muslim.uz

muslim.uz

Қорақалпоғистон сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири Шайх Алижон қори Файзулла Махдум ўғли Қорақалпоғистондаги “Муҳаммад ал-Беруний” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ташриф буюриб, талаба-ёшларга маърифий суҳбат қилиб берди.

Шайх Алижон қори сермазмун суҳбат асносида халқимизнинг “Устоз отадан улуғ” деган ҳикматини шарҳлади. Шунингдек, толиби илмларга илм ўрганиш йўллари, уни халққа чиройли ва таъсирчан етказиш учун чуқур билим, нотиқлик илми зарур эканини таъкидлади. Мисрдаги “Ал-Азҳар” университетидан “Муҳаммад ал-Беруний” мадрасаси талабалари учун даъват илмига оид муҳим ўқув дарсликлари, нодир адабиётлар келишининг хушхабарини берди.

Дарҳақиқат, устозлар жамиятимизга сув ва ҳаводек зарурдир. Бу муҳтарам зотларни бамисоли ўз нурини атрофга сочаётган қуёшга ўхшатсак бўлади. Қуёшнинг нуридан барча мавжудот фойдаланганидек, уларнинг маърифат зиёларидан бутун башарият манфаатланади.

Пайғамбарлар инсониятга эзгуликни таълим берганлар, шунингдек, яхшиликка чақирганлар. Мана шунинг ўзи ҳам бу соҳа вакилларининг мартабалари нақадар юксак эканига далолат қилади.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан) илгари аниқ залолатда эдилар” (Жумъа сураси, 2-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Муаллим қилиб юборилганликларини ўзлари очиқ-ойдин баён қилганлар: “Аллоҳ мени қийновчи ва қийинлаштирувчи қилиб эмас, балки муаллим ва осонлаштирувчи қилиб юборди”, ‒ дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс муаллим бўлишини унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз ‒ Исломда илмлар диний, дунёвийга ажратилмайди. Балки фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади.

Маърифий суҳбат давомида толиби илмлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Аввал хабар қилганимиздек айни кунларда Яҳё қори Убайдуллоҳ ўғли Қорақалпоғистонга ташриф буюрди. Устоз 14 сентябрь куни аср намозини Чимбой туманидаги “Хан” масжидида адо этиб, йиғилганларга “Иброҳим алайҳиссаломнинг дуолари” ҳақида амри маъруф қилдилар.

Яҳё қори Убайдуллоҳ ўғли жумладан бундай дедилар: “Аллоҳ таоло бизга пайғамбарлар қилган мустажоб дуолар ҳақида Ўз каломида оят нозил қилган. Шулардан бири Иброҳим алайҳиссаломнинг дуоларидир: «...Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин» (Бақара,126-оят)".

Ташрифлар давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Қорақалпоғистон сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Аброр домла Мухтор Алий пешин намозига Нукус шаҳридаги “Муҳаммад Бахий эшон”, аср намозига Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидига ташриф буюриб, жамоат билан кундалик намозларни адо этди.

Аброр домла ташриф давомида масжидда ҳозир бўлган мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбат қилиб берди. Дастлаб юртимиздаги диний маърифий соҳадаги хайрли ишлар, сўнги янгиликлар ҳақида хабардор қилди, кейинги пайтдаги долзарб мавзулар, хусусун, имон ва эътиқод масаласи, адашган фирқалар, миссионерлик ҳаракати мавзусида мавъиза қилдилар.

Дарҳақиқат, бугунги кунда ёшларнинг турли мафкуравий таъсирлар нишонига айланиши ва турли оқимларга кириб қолишларининг асосий сабаблари: диний илмларни ўрганиш учун муносиб устоз танламаслик, ишонувчанлик, айрим ҳолларда қайсарлик ва шон-шуҳратга тез эга бўлишга ҳаракат қилишларидир. Бу омиллардан эса бузғунчи ғояларнинг тарафдорлари унумли фойдаланиб қолмоқдалар.

Барчамиз ёш авлод таълим-тарбияси борасидаги давлатимиз олиб бораётган изчил ислоҳотларни амалга оширишда ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида сай-ҳаракат қилсак, бу борадаги дунёқараш ва тасаввурларни тубдан ўзгартирсак, кўзланган мақсад ва натижаларга эришамиз.

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “...Албатта, бирор қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларни ўзгартирмас...” (Раъд сураси 11-оят)

Дунёда илм-фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Лекин шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан янада жиддийроқ шуғулланишга ундайди ва туртки бўлиши керак. Тарихда эса мусулмон олимлари дунё халқларига кўплаб кашфиётларни тақдим этганлар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Киши фарзандига одоб бериши – бир соъ эҳсон қилишидан афзалдир” (Имом Термизий ривоятлари). (Бир соъ – тақрибан 4 килограммдир).

Фарзандларга илм бериш борасида эса Муъоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу шундай дейдилар:“Билмаганга илм ўргатиш – садақадир”.

Маърифий суҳбат жавол-жавобларга уланиб кетди, охирда хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Тожиддинов Абдусамад

Top