Мақолалар

Номаҳрам аёлларга қарашнинг зарари (биринчи мақола)

Яқинда бир сайтда жуда долзарб мавзуда ёзилган мақолага кўзим тушиб қолди. Ушбу мақолага «Либос танани яширишгами ёки кўз-кўз қилишга?» - деб сарлавҳа қўйилган эди.

Муаллиф кўпчиликни ташвишга солаётган муаммони кўтариб, аёллар қоматини очиқ-ойдин кўз-кўз қилувчи тор либослар ва авратларни очиб, ярим яланғоч юриши хақида сўз олиб борган. Уни ўқиб чиққандан кейин «авратни очиб, баданни кўз-кўз қилган беҳаёларни ҳузур билан томоша қилувчиларнинг ҳукмичи?» деган мавзуни ёритишни лозим топдик. Чунки бугунги кунда беҳаёларга суқланиб қаровчилар айни манзара соҳибаларидан кўп бўлса кўпки, асло кам эмас. Бу «касаллик» ўспирин йигитлардан ўтиб, ёши бир жойга бориб қолган кексалар орасида ҳам учраб туриши янада ачинарли ҳолдир. Ҳаром қилинган нарсаларга тикилишнинг зарари, гуноҳи ва ундан тийилишнинг ажр-мукофотларидан бехабарликни «инсон қалбида бу иллатни шакллантирувчи омил» деб айтиш мумкин.

Аллоҳ кўз неъматини берар экан, у билан бирга банданинг зиммасига бир қанча масъулиятларни ҳам юклаган. Ҳар бир кўз эгаси илоҳий фармонга биноан маълум нарсаларга қарашдан кўзларини тийиши лозим. Нафсимиз хоҳлаган йўсинда амал қилар эканмиз, албатта қиёматда бунинг ҳисобини берамиз.

Қуръони каримда қуйидагича амр қилинади:

«Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир» (Нур сураси, 30-оят).

Ояти каримада Аллоҳ таоло қараш ҳаром қилинган нарсаларга назар қилмоқдан тийилишни вожиб деб ҳукм қилибгина қолмай, кўзни тийишнинг фойдасини ҳам баён этмоқда. Ўша фойда маънавий покликдир. Демак кўзни тийиш маънавий поклик сари чорласа, унинг акси ўлароқ кўзни тиймаслик, маънавий бузуқликка олиб боради. Ҳаром нарсаларга тикилишнинг энг хатарли томони шуки, бу иллат секин-секин инсонни Аллоҳни зикридан тўсиб, шайтон йўлига олиб киради. Бу эса малъун Иблис учун қулай фурсатдир. Мўмин бу ҳолатга тушганида шайтон дарҳол уни яна ҳам шармандалироқ ҳолга тушириш пайига тушади. Қалбида васваса оловларини ёқиб уни зино тарафга чорлайди. Зино — ҳаром назар олиб борадиган «сўнгги манзилдир». Ҳаром назар эгаси ҳаёлида «мени ким кўрибди» деб овуниши мумкин. Аммо шуни унутмаслик керакки, Аллоҳ кўзлар кўрмай қолган ва қалблар сезмай қолган сирлардан ҳам воқифдир.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинади: «Қайси бир муслим (бегона) аёлнинг авратига назар қилиб, сўнгра Аллоҳнинг ғазабидан қўрққан ҳолда ундан кўзини олиб қочса Аллоҳ унга шундай ибодат берадики унинг лаззатини қалбида ҳис қилади» (Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилишган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинади: «Қиёмат куни (Аллоҳнинг азобидан қўрқиб) ҳар бир кўз ёш тўкади. Магар уч кишининг кўзлари мустасно.

  1. Аллоҳ қарашни ҳаром қилган нарсалардан тийилган кўз.
  2. Аллоҳ йўлида тунларни бедор қилган кўз (Масалан, мусулмонлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ухламаган кўзлар).
  3. Аллоҳдан қўрқиб пашшани бошича бўлсада ўзидан ёш чиқарган кўз» (Исфаҳоний).

Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши айтди: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан беихтиёр, тўсатдан содир бўлган назар хақида сўрадим. Ул зот жавоб бердилар: Кўзингни олиб қоч. Давом этма» (Имом Муслим ривоят қилган).

Бурайда розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинади: «Ҳой Али биринчи назарга иккинчисини эргаштирма. Чунки биринчиси сен учун (Яъни, беихтиёр бўлгани учун унга жавобгар эмассан) иккинчиси эса сени зиёнинггадир» (Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган).

Оят ва ҳадислардан кўриниб турибдики, инсон кўз неъматидан фойдаланишида маълум чегарани билиши керак. Қачонки чегарадан чиқар экан унга шайтон камонидан заҳарли ўқ отилади. Бу ўқ уни жасадини жароҳатламасада лекин қиёматда ўз таъсирини кўрсатади. Ярим-яланғоч, на шаръий ва на миллий урф одатларни писанд қилмайдиган беҳаёлар ҳар қадамда учраши мумкин. Аммо улар орасида ўзига хос жасорат билан кўзни олиб қочишга ҳам улкан мукофотлар борлигини унутмаслигимиз лозим.

Андижон шаҳридаги «Уйғур» масжидида имомлик қилган марҳум Файз Аҳмад домланинг бир одатлари бўлар экан. У киши масжидга келар чоғида йўлда аёлларга дуч келса дарҳол чакмонининг этаги билан юзини тўсиб ўтиб кетар эканлар. Домланинг бу одати катта дарс бўлиб, у кишининг имомлик вақтида, кўчада ўтирувчи аёллар сезиларли даражада камайганини кексалар хотирлайди.

(Давоми бор)

Муаллиф: Ботирали Алишер ўғли

Манба: fiqh. uz

4855 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « УСТОЗ БЎЛМАСА Устоз отангдан улуғ! »

Мақолалар

Top