www.muslimuz
Аёл-қизлар учун диний-маърифий телеграм канал ишга тушди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан muslim.uz сайти таркибида аёллар учун расмий диний-маърифий телеграм канал иш бошлади. Унда аёл-қизларга оид шаръий масалалар, солиҳа аёллар ҳаёти, оилавий муносабатлар, фарзанд тарбияси тўғрисидаги мақолалар ҳамда турмуш ҳаётда керакли бўлган масалаларга психолог тавсиялари бериб борилади.
Қуръони каримнинг дастлабки сураларидан бирини “Нисо” – “Аёллар” деб номланиши Ислом динида аёл ҳақ-ҳуқуқларининг эътибори юқори эканига далил.
Агар аёл киши ҳаётда маънан соғлом бўлса, жамият мустаҳкам бўлади. Чунки фарзандлар оналар сабабидан дунёга келади ва бошланғич таълим-тарбияни ҳам оналардан олади. Шундай экан, келажак авлоднинг баркамол бўлиши аёлларнинг қанчалик маърифатли бўлишига ҳар жиҳатдан боғлиқ.
Аллома Абдулҳамид ибн Бодиснинг “Агар ўғил болага таълим берсанг, бир шахсга таълим берган бўласан. Агар қиз болага таълим берсанг, бутун умматга таълим берган бўласан”, деган ҳикматида жуда катта маъно мужассамдир.
Янги телеграм канал ишига Аллоҳ таолодан муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
@muminauz | @muslimuzportal | Muslim.uz
Тошкент шаҳридаги 19 Май кунидаги Хатмоналар
Иймонли кишиларнинг бутун борлиғини муборак Рамазон ойининг шукуҳи тўла қамраган онлар… Масжидларимизда Аллоҳнинг сўнгги Китоби, муқаддас каломи хатм қилинмоқда. Қалблари Қуръонга ташна мўминлар жомеъларда қоим бўлиб, илоҳий каломга сомеъ бўлмоқдалар.
Бугун 19 Май, Муборак Рамазон ойининг мағфират даҳаси, 14-кунларидир. Тошкент шаҳридаги бир неча жоме масжидларда бу кеча Қуръони Карим хатмонаси яъни, Каломуллоҳнинг сўнгги суралари ўқилиб, чин ихлос ила дуолар қилинади.
Бугун 19.05.2019 санасида Тошкент шаҳридаги қуйидаги масжидларда Қуръони Карим хатмонаси якунига етади:
“Эшонгузар”жоме масжиди. (Манзил: Шайхонтоҳур тумани, Каттабоғ кўчаси, 58-уй. Тел: +93 551-12-98, +94 680-32-46)
Қорилар: Умаралиев Хасан, Аҳмаджонов Абдулазиз, Жамолов Нодир
“Оқ тунукали” жоме масжиди. (Шайхонтоҳур тумани, Ҳувайдо маҳалласи, Зафаробод кўчаси 43-уй. Тел.: +90 980-42-81)
Қорилар: Супиев Абдураҳмон, Парпиев Зохидилло
“Мирза Ғолиб” жоме масжиди. (Олмазор тумани, Мирза Ғолиб 3-тор кўчаси 36-уй. Тел.: +90 963-82-07, +93 543-35-35)
Қорилар: Исломов Ёрбек, Нуриддинов Аъло, Теляков Иброҳим
“Мулла Холмирза ота” жоме масжиди. (Манзил: Мирзо Улуғбек тумани, “Шўртепа” маҳалласи, Гулсара кўчаси 15-уй. Тел.: +998 71 265 26 46, +90 187-70-47, +93 386-63-74)
Қорилар: Абдулахадов Собитжон, Дадаев Фатҳулло, Нишонов Улуғбек
“Қорасоқол ота” жоме масжиди. (Бектемир тумани, Бинокор маҳалласи Шоликор кўчаси 1 уй.. Тел: + 98 311-00-81, + 90. 347-67-65)
Қорилар: Бойбулов Умирузоқ.
“Ислом нури” жоме масжиди. (Шайхонтоҳур тумани, Шофайзи маҳалласи, Қизилғунча 4-тор кўчаси 4-уй. Тел.: +71 243 46 95, +93 509-42-25)
Қорилар: Собиров Аҳадхон, Убайдуллаев Ислом, Маннопов Рустамжон
“Мўйи муборак” жоме масжиди. (Шайхонтоҳур тумани, Самарқанд дарбоза кўчаси “Чорсу” маҳалласи 13-А уй. Тел.: +71 245 44 19, +91 137-00-66, 90-126-39-91)
Қорилар: Мирадилов Жасур, Миродилов Абдулазиз, Рашидзода Абдулазизий
“Оқилон” жоме масжиди. (Манзил: Шайхонтоҳур тумани, Кўкча Дарбоза кўчаси 27-уй. Тел.: +71 242 50 63, +93 397-96-94)
Қорилар: Мухторов Муҳаммадамин, Обиджонов Машҳурбек, Мамадалиев Одилжон
“Имом Аъзам” жоме масжиди. (Яшнобод тумани Висол кўчаси, 90А уй. Тел: +71 283 00 48, +90 950-17-79)
Қорилар: Миродилов Мирзиёд, Каримжонов Исроил, Жўрабоев Илҳомжон
“Катта Қозиробод” жоме масжиди. (Чилонзор тумани, Катта Қозиробод маҳалласи, Чилонзор кўчаси, 82а-уй. Тел: +71 277 56 85, +98 308-08-09)
Қорилар: Тожиддинов Абдулбосит, Мирзаев Шамсиддинхон
“Кўзи ожизлар” масжиди. (Чилонзор тумани, Чўпон ота кўчаси, 28а-уй. Тел: +71 273 49 79, +93 516-07-71)
Қорилар: Искандаров Шоилёс, Искандаров Шомуҳаммад
“Яккасарой” жоме масжиди. (Манзил: Яккасарой тумани Яккасарой кўчаси 5-уй. Тел: +71 250 54 09, +97 430-87-17, +90 905-41-61)
Қорилар: Ғанижонов Мухаммадсодиқ, Пирхонов Насибилло, Худойбердиев Фаррух, Мухсинов Муминжон
“Раҳимжон хожи ота” жоме масжиди. (Яккасарой тумани, Академик Сирожиддинов кўчаси, 48 уй. Тел.: +71 253 45 60, +94 658-88-81.)
Қорилар: Қодиров Орифжон, Халматов Комил, Юлдашев Мухиддин.
“Юнусобод оқтепа” жоме масжиди. (Юнусобод тумани, Чинобод кўчаси 127-уй. Тел. :+71 222 27 82 , +94 357-44-44)
Қорилар: Обидов Нуруллоҳ, Холматов Воситжон, Паттахонов Мухибулла
“Омина” масжиди. (Юнусобод тумани, Обод маҳалласи, Ўртасарой кўчаси 30 уй. Тел. :+998 71 289 00 91, +97 753-46-05)
Қорилар: Абдухамидов Абдулмажид, Сайфуддинов Абдуқодир, Қодиров Ёсинбек
“Қўшқўрғон” жоме масжиди. (Манзил: Сирғали тумани, Қўшқўрғон маҳалласи У.Маҳмудов кўчаси 1уй. Тел.: +998 71 292 55 04, +99 841-66-16)
Қорилар: Абдуваҳобов Аҳмаджон, Рахимжонов Рахматулло, Мубашширов Муҳаммадзоҳид, Тошпўлатов Иброҳим
“Саид Ваққос ота” жоме масжиди. (Учтепа тумани, М.Уйғур кўчаси, 591-уй. 147, 53, 114, автобусларнинг “Назарбек” бекати. Тел.:+998 71 247 50 02, +97 380-10-05, +97 745-03-66.)
Қорилар: Бойлармирзаев Мухаммадхон, Одилов Абубакр.
“Абу Талҳа” жоме масжиди. (Учтепа тумани, “Абдулла Қодирий” маҳалласи, Тавалло кўчаси, 12-уй. Тел.:+998 71 228 52 49, +97 771-91-60)
Қорилар: Валиев Абубакир, Эргашев Абдусалом.
Хатми Қуръондан кейинги дуолар мустажобдир. Рамазоннинг энг баракотли онларини қўлдан бой берманг азизлар!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Атоқли адиб Тоҳир Малик вафот этди
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, атоқли адиб Тоҳир Малик (Ҳобилов Тоҳир) 2019 йил 16 май куни 73 ёшида вафот этди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси адибнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор қилади.
Тоҳир Малик (тахаллуси; асл исм-шарифи Ҳобилов Тоҳир Абдумаликович) (1946 йил, 27 декабрь, Тошкент) – Ўзбекистон халқ ёзувчиси (2000). Ўзбек адабий фантастикасининг асосчиларидан бири.
Биринчи йирик асари – «Ҳикмат афандининг ўлими» (1972). «Заҳарли ғубор» (1974), «Фалак» (1975), «Сомон йўли элчилари» (1978), «Чорраҳада қолган одамлар» (1982), «Бир кўча, бир кеча» (1983), «Алвидо, болалик» (1989), «Сўнгги ўқ» (1990), «Ов» (1995) каби илмий-фантастик, саргузашт қиссалари машҳур.
«Шайтанат» романи (1-китоб, 1992; 2-китоб, 1995; 3-китоб, 1997; 4-китоб, 2000; 5-китоб, 2011) Тоҳир Маликнинг йирик асарларидан. Асар асосида кўп серияли телефильм яратилди. Романда турли қиёфадаги замондошларимизнинг образлари ёрқин лавҳаларда катта маҳорат билан чизилган, муҳим маънавий-ахлоқий муаммолар кўтарилган.
Кишиларни жиноятнинг разил оламидан эҳтиёт бўлишга чақирувчи ушбу огоҳлантирувчи асар мазмуни Тоҳир Маликнинг «Жиноятнинг узун йўли» (2004) илмий-таҳлилий рисоласида давом эттирилган. «Меҳмон туйғулар» (2003) номли хотира, ёднома, адабий мақолалар тўпламида адабий жараёндаги муаммолар акс этган.
Тоҳир Маликнинг ёзувчи Мирзакалон Исмоилий ижодий фаолиятини ёритувчи «Ёзувчининг бахти ва бахтсизлиги» (1988), Асқад Мухтор ижодини таҳлил этувчи «Собир» (2003), Ўлмас Умарбеков ижодига бағишланган «Қиёмат қарз» (2002) ҳамда Абдулла Қодирий романлари тахлил этилган «Ибрат мактаби» (1993) бадиалари ҳам бор.
Аллоҳ таоло бу табаррук инсонни Ўз раҳматига олсин, барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, саҳву хатоларини авф қилсин, гуноҳларини мағфират қилиб, раҳматига ноил, жаннатига дохил айласин!
Жаноза бугун, 16 май куни аср намозидан кейин Кўкча масжидида бўлиб ўтади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Муслим ТВ”ни интерактив телевиденияда ҳам тамоша қилинг!
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Муслим ТВ” интернет телеканалида Рамазон ойига бағишланган турли аудио-видео материаллар мунтазам эълон қилиб борилмоқда.
«Муслим ТВ» интернет тармоғида катта аудиторияга эга бўлган «ITV.uz» интерактив телевидениеси билан ҳамкорликда фаолият олиб бораётганидан хабарингиз бор.
Рамазон ойига бағишланган аудио-видео материалларни интернет тармоғидаги «ITV.uz» сайтидан рўйхатдан ўтган ҳолда телеканал кўрсатувларини томоша қилиш мумкин. Мобил қурилмалар учун эса «ITV.uz» мобил дастурини кўчириб олиш керак бўлади. Яна бир қулайлик, «ITV.uz» сайти TAS-IX тармоғида жойлашган бўлиб, ундаги материалларни интернет трафиги сарфламасдан бепул кўриш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
"Вақф" фонди шу кунга қадар икки миллиард сўмга яқин закот пулларини тарқатди
Муборак Рамазон ойида кўпроқ савоб ишларни қилишга, айниқса, касб-ҳунар ва тижоратдан келадиган маблағлардан бўлган закотни адо этиш кўп фазилатли ишдир.
Аллоҳ таборака ва таоло Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейди: "Эй, имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! Ўзингиз фақат кўзингизни чирт юмибгина оладиган даражадаги ёмон нарсаларни (эҳсон қилишга) танламангиз! Шунингдек, билингизки, албатта, Аллоҳ ғаний ва мақтовга лойиқ зотдир".
Закот динимизнинг беш арконларидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло фарз қилган амалдир. Унинг жорий этиш ҳикмати шундан иборатки, у туфайли жамиятда бир қадар тенглик пайдо бўлиб, бой ва фақир табақалар ўртасида илиқ муносабатларни вужудга келтириш, қолаверса, закот берувчининг молини поклаб, уни талофатдан асраш ва яна ҳам кўпайишига замин тайёрлашдир.
“Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (ғайридин)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир”. Ушбу ўринда Аллоҳ азза ва жалла закотга ҳақдор кишиларни ҳам белгилаб берган.
"Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан Республика бўйлаб кўплаб ҳудудларда йирик хайрия тадбирлари ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида ногиронлиги бўлган, моддий жиҳатдан қийинчиликларга дуч келган инсонларга кўмак кўрсатилмоқда. Бу эса Фондимизга ишониб ўзларининг хайрия ва закот маблағларини ўтказаётган саховатпеша инсонларнинг кўмагида амалга оширилмоқда.
Фондга 2018 йил июнь ойидан 2019 йил 1 май санасига қадар жами 2 миллиард 154 миллион сўм закот маблағлари келиб тушган бўлиб, шу кунга қадар ушбу маблағларнинг 1,8 миллиард сўми 1202 нафар муҳтож инсонларга тарқатилган. Тарқатилган маблағларни ҳисобга олганда ҳар бир кўмакка муҳтож инсонга ўртача 1,5 миллион сўмдан закот маблағи тарқатилган.
Бунда имкон қадар мурожаатномалар холис шахслар ёрдамида ўрганилиб, қанчалик муҳтожлигидан келиб чиқиб маблағлар ажратилди. Айрим мурожаатчилар шариатда белгиланган талабларга жавоб бермагани учун закот маблағларини бериш рад қилинди.
Юқоридаги ҳисоб-китоблардан кўриниб турибдики, саховатпеша инсонлар томонидан Фонд закот ҳисоб рақамига ўтказилган закот пуллари ўз ҳақдорларига топширилмоқда.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати