muslim.uz
Номаҳрам аёлларга қарашнинг зарари (биринчи мақола)
Яқинда бир сайтда жуда долзарб мавзуда ёзилган мақолага кўзим тушиб қолди. Ушбу мақолага «Либос танани яширишгами ёки кўз-кўз қилишга?» - деб сарлавҳа қўйилган эди.
Муаллиф кўпчиликни ташвишга солаётган муаммони кўтариб, аёллар қоматини очиқ-ойдин кўз-кўз қилувчи тор либослар ва авратларни очиб, ярим яланғоч юриши хақида сўз олиб борган. Уни ўқиб чиққандан кейин «авратни очиб, баданни кўз-кўз қилган беҳаёларни ҳузур билан томоша қилувчиларнинг ҳукмичи?» деган мавзуни ёритишни лозим топдик. Чунки бугунги кунда беҳаёларга суқланиб қаровчилар айни манзара соҳибаларидан кўп бўлса кўпки, асло кам эмас. Бу «касаллик» ўспирин йигитлардан ўтиб, ёши бир жойга бориб қолган кексалар орасида ҳам учраб туриши янада ачинарли ҳолдир. Ҳаром қилинган нарсаларга тикилишнинг зарари, гуноҳи ва ундан тийилишнинг ажр-мукофотларидан бехабарликни «инсон қалбида бу иллатни шакллантирувчи омил» деб айтиш мумкин.
Аллоҳ кўз неъматини берар экан, у билан бирга банданинг зиммасига бир қанча масъулиятларни ҳам юклаган. Ҳар бир кўз эгаси илоҳий фармонга биноан маълум нарсаларга қарашдан кўзларини тийиши лозим. Нафсимиз хоҳлаган йўсинда амал қилар эканмиз, албатта қиёматда бунинг ҳисобини берамиз.
Қуръони каримда қуйидагича амр қилинади:
«Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир» (Нур сураси, 30-оят).
Ояти каримада Аллоҳ таоло қараш ҳаром қилинган нарсаларга назар қилмоқдан тийилишни вожиб деб ҳукм қилибгина қолмай, кўзни тийишнинг фойдасини ҳам баён этмоқда. Ўша фойда маънавий покликдир. Демак кўзни тийиш маънавий поклик сари чорласа, унинг акси ўлароқ кўзни тиймаслик, маънавий бузуқликка олиб боради. Ҳаром нарсаларга тикилишнинг энг хатарли томони шуки, бу иллат секин-секин инсонни Аллоҳни зикридан тўсиб, шайтон йўлига олиб киради. Бу эса малъун Иблис учун қулай фурсатдир. Мўмин бу ҳолатга тушганида шайтон дарҳол уни яна ҳам шармандалироқ ҳолга тушириш пайига тушади. Қалбида васваса оловларини ёқиб уни зино тарафга чорлайди. Зино — ҳаром назар олиб борадиган «сўнгги манзилдир». Ҳаром назар эгаси ҳаёлида «мени ким кўрибди» деб овуниши мумкин. Аммо шуни унутмаслик керакки, Аллоҳ кўзлар кўрмай қолган ва қалблар сезмай қолган сирлардан ҳам воқифдир.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинади: «Қайси бир муслим (бегона) аёлнинг авратига назар қилиб, сўнгра Аллоҳнинг ғазабидан қўрққан ҳолда ундан кўзини олиб қочса Аллоҳ унга шундай ибодат берадики унинг лаззатини қалбида ҳис қилади» (Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилишган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинади: «Қиёмат куни (Аллоҳнинг азобидан қўрқиб) ҳар бир кўз ёш тўкади. Магар уч кишининг кўзлари мустасно.
- Аллоҳ қарашни ҳаром қилган нарсалардан тийилган кўз.
- Аллоҳ йўлида тунларни бедор қилган кўз (Масалан, мусулмонлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ухламаган кўзлар).
- Аллоҳдан қўрқиб пашшани бошича бўлсада ўзидан ёш чиқарган кўз» (Исфаҳоний).
Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши айтди: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан беихтиёр, тўсатдан содир бўлган назар хақида сўрадим. Ул зот жавоб бердилар: Кўзингни олиб қоч. Давом этма» (Имом Муслим ривоят қилган).
Бурайда розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинади: «Ҳой Али биринчи назарга иккинчисини эргаштирма. Чунки биринчиси сен учун (Яъни, беихтиёр бўлгани учун унга жавобгар эмассан) иккинчиси эса сени зиёнинггадир» (Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган).
Оят ва ҳадислардан кўриниб турибдики, инсон кўз неъматидан фойдаланишида маълум чегарани билиши керак. Қачонки чегарадан чиқар экан унга шайтон камонидан заҳарли ўқ отилади. Бу ўқ уни жасадини жароҳатламасада лекин қиёматда ўз таъсирини кўрсатади. Ярим-яланғоч, на шаръий ва на миллий урф одатларни писанд қилмайдиган беҳаёлар ҳар қадамда учраши мумкин. Аммо улар орасида ўзига хос жасорат билан кўзни олиб қочишга ҳам улкан мукофотлар борлигини унутмаслигимиз лозим.
Андижон шаҳридаги «Уйғур» масжидида имомлик қилган марҳум Файз Аҳмад домланинг бир одатлари бўлар экан. У киши масжидга келар чоғида йўлда аёлларга дуч келса дарҳол чакмонининг этаги билан юзини тўсиб ўтиб кетар эканлар. Домланинг бу одати катта дарс бўлиб, у кишининг имомлик вақтида, кўчада ўтирувчи аёллар сезиларли даражада камайганини кексалар хотирлайди.
(Давоми бор)
Муаллиф: Ботирали Алишер ўғли
Манба: fiqh. uz
УСТОЗ БЎЛМАСА
Жаҳон ободлиги устоз биландир,
Дилда қарор бўлмас, устоз бўлмаса.
Камолот, кушуфот устоз биландир,
Ишда барор бўлмас, устоз бўлмаса.
Йўқдан олим бўлди отамиз Одам,
Ҳақдан таълим олди Сарвари олам,
Сабаб оламинда бул куни бекам
Илму анвор бўлмас, устоз бўлмаса.
Ҳар йўл, ҳар соҳанинг бир пири бўлур,
Эҳтиром дил аҳлин тадбири бўлур,
Ҳар ишда устознинг бир сири бўлур,
Кашфи асрор бўлмас, устоз бўлмаса.
Ҳикмат кўп илму фан, касбу корида,
Деҳқон кетмонида, дорбоз дорида,
Ошпазнинг бир сири – гармдорида,
Шогирд ҳушёр бўлмас, устоз бўлмаса.
Устоз қадрин билур ҳар қалби салим,
Ҳаёт дарсларидан бергайдир таълим,
Диллар ардоғида – азиз муаллим,
Кимса сардор бўлмас, устоз бўлмаса.
Маърифат, иқтисод, санъат турлари,
Осмон эшиклари, ер унсурлари,
Устоз-ла очилгай Қуръон сирлари,
Ҳадис ошкор бўлмас, устоз бўлмаса.
Пуштли, устозлидир ҳар бир синиқчи,
Беустоз муҳандис – оддий чизиқчи,
Устозсиз очилмас ҳатто қизиқчи,
Сухан тагдор бўлмас, устоз бўлмаса.
Ўзи ўсган дарахт мева бермагай,
Сурчи ўз тўйида сурнай чалмагай,
Сартарош ўз сочин ўзи қирмагай,
Уста саркор бўлмас, устоз бўлмаса.
Устоз кўрган зотлар ишга омилдир,
Заковат аҳлига бу сўз шомилдир,
Устознинг авлоси пири комилдир,
Дилда баҳор бўлмас, устоз бўлмаса.
Мирзо, ҳар кўнгилда ният бор бўлсин,
Ватан обод, эл ҳам бахтиёр бўлсин,
Покдил устозларга Тангри ёр бўлсин,
Ҳаёт гулзор бўлмас, устоз бўлмаса.
2009
МИРЗО КЕНЖАБЕК
Қуръон ила... (Аудио)
Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам – имтиҳон
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ билан суҳбат
– Ассалому алайкум домла. Айни кунларда бутун инсоният бир синовдан ўтмоқда. Юқумли касаллик тарқалишининг сабабларини ҳар ким ҳар хил талқин қилаётгани сир эмас. Хўп десангиз, шу ҳақда суҳбатлашсак...
– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Дунёдаги барча яхшилик ва ёмонлик маълум ўлчовга биноан, Аллоҳ хоҳлаган сабабларга кўра содир бўлади. Инсонга бирор мусибат етса, бу аввалдан тақдир қилинган нарсадир. Инсон бунинг учун қайғу чекиб, ўзини қийнамаслиги лозим. Чунки тақдирда бор нарса, у хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам, содир бўлиши муқаррар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир. Токи, сизлар қўлларингиздан кетган нарсага қайғурмагайсиз ва (Аллоҳ) ато этган нарса билан шодланиб (ҳаволаниб) ҳам кетмагайсиз...” (Ҳадид сураси, 22–23-оятлар).
Бошқа бир ояти каримада: «Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз. (Кейин) Бизнинг ҳузуримизгагина қайтарилурсиз” (Анбиё сураси, 35-оят), деб хитоб қилинган.
Демак, дунёдаги яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам, аслида, имтиҳон экан. Ҳақиқий мўмин қийинчиликларни сабот билан қарши олади, уни Аллоҳ тарафидан юборилган синов деб билади. Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, албатта, ҳар бир қийинчилик ортида ажойиб ҳикматлар ётади. Шундай пайтда ғофил киши хафа бўлади, ўзини ҳар ёнга уради, ғам-ғуссага ботади. Бировларни айблайди. Аммо оқил киши Аллоҳ таоло тарафидан юборилган бу қийинчилик орасидан ҳам ўзига яхшиликни топишга уринади, сабр қилади. Шунинг учун Қуръон сабрга катта аҳамият бериб, уни мақтаган, обрўсини кўтарган ва сабрли кишиларни “жуда ҳам ажойиб кишилар” деб атаган. Сабр Қуръони каримнинг 70 жойида зикр қилинган. Бошқа ҳеч қандай фазилат бу миқдорда зикр қилинмаган. Аллоҳ таоло сабрлиларни яхши кўради ва Қуръони каримда айтади: «Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур» (Зумар сураси, 10-оят).
– Шу йил март ойида юртимизда карантин чекловлари жорий қилинди. Бундай пайтда муҳтожларга ёрдам бериш улуғ ва савобли амаллардандир...
– Ҳа, бундай савобли ишларда муҳтарам Юртбошимизнинг ўзлари намуна кўрсатдилар. Азиз юртдошларимиз ҳам бундай синовли кунларда саховат ишларига янада мустаҳкам бел боғлашса, савоб устига савоб бўлиши шубҳасиз. Зеро, имкон бор пайтда хайр-саховат ишларини амалга ошириш зарур. Фурсат ўтганда бу савобдан маҳрум бўлиб қолиш хавфи ҳам мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Садақа қилинглар! (ҳали бир вақтлар келадики), бир киши садақасини кўтариб юрса, у (садақа) бериладиган бўлган одам: “Буни кеча олиб келганингда, сендан олишим мумкин эди. Аммо энди менинг унга ҳожатим йўқ”, дейди. Шундай қилиб, уни қабул қиладиганни топа олмайди» (Ҳориса ибн Ваҳб розийаллоҳу анҳудан).
Садақа, хайр-эҳсон қилиш тақво, зоҳидлик ва тариқат йўлида юрган банданинг ишидир. Айниқса, ўзи ўта бой бўлмай туриб, топганидан садақа қилиш катта савоб. Зеро, “садақа” сўзи тасдиқ маъносини англатиб, банданинг имонини тасдиқлашга хизмат қилади.
– Мўмин киши фаровонлик ва танглик дамларида қай мақом, даражада бўлмасин, ўзини чин бандалик йўлида тутиши керак. Бунинг бош омили нимада деб ўйлайсиз?
– Муқаддас динимизда шукрга буюк ибодат сифатида қаралади. Бандаларини ҳамиша ва ҳар қачон шукр қилишга буюрган Раббимиз “...албатта, Аллоҳ шукрни қабул этувчи, доно зотдир”, (Бақара сураси, 158-оят) дея эслатма беради. Бу эса банда қилган озгина амалга ҳам кўп савоб бериш билан уни мукофотлайди, деганидир. Биздан талаб нима экан, беҳисоб неъматларга шукрона айтиш, бари Аллоҳдан эканини эътироф қилиш экан. Ўйлаб кўрайлик, ҳаётимиз чексиз-чегарасиз моддий-маънавий неъматлар билан ўралган. Илм-маърифат, соғлик, мол-давлат, фарзанд, қадр-қиммат сингари инъомлар билан сийланганмиз. Буларнинг барчаси тафаккур ва тадаббур қилишга ундайди. Неъматнинг шукрини унутиш, мусибат етганда умидсизликка учраб, туғёнга кетиш заиф ва иродасизлар ишидир. Мўминга хос бўлган хислат хурсандчиликда шукр қилиб, мусибат етганда сабр қилишдир. Инсон ҳаёти давомида дуч келадиган ҳар қандай ҳолатни ўзининг фойдасига буриши, ундан дунё ва охирати учун фойда олиши мумкин.
Суҳайб розийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Мўминнинг иши ажойиб. Унинг барча иши яхшиликдир. Бу фақат мўмин учунгина хосдир. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади, бунинг учун унга яхшилик бўлади. Агар унга зарар етса, сабр қилади, бунинг учун унга яхшилик етади” (Имом Муслим ривояти).
«Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Бордию ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси, 7-оят). Демак, яхшиликлар бардавом бўлиши ҳам шукронамизга боғлиқ.
– Дарҳақиқат, Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳудан қуйидаги ўгитлар ривоят қилинган: “Неъмат шукрга боғланган. Шукр эса зиёда бўлиш билан алоқадор. Ҳар иккиси тенг бириктирилган. Банда шукрни тўхтатмаса, Аллоҳ зиёда қилишни тўхтатмайди”.
– Шукр қилиш ҳам ўз-ўзидан бўлмайди, балки ўзидаги моддий ва маънавий неъматлар ҳақида кўп мулоҳаза қилиш, улар берилган тақдирда қандай ҳолатда бўлишини тасаввур этиш, ўзидан қашшоқроқ, қийналганроқ кишиларни ёдга олиш инсонни ўзидаги неъматлар учун Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Бу иши инъом этувчига ҳам манзур бўлади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Аксинча, ношукрлик, нонкўрлик каби ҳолатлар инъом этувчида ғазабига сабаб бўлиши мумкин.
Ҳасан Басрий айтади: “Аллоҳ хоҳлаганича неъмат бериши мумкин. Агар неъматга шукр қилинмаса, уни азобга айлантиради. Шунинг учун шукрни “сақловчи” деб номлашган. Чунки у бор неъматларни муҳофаза қилади. Яна уни “жалб” қилгувчи ҳам дейишган. Чунки у йўқ неъматни жалб қилади”.
Шақиқ Балхий бир кишидан: “Эй биродар, менга кенгчилик ва тангликдаги ҳолатингизни сифатланг-чи?” деб сўради. У: “Биз берилса, шукр қиладиган, тўсилса, сабр қиладиган қавммиз”, деб жавоб қайтарди. Шақиқ: “Бу Балх итларининг ҳоли-ку”, деди. Ҳалиги киши ажабланиб: “Унда сизларнинг кенгчилик ва тангликдаги ҳолатингиз қандай?” деб сўради. Шақиқ бунга: “Биз тўсилса, сабр қиладиган, берилса, шукрини қилиб бошқаларга ҳам улашадиган қавммиз”, деб жавоб қайтарди.
Хулоса – шу, қазо ва қадарга имон келтирган инсон бошқалардан айб, хато қидирмасдан неъматларга шукр, гуноҳига истиғфор айтиб, дуоларда бардавом бўлиши лозим.
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ
суҳбатлашди.
“Ҳидоят” журналининг 7 сонидан олинди.
Бир савол сўрасам: 6. Аёл киши турмушга чиққач, эрининг фамилиясига ўтиши мажбурий-ми?
— Аёл киши турмушга чиққач, эрининг фамилиясига ўтиши мумкин-ми? Бу ишда хотинни мажбурлаб бўлади-ми?
— Модомики, урфда бу ҳол кишини танитиш йўлларидан бири ҳисобланса, хотин эрнинг фамилиясини олиши жоиз ишдир. Фақат шарти шуки, бу шариатда қайтарилган насабни даъво қилиш йўли билан бўлмасин. Аммо шунчаки ўзини танитиш воситаси ўлароқ, эр фамилиясига ўтишнинг зарари йўқ. Бунга қуйидагилар далил бўлади: Қуръони каримнинг “Таҳрим” сураси, 10-оятида “Нуҳнинг хотини ва Лутнинг хотини”, дейилади.
Набавий Суннатда келишича, Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг хотинлари Зайнаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, киришга изн сўрайди. Шунда: “Ё Расулаллоҳ, бу Зайнаб, сизнинг олдингизга киришга изн сўраяпти”, дейишди. У зот: “Зайнабларнинг қайси бири”, дея сўрадилар. “Ибн Масъуднинг хотинлари”, дея жавоб қилишганда, “Ҳа, унга изн беринглар!”, дедилар. Унга киришга изн берилди” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, урфда жорий бўлса, аёлнинг эр фамилиясига ўтиши жоиз. Валлоҳу аълам!
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ