Ўзбекистон янгиликлари

Ҳаж сафари арафасидаги аёл-қизлар билан суҳбат ўтказилди

Шу йилнинг 11 июнь куни Шоввот, Урганч тумани ва шаҳридаги муборак ҳаж сафарига кетиш арафасидаги аёл-қизлар билан ҳаж сафарида эътибор бериш лозим бўлган жиҳатлар хусусида суҳбат бўлиб ўтди. Унда Диний идора мутахассиси Мунира Абубакирова қатнашиб, мазкур мавзуда маъруза қилиб берди.

Суҳбат асносида ҳаж – Ислом арконларидан бири бўлиб, мўмин-мусулмон умрида бир марта адо этиши фарз экани, ҳаж ҳам жисмоний, ҳам молиявий ибодатлиги, фиқҳий китобларда кишига ҳажнинг фарз бўлиши учун, аввало, мусулмон, балоғат ёшига тўлган, оқил, тани соғ бўлиши, бориб келгунча йўл харажатларига етадиган маблағга эга бўлиши каби шартлар мавжуд бўлиши, аёл кишига эса юқоридаги шартлари билан бирга эри ёки бирорта маҳрами ҳамроҳ бўлиши шарт қилиниши, ҳажнинг мукаммал бўлиши ҳақида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”, деганлари алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, аёллар эҳромда нималарга амал қилиши, Мино, Арофот, Муздалифа ва икки ҳарам масжидидаги одоблар ҳақида ҳам тушунча берилди.

Маърифий тадбирда Хоразм вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Ф.Отажанова, шаҳар ва туман отиноийлари ҳамда 60 яқин ҳажга кетаётган аёл-қиз қатнашди.

Манфаатли суҳбат давомида мутасаддилар иштирокчиларнинг саволларига жавоб беришди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

803 марта ўқилди

Янгиликлар

Top