muslim.uz

muslim.uz

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Тожиддинов Абдусамад

Четверг, 25 Ноябрь 2021 00:00

Япониядаги энг йирик масжид

Япониядаги энг йирик ва илк қурилган масжидлардан бири “Токио” жомеидир. У пойтахтнинг Сибуя туманида жойлашган. Японияга кўчиб келган татар муҳожирлари томонидан уч йилда қуриб битказилган. 1938 йили Мавлидун Набий санасида фойдаланишга топширилган.

1998 йили Туркия ҳукумати томонидан қайта таъмирланган. 2000 йили 1200 кишини сиғдира оладиган янги ва кўркам масжид ишга тушди. Аёллар учун ҳам алоҳида намозхона ажратилган.

Масжид икки қаватдан иборат бўлиб, биринчи қаватда намозгоҳ ва иккинчи қаватида эса маданият маркази жойлашган. Масжиднинг битта минораси бор. Унинг узунлиги 41 метр, гумбазининг баландлиги эса 23 метр. Жомеда Ислом дини, таҳорат, намоз сабоқларидан ҳамда Қуръони каримдан таълим берилади.

Гумбазнинг ички қисмига “Ихлос” сураси, атрофига эса Аллоҳ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам лафзи ва тўрт саҳоба исмлари туширилган. Масжид кираверишига “Оятул курси”, деворларига Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари, меҳробнинг юқорисига «Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Аллоҳникидир. Бас, қайси тарафга юзингизни қаратсангиз, ўша томонда Аллоҳнинг “юзи” мавжуддир» (Бақара сураси, 115-оят) ояти битилган.

Даврон НУРМУҲАММАД

— Оёғимга протез қўйилган. Таҳорат қилганимда оёғим оғрийди. Қишда махси кийиб, таяммум қилардим. Ёз кунларида махси киёлмайман, шунда 5 маҳал таҳорат қилишга тўғри келса, оёғимни ювишим шарт-ми?

— Аввало протез қисмининг устини ювиш шарт бўлмайди. Агар протез оёқни таҳоратда ювиш фарз бўлган қисмида бўлса, оёқ ювиш соқит бўлади. Агар оёқнинг ювиш фарз бўлган қисмида бўлмаса, ювасиз. Имкон бўлса, ювилади, агар ювиш шаръан мумкин бўлмаса, ювмасдан масҳ тортилади.

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Саудия Арабистони Қизил денгизда “Oxagon” деб номланган сузувчи саккизбурчак шаклидаги шаҳар қурилишини эълон қилди.

Мазкур лойиҳани ташкил этиш бўйича “Neom” компанияси ташаббус кўрсатган ва қўллаб-қувватланган, унинг директорлар кенгашига валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон раислик қилади, дейилади компания веб-сайтида.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, “Oxagon” шаҳри “Neom” компанияси атрофида жойлашган бўлиши ва бу янги ташкил этиладиган минтақа келажакда шунчалик ўсишни ваъда қилмоқдаки, у Нью-Йоркдан 33 баравар катта бўлади.
“Neom” нинг марказий қисми ҳали ҳам қурилаётган шу номдаги ақлли шаҳардир. “Neom” номи “Neo” ("янги") қисмини ва “m” арабча "мустақбал" ("келажак") сўзининг биринчи ҳарфини ўз ичига олади.

Реклама видеосида айтилишича, “Oxagon” денгиз порт ва аэропортлари билан дунёдаги энг илғор логистика марказларидан бирига айланади. Шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг сўзларига кўра, у “Oxagon” лойиҳасини, хусусан, “Neom” ва бутун Қироллик миқёсида ҳам иқтисодий ўсиш катализатори сифатида кўради.
Қизил денгиз бугунги кунда дунёдаги энг гавжум савдо йўлларидан бири ҳисобланади. Шундай қилиб, ҳар йили жаҳон савдосининг 10-12% Сувайш канали орқали ўтади.

Истиқболли сузувчи “Oxagon” шаҳрининг асосий хусусияти унинг ҳудудидаги барча объектлар 100% тоза энергияда ишлайди. Мазкур ғояни ҳаётга татбиқ этиш қанчага тушиши ҳақида ҳали хабар берилмаган.

“Neom” каби “Oxagon” нинг яратилиши Валиаҳд, шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг “Vision 2030” – “ Нигоҳ 2030” номли етакчи лойиҳанинг бир қисмидир. Саудия Арабистони миллий иқтисодиётининг нефт қазиб олиш ва ишлаб чиқаришга боғлиқлигини қисқартириш мақсадида 2030 йилгача барча тармоқларда янги ва истиқболли замонавий ислоҳотлар амалга ошиши кутилмоқда.

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

Бугунги кунда тасаввуф ва тариқатни тўлиқ рад қилиб, сўфийларни инкор этиб, уларни бидъатда айблаб, адашган фирқалар қаторига қўшиб, уларнинг амалларини эса ботилликка йўйиб келаётган айрим тоифалар борки, одамлар кўр-кўрона бу алдовларга учиб қолмоқда. Бу гуруҳларнинг бошида баъзи бемазҳаблар қатори салафийликни даъво қилаётган сохта салафийлар ҳам бор. 
 
Барчага маълумки, сохта салафийлар саҳобаларнинг ёки тобеъийнларнинг, мужтаҳидларнинг ёхуд валийларнинг сўзларидан ҳам кўра ўзларининг ғоявий раҳнамоси – Аҳмад ибн Таймиянинг (1263–1328) фикрларини қўллаб-қувватлашади. Бу зотнинг ҳар бир фатвоси ёки гапини жон дили билан қабул қилишади ва ҳаётларининг шиорига айлантиришади.
 
Минг афсуслар бўлсинки, улар ғоявий раҳнамоларининг тариқатга дахлдор эканликларини ва тасаввуф аҳлларининг фикрини маъқуллаганларини билишмайди. Ёки билсалар ҳам одамлардан сир тутишга уринишади. Бунинг сабаби уларнинг ўзларига аён.
Дарҳақиқат, Ибн Таймия бир қанча ақидавий масалаларда Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зид иш тутган бўлсалар-да, бироқ ўзлари қодирия тариқатига мансуб бўлиб, тасаввуф ва тариқат сарчашмасидан истифода этганлари кундек равшан. Бирор марта тасаввуфни ёмонламаган, танқид қилмаган, ширк деб билмаган, салбий муносабатда бўлмагани ҳам ўз исботини топган.
 
Жумладан, ўзининг «Масъала ат-Табризийя» («Табризликлар масаласи») номли китобида фахр билан: «Менга Шайх Абдулқодир (Жийлоний)нинг муборак ҳирқалари кийдирилди. Мен ва у зотнинг ўртасида (силсилада) икки киши бордир», деганлар. Ўша икки киши – Муваффақуддин Ибн Қудома ва Ибн Абу Умар раҳимаҳумаллоҳ бўладилар.
 
Қолаверса, Ибн Таймия тасаввуф тўғрисида иккита китоб ҳам ёзганлар. Биринчиси «ат-Тасаввуф» («Сўфийлик»), иккинчиси эса «ас-Сулук» («Сўфийлик йўли») деб номланади. Аллома ҳар иккала китобда тасаввуфни ёмонламасдан балки унинг фойдали эканлигини бир қанча мисоллар билан кўрсатиб берганлар. 
 
Шунингдек, бошқа асарларида ҳам бунга алоҳида урғу қаратиб ўтганлар:
«Муҳаддислар, фақиҳлар ва сўфийларнинг жумҳури Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарсага эргашадилар. Улардан келтирилган (улар битиб қолдирган) китоблар ва  асарлар илмдандир. Улар рисолатга ҳақиқий эргашувчилар бўлиб, унга ҳеч бир нарсада хилоф қилмайдилар» «Мажмуъ ал-Фатаво», 12-жилд, 36-бет.
 
«Тасаввуф ва маърифат аҳли бўлмиш Жунайд (Бағдодий)нинг сулукига эргашган солик дарҳақиқат ҳидоятга эргашибди ва у нажот топган ва бахтлидир!» «Мажмуъ ал-Фатаво», 14-жилд, 355-бет .
Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида Ибн Таймия раҳматуллоҳи алайҳнинг тасаввуфга нисбатан ижобий фикр билдирганларига гувоҳ бўламиз.
 
Шундай экан, эй ҳидоят ва суннатга, маърифат ва камолотга ташна ёшлар, кўзингизни очинг, ҳақиқатга тик боқинг. Асоси йўқ гап-сўзларга ишонманг, ҳужжат келтиришда хатога йўл қўяётган шахсларнинг алдовига учманг. Сохта салафийларнинг макру ҳийласига алданиб, уларнинг тузоғига тушиб қолманг. Акс ҳолда пок эътиқоду шаффоф иймонингизга гард юқиб, гулдек умрингиз хазонга айланиши ҳеч гап эмас. 
 
Эркин ҚУДРАТУЛЛОҲ
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси
Top