Мақолалар

Таҳоратда аъзоларни уч мартадан ортиқ ювиш

Cавол: Таҳорат қилаётганда аъзоларни уч мартадан ортиқ ювиш мумкин эмас, деб эшитдим. Уч мартадан кўпроқ ювиш мумкин эмасми?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Таҳоратда ювиладиган аъзоларни уч марта ювиш суннат ҳисобланади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган: Амр ибн Шуайб отасидан, у киши ҳам отасидан ривоят қилади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнига келиб: “Ё, Аллоҳнинг Расули! Таҳорат қандай қилинади?” деб сўради.

Бир идишда таҳорат суви олиб келишни буюрдилар, кейин кафтларини, юзларини, билакларини уч марта ювдилар. Бошларини масҳ қилдилар, кўрсатгич бармоқларини қулоқ ичига тиқиб, бош бармоқлари билан қулоқ орқаси, кўрсатгич бармоқлари билан қулоқ ичини масҳ қилдилар. Сўнгра оёқларини уч мартадан ювдилар. Кейин: “Таҳорат шундай бўлади, ким бунга зиёда қилса ёки камайтирса, ёмон иш ва ўзига зулм қилибди” ёки “зулм ва ёмон иш қилибди”, дедилар”.

Уламолар мазкур маънодаги ҳадисларни далил қилиб, таҳоратда ювиладиган аъзоларни уч мартадан ювишни суннат дейишган.

Саволда айтилгандек аъзоларни уч мартадан кўп ювиш икки хил мақсадда бўлиши мумкин. Биринчиси, уч марта ювиш суннат, деб эътиқод қилмайди. Шунинг учун уч мартадан кўп ювади. Бу хато ҳисобланади ва ҳадисдаги зулм қилибди, дейилган ваъидга тушиб қолади.

Иккинчиси, уч марта ювиш суннат эканини билади ва шунга эътиқод қилади. Аммо бирор сабаб туфайли кам ёки кўп ювса, ҳадисдаги ваъидга тушмайди. Бу ҳақида Аллома Ибн Обидийн раҳимаҳуллоҳ бундай деган:

(Таҳоратдаги суннатлардан бири) ювиладиган аъзоларни уч мартадан ювишдир. Агар доим бир мартадан ювишни одат қилиб олса, гуноҳкор бўлади. Агар одат қилмай, баъзида шундай қилса, гуноҳ бўлмайди. Агар қалб хотиржамлиги учун ёки таҳорат устига таҳорат олиш мақсадида зиёда қилса, зарари йўқ. Қалбни хотиржам қилиш каби сабаблар туфайли учтадан кўп қилиш васвасага учрамаган киши учундир. Васвасага учраган киши учтадан кўп ювмайди. У шайтон васвасасини узиш учун учта билан кифояланади. Қалбидаги шубҳага аҳамият бермайди” (“Раддул муҳтор” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

847 марта ўқилди
Мавзулар
Другие материалы в этой категории: « Иблиснинг қасами Yoshlarning "ikkinchi uyi" »

Мақолалар

Top