muslim.uz

muslim.uz

Ёшлигида мактабни ташлаб кетишга мажбур бўлган фаластинлик 85 ёшли муслима Жиҳод Батту ёши кексалигига қарамай диншунослик бўйича бакалавр даражасини олишга муваффақ бўлди.

Батту 1936 йилда Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидаги Наблус шаҳрида туғилган. Жиҳод фаластинликлар оммавий қувғинга учраган 1948 йилгача Назарет яқинидаги Мужайдил шаҳрида мактабга қатнаган. Шу йили онаси ҳам касал бўлиб қолди, шунинг учун қиз мактабга боролмай қолди.

Islam.ru хабарига кўра, 1954 йилда Жиҳод турмушга чиқиб, беш фарзанд туғди. Бироқ унинг ўқиб ўрганиш истаги ҳеч қачон сўнмаган. У араб, инглиз ва иврит тилларидаги бир нечта тил курслари, шунингдек, математика курсларида ўқишга муваффақ бўлди. 81 ёшида фаластинлик аёл ҳали ҳам ўқишга иштиёқманд эди. У олий маълумот олишга қарор қилди.

Маҳаллий веб-сайтга берган интервьюсида Жиҳоднинг айтишича, у Исломга бўлган муҳаббати туфайли диншунослик институтини танлаган. “Кечаси кўп ва қаттиқ ўқидим”, - деди у.

85 ёшида Жиҳод ўз орзусини бакалавр даражасини олиш ва битирувчи кийимини кийиш орқали амалга оширди. "Ўрганганларимни атрофдагиларга ўргатаман. Илмни фақат ўзим учун қолдирсам ундан нима фойда, шунинг учун бошқаларга ҳам фойда келтириши учун уларни ўргатмоқчиман",- дея ўртоқлашди 85 ёшли битирувчи.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

— Қайнонам билан келишмовчиликлар бўлгани сабабли келинлик уйимдан ҳомиладор ҳолимда чиқиб кетгандим. Фарзандим туғилганда турмуш ўртоғим мени олиб кетмоқчи бўлди. Лекин қайнонам буни эшитиб, менга: “Ўғлим билан неча ойдан бери бирга яшамаяпсизлар, ораларингдаги никоҳ бекор бўлиб бўлган”, деди. Ваҳоланки, эрим талоқ бермаган, ажрашаман демаган. Қайнонамнинг шундай дейишга ҳаққи бор-ми?

— Узоқ муддат бирга яшамаслик никоҳни бузувчи омил эмас. Никоҳ бузилиши учун эр хотинига “талоқ” сўзини очиқ айтиши ёки унга далолат қилувчи киноя сўзларни тилга олиши керак. Бирга яшаймиз, деб турган ёшларни катталар ўртага тушиб, яраштириб қўйиш ўрнига уларни бир-биридан айиришга уриниш мутлақо дуруст эмас.

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Вторник, 12 Октябрь 2021 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Диний идоранинг "Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш" бўлими мудири ўринбосари Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий)нинг фарзанди вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло Аброр Мухтор Алий ва унинг яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Аброр Мухтор Алийнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Идишларнинг оғзини ёпиб, эшикларни тамбалаб ва чироқларни ўчириб ётинглар, чунки сичқон пиликни тортиб юбориб, уй аҳлини ёқиб юбориши мумкин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Демак, ўт чиқишига сабаб бўладиган жиҳозлар, яъни газ ва электр жиҳозларига уйқудан олдин эътибор бериш ҳам динимиз одобларидан экан. Бу ҳадис нафақат дунёвий манфаатларни, балки диний манфаатларни ҳам ўз ичига олган. У асраш лозим бўлган ҳар бир жонга эътибор ва беҳуда сарфлаш гуноҳ бўлган молни сақлашга ундовдир.

Қолаверса, замонавий илмий тадқиқотлардан маълум бўлишича, ухлаган пайтда чироқни ёниқ қолдириш инсон миясининг муҳим жойларига таъсир қилиб, турли изтироб ва руҳий тушкунликларга ҳамда семириб кетишга сабаб бўлади. Шунинг учун олимлар тана ва мия дам олиши учун тунда чироқларни ўчириб ётишни тавсия қилишади.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

ЎМИ матбуот хизмати

Top