Дунё янгиликлари

85 ёшли муслима Ислом институтини битирди

Ёшлигида мактабни ташлаб кетишга мажбур бўлган фаластинлик 85 ёшли муслима Жиҳод Батту ёши кексалигига қарамай диншунослик бўйича бакалавр даражасини олишга муваффақ бўлди.

Батту 1936 йилда Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидаги Наблус шаҳрида туғилган. Жиҳод фаластинликлар оммавий қувғинга учраган 1948 йилгача Назарет яқинидаги Мужайдил шаҳрида мактабга қатнаган. Шу йили онаси ҳам касал бўлиб қолди, шунинг учун қиз мактабга боролмай қолди.

Islam.ru хабарига кўра, 1954 йилда Жиҳод турмушга чиқиб, беш фарзанд туғди. Бироқ унинг ўқиб ўрганиш истаги ҳеч қачон сўнмаган. У араб, инглиз ва иврит тилларидаги бир нечта тил курслари, шунингдек, математика курсларида ўқишга муваффақ бўлди. 81 ёшида фаластинлик аёл ҳали ҳам ўқишга иштиёқманд эди. У олий маълумот олишга қарор қилди.

Маҳаллий веб-сайтга берган интервьюсида Жиҳоднинг айтишича, у Исломга бўлган муҳаббати туфайли диншунослик институтини танлаган. “Кечаси кўп ва қаттиқ ўқидим”, - деди у.

85 ёшида Жиҳод ўз орзусини бакалавр даражасини олиш ва битирувчи кийимини кийиш орқали амалга оширди. "Ўрганганларимни атрофдагиларга ўргатаман. Илмни фақат ўзим учун қолдирсам ундан нима фойда, шунинг учун бошқаларга ҳам фойда келтириши учун уларни ўргатмоқчиман",- дея ўртоқлашди 85 ёшли битирувчи.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

987 марта ўқилди

Янгиликлар

Top