидан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда юртини, халқини унутмаган, бир қарич ерини душманга раво кўрмаган ёши улуғ юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳам ғурур, ҳам фахр беради. Бундай халқни улуғлаш миллий қадриятга айланди.
Юртимизда 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” арафасида бошқа кунларга қараганда кўпроқ буюк ғалабага беқиёс ҳисса қўшган, мана шу ёруғ кунларга етиб келолмаган азиз инсонларни ёд этилиб, шафқатсиз урушда, машаққатли меҳнат фронтида мардлик ва жасорат кўрсатган барча фахрийларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилади.
Ҳадис илми мактабида ҳам 2020 йил 8 май куни 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” ҳамда II жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан “Аждодларни хотирлаш-муқаддас қадрият” мавзусида онлайн конференция ташкил этилди.
Мазкур онлайн конференцияда Ҳадис илми мактаби ўқитувчилари, ходимлари ҳамда талабалари иштирок этди.
Конференцияда ўзбек халқи ўзлигини англаши, истиқлоли, дунё халқлари орасида тенглиги ва шаъни-ғурури учун умрини бағшида этган аждодларимизни ёд этиш, фашизм устидан қозонилган ғалабада халқимизнинг мардонавор ва салмоқли ҳиссаси борлигини унутмаслик, тинчлик ва осуда ҳаётнинг қадрига етиш, ватанга садоқат ҳисси билан яшашга, шунингдек, ёшларимизни доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишга даъват этиш, тарихий хотирага садоқат руҳида тарбиялаш сингари муҳим масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Маълумотларга қараганда, уруш арафасида Ўзбекистонда 6,5 миллион аҳоли яшаган бўлса, шундан 1 миллион 500 мингдан зиёд ватандошларимиз фронтга сафарбар этилган. Бу ўша пайтдаги халқимизнинг 22 фоизини, меҳнатга яроқли аҳолининг эса 40-42 фоизини ташкил этади.
Урушда ўзбекистонлик жангчилардан 500 мингдан кўпроғи – фронтга сафарбар этилганларнинг ҳар учтасидан бири ҳалок бўлган, 60 мингдан ортиқ ҳамюртимиз ногирон бўлиб қайтган.
Урушда қатнашган 120 мингдан ортиқ Ўзбекистон фарзанди жанговар орден ва медалларга сазовор бўлган. Уларнинг 280 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони билан, 82 нафари эса учала даражадаги “Слава” ордени билан мукофотланган.
Онлайн конференция давомида унда иштирок этаётган Мактаб ўқитувчилари, ходимлари ҳамда талабаларига Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2020 йил 23 апрелдаги буйруғи мувофиқ Рамазон ойида карантин талабларига зид равишда хонадонларда жамоавий таровеҳ намозлари, ифторликлар ташкил этиш ёки уларда қатнашиш Ўзбекистан мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус (COVID-19) инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича Фатвосига итоат этмаслик сифатида баҳоланиши ва тегишли интизомий чоралар кўрилиши эслатиб ўтилди.
Шунингдек, жорий қилинган карантин шароитида халқимизга Рамазони шарифнинг аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, ифторликларни оила даврасида ихчам ва камтарона ўтказиш, ўзаро ёрдам ва яшиликларни кўпайтириш учун муҳтарам Президентимиз ташаббуслари “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига қўшилиш ҳамда одамлар орасида ваҳима ва ношукрликни олдини олиш борасида ОАВ, матбуот ва интернет нашрларида ўқитувчи ва талабалар томонидан илмий-маърифий чиқишлар ва мақолалар тайёрлаш бўйича тавсиялар берилди.
Анжуманда сўнгида талабалар ҳам конференция мавзуси бўйича ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдириб, иштирокчилар томонидан айтилган қимматли тарих маълумотлари ва ундан келиб чиққан таҳлиллар натижаси билан танишиш имконига эга бўлишди.
Ж.Акрамов
Ҳадис илми мактаби
Ўқув-услубий бўлим бошлиғи
Карантин қоидаларига риоя қилайлик!
Бугунги эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда, юртимизнинг барча ҳудудларида бу йил 9 май – Хотира ва қадрлаш кунида оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланди. Ушбу байрамни фақат оила даврасида нишонлаш тавсия этилди. Бу ҳақда Республика махсус комиссияси ахборотида маълум қилинди.
Ҳозирги кунда дунё халқларини қамраб олган коронавирус (COVID-19) пандемияси сабабли барча юртларда карантин жорий қилинган. Жумладан, юртимизда эълон қилинган карантин эса давом этмоқда.
Маълумки, 9-май “Хотира ва қадрлаш куни”да мўмин-мусулмонлар қабристонларга бориб, вафот этган яқинларининг қабрларини зиёрат қилиб, ҳақларига Қуръон тиловат қилиш анъанага айланган.
Динимиз кўсатмаларига кўра, қабристонга бориб, зиёрат қилишдан асосий мақсад охиратни эслаш, марҳумларнинг ҳақларига Қуръон тиловат қилиш, савобини уларга бағишлаш ва руҳларини шод қилишдир.
Ҳозирги кундаги карантинни инобатга олиб, марҳумларнинг ҳақлари қилинадиган хайрли амалларни ўзаро оила даврасида қилсак, шариатимиз қонун-қоидалари ҳамда карантин талабларига амал қилган бўламиз.
Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зарар бериш ва зарар кўриш ҳам йўқ” деганлар (Имом Ибн Можа ривояти). Демак, инсон ўзига ёки ўзгаларга зарар келтирадиган сабаблардан узоқ бўлиши керак экан.
Мўътабар фиқҳий китобларимизда: “Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади”, “Машаққат енгиллатишни талаб этади” каби фиқҳий қоидалар келтирилган. Шулардан келиб чиқиб, шариъат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ўз кўрсатмаларини енгил тарзда бажаришга рухсат беради. Қолаверса, марҳумлар ҳақига қаерда бўлишидан қатъий назар Қуръон тиловат қилиниб, савоби бағишланса, уларнинг руҳларига, албатта, етиб боради.
Республика махсус комиссиясининг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрамини ўтказиш бўйича тавсияларига риоя қилиб, бу йил ҳар бир инсон ўзи, оиласи ва яқинларининг ҳаётини асраш мақсадида қабристонларга бормай, уйларида ўзаро оила даврасида марҳумларнинг ҳақларига Қуръон тиловат қилиб, савобини уларга бағишлаб, руҳларини шод қилишлари мақбул саналади.
Барчамиз мазкур тавсияларга амал қилсак, ҳам шариат кўрсатмалари, ҳам ҳукуматимиз тарафидан чиқарилган қарорларни бажарган бўламиз.
Айни вазиятда имом-хатиблар, аҳли илм ва зиёли кишиларимиз бу чеклов тадбирларини тўғри тушуниб, карантин, санитария ва гигиена қоидаларига қатъий амал қилиб, халқимиз соғлиғини ҳимоя қилиш учун барча бирдек масъул эканини етказишлари жуда муҳим.
Аллоҳ таоло барча марҳумларнинг руҳларини шод айлаб, беморларга шифо берсин, юртимиз ва бутун дунёдан ушбу юқумли касалликни тез кунларда аритсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати