muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 05 Июль 2021 00:00

Меъёрни унутмайлик!

Ота-онамиз, яқин жигарларимиз ёнимизда. Ҳар куни уларни кўриб, дийдорига тўйиб турганимиз учун, баъзида қадрламаймиз. Уларни йўқотганимиздан сўнг эса хотирасини абадийлаштириш ҳақида ўйлаб қоламиз...

Қўшни маҳаллада яшовчи бир танишимнинг онаси бетоб бўлиб қолгач, ўз онасини туғишган синглисиникига олиб бориб ташлади. Ўғил туриб касалманд онага қиз ва куёв қарашди. Орадан уч йил ўтгач, онахон оламдан ўтди. Яқинда ўша ўғил онасининг хотирасига атаб, қимматбаҳо қабр тоши ўрнатганини эшитиб, барча таниш-билишлар ёқа ушлади. Буниси ҳам майли, онасининг қабри ёнидан ўзи учун жой ҳозирлатиб, банд қилиб қўйган.

– Ҳали жуда ёшсиз. Нега ҳалитдан у дунёнинг ташвишини қиляпсиз, дея савол берганларга:
– Вақт- соатим етиб, бу дунёдан ўтар бўлсам, болаларим менинг ташвишимни қилиб қийналмасин, деб, онамнинг ёнидан жой ҳозирлаб қўйдим-да,– деган гапни айтибди.

Тавба, айрим одамларга бугун яшаш учун бошпана муаммо бўлиб турган пайтда, баъзи пулдорлар қабристонни ҳам эгаллаб олишга интилишаётгани одамни ажаблантиради. Эчкига жон қайғуси, қассобга мол қайғуси деб, шунга айтсалар керакда...

Шу воқеа сабаб бўлиб, Тошкент шаҳридаги қабристонларга қўйилган ёдгорликларнинг нарх-навоси билан қизиқдик. Қабртош ясовчи усталарнинг маълумот беришларича, 30-40 сантиметрли оқ мармарнинг баҳоси 300 минг сўм, қора рангли мармар эса 500 минг сўм. 70-80 сантиметрли гранитларнинг баҳоси эса 1,800 минг сўм экан. Мармар тошлари Самарқанддан, гранит эса Украинадан олиб келинишини, шунинг ҳисобига бу тошнинг хизмат тури қимматлигини изоҳлашди.

Ҳозирги кунда қабристонларга кирган одамнинг катта- катта қабр тошлар, санги мармарларга кўзи тушмай иложи йўқ. Бу тошларга шеърлар, турли фикрлар ўйиб ёзилган. Ёзганлари яхши, лекин катта харажатлар эвазига тош қўйиш исрофгарчиликдан бошқа нарса эмас. Уламоларимиз ота-оналари ўша ерда эканлигини билиш учун кичкинагина тошчага исм, туғилган ҳамда вафот этган йилларини ёзиб қўйиш савоб эканлигини таъкидлайди.

Ота-онасининг, яқинларининг хотирасини абадийлаштириш яхши, албатта. Аммо бундай эътибор дабдабабозлик, ортиқча сарф-харажатлар эвазига бўлмаслиги керак. Бу ҳақда динимизда нима дейилган?

–Қуръони каримда қабрлар бошига катта-катта қабртошлар қўйиш қораланган, – дейди Олмазор тумани, Мирзо Ғолиб масжиди имом хатиби Муҳаммадхон Султонхонов.– Жоҳилият даврида одамлар бир-бирлари билан кимнинг пули кўп, кучи, ўғли кўп, дея кибрга берилиб, мусобақа ўйнаган. Бора-бора қабрлар билан мақтанишга ўтишган. Аслида марҳумлар учун ҳеч нарса керак эмас. Ҳазрат Абубакр айтганларки, ”Тириклар муҳтож бўлган нарсаларга ўликлар муҳтож бўлмайди, мени ўзимнинг эгнимдаги кийим билан кафанланглар”, деган. Яъни ана ўша қабрларга қўйиладиган мармарлар қайсидир инсоннинг уйини безашга, қимматбаҳо ғиштлар эса уй қурилишида асқатиши мумкин.

Муборак ҳадисларда: ”Инсон вафот этса, барча амаллари тўхтайди, фақат уни учта қилган амалидан савоблар етиб туради”, деб ёзилган. Бу амалларнинг энг биринчиси садақаи жория. Агар марҳумларнинг яқинлари ортиқча пулларини кўпчилик фойдаланадиган йўлларга асфальтлар ётқизиб, шифохоналарга зарур аппаратлар олиб берса, боғча-мактабларнинг таъмирига, фарзандининг шартнома пулини тўлашга қийналиб турган оилага ёрдам қўлини чўзса, бу мендан эҳсон, шундан ҳосил бўлган савоблар ота-онамга бориб етсин, десалар, худо хоҳласа, унинг савоби то қиёматгача етиб боради.

Бизнинг жамиятда шундоғам қиладиган ишларимиз кўп. Орамизда фарзандларининг баъзи бир муаммоларини ҳал қилмасдан туриб, қарз олиб ёки бировлардан гаров эвазига пул олиб, қабрларга мармар тошларини қўяётган одамлар ҳам бор. Аммо орамизда савобталаб инсонлар ҳам жуда-жуда кўп.

– Онам оламдан ўтгач, бир йилдан сўнг, ёдгорлик тоши қўймоқчи бўлдим,– дейди пойтахтда яшовчи бир танишим. — Қабр тошининг энг сифатлиси уч миллион сўм турар экан. Қишлоғимиз имоми “Бир оиланинг фарзанди оғир касал, чет элга даволатишга бориш учун маблағи етмаяпти, шу пулни ўша оилага берсангиз, савоб бўларди”, деб қолди. Тўғри, бошида менинг ёрдамимсиз ҳам битадиган иш битади, деб пулни қизғандим. Аммо қишлоқ одамларининг баҳоли қудрат ёрдам бераётганини кўриб, қабр тошига аталган пулни ўша оилага эҳсон қилдим. Кичкинагина рамкага онамнинг исм-шарифларини ёзиб, қабр олдига ўрнатиб қўйдик. Хизматчилик, қишлоққа тез-тез боришга вақтим ҳам, имконим ҳам етмайди. Бу йил таътилда қишлоққа бориб, онамнинг қабрларини зиёрат қилгани чиқдим. Қабрлари устида атиргуллар қийғос очилиб, райҳонлар ҳид таратиб ётибди. Қабристон қоровули бу гулларни ўша боласи касал аёл экиб кетганини айтгач, хурсанд бўлиб кетдим. Демак, бизнинг кичкинагина қилган яхшиликларимиз ҳам ота-оналаримиз ҳаққи учун катта савоб бўлиб қайтар экан.

Ота-онасининг руҳини шод этиш, қандай хотирлаш ҳар кимнинг ўз виждони, юрак амрига боғлиқ. Бу борада биз кимгадир насиҳат қилиш, маслаҳат бериш фикридан йироқмиз. Айтмоқчи бўлганимиз, қанча яхшиликларимиз бўлса, улар ҳаётликларида амалга оширишга улгуриб қолайлик. Онамизнинг униққан кўйлагини кўриб, юзимизни терс бурмайлик. Бир пайтлар бизни олий маълумотли қилиш учун шартнома пулини тўлайман деб йиртиқ туфлида қолган отамизга бир жуфт туфли совға қилишга улгурайлик. Зеро, эртага афсусланиб қолмаймиз.

Нигора Раҳмонова, ЎзА

2017-2021 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Махсус сиртқи бўлимида таҳсил олган талабаларнинг битирув тадбири бўлиб ўтди. Унда институт раҳбарияти, ўқитувчи-муддарислар, талабалар иштирок этишди.

Хатмона тадбирида институт ректори Уйғун домла Ғофуров бошчилигидаги профессор-ўқитувчилар 3 йиллик махсус сиртқи таълимни муваффақиятли тамомлаётган илк қалдирғоч талабалари ва уларнинг устозларини муборакбод этиб, ўқиш давомида фаоллик кўрсатиб, бошқаларга намуна бўлган, мусобақа ва танловларда юқори натижа эришган, гўзал хулқ-атворга эга битирувчи талабаларга “Мақтов ёрлиғи” топширилди.

Ўз навбатида битирувчи талабалар ҳам устозларига берган таълим-тарбия учун миннатдорлик билдириб, келгусида ушбу даргоҳдан олган илми билан Ҳақ таоло розилиги йўлида масжид, диний-таълим муассасалари ва бошқа турли идораларда холис хизмат қилишга, халқимизнинг диний-маърифий саводхонлигини оширишга сарфлашларини билдирдилар.

Маълумот учун, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2017 йил 29 сентябрдаги “Республикамизда фаолият юритаётган икки мингдан зиёд масжидларни олий диний маълумотга эга имом-хатиблар билан таъминлаш учун Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 3 йиллик Махсус сиртқи бўлим ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғига асосан институтда Махсус сиртқи бўлими ташкил этилди.

Махсус сиртқи бўлим талабалари учун ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратилган. Уларга институтнинг юқори малакали, узоқ йиллик тажрибага эга бўлган профессор-ўқитувчилари дарс беришади. Талабалар институт махсус фан ва ўқув аудиторияларидан, ахборот ресурс марказидаги дарсликлар, манба ва адабиётлардан, компьютер хоналаридан фойдаланиш мумкин. Махсус сиртқи бўлимни тугатган талабаларга диний олий маълумот даражасидаги Тошкент ислом институти дипломи берилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
матбуот хизмати

Понедельник, 05 Июль 2021 00:00

Насиҳат қилишнинг 18 одоби

Халқимизда бир-бировдан насиҳат олиш, бир-бировга насиҳат бериш одати мавжуд. Албатта, насиҳат қилишнинг ҳам ўзига хос одоблари бор. Насиҳат қилиш одоблари ҳақида фикр юритишдан олдин, “насиҳат нима” деган саволга жавоб бериб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

“Насиҳат” сўзи ўзбек тилига араб тилидан кирган сўз ҳисобланади. У самимий маслаҳат, ўгит, хайрихоҳлик,  деган маъноларни  англатади. Бу ҳақда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да” “Насиҳат (арабча) самимий маслаҳат, ўгит, хайрихоҳлик, самимийлик” дейилади.  

Бир инсоннинг бошқа инсонга холис ниятда маслаҳат бериши, уни ёмонликдаан қайтариб, яхшиликка чорлаши насиҳат дейилади.

Ҳар бир инсон насиҳат сўраб келган кишига холис насиҳат бериши лозимдир. Зеро, насиҳат қилиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бошқа мўъмин-мусулмондаги ҳақларидан биридир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмоннинг (бошқа) мусулмон зиммасидаги ҳаққи олтитадир: “Унга рўбарў келсанг, салом бер, сен (бирор нарсага) таклиф этса, уни қабул қил, сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил, агар аксириб, Аллоҳга ҳамд айтса, унга ташмит айт, бетоб бўлса, уни зиёрат қил, вафот этса, (жанозасига) эргаш (яъни қатнаш)” дедилар” (Имом Муслим ривояти). 

                Насиҳат қилишнинг қуйидаги одоблари бор:

  1. Насиҳат сўраб келган кишини очиқ юз билан қарши олиш;
  2. Насиҳат сўраб келган кишидан ҳол-аҳвол сўраш;
  3. Насиҳат сўраб келган кишининг фикрини охиригача тинглаш;
  4. Насиҳат беришни яхши ният билан бошлаш;
  5. Насиҳат сўраб келган кишининг кўнглига тегмасдан унга чиройли насиҳат қилишга ҳаракат қилиш;
  6. Насиҳат ўзида дунё ва охират манфаатларини қамраб олиши;
  7. Насиҳатда  ишонарли нақлий ва ақлий далиллар келтириш;
  8. Насиҳатда ҳаётдаги ибратли воқеалардан мисоллар келтириш;
  9. Насиҳатда кишининг хато ва камчиликларини ётиғи билан тушинтириш;
  10. Насиҳатда кишининг ижобий томонларини кўрсатиб ўтиш;
  11. Насиҳатни ўрни ва вақтини билиб, уни холис қилишга уриниш;
  12. Бирор кишини уялтириш учун унга кўпчилик орасида насиҳат қилишдан сақланиш;
  13. Риё учун бошқа кишига кўпчилик орасида насиҳат қилишдан сақланиш;
  14. Имкони борича насиҳатни махфий қилиш;
  15. Насиҳатни бирор ғаразли мақсаддан холи бўлишига эришиш;
  16. Насиҳат қилишда бировнинг айбини юзига солмаслик;
  17. Насиҳат якунида яхши хулосалар чиқариш;
  18. Насиҳатга келган кишига “худо хохласа, келгусида ҳаммаси яхши бўлади”, деб яхши тилаклар билдириш.

 

Насиҳат қилувчи кишининг илми юқори, ҳаётда тажрибаларга эга бўлиши, фаҳм-фаросати юқорида даражада бўлишлиги муҳим аҳамиятга эга.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар томонлама яхши ниятда, таъсирчан услубда, самимият билан қилинган насиҳат катта ажр-савобларга сабаб бўлади. У инсонлар ўртасида ёмонликни мавҳ қилиб, яхшиликни бардавом бўлиши учун хизмат қилади.

 

Рухиддин АКБАРОВ,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ

Туркиянинг «Türkiye» газетасида «Ўзбекистон туризм юлдузига айланиб бормоқда» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА .

«Саёҳат» рукнида чоп этилган мазкур мақолада газета ўз ўқувчиларини Ўзбекистонда сўнгги 5 йилда амалга оширилган ислоҳотлар натижалари, мамлакатнинг туризм соҳасида Осиёдаги етакчи давлатга айланиш йўлидаги дадил қадамлари билан таништиради.

Материалда қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти лавозимига киришганидан сўнг туризм мамлакат иқтисодиётининг энг муҳим соҳаларидан бири бўлиши кераклигини билдирди. Ўтган беш йилда ушбу секторда кўплаб муҳим ўзгаришлар амалга оширилди.

«Босқичма-босқич юксалиб бораётган Ўзбекистон туризми мамлакат иқтисодиётининг муҳим бўғинларидан бирига айланди. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида 2016 йилда 2 миллион сайёҳ келган мамлакатга 2019 йилда 6,7 миллиондан зиёд хорижлик саёҳатчи сифатида сафар қилди. Бу кўрсатгич уч йилда тахминан 3 баробарга кўпайди. Мамлакатда ички туризм ҳам ривожланди ва 2016-2019 йилларда икки каррага ошди.

БМТнинг Жаҳон туризм ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2019 йилда энг яхши ривожланган туризм манзиллари қаторидан жой олди», - деб ёзади турк газетаси.

Мақолада билдирилишича, мамлакатда виза тартиботи билан боғлиқ туб ўзгаришлар амалга оширилди. «Яқин вақтларга қадар кириш қийин бўлган Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев даврида кўплаб мамлакатларга ўз эшикларини очди, - дея таъкидлайди муаллиф. - Бугунги кунда Туркияни ҳам қўшиб ҳисоблаганда қарийб 90 давлат фуқаролари Ўзбекистонга визасиз кириш имконига эга. Шунингдек, мамлакатда «Ватандош», «Талаба», «Соғлиқни сақлаш» ҳамда «Зиёрат» каби қулай виза турлари жорий этилган.

Таъкидланишича, Ўзбекистон туризм инфратузилмасини ривожлантиришга ҳамда мамлакат ичидаги тарихий ва туристик осори атиқаларни қўриқлашга қаратилган жуда муҳим чора-тадбирлар билан ўз жозибадорлигини ошириб бормоқда. Жумладан, мамлакатда Туркия ва Жанубий Корея тажрибаси асосида 50 хонали кичик ва бутик меҳмонхоналар қурилиш дастури йўлга қўйилди. Янги меҳмонхоналар қурилишида давлат ва хусусий сектор шерикчилиги тажрибаси тадбиқ этилмоқда.

Мақолада туризм соҳасидаги жозибадорликни янада орттириш мақсадида ўзбек халқи санъати ва маданиятини танитувчи янги фестиваль ва тадбирлар ўтказиш бўйича ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилган. Нашрда, шунингдек, Ўзбекистоннинг тарихий гўзаллиги ва турк-ислом дунёсининг диний қадриятларини кенг тарғиб этиш мақсадида «зиёрат туризми» лойиҳаси йўлга қўйилгани ва бу соҳага алоҳида эътибор қартилаётгани қайд этилган.

Диний ва тарихий жиҳатларга урғу берилган ҳолда ислом мамлакатларидан келувчи сайёҳлар учун мўлжалланган йўналиш шакллантирилди ҳамда бу борада янги турстик лойиҳа ва маҳсулотлар ишлаб чиқилди. Масалан, мақбаралари Бухорода жойлашган етти буюк муршидларнинг зиёратгоҳларини ўз ичига олувчи “Етти пир” туристик пакетлари тақдим этилмоқда. “Макка, Мадина ва Қуддусдан сўнг Бухорога бориш зарур”, - деб ёзади нашр.

Самарқанддаги Имом Мотуридий ва Имом Бухорий мақбаралари жойлашган манзиллар ободонлаштирилмоқда, зиёрат мақсадида келган сайёҳлар учун кўплаб қулайликлар яратилмоқда. Шунингдек, мамлакатнинг Шаҳрисабз, Термиз, Наманган, Хива ва бошқа шаҳарларида жойлашган муборак қадамжолар маҳаллий ва чет эллик сайёҳларнинг севимли масканларидир, дейилади мазкур мақолада.

«Бутун дунёда пандемия туризм соҳасига салбий таъсир кўрсатаётган бир вақтда мамлакатда “Ўзбекистонга хавфсиз саёҳат” тизими йўлга қўйилиб, келувчи сайёҳларга хавфсиз туризм бўйича халқаро стандартлар даражасида хизмат кўрсатилмоқда», - деб қайд этади «Türkiye» газетаси.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top