Ўзбекистон янгиликлари

Қорақалпоғистон сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири Шайх Алижон қори Файзулла Махдум ўғли Қорақалпоғистондаги “Муҳаммад ал-Беруний” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ташриф буюриб, талаба-ёшларга маърифий суҳбат қилиб берди.

Шайх Алижон қори сермазмун суҳбат асносида халқимизнинг “Устоз отадан улуғ” деган ҳикматини шарҳлади. Шунингдек, толиби илмларга илм ўрганиш йўллари, уни халққа чиройли ва таъсирчан етказиш учун чуқур билим, нотиқлик илми зарур эканини таъкидлади. Мисрдаги “Ал-Азҳар” университетидан “Муҳаммад ал-Беруний” мадрасаси талабалари учун даъват илмига оид муҳим ўқув дарсликлари, нодир адабиётлар келишининг хушхабарини берди.

Дарҳақиқат, устозлар жамиятимизга сув ва ҳаводек зарурдир. Бу муҳтарам зотларни бамисоли ўз нурини атрофга сочаётган қуёшга ўхшатсак бўлади. Қуёшнинг нуридан барча мавжудот фойдаланганидек, уларнинг маърифат зиёларидан бутун башарият манфаатланади.

Пайғамбарлар инсониятга эзгуликни таълим берганлар, шунингдек, яхшиликка чақирганлар. Мана шунинг ўзи ҳам бу соҳа вакилларининг мартабалари нақадар юксак эканига далолат қилади.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан) илгари аниқ залолатда эдилар” (Жумъа сураси, 2-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Муаллим қилиб юборилганликларини ўзлари очиқ-ойдин баён қилганлар: “Аллоҳ мени қийновчи ва қийинлаштирувчи қилиб эмас, балки муаллим ва осонлаштирувчи қилиб юборди”, ‒ дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс муаллим бўлишини унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз ‒ Исломда илмлар диний, дунёвийга ажратилмайди. Балки фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади.

Маърифий суҳбат давомида толиби илмлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1005 марта ўқилди

Янгиликлар

Top