muslim.uz

muslim.uz

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан 9 март куни давлат ташрифи билан Тожикистон Республикасига келди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди. 

Душанбе халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон кутиб олди. 

Ўзбекистон Президенти шарафига бутун шаҳар бўйлаб давлатимиз байроғи кўтарилган. Кўчаларга чиққан минглаб тожикистонликларнинг юз-кўзидаги ҳурсандчилик ушбу ташриф улар учун орзиқиб кутилган воқеа эканидан далолат беради.

 

Дарҳақиқат, ўзаро муносабатлар тарихида бу Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга илк давлат ташрифидир. Томонлар ушбу музокараларга мамлакатларимиз ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, уни амалий мазмун билан бойитиш учун имконият сифатида қарамоқда. 

Аввал ҳабар қилинганидек, олий даражадаги музокараларда турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилади, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар кўриб чиқилади. 

Турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат халқига қулайликлар яратишга қаратилган тарихий ҳужжатлар имзоланади. 

Ташриф доирасида бизнес-форум ва Ўзбекистон миллий саноат кўргазмаси, икки мамлакат санъат усталари иштирокида концерт ташкил этилади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Пятница, 09 Март 2018 00:00

АҚШдаги ватандошларимиз

Ҳозир Америкада уч юз минг нафарга яқин ўзбек яшайди. Дастлаб, ўтган асрнинг 60–70-йиллари ўн мингга яқин ўзбек оилалари бу ўлкада қўним топишди. Бир неча минг нафар ўзбеклар 80-йилларда Туркия ва Афғонистон орқали ўтишган. Ўзбекистон мустақиллигидан кейин ҳар йили салкам икки минг фуқаро АҚШ ҳукумати тақдим этаётган «Яшил чипта» соҳибига айланяпти.

Инглиз тилини яхши ўзлаштирган ва ўқишни давом эттириш учун келган ёшлар юқори малакали мутахассис бўлиб, Ватанга қайтиб, танлаган соҳаларида ишни давом эттириш учун аниқ мақсад сари интилишяпти.

Бугун улар фақат ишчи эмас, балки тадбиркор, ўқитувчи, профессор, адвокат, учувчи ва ҳатто ҳуқуқшунос бўлиб давлат ташкилотларида ишлашяпти. Давлат мутахассислари кузатувларига кўра, Америкада турмуш кечираётган миллатлар орасида ўзбеклар ўзининг қонунга итоатлилиги, меҳнатсеварлиги, инсонпарварлиги ва меҳмондўстлиги билан алоҳида ажралиб тураркан.

Ватандошларимиз нафақат АҚШ жамиятининг бир қисми, балки ўзбек миллий маданияти, қадриятлари ва урф-одатларининг муҳим бўғини сифатида ҳам мазмунли ҳаёт кечиришмоқда. Бунда, албатта, миллатимиз, халқимиз равнақи, маданиятимиз тарғиботига бағишлаб ўтказилаётган турли тадбирларнинг аҳамияти катта. Ҳар йили Ўзбекистоннинг Америкадаги элчихонаси юртимиз мустақиллиги, Наврўз ва ҳайит байрамларига бағишлаб ватандошларни тадбирга таклиф қилади ва шодиёналар кенг нишонланади.

Юртдошларимиз ташкил этган «Туркистон-Америка» уюшмаси ва «Ўзбек Америка» жамияти у ердаги ўзбекларни бирлаштириб туради. Ватандошларимиз Пенсилвания, Филаделфия, Техас, Чикаго ва янада узоқ штатларда умргузаронлик қилмасинлар, уларнинг ҳолидан хабар олиб туришади. Жамият миллий қадриятларимизни сақлаб қолиш ва ёшларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш мақсадида турли анжуманлар ўтказади. Уларга ош, ҳалим ва сумалак каби миллий таомлар тортиқ қилинади. Бундан ташқари, уюшма ўн йилдан бери мунтазам Рамазон ойида Ўзбекистондан мураттаб қориларни таклиф қиляпти. Қориларимиз у ердаги жоме масжидларида хатмга ўтиб, маърузалар қилишади ва уларнинг саволларига жавоб беришади.

Америкада бир гуруҳ ўзбекистонлик ташаббускор ёшлар етакчи мутахассислар билан ҳамкорликда инглиз тилида «The Uzbek Times» журнали ва ўзбек тилида «Ватандош» газетасини чоп этишяпти. Журнал ва газета, аввало, буюк аждодларимиз ҳаёти ва ижоди, ўзбек миллий анъаналари, ватандошларимиз ютуқ ва муаммолари, турмуш тарзи ҳақида маълумот беради. Газета ойда, журнал эса ҳар фаслда бир марта чоп этилади.

Америкалик ўзбекларнинг ҳам орзуси киндик қони тўкилган она юртга қайтишдир. Албатта, кўчада миллатдошини кўриб, Ватанни эслаганида, она заминнинг муқаддас тупроғи қай даражада ўзига тортишини фақат ҳижронда яшаётган одамгина ҳис этиши мумкин.

Азизхон ҲАКИМОВ

тайёрлади.

 

Пятница, 09 Март 2018 00:00

Ёлғончилик – гуноҳи кабира

Аллоҳ таоло айтади: “Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсани ҳидоят қилмас” (Зумар сураси, 3-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи вассаллам дедилар: “Мунофиқнинг учта аломати бор:

гапирса, ёлғон гапиради;

ваъда берса бажармайди;

омонат олса, хиёнат қилади”.

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи вассаллам айтдилар: “Уч тоифа одамга Қиёмат кунида Аллоҳ гапирмайди, уларни (гуноҳларидан) покламайди, уларга (раҳм назари билан) қарамайди ва уларга аламли азоблар бўлади. Улар: зинокор қария, ёлғончи подшоҳ ва мутакаббир камбағалдир” (Муслим, Насаий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: Бир банда эътиборсизлик қилиб бир сўзни айтади-да, у сабабли дўзахга машриқу мағриб орасидан кенг масофага қулайди (Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни ножоиз сўзларни сўзлашдан тийилишни насиб қилсин. У марҳаматли ва саховатли зотдир.

Ойбек САМАРҚАНДИЙ,

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Пятница, 09 Март 2018 00:00

Шайтоний васваса

Шайтон инсонларни турфа усул билан аврайди: омини оми бўлиб, олимни олим бўлиб;

Ибодатда. Вақтни орқага суриш, қазо қилиб ўқишга ундаш, хаёлни бузиш, фикр-зикрни чалкаштириш, тонг пайти уйқуга ундаш, ғафлат ила ётиш-туриш. Зикрдан қайтариш, ейиш ичишга рағбат.

Турмушда. муаммо ва мушкулликларда жаҳлни чиқариб, гумонларни оралатиб, сабрсизлик сари етаклайди. “Ўзингни ҳимоя қил, ноҳақликларга барҳам бер, қачонгача зулм кўриб яшайсан барига нуқта қўй. Ўз ўрнингни бил, сен бундай муомалага лойиқ эмассан ва ҳоказо...

Ҳаётга муносабатда. Дунёга бир марта келасан, ёшлик қайтмайди, фақат изтироблар келтирадиган зерикарли ҳаётингни ўзгартир. Сен кучлисан. Барини бошидан бошла, баридан воз кеч.

Хулоса, бахтсизман деб ўйлаётганинг  БАХТ эканини тушун. Сен билан бирга амалларинг қолади.

Шундай тиғиз ва мушкул вазиятлар тўсатдан келадики, сени ўша чоқ шайтон оздириши мумкин. Ўзингдан ўзиб жаҳл отига миниб анча йироқ кетиб қоласан. Ўзингга келганингда эса анча кеч бўлади...

Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи

ЎМИ Матбуот хизмати

Ҳабиб Ажамий айтади: “Намоз ўқиш учун Куфадаги масжидга кирдим. Қарасам, озғин йигит ўтирган экан. Кўринишидан кўп ибодат қилгани билиниб турарди. Мендан нимадир сўраса деган умид билан “Нима истайсиз?” дедим. У: “Солиҳ Маррийнинг ўн оят қироат қилиб беришини, ўша қироатни тинглашни истайман. Бир марта унинг тиловатини эшитганман” деди. Басрага бориб, Солиҳни сўрадим. Топиб, бўлган гапни унга айтдим. У илтимосни ерда қолдирмай, дарҳол Куфага келди. Ўша масжидга кириб, қироат қилишга киришди.

فَإِذَا نُفِخَ فِي الصُّورِ فَلَا أَنسَابَ بَيْنَهُمْ يَوْمَئِذٍ وَلَا يَتَسَاءلُونَ


“Бас, қачонки сурга пуфланганда, у кунда ораларида на насаб қолур ва на бир-бирларини суриштирурлар”. (Яъни, қиёматдан дарак бергувчи сурга пуфланган пайтда ҳар ким ўзи билан овора бўлиб, одамлар орасида наслу насаб алоқалари қолмас. Балки ҳамма отаси, онаси, ака-укаси, бола-чақасидан қочадиган бўлиб қолади.)

فَمَن ثَقُلَتْ مَوَازِينُهُ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ


“Кимнинг мезонлари оғир келса, бас, ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир”.

وَمَنْ خَفَّتْ مَوَازِينُهُ فَأُوْلَئِكَ الَّذِينَ خَسِرُوا أَنفُسَهُمْ فِي جَهَنَّمَ خَالِدُونَ


“Кимнинг мезони енгил келса, бас, ана ўшалар, ўзларига зиён қилибдилар. Жаҳаннамда абадий қолгувчи бўлибдилар”.

تَلْفَحُ وُجُوهَهُمُ النَّارُ وَهُمْ فِيهَا كَالِحُونَ


“Юзларини олов куйдирур. Улар унда бадбашара ҳолда бўлурлар”.

أَلَمْ تَكُنْ آيَاتِي تُتْلَى عَلَيْكُمْ فَكُنتُم بِهَا تُكَذِّبُونَ


“Сизларга оятларим тиловат қилинган эмасмиди?! Бас, сиз уларни ёлғонга чиқарган эмасмидингиз?!” (Шунда улар ўз айбларига иқрор бўладилар.)

قَالُوا رَبَّنَا غَلَبَتْ عَلَيْنَا شِقْوَتُنَا وَكُنَّا قَوْماً ضَالِّينَ


“Улар: “Эй Роббимиз, бадбахтлигимиз ўзимиздан устун келиб, залолатга кетган қавм бўлган эканмиз.

رَبَّنَا أَخْرِجْنَا مِنْهَا فَإِنْ عُدْنَا فَإِنَّا ظَالِمُونَ


Эй Роббимиз, бизни бу (дўзах)дан чиқаргин, агар яна (эски ҳолимизга) қайтсак, бас, албатта, золимлардан бўлурмиз”, дерлар”.

قَالَ اخْسَؤُوا فِيهَا وَلَا تُكَلِّمُونِ


“У зот: “У(ер)да хор бўлиб қолаверинг ва Менга гапирманг!” (Муъминун сураси, 101-108-оятлар) оятларини тиловат қилди. Шу жойга етганда, йигит қаттиқ изтиробга, ҳаяжонга берилди. Ҳаяжони кучайиб, ўзини тутолмай ерга йиқилди-ю, жони узилди.
Йигитнинг ҳовлиси Масжид эшигининг рўпарасида эди. Шу пайт бир кекса аёл қўлида таом билан келиб қолди. У аёл йигитнинг онаси экан. Ўғлининг ётганини кўриб, “Ўғлимга нима бўлди?” деб сўради. Солиҳ Маррий онахонга бўлган воқеани айтиб берди. Аёл ундан: “Эҳтимол, сен Солиҳ Маррий бўлсанг керак?!” деб сўради. Солиҳ “Ҳа, шундай” деди. Шунда аёл: “Ўғлимнинг орзусини амалга оширганингдек, Аллоҳ сенинг орзуингни рўёбга чиқарсин! Ўғлим доим Аллоҳ азза ва жалладан сени сўрарди” деди.
Воқеани ҳикоя қилаётган Ҳабиб Ажамий айтади: “Йигитни жанозага тайёрлаган, тобутини кўтарган, дафн қилингунича иштирок этганлар орасида мен ҳам бор эдим. Аллоҳ таоло уни раҳматига олсин!”


Абу Исҳоқ Саълабийнинг “Қотла-л-Қуръан” номли асаридан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Top