Мақолалар

Халқпарварлик сиёсатининг хайру баракотлари

“Яхшиликка албатта ахшилик қайтади”; “Эҳсон билан давлатинг камаймайди, Аллоҳнинг бирингга бир неча баробар ортиғи билан қайтариши ҳақида ваъдаси бор”; “Аллоҳ саховатпешаларни яхши кўради” – бундай ҳикматларни эшитибгина эмас, балки уларнинг таълимотига ҳар қадамда чиройли амаллар қилинаётганини кўриб яшашнинг файзи, қалбга бахш этадиган шукронаю қувончини таърифлашга сўзлар ожиздай.

Бугун дунё ҳаётининг энг етакчи соҳалари тасарруфида дастлабки ўринларни эгаллаб келган мамлакатлар ҳам коронавирус пандемияси ўз иқтисоди, ижтимоий тараққиётига келтирган зарарларни ҳисоблаб, уларнинг ўрнини қандай қоплаш йўлларини излаб боши қотган. Бу офат туфайли аҳолиси орасида ўлимлар кўрсаткичи юз, минглар ҳаддидан ҳам ўтиб кетган давлатлар сони ортиб бормоқда. Аллоҳ – меҳрибон, дунё аҳлига шифо тилаймиз.

Шундай пайтда юртимиздаги ҳаёт, хонадонлардан тортиб шаҳару қишлоқлардаги кенг маънодаги ижтимоий оби ҳавонинг осойишталиги, ҳарорати, одамларнинг Юртбоши ва мутахассисларнинг ғамхўрлик, жонкуялик билан кўрсатган йўлида сабру миннатдорчилик билан ўз бурчини бажаришга иштиёқида фазилатлар мужассам. Айни кунларда ватандошларимиз қалбида довдираш, иккиланиш, “эртанги куним нима бўларкин?” деган қўрқув эмас, Яратганнинг синовига сабр-қаноат, бу синовнинг ортидан чиройли ажр-мукофотлар берилишига умид ям-яшил дарахтдек қаддини тиклаб олди. Давлатнинг салмоқли моддий ва маънавий кўмаги ёрдамида бу дарддан фориғ бўлиб чиқаётганлар, соғлигини гаровга қўйиб ўзлари даволаган инсонларнинг шодлигидан кўзларига қувонч ёшлари тўлган шифокорлар, шундай ташвишли кунларда ҳам мамлакатимиз Раҳбари ва давлатнинг ҳар жиҳатдан қўллб-қувватлашидан бир лаҳза бўлса-да четда қолмаётган кексаю ногиронлар ҳамда эҳтиёжмандлар... ва алоҳида таъкидлагинг келади – саховатпеша Юртбошининг “Саховат ва кўмак” борасидаги таклиф-чақириғига “лаббай!” деб қўшилган тадбиркорлар, саҳий инсонларнинг юзида мамнуният барқ ураётгандек. Шундай муборак кунларда дунё молига чин дунёнинг саодат йўлларини сотиб олиш имконияти туғилганидан бундай инсонлар юз-кўзида нур, шукрона, қувонч  чарақлаб тургандек.

Синовли кунларда кимдир баҳона, кимлар эса ундан чиқиш учун имкониятлар излайди. Бугун, айни шу баҳорда, мамлакатимиз ҳудудидаги қанчадан-қанча фойдаланилмай ётган ёки чала-ярим фойдаланилаётган ерларнинг боғлар, полизлар, дон экинлари майдонларига айлантирилаётгани; улардан йил давомида икки-уч бор ҳосил олиш учун тадбир-тадориклар кўрилаётгани; деҳқону чорвадорларнинг меҳнати имкон қадар енгиллашиши ва унумдор бўлиши учун давлат томонидан кўрсатилаётган ёрдам, имтиёзлар; айни шу кунларда минг-минглаб ёшларнинг ўз ери, иши, даромадига – ижтимоий ҳаётда ўрнига эга бўлаётгани ва бунинг орқасидан қанчадан-қанча хонадонларга, одамлар қалбига қувонч кириб бораётгани... гарчи карантин талабларига кўра уйда ўтирган бўлсак-да, ватанимиз ҳаётидаги халқпарварлик сиёсати далиллари бўлган ажойиб воқеа-ҳодисаларни кузатган сайин буларнинг бари янги Ўзбекистон тарихининг ибратли  саҳифалари эканини ҳар лаҳза ҳис этиб турибмиз. Буларнинг барчаси Ўзбекистонимиз аҳлига синовнинг орқасидан Аллоҳ насиб этгувчи хайру баракотли кунлар муқаддимаси бўлгай, иншаалоҳ.

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат

 кўрсатган маданият ходими

2372 марта ўқилди

Мақолалар

Top