muslim.uz
Уламолар сув омборидаги фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф бўлишини сўраб дуолар қилдилар
Хабарингиз бор, Сирдарё вилоятида юзага келган фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўрилмоқда. Муҳтарам Президентимиз зудлик билан Сирдарё вилоятига етиб борди, зарур вазифалар белгилаб олинди ва вазият тўлиқ назоратга олинди.
Давлатимиз раҳбари томонидан “Биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмайди”, деган қатъий ирода билан Ҳукумат комиссияси ташкил этилиб, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш, аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш ва уларга ҳар томонлама ёрдам бериш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилди.
Президентимиз Оқолтин туманида аҳоли билан учрашиб, офатдан жабрланган ҳар бир инсон алоҳида эътиборга олиниши, ҳамма уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминланишини таъкидлади.
Ҳозирда Дўстлик, Пахтакор, Зарбдор ва Мирзачўл туманларида ташкил этилган махсус штаблар томонидан мактаб, коллеж, хусусий корхоналар ва аҳоли хонадонларига фуқароларни жойлаштирилди.
Ҳозирда дамбадан сув чиқиши бутунлай тўхтатилди. Сув оқимлари Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи Абай каналига туширилиб, вилоятдаги Арнасой кўлига йўналтирилган. Фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари жадал давом эттирилмоқда.
Юртимиз уламолари ҳам сув омборидаги фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф бўлишини Яратган Парвардигордан сўраб, динимизда тавсия этилган амаллар адо этмоқдалар. Ислом дини манбаларида ҳар бир ҳолат учун – яхши-ёмон кунлар, хурсандчилик-мусибатли дамларда ўзига хос амаллар ва дуоларни қилиш ҳақида баён этилган.
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларнинг 36 та минтақасидаги табаррук уламоларимиз ва имом-домлаларимиз мазкур нохуш ҳодисанинг салбий оқибатларини Аллоҳ таборака ва таолодан бартараф этишини сўраб, Қуръони карим оятларидан тиловат ўқилиб, муборак Рамазон кунларида дуою тазаррулар қилинди.
Шу куннинг ўзидаёқ имом-хатиблар, имом ноиблари ва мадрасалар талабалари томонидан 420 та хатми Қуръон қилинди.
Шунингдек, хайрия тадбирлари доирасида 4 бош қорамол, 85 та қўй сўйилиб, кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишилар, етим-есирлар ва дуоси мустажоб инсонларга тарқатилди.
Мана шундай машаққатли шароитда энг асосийси саросимага тушмасдан, елкама-елка туриб, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва бошга келган ташвишни сабр-матонат билан енгиш ўта муҳимдир. Муҳтарам Президентимиз ҳамма куч ва воситаларни сафарбар қилишни таъкидлар экан “Худонинг ўзи ҳаммамизга сабр берсин, ўзи қўллаб-қувватласин”, дея барчани бардамликки чорлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Сирдарёдаги “Сардоба” сув омборидан сув чиқиши оқибатларини бартараф этишни тилаб дуо қилинди
Бугун, 1 май куни эрталаб Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори дамбасининг деворида сув чиқиши юзага келган. Натижада Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этиш жоизки, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда сув омборининг атрофидаги қатор аҳоли яшаш пунктлари Мирзаобод туманига эвакуация қилинди. Ушбу воқеа жойига тегишли ташкилотлар раҳбарлари етиб бориб, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф етиш бўйича ишларни бошлаб юборилган. Асосан, сув экин майдонларига зарар етказгани маълум бўлди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти ҳам ушбу нохуш воқеанинг салбий оқибатларидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраш юзасидан хайрия ишларини бошлаб юбордилар.
Ислом дини манбаларида ҳар бир ҳолат учун – яхши-ёмон кунлар, хурсандчилик-мусибатли дамларда ўзига хос дуоларни ўқиш ҳақида баён этилган. Шундай дуоларни қилиш муроду мақсадга етиш, талофатлардан омон сақланишга катта васила бўлгани бир неча бор ўз тасдиғини топган.
Шу мақсадда, бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларида Тошкент вилоятидаги “Зангиота” мажмуасида мазкур нохуш ҳодиса салбий оқибатларини Яратган Парвардигордан бартараф этишини сўраш мақсадида, Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, муборак Рамазон кунларида Аллоҳ таолодан халқимизга тинчлик-осойишталик, юртимизни турли бало-офатлардан асрашини тилаб дуо қилинди. Шунингдек, хайрия тадбири доирасида бир бош қора мол сўйилиб, кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишилар, етим-есирлар ва дуоси мустажоб инсонларга тарқатилди.
Ушбу ҳодисага нисбатан сабрли бўлиш, Аллоҳга истиғфор айтиб, бунинг салбий оқибатлари кам бўлишини илтижо қилиб сўраш лозим. Аллоҳ таолонинг иродаси ила етган ҳолатларга сабр қилиб, Ундан савоб умидида дуо қилиш лозим. Қуръони каримда: “Албатта, Аллоҳ сабрлилар билан биргадир”, дея марҳамат қилинган. Яна бир ояти каримада: “Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”, дея тасалли берувчи хабарлар ҳам келган.
Айни вақтларда Ҳукуматимиз раҳбарияти, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Ички ишлар бошқармалари, Миллий гвардия ва бошқа тегишли ташкилотлар фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф етиш бўйича ишларни жадал олиб бормоқдалар.
Бундай тезкор ва амалий амалий саъй-ҳаракатлар ҳар бир инсон, ҳар бир оила, ҳар қандай вазиятда ёлғиз қолмаслиги, балки давлатимиз диққат-эътиборида эканини яққол ифода этади.
Ҳақ таолодан ушбу нохуш воқеанинг салбий оқибатларидан паноҳ сўраб, Яратган Парвардигордан аҳоли яшаш жойлари, ижтимоий бинолар ва деҳқончилик экинларини бус-бутун сақлашини илтижо қилиб сўраймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Халқпарварлик сиёсатининг хайру баракотлари
“Яхшиликка албатта ахшилик қайтади”; “Эҳсон билан давлатинг камаймайди, Аллоҳнинг бирингга бир неча баробар ортиғи билан қайтариши ҳақида ваъдаси бор”; “Аллоҳ саховатпешаларни яхши кўради” – бундай ҳикматларни эшитибгина эмас, балки уларнинг таълимотига ҳар қадамда чиройли амаллар қилинаётганини кўриб яшашнинг файзи, қалбга бахш этадиган шукронаю қувончини таърифлашга сўзлар ожиздай.
Бугун дунё ҳаётининг энг етакчи соҳалари тасарруфида дастлабки ўринларни эгаллаб келган мамлакатлар ҳам коронавирус пандемияси ўз иқтисоди, ижтимоий тараққиётига келтирган зарарларни ҳисоблаб, уларнинг ўрнини қандай қоплаш йўлларини излаб боши қотган. Бу офат туфайли аҳолиси орасида ўлимлар кўрсаткичи юз, минглар ҳаддидан ҳам ўтиб кетган давлатлар сони ортиб бормоқда. Аллоҳ – меҳрибон, дунё аҳлига шифо тилаймиз.
Шундай пайтда юртимиздаги ҳаёт, хонадонлардан тортиб шаҳару қишлоқлардаги кенг маънодаги ижтимоий оби ҳавонинг осойишталиги, ҳарорати, одамларнинг Юртбоши ва мутахассисларнинг ғамхўрлик, жонкуялик билан кўрсатган йўлида сабру миннатдорчилик билан ўз бурчини бажаришга иштиёқида фазилатлар мужассам. Айни кунларда ватандошларимиз қалбида довдираш, иккиланиш, “эртанги куним нима бўларкин?” деган қўрқув эмас, Яратганнинг синовига сабр-қаноат, бу синовнинг ортидан чиройли ажр-мукофотлар берилишига умид ям-яшил дарахтдек қаддини тиклаб олди. Давлатнинг салмоқли моддий ва маънавий кўмаги ёрдамида бу дарддан фориғ бўлиб чиқаётганлар, соғлигини гаровга қўйиб ўзлари даволаган инсонларнинг шодлигидан кўзларига қувонч ёшлари тўлган шифокорлар, шундай ташвишли кунларда ҳам мамлакатимиз Раҳбари ва давлатнинг ҳар жиҳатдан қўллб-қувватлашидан бир лаҳза бўлса-да четда қолмаётган кексаю ногиронлар ҳамда эҳтиёжмандлар... ва алоҳида таъкидлагинг келади – саховатпеша Юртбошининг “Саховат ва кўмак” борасидаги таклиф-чақириғига “лаббай!” деб қўшилган тадбиркорлар, саҳий инсонларнинг юзида мамнуният барқ ураётгандек. Шундай муборак кунларда дунё молига чин дунёнинг саодат йўлларини сотиб олиш имконияти туғилганидан бундай инсонлар юз-кўзида нур, шукрона, қувонч чарақлаб тургандек.
Синовли кунларда кимдир баҳона, кимлар эса ундан чиқиш учун имкониятлар излайди. Бугун, айни шу баҳорда, мамлакатимиз ҳудудидаги қанчадан-қанча фойдаланилмай ётган ёки чала-ярим фойдаланилаётган ерларнинг боғлар, полизлар, дон экинлари майдонларига айлантирилаётгани; улардан йил давомида икки-уч бор ҳосил олиш учун тадбир-тадориклар кўрилаётгани; деҳқону чорвадорларнинг меҳнати имкон қадар енгиллашиши ва унумдор бўлиши учун давлат томонидан кўрсатилаётган ёрдам, имтиёзлар; айни шу кунларда минг-минглаб ёшларнинг ўз ери, иши, даромадига – ижтимоий ҳаётда ўрнига эга бўлаётгани ва бунинг орқасидан қанчадан-қанча хонадонларга, одамлар қалбига қувонч кириб бораётгани... гарчи карантин талабларига кўра уйда ўтирган бўлсак-да, ватанимиз ҳаётидаги халқпарварлик сиёсати далиллари бўлган ажойиб воқеа-ҳодисаларни кузатган сайин буларнинг бари янги Ўзбекистон тарихининг ибратли саҳифалари эканини ҳар лаҳза ҳис этиб турибмиз. Буларнинг барчаси Ўзбекистонимиз аҳлига синовнинг орқасидан Аллоҳ насиб этгувчи хайру баракотли кунлар муқаддимаси бўлгай, иншаалоҳ.
Муҳтарама УЛУҒОВА,
Ўзбекистон Республикасида хизмат
кўрсатган маданият ходими
Cаҳарликда барака бор
Пайғамбар алайҳиссалом: “Саҳарлик қилинглар, албатта саҳарликда барака бордир”, дедилар (Муттафақун алайҳ).
Ушбу ҳадиси шариф орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадорларни саҳарлик қилишга буюрмоқдалар ва бунинг ҳикматини баён қилиб “албатта саҳарликда барака бордир”, дея таъкидламоқдалар.
Барака бирор бир нарсада илоҳий яхшиликнинг зиёда ва бардавом бўлмоғидир.
Айрим рўзадорларда саҳарликка эътиборсизлик қилиш ҳолатлари учраб туради. Айримлар таровеҳ намозларидан сўнг ёки ухлашдан аввал бир йўла таомланиб олади. Бу ҳолат Расулуллоҳ кўрсатмаларига номувофиқдир. Баъзилар уйқуни афзал кўриб шундай қилишса, айримлар саҳарликнинг хайр ва баракасидан бехабар эканликлари боис бепарво бўлишади.
Қуйида саҳарликнинг ҳикматлари ва баракотларидан айримларини зикр қиламиз:
- Саҳарликка турган инсон энг аввало Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига итоат қилган, суннатларига эргашган бўлади. Расулуллоҳга итоат қилмоқ эса барча муваффақиятларнинг калитидир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:”Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди”. (Аҳзоб сураси 71-оят)
- Саҳарлик қилмоқ мусулмонларнинг шиорларидан бўлиб, бу билан бошқа динларнинг рўзаларидан ажралиб туради.
- Саҳарлик қилмоқ кун бўйи намоз, Қуръон тиловати, Аллоҳни зикр қилиш, илм олиш, ҳалол касб қилиш каби бошқа шаръий амалларни иштиёқ ва тетиклик билан амалга оширишда ёрдам беради. Саҳарлик қилмаган инсон қуввати камайиб, заифлашиб қолиши сабабли юқоридаги каби амалларни эриниб, малолланиб амалга оширади. Натижада ибодатлари ва бошқа амаллари нуқсонли бўлиб қолади.
- Саҳарлик қилган инсонга Аллоҳ ва унинг фаришталари салавот айтадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта Аллоҳ ва унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга салавот айтадилар” (Имом Табароний ва ибн Ҳиббонлар ривояти). Аллоҳнинг мўминларга салавоти уларга раҳматини нозил қилиши, фаришталарнинг мўминларга салавоти эса гуноҳларини кечишини сўраб Аллоҳга истиғфор айтишларидир.
- Саҳарлик қилган инсон саҳарлик қилмаган инсонда ўта очлик ва ҳолсизлик сабабидан пайдо бўладиган тоқатсизлик ва баджаҳллик каби ёмон феъллардан омонда бўлади.
- Саҳарлик қилишга турган инсон дуолар ижобат бўладиган, сўралган нарсалар ато этиладиган, гуноҳлар кечириладиган фурсатга ноил бўлади. Зеро, Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом марҳамат қиладилар: ”Роббимиз табарока ва таоло ҳар кечанинг учдан бири қолганида дунё осмонига нозил бўлиб, “Ким Менга дуо қиладики, қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, унга берсам, ким Менга истиғфор айтадики, уни мағфират қилсам”, дейди”. (Муттафақун алайҳ). Шубҳасиз, саҳарлик вақти ана шу фазилатли фурсатнинг бир қисмидир.
- Саҳар чоғи гуноҳларга истиғфор айтиш учун энг афзал вақтлардан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай бандаларини Ўз Каломида “Саҳарларда истиғфор айтувчилар”, дея мақтаган. Саҳарликка турган инсон истиғфор айтиб, Қуръонда мақталган бандалар сифатига эга бўлади.
- Саҳарлик қилган инсон уйқуси қочиб, тетик ҳолатга келгани учун жамоат намозига чиқиши ҳам осон бўлади. Рамазон ойида бомдод намозида масжидларда жамоатнинг кўпайиб қолиши ҳам бунга далилдир.
- Шариат кўрсатмаси, Расулуллоҳнинг амрлари деган ният билан саҳарлик қилинса, саҳарликнинг ўзи ҳам ибодат бўлади. Яъни, кун бўйи емоқ-ичмоқдан тийилмоқ шариатнинг кўрсатмаси бўлганидек, саҳарликда емоқ-ичмоқ ҳам шариатнинг кўрсатмасидир.
- Саҳарлик қилган инсон рўзадан малолланмайди, балки эртанги кун рўзасини интиқлик билан кутади. Аксинча, саҳарлик қилмаган инсон машққатга учраб, қийналиб қолгани учун кейинги кун рўзасидан малолланиш пайдо бўлади. Ҳар қандай ибодатни малолланмасдан, тетиклик ва хушҳоллик ила адо этмоқ матлубдир.
- Кунни саҳарлик қилиш билан бошлаган инсоннинг кун давомида қиладиган ишларига баракотлар ато этилади.
Демак, ҳар бир мусулмон Рамазон ойининг улуғ туҳфаларидан бўлган саҳарликка жиддий эътибор қилиб, ундаги илоҳий раҳмат ва баракотларга мушарраф бўлмоққа интилмоғи лозим экан.
Шавкатжон АЛИБОЕВ
Чирчиқ шаҳар “Ўрта маҳалла”
жоме масжиди имом-хатиби
Рамазон - Қуръон ойи
Ойларнинг султони Рамазон хонадонимиз меҳмонидир. Рамазон — раҳмат ва мағфират ойи эканлиги барчамизга маълум. Бу ойда мусулмонлар улкан савоблар умидида кўп эзгу ишларни амалга оширадилар. Аллоҳ таолонинг яхши ишлар учун ажру мукофотларни бир неча баробар кўпайтириб ато этадиган бу кунларни ғанимат биладилар. Рамазон ойи бир қанча номлар билан номланади. Мисол тариқасида: “раҳмат ойи”, “тақво ойи”, “барака ойи”, меҳр-муҳаббат ойи”, “садақа ойи”, “савобларни қўлга киритиш ойи”, “мағфират ойи” ва албатта “Қуръон ойи” деган номларни келтиришимиз мумкин. Бу ойда кўплаб инсонлар Қуръон тиловати билан машғул бўладилар. Чунки бу ой Қуръон нозил бўлган ойдир.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилади;
شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”. (Бақара сураси, 185-оят)
Рамазон ойида мамлакатимизнинг мингдан ортиқ масжидларда хатми Қуръон қилинади. Қуръони Карим қорилар томонидан бир карра тўлиқ ўқилиб, эшиттирилади. Рамазон ойида Қуръони Каримни хатм қилиш суннат амаллардан биридир. Уни тиловат қилиш ҳам, шу тиловатни эшитиш ҳам улуғ ибодатдир. Ҳадиси шарифда;
“Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб ва уни бошқаларга ўргатганингиздир” дейилади. (Бухорий ривояти).
Шу ўринда ўтган уламоларимизнинг Рамазон ойида Қуръони карим тиловатига катта эътибор қаратганликларини кўришимиз мумкин. Хусусан, Имом Заҳабий ўзларининг “Сияр аъламун-нубала” китобларида Муртазо ибн Афифни таржимаи ҳолида: “У фақир ва ўта сабрли инсон эди. Бир ойда ўттиз маротаба Қуръонни хатм қилар, Рамазон ойида эса олтмиш маротаба хатм қилар эди” деганлар.
Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муҳаммад ан-Насавий: мен Абу Бакр ибн Ҳадоднинг шундай деган гапини эшитдим деди: “Мен имом Шофеъийдан устози Робиъ Рамазон ойида Қуръонни намозда ўқиганларидан ташқари 60 маротаба хатм қилар эди деган гапини ўзимга олдим. Мени энг қодир бўлганим 59 та хатм бўлди, Рамазондан бошқа вақтларда эса, 30 маротаба хатм қилар эдим”.
“Сияру аъламун-Нубала” китобида шундай хабар келади: Салом ибн Абу Мутиъ: “Қатода етти кунда бир маротаба Қуръонни хатм қилар эди. Рамазон ойида эса, уч кунда бир хатм қилар, агар рўзанинг охирги ўн кунлиги келса, ҳар куни бир маротаба хатм қилар эди” деди.
“Тарихи Боғдод” китобида келишича Халифа Маъмун Рамазонда ўттиз уч маротаба Қуръонни хатм қилган экан.
Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Китабуз-Зуҳд” китобларида келишича Ибн Сирин Рамазонда тунлари ҳеч ухламас экан.
Тариху Бағдодда келишича Муҳаммад ибн Исмоил (Имом Бухорий) ҳар куни кундузда бир маротаба хатм қилар эди. Таровеҳ намозидан кейин ҳам қоим бўлар ва уч кунда бир маротаба хатм қилар эди.
Насж ибн Саиддан ривоят қилинади: “Рамазоннинг биринчи кечаси бўлса, Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг дўстлари жамланар эди. Имом Бухорий уларга намоз ўқиб берар, Қуръонни хатм қилгунча ҳар ракатда йигирма оятдан ўқир эди. Саҳарда эса, Қуръонни ярми ёки учдан бирини ўқир эди. Ҳар уч кечани саҳарида бир хатм тугар эди. Кундузлари бўлса, ҳар куни бир маротаба хатм қилар эди. У зот кундузги хатмларини ифтор вақтида тугатар ва “Ҳар бир хатм тугашида битта ижобат бўлгувчи дуо бор” дер эди.
Шу ўринда, мустақилликннинг илк йилларини эсга олайлик. Масжидларимизда хатми Қуръон қилиш учун қорилар етишмас, Рамазон ойида Миср, Туркия каби давлатлардан қорилар келар эди. Қисқа вақт ичида истиқлол шарафи ила, ўзимиздан қорилар етишиб чиқди. Нафақат ўзимизда балки қўшни Россия, Украина, Қозоғистон ва Америка Қўшма Штатлари каби давлатларга бориб хатми Қуръон қилиш учун қориларимиз таклиф этилмоқда. Қориларимиз у жойдаги мусулмонларга Қуръони Каримни тиловат қилиб, юртимиз шаънини кўкларга кўтармоқдалар. Бу йил мингдан ортиқ жоме масжидларимизда хатми Қуръон қилинаётган бўлса, уларнинг ҳаммасида ўзимиздан етишиб чиққан ёш қориларимиз қатнашмоқдалар.
Азизлар Рамазон ойини ғанимат билиб ва улуғларимиздан Рамазон ойини қандай ўтказганлари ва ушбу ойда Қуръонга бўлган эътиборлари ва эҳтимомлари нақадар юксак бўлгани ҳақида ибрат олишимиз ва бизлар ҳам Муборак Рамазон ойини Қуръон ойи эканини ҳис қилган ҳолда Қуръон ўқишга қаттиқ бел боғламоғимиз керак бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни улуғ ажру савобларга эриштирсин.
Абдулазиз Бобамирзаев,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти мудири