muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳнинг каломига муҳаббати юксак бўлган дўстларимизга, Яратган Парвардигорнинг раҳмати ёғилсин деймиз. Бугун эрта тонгдан водийнинг энг мухлис бандалари замини бўлган Наманган вилояти узра Ҳақ таолонинг баракоти ва нурлари ёғилмоқда, десак айни ҳақ гапни айтган бўламиз.
Бугун Намаган шаҳридаги Нуробод даҳасида жойлашган “Имом Аъзам” жоме масжидида қори йигитлар ўртасидаги ва Наманган шаҳридаги “Шодиёна” кошонасида қория аёл-қизлар ўртасида Қуръон мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтади. Ушбу мусобақада республика босқичига чиқиш учун туман босқичларида биринчи ўринни қўлга киритган 16 нафар қори, 11 нафар қория жами бўлиб 27 киши ҳаракат қилади.
Шунингдек, ушбу вилоятдаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ўртасида ҳам Республика босқичига йўлланма олиш учун ўзаро мусобақада беллашадилар. Ушбу Қуръон зиёфатига тайёргарлик ишлари жуда ҳам жадал суратда олиб борилди.
Чунки, гувоҳ бўлаётганимиздек, жуда ҳам катта тайёргарлик кўрилган. Ёшу қари, эркагу аёл, хуллас, барча Қуръонга муҳаббатли кишилар эрта сахардан вилоятдаги қорилар мусобақаси ўтадиган жоме масжид ва кошонага жам бўлишмоқда.
Ривоят қилинишича, Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Илм олиш тинглашдан бошланади, сўнгра уни тушунилади ва ёд олинади кейин унга амал қилинади”, дедилар. Банда Каломуллоҳни холис ният билан тингласа, унинг қалбига Аллоҳ таоло нур солади ва тўғри йўлга ҳидоят қилади. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “…Бас, (эй Муҳаммад!) Менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки, улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига (фойдалисига) эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир” (Зумар, 17-18).
Демак, инсон ибодат ниятида Каломуллоҳни тингласа ва жим турса чексиз ажру мукофотга эга бўлади. Қуръони каримни эшитувчи, аввало, қалбини ҳозирлайди, ибодатни ният қилади, сийратию суратида хотиржам бўлиб, ихлос билан Аллоҳнинг каломига сомеъ бўлади. Мана шундагина ўзи умид қилган ва бунга ваъда қилинган ажрларга эришади, иншоаллоҳ.
Шундай экан азизлар, ҳар галгидек Намангандаги қорилар мусобақаси бутунлай бошқача бўлади, иншоаллоҳ. Фурсатни бой берманг, сўз ва қалам билан ифода қилиб бўлмайдиган онларни ўтказиб юборман, имкон бўлса бориб, бўлмаса бизнинг muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқларни кузатиб, завқ олинг. Барчамиздан Аллоҳ рози бўлсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

"Саййид Муҳиддин Маҳдум" ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ўртасидаги мусобақа натижалари.

Ҳифз йўналиши
1. Абдужалилов Сирожиддин
2. Абдулҳаев Абдулбосит
3. Олимжонов Ҳабибуллоҳ

Тиловат йўналиши
1. Тўрақулов Иброҳимжон
2. Жалолхонов Аббосхон
2. Бозоров Аҳмадуллоҳ
3. Эргашев Абдумуталиб

Ғолибларга диплом ва совғалар тақдим этилди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чақимчи жаннатга кирмайди”, дедилар (Имом Аҳмад, Имом Муслим ривояти). 

 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг қалбида зарра мисқолича кибр бўлса, у жаннатга кирмайди”, дедилар.

Жубайр ибн Мутъам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қариндошлик алоқасини узувчи жаннатга кирмайди”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қўшниси ёмонлигидан омонда бўлмаган одам жаннатга кирмайди”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

 

Каъб ибн Ужрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Каъб ибн Ужра, ноҳақ – ҳаромдан ўсган гўшт (жасад) жаннатга кирмайди”, дедилар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

 

Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: “Набий (солаллоҳу алайҳи ва саллам): “Миннат қилувчи (яхшилик қилган кишисига фахр ва кибр қилувчи) ва ота онасига оқ бўлувчи ва маст қилувчи ичимлик ичувчи жаннатга кирмайди”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

     Даврон НУРМУҲАММА тўплади

ЎМИ Матбуот хизмати

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бош тортганлардан ташқари умматимнинг ҳаммаси жаннатга киради?” дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, бош тортганлар кимлар?” деб сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга итоат қилса, жаннатга киради. Ким менга осий бўлса, бош тортган бўлади”,дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй инсонлар, саломни кенг ёйинглар, таом улашинглар, силаи раҳм қилинглар ҳамда одамлар ухлаётган пайтда намоз ўқинглар, хотиржам жаннатга кирасизлар”, дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).

 

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:“Кимки учта фарзандини йўқотганига савоб умидида сабр қилса, жаннатга киради”. Шунда бир аёл: “Агар иккита бўлсачи?” деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иккита бўлса ҳам”, дедилар (Имом Насоий, Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

 

  1. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:“Икки хислат борки, қайси мусулмон ўша хислатларда бардавом турса, жаннатга киради. У иккиси осон, аммо уни қилувчилар оздир. Биринчиси, ҳар бир намоз ортидан 10 та тасбеҳ, 10 та ҳамд, 10 та такбир айтади. Булар тилда 150 та, тарозуда эса 1500 та бўлади. Иккинчиси, тўшакка ётиш олдидан 34 та такбир, 33 та ҳамд, 33 та тасбеҳ айтади. Булар тилда 100 та, тарозуда эса 1000 та бўлади”. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қўллари билан ўшаларни санаб айтаётганларини кўрдим. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, қандай қилиб у иккиси осон-у, уни қиладиганлар оз?” деб сўрашди. Шунда у зот: “Бирортангиз ухлаш учун ётганида шайтон келади-да, ўша зикрларни айтишидан олдин уни ухлатиб қўяди. Ўша шайтон намозда ҳам келади-да, ҳалиги зикрларни айтишидан олдин у одамнинг бошқа бирорта ҳожатини эсига солади”, деб жавоб бердилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

 

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Бугун ким рўзадор ҳолда тонг оттирди?” деб сўрадилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен” дедилар. “Бугун ким жанозага қатнашди?” деб сўрадилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Яна Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен” дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бугун ким мискинга таом берди?” деб сўрадилар. Бу сафар ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен” дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бугун ким касални бориб кўрди?” дедилар. Бу гал ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен” дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам“Кимда ушбу нарсалар жам бўлса, албатта, жаннатга киради”, дедилар, (Имом Муслим ривояти).

 

  1. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳузуримга Жиброил алайҳиссалом келди. У менга: Умматингдан ким Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлса, жаннатга киради, деб башорат берди”, дедилар. 

 

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ кимни икки жағи орасидаги нарсанинг ёмонлигидан ва икки оёғи орасидаги нарсанинг ёмонлигидан сақласа, у жаннатга киради”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

  1. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Ким ҳалол (таом) еса ва суннатга амал қилса ва инсонлар унинг ёмонлигидан омонда бўлишса, у жаннатга киради”, дедилар.

 

     Даврон НУРМУҲАММАД тўплади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Воскресенье, 11 Март 2018 00:00

Online: Қуръон мусобақаси (Андижон)

ЎМИ Матбуот хизмати

Top