muslim.uz

muslim.uz

Азизхўжа домла Иноятов

 

22 ёшли рассом Лама Абдулраҳмон анъанавий ислом санъатидан фойдаланган ва унда тажриба ўтказган, анъаналарни сақлаб қолган ҳолда ўзига хос услубини яратган.

Абдулраҳмонга кўра, унинг асосий услуби ислом геометриясидир. "Мен ислом геометриясини жуда яхши кўраман. Бу жуда аниқ, кўплаб нақш ва тузилмаларга эга", - дейди рассом. У ўз асарларининг аксариятини қора ва оқ рангда яратишни афзал кўради.

"Бунинг боиси-шаклнинг қандай пайдо бўлганлигини, нақшларнинг гўзаллигини уларга ранг қўшмасдан кўрсатишдир", - дейди Лама.

Лама Абдулраҳмон яқинда Жидда шаҳридаги Athr галереясида ўз асарларини намойиш этди. У пропорцияларни қилиб икки услубни бирлаштирди ва "Сукун" деб номланган каллиграфия ва геометриянинг учрашув жойини яратди.

Саудия Арабистонида ислом геометрияси билан шуғулланадиган рассомлар кам. Бу мавзу бўйича тадқиқотларнинг аксариятини фақат инглиз тилида топиш мумкин. Абдулраҳмонга кўра, санъаткорлар бу тўсиқ туфайли кўп нарсани бой беришади.

Islam.ru порталига кўра, муслима аёл бошқа ҳеч кимга ўз номини боғламаган ҳолда ўз санъат галереясини очиш даражасига эришиш учун ҳаракат қилмоқда. "Мен санъатим ва менинг салоҳиятим ўзгача тарзда намоён бўлишини истайман," - деди у.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Нуриддин домла ҳазратлари

Ватан тушунчаси жуда ҳам кенг тушунча бўлиб, уни бир сўз билан ифодалаб бўлмайди. Ватан бу бизни ўз бағрига олган макон. Ватан у шундай бир масканки, унда нафслар ором олади. У бир бепоён заминки, унда дунёга келамиз, унда яшаймиз, оила қурамиз, мақсад сари интиламиз ва унда вафот этамиз  ва унга дафн қилинамиз. Динимиз инсонларни ватанпарвар бўлиб, юртини севишга, уни ҳимоя қилиб, обод этишга чақиради. Юртини севган ўзини севибди. Мана шундай юртини севиб ардоқлаган, уни сарҳадларини ҳимоя қилиш-ла шараф туйган соҳа вакилларидан бири бу ҳарбийлардир.

Ҳакимлар айтадилар: «Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади».

Алихон тўра Соғуний эса : «Она Ватанини севиш ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади», деганлар. Биз мана шундай шижоатли ва юртини севган ҳар бир юртдошимизга кириб келаётган ватан “Ватан ҳимоячилари куни” муборак бўлсин, деймиз.

Ватанини севган инсон Ватан тушунчасини ҳам ҳимоя қилади. Динимиз таълимотига кўра, ватанни ҳимоя қилган инсонга ажр ва савоблар берлиши айтилган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом; «Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини», – деб айтганлар (Термизий ривояти).

Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш бир ой кечалари (нафл) ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир». Дарҳақиқат ватанни ҳимоя қилмоқ уни сарҳадларини ёвлардан асрамоқ улуғ жасорат ва шараф бўлиш билан бирга, юксак ибодат ҳамдир.

Буюк аждодларимиздан бири, тасуввуфда Кубровия таълимотининг асосчиси Нажмиддин Кубро мўғуллар босқинидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланди. Мўғул ҳукмдорлари Нажмиддин Кубронинг шижоати, халқ орасидаги обрў-эътибори, ҳимоядаги ҳаракатларини кўриб, ўз яқинлари ва сафдошларидан истаганлари олиб ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишни таклиф қилади.

Ватан озодлигини ўз ҳаётидан устун кўрган Нажмиддин Кубро босқинчиларга қарши туғ кўтариб жангга киради ва лашкарни олға бошлаб бораётган ҳолатда шаҳид бўлади. У зот туғни шунчалар жон-жаҳди билан ушлаган эдики, душман аскарлари туғни унинг қўлларини кесгачгина олишга муваффақ бўлади.

Азиз ватан посбонлари! Барчангизни яқинлашиб келаётган 14-Январь — “Ватан ҳимоячилари куни” билан яна бир бор муборакбод этамиз!

Аллоҳ таоло юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган, юртдошларимизнинг тинчлик ва хотиржалиги учун туну-кун хизмат қилаётган сиз азизларни ўз паноҳида асраб, азиз диёримиз осмонини мусаффо, ҳалқимиз ҳаётини бунда-да фаровон айласин.

 

 

«Яҳёхон Тўра»

жомеъ масжиди имом хатиби:

Нуруллохон Домла Жамалов

Андижон вилояти Балиқчи туманидаги Эски марказ маҳалласида жойлашган “Мирзақосим ҳожи” жомеъ масжидининг капитал таъмирланиб, кенгайтирилган янги биноси фойдаланишга топширилди.

Туман ҳокими, сектор раҳбарлари, диний идора вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида жомеъ масжид очилишига бағишланган тадбирда сўз олганлар томонидан кейинги йилларда мамлакатимизда масжидлар, зиёратгоҳ ва қабристонларни таъмирлаш, ободонлаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

– Юртимизда фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилиши, мусулмонларнинг ўз зиммасидаги диний арконларни бекаму кўст адо этишлари учун зарур барча шароитлар яратилган, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Мирзамақсуд Алимов. – Шу боис ҳам бугунги кунда ҳар бир юртдошимиз қалбида шукроналик туйғуси жўш урмоқда.

ЎзА хабарига кўра, туман ҳокимининг қарори билан бир ярим йил давомида масжидни замонавий тарзда таъмирлаш, ҳудудини кенгайтириш, намозхонларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилди. Натижада бир пайтнинг ўзида беш минг нафар намозхон намоз ўқиб, эмин эркин ибодат қилиши учун зарур барча шароитлар яратилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top