muslim.uz
Ўтганларни хотирлаш – улуғ амаллардандир
Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини қўлга киритгандан сўнг ҳукуматимиз томонидан миллий ва диний қадриятларимизни қайта тиклаш ҳамда маънавиятимизни юксалтиришга улкан эътибор қаратила бошланди. Хусусан, тарихий обидаларимиз, муқаддас қадамжолар ва буюк алломаларимизнинг мақбараларини қайта тиклаш ва уларни обод қилиш борасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилди. Шунингдек миллий ва диний байрамларимиз, урф-одатларимиз кенг тарзда нишонланиб, бу ёруғ кунларни кўрмасдан дунёдан ўтган, ўз Ватанининг тинчлиги йўлида жон фидо қилган II-жаҳон уруши қатнашчиларини хотирлаш мақсадида Республикамизда 9 май - Хотира ва қадрлаш куни деб белгиланди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб айтдилар: ”Сизлардан вафот топиб кетганларни тирикликда қилган яхши амалларини ёдга олиб туринглар”.
Ҳақиқатан ҳам, ўтганларни хотирлаш савобли ва хайрли амаллардандир. Тарихга бир назар соладиган бўлсак, 1941-1945 йилларда қонхўр фашизмга қаратилган шиддатли жангларда қанчадан-қанча ота-боболаримиз ўз юртининг тинчлиги учун мардларча курашиб, жон фидо қилдилар. Бу ёруғ кунларни кўриш эса уларнинг аксариятига насиб этмади. Улар тинчлик ва истиқлол неъматига мушарраф бўлиш бахтидан бенасиб ҳолда армон билан, кўзда ёш билан дунёдан ўтдилар.
Ўзининг кўп йиллик кўхна тарихини ҳамда ота-боболарининг шу юрт учун чеккан жабру-жафоларини унутмаган халқимиз ҳар йили 9 май - Хотира ва қадрлаш кунини муносиб тарзда кутиб олади. Ўтганларимиз руҳи-покларига Қуръон тиловатлари ва хайрли дуолар қилинади. Барҳаёт бўлганларини эса ҳолларидан хабар олинади, моддий ва маънавий кўмак берилади.
Жорий йил ҳам муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга қаратилган самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан Тошкент шаҳар Олмазор туманида янгидан бунёд этилаётган кўркам хотира майдони том маънода бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жон фидо қилган аждодларнинг хотирасини ёд этиш ҳамда юртимиз файзи бўлиб юрган кекса ёшдаги уруш фахрийларимизни эъзозлаш каби олийжаноб қадриятларимизнинг давомийлигини таъминлайди десак асло муболаға бўлмайди. Зеро, юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ота-боболаримизни хотирлаб, уларни ёдга олиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Аброр АЛИМОВ,
Тошкент шаҳар“Ҳувайдо”
жоме масжиди имом-хатиби
“Рамазонни қандай ўтказяпсиз? Онлайн дарс беряпман”
Бугун рамазоннинг ўнин биринчи куни. Танамиз ва руҳиятимиз ҳар томонлама тарбияланмоқда. Шундай улуғ кунлардан унумли фойдаланаётган навбатдаги мактуб соҳиби Андижон вилояти, Зафаробод туманилик, мактаб ўқитувчиси Улуғбек ака Суяров.
Рамазон шукуҳи барчаларимизга сурур бағишламоқда. Ўзига шукр! Рамазон ойи карантин даврига тўғри келиши барчамизни оила даврасида бўлишимизга имкон бермоқда. Бу ҳам бир ҳикмат. Бундан тўғри ва оқилона фойдаланиш эса мусулмон учун катта бир бахт. Биз ҳам оиламиз билан саҳарликдан то ифторга қадар кунлик рамазон режасини тузиб шунга амал қилишга ҳаракат қилиб келмоқдамиз.
Саҳарликка турганимизда экран орқали бериб борилаётган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Анбиёлар қиссаси” туркум кўрсатувларини кузатиб боряпмиз.
Саҳарликдан сўнг Қуръони карим қироати билан шуғулланамиз. Икки ўғлим ҳам Қуръон ёдлашни бошлаган.
Бомдод намозидан сўнг катта ўғлим Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад юсуф ҳазратларининг “Соғлом бола” китобини мутолаа қилмоқда.
Ўзим ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс берганлигим сабабми, китоб ўқишни оилавий анъанага айлантирганмиз. Шу кунларда Алихон тўра Соғунийниг “Тарихи Муҳаммадий” асарини ўқияпман.
Соат 9 лардан мактабга онлайн дарслар бошланади. Мен ҳам ўзх фанимдан масофавий машғулот ўтяпман. Ўқувчиларга уйга вазифаларни бераман.
Пешиндан сўнг томорқамиздаги экинларга қараймиз. Спорт ва фойдали машғулотлар билан шуғулланамиз.
Шундан сўнг “Саҳоватли қўллар” хайрия гуруҳи билан биргаликда маҳалламиз ва туманимиздаги қабристонлар ободонлиги билан шуғулланамиз.
Шу билан ифторлик вақти бўлади. Ифторликдан сўнг таровеҳ намозигача оилавий суҳбат қиламиз.
Таровеҳдан сўнг мен яна адабиётлар билан шуғулланаман. Эртанги кун масофавий машғулотларига тайёргарлик кўраман.
Аллоҳ таоло барчамизни рамазон ойи барокатлари билан мукофотласин!
Саидаброр Умаров суҳбатлашди
Қирғизистондан қардошлик мактуби
Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Максадбек Токтамушев жаноблари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига Сирдарё вилоятида юз берган фавқулотда ҳолатда жабрланганларга ҳамдардлик билдириб, қўллаб-қувватловчи сўзларини телефон орқали йўллади, унда жумладан шундай дейилади:
– Муборак Рамазон ойида Ўзбекистон аҳолиси, хусусан, сирдарёликлар бошига тушган мусибат Аллоҳ таолонинг бир синовидир. Қардош халқнинг ушбу ташвишларга қилган сабрлари учун Жаноби Ҳақ таоло улкан ажр-савоблар битсин. Ушбу офат оқибатлари тез орада арисин.
Биз қардош ўзбек халқи билан азал-азалдан бир дарёдан сув ичиб, ўзаро қуда-анда бўлиб, эт билан тирноқдек яқин бўлиб яшаганмиз. Қувончли кунларда ҳам, синовли дамларда ҳам ҳамиша бир-биримизга елкадош бўлиб, қўллаб-қувватлаб келганмиз.
Аллоҳ таолонинг мадади ила бу оғирликларни ҳам ўзбек халқи ўзаро ҳамжиҳатликда бир тану бир жон бўлиб, албатта, енгиб ўтади. Аллоҳ таоло халқларимизни турли офат-балолардан асрасин», деган муфтий Максадбек Токтамушев жаноблари ўзаро мулоқотда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Аллоҳга, одамларга ва жаннатга яқин кишилар...
Динимиз инсонларни сахий бўлишга чақиради. Чунки сахийлик Пайғамбарлар ахлоқи, мўминнинг зийнатидир. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Исломдаги қайси амал яхши, деганида У зот алайҳиссалом: “Қорни очларни тўйдиришинг ҳамда таниган ва танимаган кишига салом беришинг”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Сахий Аллоҳга яқин банда бўлиб, инсонлар хурматига сазовор бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сахий киши Аллоҳга яқин, одамларга яқин ва жаннатга яқин бўлиб, дўзахдан узоқдир. Бахил Аллоҳдан узоқ, одамлардан узоқ, жаннатдан узоқ, дўзахга яқиндир. Саҳий жоҳил Аллоҳ таолога ибодат қилувчи бахил обиддан маҳбуброқдир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Сахийликда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам инсонларга юксак намуна бўлганлар. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллҳ соллаллоҳу алайҳи васалломдан бирор нарса сўралганда ҳеч ҳам “йўқ” демаганлар”. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Росулуллҳ соллаллоҳу алайҳи васаллом одамларнинг энг яхшиси, одамларнинг энг сахийси ва одамларнинг энг шижоатлиси эдилар”.
Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратингни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама. Чунки, Аллоҳ бузғунчиларни суймас» (Қасос сураси, 77-оят).
Қадимдан ота-боболаримиз динимиз кўрсатмаларига амал қилиб қавми қариндош, маҳалладаги кам таминланган, боқувчисини йўқотган кишиларни қўллаб-қувватлаб моддий ва маънавий кўмак бериб келганлар. Бу анъана халқимиз орасида ҳозиргача давом этиб келмоқда.
Бу йил барчамиз учун синовли йил бўлди. Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсин, юртимизда коронавирус падемиясига қарши ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар самара берди. Айни пайтда касалланганлар сони кескин камайиб, соғайганлар сони кундан кунга ортиб бормоқда.
Айни оғир кунларда саҳоватпеша инсонлар Аллоҳдан савоб умидида эҳтиёжманд кишиларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатмоқда. Хожатбарор юртдошларимизнинг бу иши комил иймон, Аллоҳ ва Унинг Росулига итоати, халқи учун фидоийлигидандир.
1 май куни Сирдаё вилоятидаги “Сардоба” сув омборидаги сув тошқини сабабидан сирдарёликлар бошига катта машаққат тушди. Бутун халқимиз ушбу қийинчиликни ўзиники билиб, уларга барча ёрдамни қилмоқдалар. Давлатимиз ва саҳоватпеша инсонларимиз мусибат тушган юртдошларимизга озиқ-овқат, кийим-кечаклар таъминламоқда. Ҳатто ўз уйларидан ҳам жой беришмоқда. Бу ҳақиқий инсонпарвар мусулмоннинг ишидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллом: “ Ким бир мусулмоннинг бу дунёдаги машаққатини кетказса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг машаққатини кетказади. Ким мусулмоннинг айбини тўсса, Аллоҳ таоло дунё ва охиратда унинг айибини тўсади. Банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло у банданинг ёрдамида бўлади.”,-дедилар”.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллом: “Гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўладиган иш мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритиш, қорнини тўйдириш ва машаққатини енгиллатишдир”, дедилар.
Айни Рамазон ойидаги нафл ибодат бошқа ойлардаги фарз ибодати савобига, ушбу ойда адо этилган фарз ибодати бошқа ойлардаги етмишта фарз ибодатининг савобига баробар экан. Шу маънода саҳоватпеша инсонлар улкан ажру савобга эга бўлмоқдалар, иншоаллоҳ.
Аллоҳ таоло юртимизни турли балолардан тез кунларда аритсин, бизларни саховатпешалардан қилиб, икки дунё мукаррам қилгин!
Зиёуддин МИРСОДИҚОВ,
Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги
“Бўта бува” жоме масжиди имом хатиби
Рамазон барокотлари
Ислом динида Рамазон ойи улуғ ойлардан ҳисобланади. Унда рўзадор одамнинг уйқуси ҳам ибодат, намозини қоим қилиш ҳам ибодатдир. Унинг ҳар бир амалига кўплаб савоблар зиёда қилинади. Рамазон мусулмон кишининг дуоси қабул бўладиган ойдир. Рамазон ойи Аллоҳ таолонинг раҳмат ва баракалари ёғиладиган ойдир. Рамазон мўмин ва мусулмонлар учун барака ойидир. Барокотларнинг ададини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Ҳозир эътиборингизга Аллоҳ таоло қодир қилганича улардан баъзиларини келтириб ўтамиз:
- Рамазонда Қуръоннинг баракаси:
Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг Бақара сурасининг 185-оятида “Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган.”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. Саховатларининг авжи Рамазонда Жаброил алайҳиссалом у зот билан учрашган кезлари бўлар эди. Тасаввур қилинг Қуръон карим тиловат қилинганда ерга қанчадан қанча фариша тушади. Аллоҳ таолонинг энг сўнги китобини шу ойда нозил бўлиши ҳам бу ойнинг улуғ барокатли ой эканлигини билдиради.
- Рамазонда рўзанинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг олдинги (ўтган) гуноҳлари мағфират қилинади” дедилар . Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Ҳадис қудсийда (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Раббилари Аллоҳ таолодан ривоят қилганлар) Аллоҳ таоло: “ Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Магарам, рўза ундай эмас. У Мен учундир. Унинг мукофатини Мен берурман. У (одам боласи)шаҳватини ва таомини Мен учун тарк қилур”-деди. Имом Муслим ривоят қилганлар
- Рамазондаги биринчи кечанинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланади. Дўзаҳ эшиклари ёпилади. Улардан бирон эшик очилмас. Жаннатнинг эшиклари очилур. Улардан бирор эшик ёпилмас. Ҳар кеча бир нидо қилувчи:
“ Эй, яхшиликни истовчи, келиб қол! Эй, ёмонликни истовчи, бас қил”- деб нидо қилади” дедилар. Имом Термизий ривоят қилганлар.
- Рамазон кечаларида қоим бўлиш ва таҳажжуднинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким Рамазонда иймон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур” деганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар.
- Рамазон ойида садақанинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Садақаларнинг энг яхшиси Рамазон ойида қилинган садақадир” деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишда ўз умматларига ўрнак бўлар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. Саховатларининг энг авжи Рамазонда бўлар эди. У зот Рамазонда эсган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар.
- Ифторга шошилишнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Модомики ифторга шошилишар экан, одамлар яхшиликда бўлаверадилар”дедилар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
Аллоҳ азза ва жала: “Бандаларимнинг менга маҳбуброғи оғиз очишни тезлатганлари”, деб айтди” дедилар.
- Ифторлик қилиб беришнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“ Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас” дедилар. Имом Термизий ривоят қилганлар.
Бу билан у ўзи рўза тутмаса бўлади дегани эмас. Чунки, рўза фарз ибодат ҳисобланади. Бу ҳадис ифторлик қилиб беришнинг қанчалик савоби улуғ иш эканини билдириш учун айтилган.
- Рамазонда ифторлик пайтида қилинадиган дуонинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ифторлик вақтида:
“Аллоҳ номи билан, Аллоҳим сен учун рўза тутдик. Сенинг ризқинг билан ифторлик қилдик, бизлардан (рўзамизни) қабул қилгин. Албатта Сеннинг ўзинггина эшитувчи, билувчисан” демоқни васият қилдилар.
- Рамазонда ижобат бўладиган дуо баракаси:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Рўзадор учун ифторлик вақтида рад қилинмайдиган дуо бор” дедилар. Бошқа бир ҳадисда “ Рўзадорга икки хурсандлик бордир. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлади. Роббисига йўлиққан вақтда (Рўзаси) билан хурсанд бўлади” дедилар. Имом Муслим ривоят қилганлар.
- Рамазонда Лайлатул қарднинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким Қадр кечасида иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади” дедилар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Чунки, Қадр кечаси минг ойдан афзалдир. Шунинг учун баъзи саҳоба ва тобеинлар Рамазоннинг охирги ўн кунликда, ғусл қилиб, ўзларига хуш бўйликлар сепиб, юришарди. Қадр кечаси шу ўн кун ичида бўлгани учун.
- Рамазонда саҳарликни баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бор”, деганлар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Яна бошқа бир ҳадисда:
“Бизларнинг рўзамиз билан Аҳли китоблар рўзасини орасини ажратиб турадиган нарса саҳарда таомланмоқ” деганлар.
- Рамазонда фитр садақасини баракаси:
Рўзадор рамазон рўзасини тутиб бўлгандан кейин рўза давомида қилинган хато ва камчиликларни тўлдириш учун берилади. Фитр садақасини Ийди Фитрнинг тонги отиши билан вожиб бўлади. Ундан олдин бериш жоиздир.
- Рамазон ойида умранинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Рамазон ойида қилинган умра ҳажга тенгдир” деганлар.
- Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳиднинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Албатта, рўзадорнинг оғзидаги ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир” дедилар. Имом Муслим ривоят қилганлар.
- Рамазонда чиройли хулқ ва одобли бўлишни баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Агар сизлардан бирингиз рўза тутса фаҳш ҳамда лағв сўзларни гапирмасин. Агар бирор киши сўкса ёки урушса, мен рўзадорман”, десин” дедилар.
- Рамазонда унутиб таом истеъмол қилишнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким рўзадорлигини унутиб қўйиб еса ёки ичса, рўзасини давом эттираверсин. Чунки, Аллоҳ у кишини таомлантирибди ва сероб қилибди, холос” дедилар. Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилганлар.
- Рамазонда рўзани очиб бўлгандан кейин таомланиш ва серобланишнинг баракаси:
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: Бақара сураси 187 оят:
“Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар” деб марҳамат қилган.
- Рамазонни ёши улуғлар ва ҳомиладор аёлларга баракаси:
Аллоҳ таоло катта ёшдаги рўза тута олмайдиган кишиларни фидя беришга буюрган. Аллоҳ таоло Қуръон карим Бақара сурасининг 184 оятида:
“(Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим.” деган.
Ҳомиладор аёл бўлса туғуб бўлгандан сўнг рўзасининг қазосини тутиб беради.
- Рамазонда жаннатнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳ таоло рамазонниг хар куни жаннатини зийнатлайди” деганлар.
Яна бошқа бир ҳадисда эса, Жаннатдаги бир эшик фақат рўзадорлар учун эканлиги келган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Жаннатда бир эшик бор. У “Райён” дейилади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. “Рўзадорлар қани?”дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киргач, у беркитилади. Кейин ундан ҳеч ким кирмайди” дедилар. Имом Бухорий ривояат қилганлар.
- Рамазонда истиғфорнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Рамазонда фаришталар рўзадорлар ифторлик қилгунларича уларга истиғфор айтадилар” дедилар.
- Рамазонда хайрли ишларнинг баракаси:
Имом Суфён Саврий агар рамазон келса, ҳамма нафл ибодатларни тарк қилиб, фақат Қуръон тиловот қилар эдилар.
- Барча тоатларнинг жамланишидаги барака:
Рамазонда барча тоатлар жамланади. Масалан, намоз, рўза, тунлари қоим бўлиш, масжидларда Қуръони каримнинг хатм қилиниши, умра зиёрати, рўзадорларга ифторлик қилиб бериш, истиғфор айтиш, тавба қилиш, қариндошлардан хабар олиш ва бошқа ибодатлар.
Аллоҳ таоло барчаларимизга бу баракалардан баҳраманд бўлишни насиб қилсин!
Тошкент вилояти, Қибрай тумани,
“Саъдулла ота” жоме масжиди имом-хатиби
Мирҳамидов Обид