www.muslimuz
Болани уриш фойдалими ё зиён?
– Биз мактабда ўқиганимизда ўқитувчиларимиздан қўрқар эдик. Айнан қўрққанимиз учун ҳам дарсга борардик, уйга берилган вазифалар албатта адо этилган бўларди. Акс ҳолда устозларимиз қулоғимиздан чўзар, чаккамизга тарсаки туширар, калтакларди. Ўзбекнинг мақоли бежиз эмас. Ўғлини ўқитиш ёхуд бирор ҳунар ўрганиши учун устозга берган ота «Эти сизники, суяги бизники» деган. Бугун эса бошқача. Фарзандини койиган муаллим билан ота-оналар дод-вой солиб жанжаллашади, ҳатто судга берганлар ҳам бор. Тартиб-қоида, қонунни пеш қилади. Бундай муносабатга сиз нима дейсиз?
– Бу саволингиз ниҳоятда жиддий бўлгани сабабли, сизни хаёлан ўтмиш сафарига таклиф этай, – дейди марҳум Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик. – Устоз Абдулла Қодирий айтганларидек, «мозийга қайтиб иш кўриш хайрлик, дейдилар». Биз кейинги пайтда янги мактабларимиз, янгича ўқитиш услубларини мақташ билан овора бўлиб, эскиларини бутунлай унутиб қўйдик. Ҳолбуки, ўтмишдаги мактаб бизга икки томонлама ибрат бўлиши керак. Ўтмиш мактабини биз кўрмаганмиз, аммо эшитганмиз. Тоғам Мирзакалон Исмоилийнинг «Фарғона тонг отгунча» китобларида ёш бола қандай калтаклангани баён этилган.
Бундай манзарани Садриддин Айнийнинг «Эски мактаб» китобида, сўнгроқ Кибриё Қаҳҳорованинг хотираларида ҳам ўқиган эдик. Адашмасам, айбдор боланинг оёқларини савалаб, ёрилган товонига туз босишар эди ва буни одатий ҳол, тарбия ўрнида қабул қилишган. Ҳолбуки, бу тарбия эмас, ваҳшийликнинг бир кўриниши бўлган. Шунинг учун ҳам жадидлар мактабнинг бу усулига жиддий қаршилик кўрсатганлар. «Фарғона тонг отгунча»даги Дилшод мактабдан безиб, меҳрибонлик билан таълим берувчи рус аёлига боради. Ҳаётда ҳам шундай бўлган. Рус-тузем мактаблари очилгач, ота-оналар шу янгича таълимни афзал билишган.
Тўғри, ўтмишдаги улуғ алломалар шу каби биз «эски» деб атайдиганимиз мактабларда билим олганлар. Жоҳил мактабдорлар билан бир қаторда билимли, меҳрибон устозлар ҳам бўлишган.
Бугунги мактабларга назар ташласак, меҳрибон устозларни ҳам кўрамиз, шафқатсизларини ҳам учратамиз. Болаларни калтаклаш хусусида баҳс очилса, калтак тарафдорларини учратишимиз табиий. Фақат муаллимлар эмас, ҳатто ота-оналар орасида ҳам «болани уриб туриш керак», деб ҳисобловчи аёвсизларни кўрамиз. Муаллим бировнинг боласини уради. Ота ёки она эса ўз фарзандини уради, баъзан аёвсиз равишда, ногирон қилиб қўйиш даражасида урганларни кўриб ёки эшитганимда юрагим эзилиб кетади. Ўз фарзандини урувчи ота ёки онанинг юраги тошдан бўлса керак. Аллоҳ болаларга намозни 10-12 ёшдан фарз қилган. Бу ёшгача болаларга гуноҳ ёзилмайди. Агар белгиланган ёшда намоз ўқимаса уриш тавсия этилган. Лекин биздаги каби аёвсиз тарзда эмас, балки тўннинг этаги билан пўписа ўрнида уриб қўйиш назарда тутилади. Фарзандларини гўдаклик чоғиданоқ уриб ташлайдиган ота-оналарга улуғ олим Пифагорнинг бир гапини эслатаман: «Қабрингиз устида йиғлай олишлари учун фарзандларингизнинг кўз ёшини тўкманг».
Бизнинг мактабларда болаларни уриш қатъий тақиқланган бўлишига қарамай, жазонинг турли усулларидан фойдаланиш ҳоллари учрайди. Айрим мамлакатларда болаларни уришга қонун йўли билан ижозат этилади. АҚШнинг баъзи штатларида калтаклаш тақиқланган, баъзиларида эса рухсат берилган. Шунинг ўзиёқ одамзод бу масалани ечишга ҳамон ожиз эканидан далолат беради.
Менинг бу борадаги шахсий фикримга келсак, ким бўлса бўлсин: муаллимми ё ота ва онами, болани уришига мутлақо қаршиман, ҳатто баъзи ўринларда шафқатсиз ота ва оналардан нафратланаман. Ота-онасидан қўрқиб яшайдиган болаларга ачинаман, уларнинг қўрқувдан мўлтиллаб турган кўзларини кўрсам йиғлагим келади. «Мен ор-номусга ва эркинликка ҳурмат руҳида ўстирилаётган ёш қалбни тарбиялашдаги ҳар қандай зўрликни қоралайман. Қаттиққўллик ва мажбурийликда қандайдир қуллик белгилари бор, мен ақл, эҳтиёткорлик ва маҳорат билан қилиш мумкин бўлмаган нарсага куч билан асло эришиб бўлмайди, деб ҳисоблайман». Камина XVI асрда яшаган француз адиби Мишель Монтеннинг бу ҳикматли гапларига ҳамфикрман.
Оилада ота ва онанинг зўравонлиги ҳукм сурса бола ҳамиша қўрқувда яшайди ва бу қўрқув унда турли иллатларни тарбиялайди. Ота-онанинг калтаклашидан қутулиб қолиш учун ёлғон тўқийди, чақимчилик қилади, ҳатто фитнадан ҳам қайтмайди. Бир она чақалоғини 12 ёшли қизига тутқазиб, «эҳтиёт бўл, қўлингдан тушиб кетмасин, йиқитсанг, худди ўлдираман», деб огоҳлантиради. «Ўлдираман», деган қуриқ пўписани қизча росмана ҳукм ўрнида қабул қилади. Болани йиқитиб юборганда, онаси ошхонада пиёз тўғраётган бўлади. Гўдакнинг йиғисини эшитган она ҳовлига қўлидаги пичоқ билан югуриб чиқади. Пичоқни кўрган қизча «энди ўлдирадилар!» деган қўрқувда тилдан қолади. Унинг шифо топмаганига ўзим гувоҳман!
Яқинда иккинчи синф ўқувчиси ўзини осиб қўйибди. Бунақа ҳолат ўсмирлар орасида учраб турарди. Аммо 9 ёшли боланинг фожиасига энди гувоҳ бўлишим. Ўсмирлар бирон нарсадан қаттиқ ғазабланиб ёки бирон нарсага қаршилик билдириб жонларига қасд қиладилар. 9 ёшли болакай эса ота-онасидан қўрққанидан ўзини осган. Дарсда «икки» баҳо олиб йиғлаб юборганида нодон муаллимаси «Шунга ҳам йиғлайсанми, ундан кўра ўзингни осиб қўя қолмайсанми!» – деган. Бу пичинг болага нажот йўли бўлиб кўринган. Чунки ота-онаси ундан фақат «беш» баҳо олишни талаб қилишган. «Тўрт» баҳо учун ҳам бола жазоланган: бурчакка тик турғазиб қўйилган ё ширинлик, ё бошқа нарсадан маҳрум қилинган. Бу шунчаки жазо эмас, таҳқирлаш эканини кўп ота-оналар тушунишмайди.
Ўз боласини бу тарзда хорлагандан кўра, камарда икки марта саваласа, боланинг кўнгли бунчалик оғримайди. «Икки» баҳо олиш бола учун катта фожиа бўлиб туюлган. Жиноят ишида ўлимга руҳан мажбур қилиш сабаблари ўрганилади. Терговчи, шубҳасиз, муаллимани айблайди. Уйдаги шароитга эса аҳамият бермайди. Ҳолбуки бу фожиада муаллимага нисбатан ота-онанинг айби кўпроқ.
Ҳамонки сўз муаллиманинг нодонлиги ҳақида очилди, тарбиячилар масъулиятини ҳам эслатиб ўтайлик. «Тарбиячи» – шунчаки бир касб эмас, балки ҳам шараф, ҳам масъулиятдир. Биз Аллоҳга «Раббим», деб илтижо қиламиз. «Раббим» – «тарбиячим» демакдир. Аллоҳ фақатгина яратувчи – Холиқгина эмас, бандаларининг тарбиячиси ҳамдир. Ердаги тарбиячилар Аллоҳнинг бу борадаги холис хизматчилари бўлганлари боис ҳам уларнинг касби шарафлидир. Тарбиячи тарбияланувчиларга муайян билим бериш билангина эмас, балки одоби, турмуш тарзи, ҳар кунги воқеаларга муносабати билан ҳам таъсир кўрсатиш вазифаси ва масъулиятини ҳам зиммасига олган бўлиши керак. Мураббий ўзининг асосий вазифаси ўз тарбияланувчиларини ақлий меҳнатга ўргатишдан иборатлиги ва бу вазифа дарс ўқитишдан ҳам кўра муҳимроқ эканлигини унутмаслиги лозим.
Яхши муаллим бўлиш учун нимани ўқитсанг – ўшанга, кимни ўқитсанг – ўшаларга меҳр қўймоқ зарур. Сўз дегани тарбиячи-муаллимларга ўз фикрларининг баёни учун эмас, балки бошқалар тафаккурини уйғотиш учун берилган. Қаердаки бўлмасин, сўз одамлар ўртасидаги воситачилик хизматини ўтар экан, айниқса таълим соҳасида ортиқча гапириш ҳам, гапни тўмтоқ тугатиш ҳам номақбулдир.
Мавзуни якунлашдан олдин ўтмиш донишмандларининг фикрларига асосланган ҳолда яна болани уриш масаласига қайтмоқчиман.
«Болани сўксанг – бети қотар, урсанг – эти» – деган мақолга эътирозим йўқ. Баъзи одамларнинг айбини айтиб, танбеҳ берсангиз, кўзини лўқ қилиб, без бўлиб тураверади. Назаримда бу тоифа одамлар болалигида кўп сўкиш эшитаверганидан бети қотиб кетган бўлса керак. «Таёқ айиқни ҳам мулла қилар» – бу мақолни бола тарбиясига қўллаб бўлмайди. Агар таёқ яхши тарбия воситаси бўлганида эди, унинг ижобий самарасини энг кўп таёқ ейдиган эшакда кўрган бўлардик. Бу борада Суқрот ҳакимнинг «Сўз таъсир қилмаган одамга калтак ҳам ўтмайди», деган ҳикматлари ғоят ўринлидир. Абулқосим Замаҳшарийнинг «Виждон азобию таънадан тўғри бўлмаган кимсани таълим-тарбия ва қийнаш билан ҳам тўғрилаш амри маҳол», деган ҳикматлари неча асрларни оралаб бизга етиб келибдими, демак, ҳаёт тажрибасидан ўтган айни ҳақиқатдир.
Болани сўкишса, уришса ва турли йўллар билан хафа қилишса, у энг кичик ёшиданоқ ўзини ёлғиз сеза бошлайди. Агар бола ёмон иш қилганлиги учун жазоланиб, яхши иш қилганлиги учун тақдирланса, у яхши ишни фақат фойдаси учун қиладиган бўлади. Кам таҳқирланган бола ўз қадр-қимматини яхши англайдиган киши бўлиб етишади.
Худди бола фикри каби бола ҳиссиёти ҳам зўрлик қилмасдан бошқарилмоғи лозимлигини унутмаслик керак. Қўпол куч ишлатганга қараганда яхши гап билан ҳар доим кўпроқ натижага эришилишини барча билади-ю, лекин бу ҳақиқатга амал қилувчилар кам. Тарбия бобида болани сўкиб мақсаднинг учдан бирига, севиш ва сийлаш билан ҳаммасига эришилади. Яхши гап билан эриша олмаган одам қаттиққўллик билан ҳам эриша олмайди. Мажбурлаб ўргатиш, сиқиқ, зўрлаш туфайли эришилган ҳамма нарса омонат, нотўғри ва ишончсиздир. Тарбия соҳасидаги бола учун биринчи сабоқ, майли, итоаткорлик бўла қолсин – шунда муаллим ёки ота-она нимани зарур деб топса, ўша иккинчи сабоқ бўлади.
Анвар Намозов,
журналист
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудек бўламан
Икки дунёда ҳам ютуққа эришишни истаб ҳаракат қилаётган бўлсангиз, демак сиз бир чўққисиз… Аллоҳ таолонинг тавфиқига лойиқ бўлиш учун ҳаракат қиладиганлар ҳам чўққилардир…
Чўққиларнинг аввали ва энг баланди пайғамбарлар бўлиб, уларнинг бошида расуллар имоми Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам турадилар… Пайғамбарлар ўзларининг бор имкониятларини инсонларни тўғри йўлга бошлаш, нажотга етаклаш учун сафарбар этишган…
Икки дунёда ютуққа эришиш – обидларнинг, яхшилик қилувчиларнинг, холис кишиларнинг орзусидир… Қолганлар эса сароб орзулар билан яшайдилар…
Ҳаётдаги ажабланарли ҳолатлардан бири шуки, сиз кўпинча эришишингиз мумкин бўлган чўққидан “Мен қила олмайман”, дея маҳрум бўласиз.
Буюк олимлардан бири билимдон ўғлидан: “Ҳаётда қандай мақсадга эришишни хоҳлайсан, буюклардан айнан кимдек бўлишни хоҳлайсан, ўғлим?”, деб сўраган экан.
Шунда ўғли жавоб берибди: “Сиздек бўлишни истайман”.
Отаси дебдики: “Эх, ўғлим-а! Шунчалик ҳам ҳимматингни паст қиласанми?! Ўғлим! Мен ўспиринлик вақтимдаёқ Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудек бўламан деб ўзим учун марра қўйганман, шундан кейин меҳнатдан, саъй-ҳаракатдан тинмадим, натижада сен ҳозир кўриб турган даражага етдим. Мен билан Алий розияллоҳу анҳунинг ўртасида қанчалик катта фарқ борлигини ўзинг биласан. Энди ўйлаб кўр, мендек бўлишни хоҳлар экансан, Алий билан менинг ўртамдагичалик фарқ мен билан сенинг ўртангда бўлиши сени қониқтирадими?!”
Ютуқ миллионларни йиғишда, бойликларга эга бўлишда эмас! Ютуқ – нафсларни тарбиялаш, қадриятларни сингдириш, Аллоҳнинг ризосига етишишдадир!
Қадимда хитойликлар душмандан омонда яшаш мақсадида буюк хитой деворини қуришганди ва у баланд бўлганидан ҳеч ким уни ошиб ўтолмайди, деб ўйлашганди.
Аммо! Девор қурилганидан кейинги юз йилликнинг ўзидаёқ Хитой уч бора душман ҳужумига учради, ёв қўшини деворни бузиб ёки ошиб ўтиришгани йўқ. Балки, ҳар сафар ичкарига киришда дарвоза посбонига пора бериб эшикдан кириб кетишди! Гап шундаки, хитойликлар девор қуришни қойиллатишди-ю, бироқ қўриқчилар “қуришни” эътибордан қочиришди.
Ҳикоя қилинишича, бир моҳир тикувчи набирасига ҳаётий сабоқ бермоқчи бўлибди. Янги кийим тикиш асносида қимматбаҳо қайчисини ишлатибди ва у билан катта материални – янги кийим тикиш учун – кичкина бўлакларга бўлиб ташлабди. Қирқиб бўлиши билан қиммат қайчисини ерга оёғи остига отиб юборибди! Болакай бобосининг ишидан ажабланибди. Кейин бобо игнани олиб бўлакларни бир-бирга улаб кийим тика бошлабди. Игнадан фойдаланиб бўлгач, уни салласига қадаб қўйибди. Буни кўрган бола бобосининг ишидан таажжубини яшириб туролмабди ва ундан: “Бобожон, нега қимматбаҳо қайчингизни ерга улоқтирдингиз-у, арзимаган пул турадиган игнани бошингиздаги саллага қададингиз?” деб сўрабди. Бобоси жавоб берибди: “Болагинам, қайчи – катта материални кесиб, майда бўлакларга ажратиб юборди! Игна эса шу бўлакларни жамлади ва чиройли кийим ҳолига келтирди! Шундай экан, яқинлигимизни, биродарлигимизни бузишга, ўртамизни айиришга уринадиганларнинг қадрини асло кўтармагин, гарчи уларнинг бойлиги, обрўси баланд бўлса ҳам!”
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Ҳаж сафари арафасидаги аёл-қизлар билан суҳбат ўтказилди
Шу йилнинг 11 июнь куни Шоввот, Урганч тумани ва шаҳридаги муборак ҳаж сафарига кетиш арафасидаги аёл-қизлар билан ҳаж сафарида эътибор бериш лозим бўлган жиҳатлар хусусида суҳбат бўлиб ўтди. Унда Диний идора мутахассиси Мунира Абубакирова қатнашиб, мазкур мавзуда маъруза қилиб берди.
Суҳбат асносида ҳаж – Ислом арконларидан бири бўлиб, мўмин-мусулмон умрида бир марта адо этиши фарз экани, ҳаж ҳам жисмоний, ҳам молиявий ибодатлиги, фиқҳий китобларда кишига ҳажнинг фарз бўлиши учун, аввало, мусулмон, балоғат ёшига тўлган, оқил, тани соғ бўлиши, бориб келгунча йўл харажатларига етадиган маблағга эга бўлиши каби шартлар мавжуд бўлиши, аёл кишига эса юқоридаги шартлари билан бирга эри ёки бирорта маҳрами ҳамроҳ бўлиши шарт қилиниши, ҳажнинг мукаммал бўлиши ҳақида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”, деганлари алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, аёллар эҳромда нималарга амал қилиши, Мино, Арофот, Муздалифа ва икки ҳарам масжидидаги одоблар ҳақида ҳам тушунча берилди.
Маърифий тадбирда Хоразм вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Ф.Отажанова, шаҳар ва туман отиноийлари ҳамда 60 яқин ҳажга кетаётган аёл-қиз қатнашди.
Манфаатли суҳбат давомида мутасаддилар иштирокчиларнинг саволларига жавоб беришди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бу йилги ҳаж мавсумида икки миллион зиёратчи қатнашмоқда
Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа бу йилги ҳаж мавсумида “Корона” пандемиясидан олдинги каби 57 та ислом давлатларидан икки миллион зиёратчи келишини тасдиқлади.
Ҳусайн Тоҳа “аш-Шарқ ал-Aвсат” газетасига берган интервьюсида Саудия Aрабистони бу йил зиёратчиларни қабул қилишга тайёрлиги доирасида катта саъй-ҳаракатларни амалга ошираётганини таъкидлади. Ҳаж ва Умра вазирлиги зиёратчилар сони ўртасида керакли мувозанатни яратиш, зиёратчилар ва муқаддас қадамжолар салоҳияти, у ерда амалга оширилаётган йирик ободонлаштириш лойиҳалари орқали яхлит стратегик режа доирасида кўпроқ зиёратчиларни қабул қила оладиган инфратузилмани барпо этиш устида иш олиб бораётганини қўшимча қилди.
Унинг айтишича, “Макка йўли” ташаббус очиқдан очиқ бўлиб, у “Нигоҳ-2030” лойиҳасининг “Раҳмон меҳмонларига хизмат кўрсатиш дастурлари” доирасида зиёратчиларга бир қатор қулайликлар ҳозирланмоқда. Булар қаторида электрон виза бериш тартибини айтиш мумкин.
“Макка йўли” ташаббуси
Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа Саудия Aрабистони ҳукумати Корона пандемияси сабабли икки йиллик танаффусдан кейин 5 йил олдин бошлаган Ҳаж ташаббусини тақдим этишда давом этмоқда. Чунки зиёратчилар учун ибодатларни бажариш сафари соатлаб бир неча дақиқагача қисқарди. "Макка йўли" ташаббуси Саудия Aрабистони ташаббуси бўлиб, ўз мамлакатларида зиёратчилар учун тартибларни тугатишдан иборат. Бу йил дастурга Покистон, Малайзия, Индонезия, Марокаш ва Бангладеш кирди. Бу йилги Ҳаж мавсумида ундан 225 минг зиёратчи манфаат кўради.
Унинг қўшимча қилишича, “Макка йўли” ташаббуси ташкил этилганидан буён жами 6 давлат фойда кўраётган бўлса, бу ташаббус ҳаж зиёратини адо этиш учун зарур тартиб-қоидаларни бажариш вақтини қисқартиради, чунки зиёратчиларни қабул қилиш, уларга визани электрон шаклда беришдан бошлаб, жўнаб кетиш залида паспорт тартиб-қоидаларини бажаришга оид тартиблар амалга оширилади.
Соғлиқни сақлаш талаблари мавжудлигини текширилганидан сўнг жўнаб кетаётган мамлакат аэропортидан, юкни ташиш бўйича кодлаш ҳамда зиёратчилар етиб келгач, тўғридан-тўғри Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварадаги ўз меҳмонхоналарига бориш учун ажратилган йўлакларга ўтадилар, хизмат кўрсатиш агентликлари эса уларнинг юкларини уйларига етказадилар.
ЎМИ ходими И. Аҳмедов тайёрлади
260 000 нусхада Қуръон китоби чоп этилади
Бирлашган Aраб Aмирликларидаги икки маданият муассасаси Шайх Мактум Қуръони каримнинг 260 минг ададда чоп этиш ва нашр этиш бўйича келишувини эълон қилди.
“ИҚНA”нинг “Aл Баян” сайтига таяниб хабар беришича, “DUBAI” медиа компанияси ҳамда Дубайнинг Ислом ва хайрия ишлари департаменти Шайх Мактум бин Рошид Ол Мактум (БAA миллий Қуръони)нинг 260 минг нусхасини чоп этиш бўйича келишув имзолаган.
Марҳум Шайх Мактум ибн Рошид Ол Мактум Осимдан Ҳафс (Хафс аън Осим) ривоятидаги Қуръон янги шрифтда чоп этилади.
2002 йилдан бери мазкур Қуръони Каримнинг қарийб 3500 000 нусхаси маҳаллий, минтақавий ва халқаро миқёсда, шунингдек, Aфрикадаги барча муассасалар, Араб, Европа ва дунёнинг бошқа мамлакатларида мусулмон жамоаларига тарқатилган.
ЎМИ ходими И.Аҳмедов тайёрлади.