МАҚОЛА

Кишининг вафодорлиги Ватан учун қайғуришидан билинур!

Ватан тушунчаси жуда ҳам кенг тушунча бўлиб, уни бир сўз билан ифодалаб бўлмайди. Ватан бу бизни ўз бағрига олган макон. Ватан у шундай бир масканки, унда нафслар ором олади. У бир бепоён заминки, унда дунёга келамиз, унда яшаймиз, оила қурамиз, мақсад сари интиламиз ва унда вафот этамиз  ва унга дафн қилинамиз. Динимиз инсонларни ватанпарвар бўлиб, юртини севишга, уни ҳимоя қилиб, обод этишга чақиради. Юртини севган ўзини севибди. Мана шундай юртини севиб ардоқлаган, уни сарҳадларини ҳимоя қилиш-ла шараф туйган соҳа вакилларидан бири бу ҳарбийлардир.

Ҳакимлар айтадилар: «Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади».

Алихон тўра Соғуний эса : «Она Ватанини севиш ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади», деганлар. Биз мана шундай шижоатли ва юртини севган ҳар бир юртдошимизга кириб келаётган ватан “Ватан ҳимоячилари куни” муборак бўлсин, деймиз.

Ватанини севган инсон Ватан тушунчасини ҳам ҳимоя қилади. Динимиз таълимотига кўра, ватанни ҳимоя қилган инсонга ажр ва савоблар берлиши айтилган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом; «Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини», – деб айтганлар (Термизий ривояти).

Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш бир ой кечалари (нафл) ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир». Дарҳақиқат ватанни ҳимоя қилмоқ уни сарҳадларини ёвлардан асрамоқ улуғ жасорат ва шараф бўлиш билан бирга, юксак ибодат ҳамдир.

Буюк аждодларимиздан бири, тасуввуфда Кубровия таълимотининг асосчиси Нажмиддин Кубро мўғуллар босқинидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланди. Мўғул ҳукмдорлари Нажмиддин Кубронинг шижоати, халқ орасидаги обрў-эътибори, ҳимоядаги ҳаракатларини кўриб, ўз яқинлари ва сафдошларидан истаганлари олиб ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишни таклиф қилади.

Ватан озодлигини ўз ҳаётидан устун кўрган Нажмиддин Кубро босқинчиларга қарши туғ кўтариб жангга киради ва лашкарни олға бошлаб бораётган ҳолатда шаҳид бўлади. У зот туғни шунчалар жон-жаҳди билан ушлаган эдики, душман аскарлари туғни унинг қўлларини кесгачгина олишга муваффақ бўлади.

Азиз ватан посбонлари! Барчангизни яқинлашиб келаётган 14-Январь — “Ватан ҳимоячилари куни” билан яна бир бор муборакбод этамиз!

Аллоҳ таоло юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган, юртдошларимизнинг тинчлик ва хотиржалиги учун туну-кун хизмат қилаётган сиз азизларни ўз паноҳида асраб, азиз диёримиз осмонини мусаффо, ҳалқимиз ҳаётини бунда-да фаровон айласин.

 

 

«Яҳёхон Тўра»

жомеъ масжиди имом хатиби:

Нуруллохон Домла Жамалов

1177 марта ўқилди

Мақолалар

Top