Ўзбекистон янгиликлари

Сирдарёдаги “Сардоба” сув омборидан сув чиқиши оқибатларини бартараф этишни тилаб дуо қилинди

Бугун, 1 май куни эрталаб Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори дамбасининг деворида сув чиқиши юзага келган. Натижада Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этиш жоизки, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда сув омборининг атрофидаги қатор аҳоли яшаш пунктлари Мирзаобод туманига эвакуация қилинди. Ушбу воқеа жойига тегишли ташкилотлар раҳбарлари етиб бориб, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф етиш бўйича ишларни бошлаб юборилган. Асосан, сув экин майдонларига зарар етказгани маълум бўлди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти ҳам ушбу нохуш воқеанинг салбий оқибатларидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраш юзасидан хайрия ишларини бошлаб юбордилар.
Ислом дини манбаларида ҳар бир ҳолат учун – яхши-ёмон кунлар, хурсандчилик-мусибатли дамларда ўзига хос дуоларни ўқиш ҳақида баён этилган. Шундай дуоларни қилиш муроду мақсадга етиш, талофатлардан омон сақланишга катта васила бўлгани бир неча бор ўз тасдиғини топган.
Шу мақсадда, бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларида Тошкент вилоятидаги “Зангиота” мажмуасида мазкур нохуш ҳодиса салбий оқибатларини Яратган Парвардигордан бартараф этишини сўраш мақсадида, Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, муборак Рамазон кунларида Аллоҳ таолодан халқимизга тинчлик-осойишталик, юртимизни турли бало-офатлардан асрашини тилаб дуо қилинди. Шунингдек, хайрия тадбири доирасида бир бош қора мол сўйилиб, кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишилар, етим-есирлар ва дуоси мустажоб инсонларга тарқатилди.
Ушбу ҳодисага нисбатан сабрли бўлиш, Аллоҳга истиғфор айтиб, бунинг салбий оқибатлари кам бўлишини илтижо қилиб сўраш лозим. Аллоҳ таолонинг иродаси ила етган ҳолатларга сабр қилиб, Ундан савоб умидида дуо қилиш лозим. Қуръони каримда: “Албатта, Аллоҳ сабрлилар билан биргадир”, дея марҳамат қилинган. Яна бир ояти каримада: “Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”, дея тасалли берувчи хабарлар ҳам келган.
Айни вақтларда Ҳукуматимиз раҳбарияти, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Ички ишлар бошқармалари, Миллий гвардия ва бошқа тегишли ташкилотлар фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф етиш бўйича ишларни жадал олиб бормоқдалар.
Бундай тезкор ва амалий амалий саъй-ҳаракатлар ҳар бир инсон, ҳар бир оила, ҳар қандай вазиятда ёлғиз қолмаслиги, балки давлатимиз диққат-эътиборида эканини яққол ифода этади.
Ҳақ таолодан ушбу нохуш воқеанинг салбий оқибатларидан паноҳ сўраб, Яратган Парвардигордан аҳоли яшаш жойлари, ижтимоий бинолар ва деҳқончилик экинларини бус-бутун сақлашини илтижо қилиб сўраймиз.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

3075 марта ўқилди

Янгиликлар

Top