Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
www.muslimuz
“Лайк” талвасаси
Ҳеч бир инсон ўзини нодонлик ва жоҳилликда айблашларига чидаб тура олмайди. Аммо, қилаётган ишлари уларнинг ким эканни кўрсатиб туради. Ундай инсонлар учун атрофдагилар ойна бўлиши ҳамда ўзларига хулоса чиқариши лозим.
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида бир гуруҳ ёшлар ўртасидаги баҳсдан сўнг йигитлардан бирига бензин қуйиб, ёқиб юборилгани ва у ўзини сувга отгани ҳақидаги видеони такрор ва такрор намойиш этилмоқда. Мазкур лавҳаларни кўрган томошабинларнинг баъзилари ҳайратланиб, мириқиб кулса, соғлом, ақли расо одамлар эса бу “шоввозларни” руҳан хастага чиқаришмоқда. Воқеликни таҳлил қилиш ва кимнидир қоралашдан аввал мазкур ҳолатнинг тавсифига тўхталиш мақсадга мувофиқдир. Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси ушбу ҳолат юзасидан берган маълумотига кўра, ушбу шахсларнинг барчаси (тўрт нафар) Хоразм вилоятида яшайди, улардан бири 1992 йилда, қолган уч нафари эса 1999 йилда туғилган. Видеода қайд этилган ҳолат 18 июнь куни Урганч шаҳридан оқиб ўтувчи Шовот канали устидаги пиёдалар ўтиш кўпригида содир бўлган.
Танасида ёниб турган олов билан сувга сакраган шахс 19 июнь куни шифохонага мурожаат қилган, унга «оловдан чап қўл елка, бўйин, иккала курак ва бел соҳалари I-II-IIIА даражали термик куйиш. С-20%. Куйиш касаллиги, куйиш шоки ўрта оғир даражаси» ташхиси қўйилиб, тиббий ёрдам кўрсатилган.
Аввало, келтирилган манбалар воқеа бир гуруҳ ўсмир ёшларнинг гаров ўйнашидан бошланганлигини таъкидламоқда. Яъни, ҳодиса қаҳрамони танишлари билан устига бензин қуйилган ҳолда кўприкдан сувга сакраш хусусида гаров боғлаган.
Ислом динимизда гаров боғлаб ўйнаш тақиқланган ва у қимор сифатида таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қиморни ёмонлаб шундай марҳамат қилади: “Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: “Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир”, деб айт (Бақара сураси, 129).
Яна бир оятда Аллоҳ таоло айтади: “Эй имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (Моида сураси, 90-оят).
Юқоридаги оятлар орқали Аллоҳ таоло қимор ҳаром экани ва нақадар ёмон иш эканини очиқ ойдин баён этмоқда. Кишиларнинг гаров боғлаб баҳслашишлари ҳам қимордан ўзга нарса эмас. Айни шижоатга тўла даврда, билим олиб келажагини қурадиган ёшлар дунёси ва дини учун ҳеч қандай манфаати йўқ аксинча жони ва молига зарар берувчи, Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор қилувчи амаллар билан шуғулланаётгани кишини ўйга толдиради.
Баланд кўприкда яланғоч ҳолатда турган йигит, дўстлари томонидан устига бензин қуйилиши ва олов ёқилишига мамнунлик ва кибр ила розилик билдириши унинг тарбиясида улкан нуқсон борлигини ҳамда насиҳатга муҳтож эканидан дарак бермоқда. Унинг устига бензин қуйган ва олов ёққанлар эса разилликдан бошқа иш қилаётгани йўқ.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсоннинг шаънини баён қилиб: “Биз одамзотни азизу мукаррам қилиб яратдик ҳамда уларни сувда ҳам, қуруқликда ҳам юрадиган қилиб қўйдик. Уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқ ато этиб, уларни бошқа ҳамма махлуқотдан афзал этдик”- деб марҳамат қилган (Ал-Исро сураси, 70-оят).
Мазкур оят инсоннинг қадру қиймати нечоғли баланд эканини очиқ ойдин кўрсатади. Парвардигор одамзотга шунчалик мурувват кўрсатган экан, инсон бу неъматнинг қадрига етмоғи, унинг шукрини адо этмоғи, қолаверса ўша мақом ва даражага мос тарзда ҳаёт кечирмоғи лозим бўлади. Бугун оила, таълим даргоҳи ва жамият фарзандларимизга ўзининг ким эканини ва юқоридаги оятнинг моҳиятини етарлича тушунтира олмаётгандек гўё.
Ҳаёт инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан инсонга топширилган имконият ва масъулиятдир. Инсон бу неъматни асраб авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги лозим, акс ҳолда энг оғир жиноятга қўл урган, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади. Қуръони каримда инсонни ўзининг яшаш ҳуқуқига тажовуз қилишидан ман этилиб: “Ўз қўлингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламангизлар”- дейилган (Бақарасураси, 195-оят).
Ўзларининг қилаётган ишларидан завқланиб “қаҳрамонлик” қилаётган бу ёшларнинг оқибатни ўйламаслиги, хурмача қилиқлари фожеа билан тугаши мумкинлини англамасликлари ҳам буларда диний-маърифий, маънавий-аҳлоқий тушунчалар йўқлигидан дарак беради. Агар шу ишлари натижасида бирлари ҳалок бўлса, Аллоҳ таоло қайтарган ишни бажарган, ўзини ўз қўли билан ҳалокатга ташлаган бўлади.
Масаланинг яна бир нозик томони бор. Ҳали ҳаёт ташвишларини татиб кўрмаган, умрининг энг ғанимат дамларида инсон ақлига сиғмайдиган ишлар билан шуғулланаётган бу ёшларга нима керак? Жавоб эса барчамизни ташвишга солади. Уларга машҳурлик, ижтимоий тармоқлардаги “лайк” (ёқди) ва эътироф керак. Энг аянчли томони, шу видеони тарқатиб ўз канали ва гуруҳи обуначиларини кўпайтирмоқчи бўлган “блоггер” ва “админ”лар ҳам етарлича топилади.
Айни дамда биз ёзган мақола ёҳуд насиҳатомуз фикрларни “қаҳрамон”ларимиз ўқимаслиги ёки эътибор бермасликлари мумкин. Аммо, ўзгалар бундан хулоса чиқариши шарт. Шу ишни оддий ҳол тарзида қабул қилиш, эътиборсизлик ҳаммамиз учун улкан ташвиш ва мусибатга айланиши ҳеч гап эмас. Мазкур ҳолатдан етарлича хулоса чиқармаслик бугун Хоразмда рўй берган воқеа эртага бошқа жойда рўй бермаслигига ҳеч кафолат бермайди. Фақат ҳодисанинг шакли ва тури ўзгариши мумкин. Ёшлардаги “лайк” талвасаси, машҳурлик ва эътирофга кўр-кўрона, нодонлик ила интилиш ва бу йўлда ҳар қандай қабиҳ ишдан тап тортмаслик хавотирлидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
МЎМИН АЛДАНГАНДЕК КЎРИНАР
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мўмин киши содда-алданувчан, карамли-марҳаматли бўлади. Фожир киши эса ҳийлакор, паст, хасис ва нокас бўлади” (“Рамуз ал-аҳодис” 230/1.3)
Мўмин киши ишонувчан, содда, гўзал хулқли-карамли, эзгулик ва эҳсон соҳибидир. Фожир эса ҳийлакор, пасткаш, хасисдир. Мўмин кишининг яна бир сифати алданувчан экани ва алданганини билса ҳам, билмагандек кўринмоғидир. Мўмин киши фаросатсиз эмас, аслида у алданмайди, лекин зоҳиран шундай кўринади. Чунки, ёмонликни билмайди, маккор ва айёр эмас. Чунки покиза, соғлом қалби, имони уни бундай қабоҳатга қўл уришга йўл қўймайди.
Аммо ҳийла ва фасод қилувчиларга, уларнинг найрангларига қарши муносиб жавоб бериш жоиз бўлса-да, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу каби бўлмоқ, унинг ҳийласини англамагандек кўринмоқ янада афзалдир. Ҳазрати Умар розиялоҳу анҳу баъзи мусулмон кўриниб, ҳийла қилганларга, макрларини билган ҳолда, билдирмаслиги туфайли алданар, қилаётган ҳийлалари учун уларни уялтирмас эдилар. Уларнинг ҳақларига дуо қилиб, солиҳ инсон бўлишларини Ҳақ таолодан тиламоқ энг тўғри ишдир.
Имоний биродарликнинг хусусиятидан яна бири шуки, мўмин киши қаршисидаги инсонларнинг ҳолларига, дунёқарашларига сифатларига қараб муомала килади. Масалан, бир деҳқонга, ҳунармандга, ишчига, маъмурга ёки аёлларга уларнинг ҳолатларига қараб муомала қилмоқ, ҳамманинг истеъдод ва қобилиятларига қараб сўзлашмоқ ҳам аҳли камолнинг ҳолу ҳаракатларидандир. Жумладан, бир жоҳилга, бир деҳқонга илму мантиқдан, меъморчиликдан, кимё ва бошқа фанлардан сўз очмоқ ўринсиз бўлгани каби, илми баён, фасоҳат ва балоғатдан ҳам гапирмоқ нодонликдир. Демак, ҳар бир инсоннинг ҳолига қараб мулоқотда бўлмоқ, бўёғига қараб бўёқ, сувига қараб сув бермоқ энг гўзал амалдир.
Мўмин киши айни вақтда каримдир, карамлидир. Яъни ахлоқи жуда гўзалдир. Эзгулик ва эҳсон соҳибидир. Гўзал хулқларга эга бўлган кишига карим, карамли дейилади. Фожир (гуноҳкор) эса аксинча фосиқдир. Яъни у ер юзида фасод ишлар билан машғулдир. Мўмин киши эса фасоддан оғиз очишни ҳам истамайди. Чунки имони бунга йўл қўймайди. Фожир эса хиёнаткор, ёмон ишлар билан шуғулланишни ўзига касб қилиб олган. Зеро, комил ақли бўлмаса ҳам ўзини ақлли санайди.
Ҳадисдаги "ҳаб" калимаси ҳийлакор ва инсонлар орасида фитна-фасод чиқариб, ёмонлик қиладиган кишига нисбатан ишлатилади. Баъзи луғат аҳлининг фикрича, ақлу заковатини фақат дунё ишларига сарфлаган киши охират ишларидан ғофил кишидир. Аллоҳ ҳаммамизни бундай ҳийлакорларнинг ёмонликларидан сақласин, ҳеч кимга озори тегмайдиган ҳақиқий мўмин бандаларидан айласин, омин.
Шайх Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг
“Мўминнинг сифатлари” китобидан
ЯНГИ ЛОЙИҲА: Алижон қорининг “Қуръон қалб шифоси” суҳбатлари
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан тез кунларда юртимиздаги қироат илми олимларидан энг машҳури бўлган Алижон қори Файзулла Махдум ўғлининг “Қуръон қалб шифоси” мавзусидаги туркум маърифий суҳбатлари muslim.uz сайтида намойиш этилади.
Ушбу маърифий суҳбатларда қироат ва тажвид илмининг энг дақиқ жиҳатлари, тажвид илмининг тарихи, у ҳақида ёзилган китоблар, тажвид илмида ижод қилган уламолар ҳамда юртимизда ҳам бу илмнинг ривожи, тажвид ва қироат илмига доир ёзилган китоблар, шунингдек, бугунги кунда ушбу илмга бўлган эътибор ҳақида сўз юритилади.
Маълумот ўрнида, Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли 1976 йилда Жиззах вилоятида таваллуд топган. 1995 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Миср Араб Республикасидаги Ал-Азҳар университетига ўқишга юборилган. 1998 йил Ал-Азҳар университетининг Эъдодия (тайёрлов) бўлимини, 2001 йилда эса Санавия (бошланғич) бўлимини тамомлаган.
2002–2007 йилларда Ал-Азҳар университетининг Шариат ва Қонун куллиётида таълим олган. 2008 – 2012 йилларда Шайх Аҳмад Ийсо Ал-Маъсоровий номидаги Улумул Қуръон ва қироат илмларига хосланган илм даргоҳида таҳсил олиб, ҳозирда Ал-Азҳар университетининг 4-курс талабаси ҳисобланади.
Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли Қуръони карим ва қироат илмидан таҳсил олган устозлари профессор Аллома Шайх Аббос Ал-Мисрий, Шайх Али Шуъайб Шарқовий, Шайх Муҳаммад Имом Ал-Шофий, Шайх Аҳмад Саййид Қилиний, Шайх Набил бин Абдулқодир Ал-Доғфали Ал-Жазоирий кабилар ҳисобланади.
Шунингдек, у тажвид илми матнлари бўйича қуйидаги устозлардан ижозат олган: Шайх Самий Маҳмуд Шаҳаза Ал-Файюми, Шайх Аҳмад Саййид Ал-Қилиний, Шайх Аллома Али Муҳаммад Тавфиқ Ал-Наҳҳас кабилар.
Алижон қори дунёдаги машҳур қироат алломаларидан Саудия Арабистони Жидда шаҳрида, ҳозирги даврнинг Имом Жазарийси деб аталган Аллома Шайх Айман Рушдий Сувайд, Мадинаи мунавварада Аллома Шайх Устоз Муҳаммад Тамим Ал-Зўбий, Мисрнинг Жиза вилоятида Аллома Шайх Абдулфаттаҳ Ал-Мадкур ва Қоҳира шаҳрида Аллома Шайх доктор Али Муҳаммад Тавфиқ Ал-Наҳҳас каби улуғ устозларга Қуръони каримни табаррукона ўқиб берган.
Алижон қори бугунги кунда дунёнинг кўплаб қироат илми уламолари томонидан эътироф этилган забардаст қорилардан биридир.
Аллоҳ таборака ва таоло ушбу хайрли лойиҳани муваффақиятли айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муносабат: Қуриган дарахт хосият келтирмайди!
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатвосига асосан Бухоро вилояти Когон туманидаги “Баҳоуддин Нақшбанд” зиёратгоҳидан эски дарахт бўлакларини олиб бошқа жойга қўйилганига нисбатан турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.
2019 йил 7 май кунидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси хатида келтирилган “Дарахт ва тош кабиларни муқаддас деб билишнинг ширклиги тўғрисида”ги фатвосига асосан ушбу қуриган дарахт қолдиқлари зиёратгоҳ ҳудудидан олиб қўйилди. Баъзи инсонларнинг билимсизлиги сабаб, улкан гуноҳ ишга сабаб бўлаётган эски, қуриган дарахт бошқа жойга олиб қўйилганига жуда кўп ижобий муносабатлар билдирилди. Лекин айрим тоифа кишилар тўғри мақсадда қилинган бу ишни нотўғри, деб ёйишга интилмоқдалар.
“Баҳоуддин Нақшбанд” зиёратгоҳидаги қуриган дарахтни айрим кишилар муқаддас санаб, тавоф, дуо ва ибодат марказига айлантириб, ундан ҳожатларини сўраш каби ширк амаллар авж олгани сабабли Диний идора уни мажмуа майдонидан бошқа жойга олиш ҳақида фатво берган. Зеро, халқимизда “Қуриган дарахт хосият келтирмайди!”, дерган ўлмас нақл ҳам бор.
Бироқ, ижтимоий тармоқлардаги айрим манбалар иддао қилаётганидек, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилояти вакиллигига юборилган хатда эски дарахт қолдиқларини ёқиб юбориш каби кескин ҳаракатларга ундалмаган. Балки уни одамлар гавжум бўладиган масжид яқинидан, зиёратгоҳ ҳудудидан олиб ташлаш қайд этилган. Шунингдек, айрим нохолис манбаларда бўрттириб кўрсатилаётгандек, “ушбу тут дарахтининг олиб қўйилиши бошқа дин вакилларининг осори-атиқаларини ҳам йўқ қилишга етаклайди”, деган мазмундаги гиж-гижловчи гаплар мутлақо асоссиздир. Ислом доимо диний бағрикенглик тамойилларини қўллаб-қувватлайди, ўзга дин вакилларига ҳурматда бўлади.
Яна бир муҳим жиҳат, юртимизда зиёрат туризми ривожланиши натижасида, мусулмон мамлакатларидан ҳам ташриф буюрувчилар кўпайди. Айниқса, Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳига Ҳиндистон, Покистон, Туркия, Малайзия ва Индонезия каби давлатлардан бир неча минглаб тариқат намоёндалари ҳам келмоқда. Ушбу зиёратгоҳдаги дарахтнинг атрофини айланиб, ундан мадад сўраётган фуқароларимизни чет-эллик меҳмонлар кузатиб, қаттиқ таажжубга тушишмоқда. Бундай ҳолат мусулмон сайёҳларда диёримиз ҳақида бидъат-хурофотлар авж олган жойлар экан, деган нотўғри тасаввур шаклланишига сабаб бўлмоқда.
Хорижлик зиёли сайёҳларнинг “Наҳотки Имом Бухорий, Имом Термизий каби улуғ алломаларнинг ворислари мана шундай гуноҳ ишларга қўл урса?”, деган мазмундаги фикрларга ҳам гувоҳ бўлинган.
Қайд этиш лозимки, яхши ва тўғри мақсадда қилинган хайрли ишларга ижтимоий тармоқларда сиёсий тус бериб, давлат ва дин муносабатларига салбий таъсир этишга уриниш ёмон ниятли кимсаларнинг душманлик ишидир. Диний идора Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий-демократик давлат эканини тўла англаган ҳолда, айрим нохолис манбаларнинг вазиятни нотўғри талқин қилиш йўлидаги хатти-ҳаракатларини мутлақо асоссиз, жамиятда диний омил сабабидан фитна чиқариш ва юрт тинчлигига раҳна солиш эканини таъкидлайди.
Шунинг баробарида ижтимоий тармоқ юритувчиларига Аллоҳ таборака ва таолодан рушду ҳидоят тилаб, ҳар қандай савобли ишда яқиндан ҳамкорлик қилишдан мамнун эканимизни билдирамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бошлаган анъана давом этмоқда
Тарихдан маълумки, қадимги Мовароуннаҳр мадрасаларида, хусусан Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Шош мадрасаларида Қуръони каримни ёд олиш билан бирга, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, тасаввуф, фароиз, усулул фиқҳ ва мусталаҳул ҳадис фанлари бўйича ислом оламида машҳур олимларнинг араб, форс, туркий тилларда ёзилган мўътабар китоблари, ушбу китобларга ёзилган шарҳлар ва уларнинг ҳошиялари ўқитилган. Ушбу фанлар бўйича энг мўътабар китобларни тугатганларни эса “Хатм карда мулло” деб номлашган. Талабалар мадрасада ўқишни тамомлаш вақтида “Хатмул кутуб”, яъни “Дарслик китобларни тугатганлик” бўйича махсус тадбир ўтказилган. Тадбирда ўша вақтдаги катта мударрислар, шаҳар қози ва муфтийлари йиғилган. Устоз ва талабаларга дастурхонлар ёзилиб, тадбир сўнгида китобларни ўқиб тугатган талабалар қози ва муфтий каби катта устозлар олдида имтиҳон қилиниб, ғолиблар ва дарс берган устозлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиб, уларнинг ҳаққига дуои хайрлар қилинган.
Аллоҳга шукрлар бўлсинки, юртимизда ана шундай азалий қадриятлар тикланмоқда, буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлиш асосий вазифа қилиб белгиланмоқда.
Жорий йилнинг 13 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчи ва талабаларининг мўътабар асарларни ўқиб тугатганлиги муносабати билан “Хатмул кутуб” тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, уламолар, устоз-мураббийлар ва талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Анъанага кўра, Қуръон тиловати ва муфтий ҳазратларининг дуои хайрлари билан бошланган тадбирда институт ректори У.Ғафуров 2018-2019 ўқув йили мобайнида талабалар устозлар кўмагида асосий дарс ва қўшимча машғулотларда ўқиб тамомлаган китоблари ҳақида маълумот берди.
Тадбирда У.Ғафуров институтнинг 20 нафардан ортиқ ўқитувчилар томонидан институтнинг 300 нафар талабаларига ўқув йили бошидан Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” асари матни ва унинг шарҳи ҳамда Имом Таҳовийнинг “Шарҳи Маонил осор” асари матни ва унинг шарҳи асосий ва факультатив дарс сифатида ўқитила бошлангани, устозларнинг ҳиммати ва талабаларнинг ғайрати билан ушбу мўътабар асарлар тўлиқ ўқиб тугатилганини эслатиб ўтди.
Шунингдек, “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчилари бошчилигида “Ҳидоя”, “Шарҳул виқоя”, “Канзуд дақоиқ”, “Ал-ашбоҳ ван назоир”, “Нурул анвор”, “Усулуш Шоший”, “Шарҳу Ақоидун Насафия”, “Зовъул маолий”, “Интибоҳотул муфида” каби кўплаб китоблар ўқиб тугатилди.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари марҳум ва мағфур Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бошлаб берган эзгу анъанани давом эттириш, талаба-ёшларнинг мўътабар асарларни хатм қилиш одати жуда ҳам фойдали экани, келгусида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насоий каби олимлар чиқишига замин бўлишини билдирдилар.
Келажакада шу каби “Хатми кутуб” тадбирларини Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Насафий каби алломаларнинг зиёратгоҳларида ҳам ўтказиш режалаштирилмоқда.
Мамнуният билан қайд этиш мумкинки, “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчилари раҳбарлигида Тошкент ислом институтига ўқишга киргандан кейин 67 нафар талаба Қуръони каримни тўлиқ ёд олдилар. Жорий ўқув йили давомида бир қанча қори ва қория талабалар Қуръони каримни бир ўтиришда ёддан ўқиб бергандилар, институт қорилари республика Қуръон мусобақасида фахрли ўринларни эгалладилар ҳамда Кувайт, Малайзия, Туркия, Россия, Эрон, Саудия Арабистонида ўтказилган халқаро Қуръон мусобақаларида муваффақиятли иштирок этдилар. “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири Ж.Неъматов Саудия Арабистонида ўтказилган Халқаро қорилар мусобақасида ҳакам сифатида иштирок этди. 2019 йил Рамазон ойида институтнинг 90 дан ортиқ устоз ва талабалари Тошкент шаҳри ва вилояти масжидларида таровеҳ намозларида “Хатмул Қуръон” қилиб бердилар.
Мана шундай амалий натижалардан яна бири, тадбири асносида битирувчи курс талабалари Ҳабибуллаев Сирожиддин ва Нажмиддинова Робияга “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов Қуръони карим бўйича ижоза шаҳодатномасини топширди.
Тадбир якунида муфтий ҳазратлари барча иштирокчиларни “Хатмул кутуб” муносабати билан муборакбод этиб, мўътабар китобларни хатм қилиб ўқишнинг фазилати ва бу йўлда саъй-ҳаракат қилган устоз ва талабалар учун Аллоҳ таолонинг ажру-савоблари беқиёс экани, “Хатмул кутуб” анъанасини Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча диний таълим муассасаларида давом эттирилиши зарурлигини таъкидладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов ҳазратлари “Хатмул кутуб”да фидойилик кўрсатган устозларни фахрий ёрлиқ ва пул мукофотлари билан тақдирладилар.