muslim.uz

muslim.uz

Олим ва маърифатпарвар инсон Амирсаидхон Усмонхўжаевнинг 2011 йилда нашр этилган "Динимиз фидойилари" номли китоби вақт синовидан ўтиб, янада долзарброқ бўлди.

Ортда қолган даврда китобнинг тез тарқалиши, бутун дунё ва мамлакатимизда рўй берган кейинги улкан ҳодисалар, китобни янги маълумот ва хулосалар билан тўлдириб, қайта чоп этишга зарурат туғдирди.

Ислом динининг юртимизга кириб келиб, кенг тарқалиши, мусулмончиликнинг қарор топишида кимлар фидойилик кўрсатганлигини билишимиз, уларнинг ибратли ишларини давом эттириш бизнинг бурчимиздир.

Амирсаидхон Усмонхўжаевнинг ташаббуси ва меҳнатию саховатпеша инсон Анвармирзо Ҳусаиновнинг ҳомийлигида яратилиб, жорий йил 10 ноябрда Ўзбекистон Халқаро Ислом академиясида тақдим этилганлиги, янги китобнинг ана шу мақсадга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ҳа, шайх Эшон Бобохон, шайх Зиёвуддинхон ва муфтий Шамсуддинхон Бобохоновнинг юртимизда ислом динини тиклаш ва ривожлантириш йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнатлари юрт мавқеини мустаҳкамлади.

Чунки минтақамиз, хусусан Ўзбекистоннинг ислом дунёсидаги алоҳида ўрни, ислом маданияти, илму маърифатига қўшган бебаҳо ҳиссаси Машриғу Марғибда эътироф этилган.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон муфтийси вазифасини моҳирлик билан бажариб келган шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ва кейинчалик шайх Зиёвуддинхон қорининг бевосита иштирокида ташкил топиб, улар моҳирлик билан раҳбарлик қилган минтақавий диний тузилма (ЎОҚМДН, САДУМ) миллатлараро ташкилот сифатида фаолият кўрсатганди. Китобда бу ҳақда кўплаб маълумотлар берилган.

Айни пайтда Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ва кейинчалик шайх Зиёвуддин минтақамиздаги бешта республика мусулмонларининг муфтийси бўлишган.
Муҳими, улар бу масъулиятли вазифани ҳам аъло даражада бажарганлар: ёпилган масжидларни очиш, бузилиб ётганларни таъмирлаш, диний тадбирларни ўтказиш, фуқароларнинг ҳаж сафарларига рухсат олиб, бўлажак ҳожиларни унга тайёрлаш ва муқаддас қадамжоларнинг зиёратини рисоладагидай ўтишини таъминлаш масалалари билан шахсан шуғулланганлар.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг узоқни кўрувчи ва келажакни ўйловчи раҳбарлари – муфтий Бобохоновларнинг улкан хизматларидан яна бири диний муассасалар (бошқарув тузилмалари ва жоме масжидлари) учун кадрларни тайёрлашнинг йўлга қўйилиши бўлди. Уларнинг ташаббуси ва таклифлари билан қадимдан исломий дину маърифат ўчоғи, дини ислом қуввати бўлиб келган Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасаси ва Тошкентда Ислом олий институтининг очилиши бу соҳадаги муҳим қадамлар эди.

Бу илму фан ўчоқлари нафақат Ўрта Осиё ва Қозоғистон, балки Россиянинг Европа қисми ва Сибир, Кавказорти, Шимолий Кавказ диний муассасалари учун ҳам кадрлар тайёрладилар. Мазкур ўқув юртларини битириб чиққанлар орасида етук мутахассислар, диний жамоаларнинг етакчилари, масалан, Чеченистоннинг собиқ раҳбари, марҳум Аҳмад ҳожи Қодиров, Озарбойжон муфтийси Пошшо-Зода ва бошқа таниқли дин арбобларининг борлиги фикримизни тасдиқлайди.
Муфтий Бобохоновлар диний-маърифий, ташкилий-мувофиқлаштириш, ўқув-тарбия масалалари билан бирга халқаро алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантиришга ҳам эътибор берардилар. Бунда улар, биринчидан, турли мусулмон мамлакатларида ўтказилган халқаро анжуманларда иштирок этиб, ўша даврларнинг долзарб масалалари юзасидан маъруза қилган бўлса, иккинчидан, кўплаб дин ва давлат арбоблари билан алоқа ўрнатди. Уларнинг таклифига биноан Иттифоқ ҳукумати ҳузуридаги Диний кенгаш қошида Халқаро бўлим тузилиб, шайх Зиёвуддинхон унинг биринчи раҳбари сифатида 20 йил ишлади.
Улардан сўнг ушбу бўлимга Шамсуддинхон ҳазратлари раҳбарлик қилди. Кейинчалик шундай бўлим САДУМ (ЎОМДБ)да ҳам ташкил қилинди. Муфтийлар, шунингдек, қатор республика, бутуниттифоқ ва жаҳон тинчликпарвар ташкилотларининг аъзоси сифатида фаолият кўрсатиб, уларнинг оммавий тадбирлари ва халқаро конференцияларида иштирок этди.

Совет тинчлик қўмитаси Ўзбекистон бўлинмасининг йиғилишларидан бирида Зиёвуддинхон қорининг ислом динини тинчликпарварлик моҳияти, халқимиз нима сабабдан урушларга қарши эканлигини тушунтирган.

Муфтий Бобохоновлар иштироки билан ўша даврларда араб мамлакатлари ва ислом дини тарқалган 80 та давлат билан мамлакатимиз ўртасидаги муносабатлар яхшиланган.

Маълумки, Зиёвуддинхон қори мамлакатимизнинг дипломатик алоқаларини кенгайтириш ва ривожлантириш ишига билвосита, Шамсуддинхон ҳазратлари эса 1994-1998 йилларда Миср Араб Республикасида, 1998-2001 йилларда Саудия Арабистони Подшолигида ва ўриндошлик асосида Баҳрайн, Жазоир, Иордания давлатларидаги Ўзбекистон Республикасининг фавқуллода ва мухтор элчиси бўлиб бевосита ҳисса қўшди.

Тақдимотдаги китобда келтирилган кўплаб фактлар асосида ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда нуфузли ўрин эгаллашида муфтий Бобохоновлар қўшган салмоқли ҳисса чиндан ҳам тарихий ва умумжаҳон аҳамиятга моликдир.

 

Собир ҚУРБОНОВ,
тарих фанлари номзоди, сиёсатшунос

Малайзиянинг “TV Al-Hijrah” давлат телеканали Ўзбекистон Ислом цивилизациясининг бой меросига бағишланган махсус репортажни томошабинларга тақдим этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Репортажда Ўзбекистон туризм ва спорт вазири маслаҳатчиси Темур Мирзаев телетомошабинларга Ўзбекистон бугун хорижлик меҳмонларни бой тарихий ва маданий мероси билан ўзига жалб этаётгани ҳақида сўзлаб берган.
Малайзиялик журналист Ўзбекистон “Умра плюс Ўзбекистон” зиёрат туризм пакетларини жорий қилиш ғоясини ҳаётга тадбиқ этишга катта умид боғлаётганини қайд этган. Ушбу пакетларда умра зиёратини амалга ошириш жараёнида малайзияликларнинг Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига, хусусан, Ўзбекистондаги Имом Бухорий мақбараси ва Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси каби муқаддас қадамжоларга қисқа муддатли ташриф буюриши назарда тутилган. «Зиёрат туризми сизга Ислом маданий, маънавий, интеллектуал ва меъморий мероси билан яқиндан танишиш, Шарқ Уйғониш даврининг меъморий дурдоналарини ўз кўзингиз билан кўриш имконини беради» - дейилади хабарда.
Репортажда дунёнинг 90 та давлати фуқаролари, жумладан Малайзия, Индонезия ва Сингапур фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш режими мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилган. Бу фуқароларнинг эркин ҳаракат қилиш имкониятини ошириш билан бирга Ўзбекистонга хорижий сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилмоқда.
Фильмда айтилишича, яқин истиқболда «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясининг Куала-Лумпурга ўтган йили коронавирус пандемияси туфайли тўхтатилган тўғридан-тўғри рейслари қайта тикланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Абдусамад домла ЖЎРАҚУЛОВ

Тошкент тумани "Ҳамд" жоме масжиди имом-хатиби 

Вторник, 16 Ноябрь 2021 00:00

Устоз ёди

Жоме масжидимизнинг муаззини, хушовоз ҳофизи Қуръон – Нурулллоҳ қори домламизнинг акалари – Наманган шаҳар, “Шодибек” жоме масжиди имом ноиби, олим ва ҳофизи Қуръон – Аҳмадали домла Убайдуллаев вафот этгани муносабати билан таъзия учун қутлуғ хонадонларига бориб, марҳумнинг яқинларига таъзия изҳор этдик ва Қуръон тиловати ортидан дуолар қилдик.

Собиқ муаззинимиз, марҳумнинг катта укалари Юнусжон қори домламиз кўзларида ёш билан қуйидагиларни сўзлаб берди:

"Қори акам билан жаноза намозига кетаётган эдик. Акам менга "Жанозага кеч қолмайлик, Юнусжон!" дедилар ва бироз вақт ўтар-ўтмас тоблари қочиб қолди. Шу боис уларни тўғри уйга олиб келдим. Акам менга қараб: "Юнусжон, қўлимдан тут!" дедилар. Уларнинг қўлларини тутишим билан: "Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳу”, дея шаҳодат ила омонатларини топширдилар...

Амалдаги муаззинимиз, марҳумнинг кичик укалари Нуруллоҳ қори домламиз қуйидаги ҳолатни сўзлаб берди: "Дафндан кейин бир киши олдимизга келди ва таъзия изҳор этиб, шундай сўзларни айтди: "Ухлаб ётган эдим, тушимда бир қанча мўътабар олимлар даврасида ўтирган эканман. Шунда кимдир менга: "Жаннат аҳлининг жанозасига бормайсанми?" деди. Уйқудан туриб сўраб билсам, қори домламиз вафот топган эканлар. Автоуловимни икки километр масофа нарига амаллаб жойлаб, жанозага етиб келдим. Аслида мен уларни деярли унчалар яхши танимайман, йўлим тушганида ортларида атиги беш маротаба жума намозини ўқиганман. Шу сўзни Сизларга айтмасдан кета олмадим"...

Сўзлари давомида муфтийимиз Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратимиз ҳам алоҳида телефон орқали таъзия изҳор этиб, хайрли дуолар қилганларини мамнуният ила билдирдилар.

Аллоҳ таоло барчамизга хайрли ва гўзал хотима насиб этсин, олим ва ҳофизи Қуръон – Аҳмадали домламизни Аллоҳ таоло Ўз раҳматига мушарраф этсин!

 

Нурали МАВЛАНОВ,

"Абу Бакр Сиддиқ" жоме масжиди имом-хатиби

Бугун, 16 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги бир гуруҳ таниқли имом-хатиблар пойтахтимиз масжидларига ташриф буюриб, пешин ва хуфтон намозларини жамоат билан бирга адо этгандан сўнг мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбат қилиб беришади.

Қуйида уламолар пешин ва хуфтон намозларига борадиган масжидлар рўйхати билан танишишингиз мумкин:

Олмазор туманидаги “Аҳмаджон қори” масжидига пешинга, Юнусобод туманидаги “Ҳасанбой” масжидига хуфтонга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов;

Шайхонтоҳур туманидаги “Сузук ота” масжидига пешинга, Олмазор туманидаги “Мевазор” масжидига хуфтонга Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов;

Олмазор туманидаги “Сирож Солиҳ” масжидига пешинга, Олмазор туманидаги “Тўхтабой” жомесига хуфтонга Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи Муҳаммадайюб домла Ҳомидов;

Шайхонтоҳур туманидаги “Фотимаи Заҳро” масжидига хуфтонга Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи Алижон қори Ҳайдаров;

Олмазор туманидаги “Ҳазрати имом” масжидига пешинга, Юнусобод туманидаги “Минор” масжидига хуфтонга Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи ўринбосари Аброр домла Мухтор Алий;

Чилонзор туманидаги “Новза” масжидига пешинга, тумандаги “Собитхон ҳожи” масжидига хуфтонга Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов;

Шайхонтоҳур туманидаги “Оқ тунукали” масжидига пешинга, тумандаги “Яҳё” масжидига хуфтонга Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби Собир домла Рустамов;

Шайхонтоҳур туманидаги “Султон ҳожи” масжидига пешинга, тумандаги “Оқлон” жомесига хуфтонга Олмазор тумани бош имом-хатиби Абдуллоҳ домла Юлдошев;

Чилонзор туманидаги “Дўмбиробод” масжидига пешинга, Шайхонтоҳур туманидаги “Коҳ ота Бузрук” жомесига Учтепа тумани “Маҳкам ота” масжиди Муҳаммадбобур Йўлдошев;

Шайхонтоҳур туманидаги “Баланд” масжидига пешинга, тумандаги “Фирдавс” жомесига хуфтонга Чилонзор туманидаги “Новза” масжиди имом-хатиби Жалолиддин домла Ҳамрақулов;

Чилонзор туманидаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжидига хуфтонга Олмазор тумани “Сирож Солиҳ” масжиди имом-хатиби Ҳасан домла Қодиров;

Чилонзор туманидаги “Чоштепа” масжидига, тумандаги “Қатортол” жомесига хуфтонга Яккасарой туманидаги “Ракат” масжиди имом-хатиби Роббимқул домла Муҳаммадиев;

Миробод туманидаги “Қўйлиқ ота” масжидига пешинга, тумандаги “Валихужа ўғли Норхужа” жомесига хуфтонга Шайхонтоҳур тумани “Доруссалом” масжиди имом-хатиби Муҳаммадраҳим домла Абдуқодиров;

Учтепа туманидаги “Абу Ҳурайра” масжидига пешинга, тумандаги “Бешқайрағоч” жомесига Тошкент шаҳридаги "Камолиддин Ориф ал-Бухорий" масжиди имом-хатиби Закариё домла Ҳафизуллаев.

Аллоҳ таоло уламоларимизнинг суҳбатини манфаатли ва давомли қилсин!

Top