Мақолалар

Бандам сабр қилса, Жаннатни бераман

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ قَالَ: إِذَا ابْتَلَيْتُ عَبْدِي بِحَبِيبَتَيْهِ فَصَبَرَ عَوَّضْتُهُ مِنْهُمَا الْجَنَّةَ» يُرِيدُ عَيْنَيْهِ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай деганларини эшитдим: Аллоҳ азза ва жалла деди: “Агар бандамни икки суюклиси билан синасам. Бас у сабр қилса, у иккисининг эвазига жаннати бераман”, банданинг икки кўзини ирода қилди, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисни Роббиси Аллоҳ таоло томонидан хабар қилганлар. Бундайин ҳадис турига қудусий ҳадис дейилади.

Ҳадисни шарҳини ўрганишимиздан олдин бир тафаккур қилиб кўрайлик. Агар Аллоҳ таоло бандасининг ҳис қилиш аъзоларидан бирини синов ўлароқ олса, унинг ўрнига бошқа ҳис қилиш аъзосини кучли қилиб қўяди. Буни ҳаётда эшитиб, кўзимиз билан кўрганмиз. Мисол учун баъзан кўзи ожиз бўлган кишиларни бозорда бемалол юрганини кўрамиз. Гўёки кўзини кўради, деб ҳам ўйлаб қоламиз. Чунки қаерда баланд жой ва қаерда пастлик келишини ҳамда қаердан бурулса, қаерга боришини ҳам айтиб беришади.

Яна улардан баъзилари автомобилга чиққанларида, уйларига етиб боргунларича, фалон жойдан ўнгга буруласиз, кейин чапга деб, ҳайдовчига йўл ҳам кўрсатадилар. Манзилга етиб келганларида ана келдик, деб ҳам тасдиқлаб қўядилар.

Шунингдек, кўзлари ожиз бўлган аксар кишиларда орадан бир неча йиллар ўтса ҳам, бир марта кўришган инсонни овозидан, саломлашганда қўлларини ушлаб ёки бағрига босиб кўришганда таниб олади ва исмини ҳам айтиб беради. Чунки уларда кўрмаганликларининг эвазига зеҳинлари кучли бўлади. Натижада Қуръони каримни ва ҳадиси шарифларни ҳам тез ёдлаш қобилятига эга бўладилар. Субҳаналлоҳ! Демак, Аллоҳ таоло бандасидан олган бу неъматининг эвазига кучли идрок ва ҳисни бериб қўяр экан.

Энди бевосита қудусий ҳадиснинг шарҳига келадиган бўлсак: Аслида ақл тарозимизга солганимизда, инсон икки кўзидан айрилса, дунёдаги кўплаб неъматларни кўришдан бебаҳра бўлади. Зотан, кўплаб неъматларни киши кўриш ҳисси билан идрок қилади. Аммо кимнинг икки кўзи кўрмаса, гўзаллик ва қабоҳатни ажратаолмайди. Ота-она буюк зотлигини англайди, лекин уларни кўраолмайди, фарзанд неъмати нима эканлигини билади, бироқ уни кўраолмайди, боғ-роғлар нима эканини ҳис қилади, аммо уни кўзлари билан кўриб роҳатланаолмайди.

Бу ҳолатни фақатгина бошига тушган киши ёки тажриба ўлароқ ўзини бир неча соат ёҳуд бир неча кунга кўзини юмиб олган ёки бўлмасам чироғи бор одам бирданига чироғи ўчиб, бир неча саот зулуматда ўтирганда билиши ва қадрига етиши мумкин. Лекин биз юқорида санаганларимизнинг кўрмай қолишлари вақтинча бўлиб, бир неча дақиқа ёки соат бўлиши мумкин. Аммо икки кўзи ожиз одам то вафот этгунига қадар шу йўсинда яшайди.

Шундай экан икки кўзнинг кўрмаслиги катта синов, катта синовнинг мукофоти ҳам катта бўлади. У ҳам бўлса, ҳар бир мўмин мусулмоннинг охиратдаги мақсади бўлмиш жаннат ва унинг неъматларидир.

Аллоҳ таоло икки кўзи ожиз бўлган мўмин мусулмон бандасига бир қаричи дунё ва ундаги нарсалардан афзал ва аъло бўлган жаннатни ваъда қилди. Охират боқийдир, дунё эса, фонийдир. Бу қандай ҳам гўзал эваздир. Чунки дунё лаззатларини кўриш дунё тугаши билан тўхтайди амма, жаннатнинг лаззатларини кўриш эса абадийдир.

Аллоҳ таоло кўзи ожизларга ҳам, кўзи очиқларга ҳам бу мукофоти ато этсин. Кўзи ожиз бўлганларга эса, сабру-салвонлар берсин.

 Яҳё домла АБДУРАҲМОНОВ,

“Имом ат-Термизий” масжиди имом-хатиби,

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси.

 

820 марта ўқилди

Мақолалар

Top