Мақолалар

Ҳар-бир экинда садақа бор

Аллоҳ таоло ерни бандаларига қароргоҳ қилиб оёқ остиларига ёйиб қўйгани, ердан анҳорларни ва булоқларни чиқариб боғу бўстонларни яратгани ва осмондан ёмғирларни ёғдириб ўт-ўланлар ва дарахтларни ўстириб қўйгани унинг энг буюк неъматларидандир.

Маълумки Аллоҳ таолонинг ҳар бир ишида ҳикмат бор. Аллоҳ таоло бандаларини бекорга бу кенгликларда яратмади, бандаларини барча махлуқотлардан афзал қилди ва бандасига бу ерни бўйсундириб қўйди. Бақара сурасида марҳамат қилиб айтадики: “... сизларга ер юзида қароргоҳ ва бир муддат ҳузур қилиш бордир ...”.

Аллоҳ таоло бандасини ер юзида ўзига ҳалифа қилиб қўйган экан ер юзини обод қилишни ва Аллоҳ таоло кафил бўлган ризқини топиб ейишга масъул қилиб қўйди. Ояти карималарда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам руҳни озиқлантириш баробарида жасадни эхтиёжларини ҳам мукаммал озиқлантириш кераклигини баён қилинган. Олдимизда турган таомга ибрат назари билан қарашимиз ва унда Аллоҳ таолонинг қудратини эътироф қилишимиз учун Қуръони каримда жуда гўзал услубда баён қилган.

فَلْيَنْظُرِ الْإِنْسَانُ إِلَى طَعَامِهِ  أَنَّا صَبَبْنَا الْمَاءَ صَبًّا  ثُمَّ شَقَقْنَا الْأَرْضَ شَقًّا  فَأَنْبَتْنَا فِيهَا حَبًّا  وَعِنَبًا وَقَضْبًا  وَزَيْتُونًا وَنَخْلًا  وَحَدَائِقَ غُلْبًا  وَفَاكِهَةً وَأَبًّا  مَتَاعًا لَكُمْوَلِأَنْعَامِكُمْ (سورة عبس/24-32

яъни: “Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан қуйидаги неъматларимизга бир) боқсин: Биз  (осмондан)  сувни  мўл  ёғдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар унсин, деб) ёрдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам. (Буларни) сизларнинг ва чорва ҳайвонларингизнинг истеъмоли учун (яратдик)”. (Абаса сураси 24-32 оятлар).

Демак Аллоҳ таолонинг берган бу Ер неъмати ўзимизга ҳамда чорва ҳайвонларимизга истеъмол манбаъи экан.

Яна, Аллоҳ таоло Ясин сурасида шундай марҳамат қилади:

  1. Улар учун ўлик ер оят-белгидир. Биз уни тирилтирдик ва ундан дон чиқардик. Бас, ундан ерлар.
  2. Ва унда хурмо ва узум боғлари яратдик ҳамда ичидан булоқларни чиқардик.
  3. Унинг меваларидан ва ўз қўллари қилган нарсалардан ейишлари учун. Шукр қилмайдиларми?!

Ибн Касир айтадилар: Аллоҳ таолонинг чексиз қудратидан бири ўлик ерни тирилтирганидир. Яъни: бутунлай ўлиб бирон бир ҳўл новда қолмаганидан кейин Аллоҳ таоло ёмғир ёғдирди ер ёрилиб ундан ўсимликлар чиқди шунинг учун Аллоҳ  таоло: Биз уни тирилтирдик ва ундан дон чиқардик. Бас, ундан ерлар. Яъни: уларни ва чорваларини ризқларини чиқардик демоқда. Яна айтяптики: Ва унда хурмо ва узум боғлари яратдик ҳамда ичидан булоқларни чиқардик. Унинг меваларидан ва ўз қўллари қилган нарсалардан ейишлари учун. Улар муҳтож бўладиган жойлардан булоқларни чиқардик, Агар биз ерни тирилтирмаганимизда, ундан дон, боғ-роғлар ва сув чиқармаганимизда инсонлар унинг мевасини ҳам тановул этолмас, қўллари билан турли таомлар тайёрлай олмас эдилар. Шуни кўра билиб туриб ҳам: ...Шукр қилмайдиларми?!.

Аллоҳ таоло бизларни шукр қилишга чақираётган экан, нима қилмоғимиз даркор? Ояти каримада айтилганидек: “ўз қўллари қилган нарсалардан ейишлари учун” ҳа ўзимиз ўз қўлларимиз билан экин экиб, бир парча ер бўлса ҳам ўзимиз ва чорва ҳайвонларимиз ейдиган нарсаларни етиштиришимиз Аллоҳнинг шунча бериб қўйган неъматларига шукримиз бўлар экан.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда марҳамат қиладилар:

عَن أَنَسٍ رضي الله عنه قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم:"مَا مِن مُسلِمٍ يَغرِسُ غَرْسًا أَو يَزرَعُ زَرْعًا فَيَأكُلُ مِنهُ طَيرٌ أَو إِنْسَانٌ أَو بَهِيْمَةٌ إِلاَّ كَانَ لَهُ بِهِ صَدقَةٌ" (رواه الامام النسائي).

яъни: “Бир мусулмон бирон бир дарахтни ёки экинни экса, ундан бирор қуш, инсон ёки бирор ҳайвон еса у инсонга садақа ёзилади” (Имом Насоий ривояти).

Бу ҳадис, деҳқончилик қилган инсонга катта башоратдир. Чунки ерга дон қадаган ёки ўсимлик эккан инсон бу дунёда ҳам охиратда ҳам фойда олади. Бу дунёда ватнига, ҳалқига, мусулмонларга фойдаси тегиб, аввало фарзандларини қолаверса барча инсонларни ризқини мўл-кўл бўлишига сабабчи бўлар экан бу қилган меҳнатига Аллоҳ таоло битмас тугамас савобларни беради охиратда садақа қилувчилар қаторида туради. Яна бир неча ҳадислар борки уларни ўқиган инсон, бир парча ерим бўлса-ю бир дона дарахт эксам ёки озгина уруғ қадасам деб орзу қилади.

 Жобир ролзияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон бир дарахт экса, ундан қанча ейилса унга садақа ёзилади, ўғирланса ҳам садақа ёзилади, қушлар еса ҳам унга садақа ёзилади ва бирор киши дарахтга нуқсон етказса ҳам унга садақа ёзилади” дедилар.(Имом Муслим ривоят қилганлар).

Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом биз умматларини фойдали ишларга буюриб, дунё ва охиратимизни обод бўлишини хоҳлаб: “Кимни ери бўлса унга (экин) эксин, агар ўзи қилолмаса ва қўлидан келмаса, бирор мусулмон биродарига берсин, ундан ижара олмасин” деб марҳамат қилганлар.

Синовли кунларда турар эканмиз, уйда бекор ўтирмасдан аввало оиламиз учун қолаверса ҳалқимиз учун хонадонимизда бир парча ер бўлса ҳам ўша ерни бекор қўймай бирор экин экадиган бўлсак, икки дунёйимиз обод бўлишига сабаб бўлар экан. Аллоҳ барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф айласин. 

 

Таваккал домла Кенжаев 

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани

 “Эшон Бобохон” жомеъ масжиди имом-хатиби

2583 марта ўқилди

Мақолалар

Top