Дунё янгиликлари

«Türkiye» газетаси: “Макка, Мадина ва Қуддусдан сўнг Бухорога бориш зарур”

Туркиянинг «Türkiye» газетасида «Ўзбекистон туризм юлдузига айланиб бормоқда» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА .

«Саёҳат» рукнида чоп этилган мазкур мақолада газета ўз ўқувчиларини Ўзбекистонда сўнгги 5 йилда амалга оширилган ислоҳотлар натижалари, мамлакатнинг туризм соҳасида Осиёдаги етакчи давлатга айланиш йўлидаги дадил қадамлари билан таништиради.

Материалда қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти лавозимига киришганидан сўнг туризм мамлакат иқтисодиётининг энг муҳим соҳаларидан бири бўлиши кераклигини билдирди. Ўтган беш йилда ушбу секторда кўплаб муҳим ўзгаришлар амалга оширилди.

«Босқичма-босқич юксалиб бораётган Ўзбекистон туризми мамлакат иқтисодиётининг муҳим бўғинларидан бирига айланди. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида 2016 йилда 2 миллион сайёҳ келган мамлакатга 2019 йилда 6,7 миллиондан зиёд хорижлик саёҳатчи сифатида сафар қилди. Бу кўрсатгич уч йилда тахминан 3 баробарга кўпайди. Мамлакатда ички туризм ҳам ривожланди ва 2016-2019 йилларда икки каррага ошди.

БМТнинг Жаҳон туризм ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2019 йилда энг яхши ривожланган туризм манзиллари қаторидан жой олди», - деб ёзади турк газетаси.

Мақолада билдирилишича, мамлакатда виза тартиботи билан боғлиқ туб ўзгаришлар амалга оширилди. «Яқин вақтларга қадар кириш қийин бўлган Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев даврида кўплаб мамлакатларга ўз эшикларини очди, - дея таъкидлайди муаллиф. - Бугунги кунда Туркияни ҳам қўшиб ҳисоблаганда қарийб 90 давлат фуқаролари Ўзбекистонга визасиз кириш имконига эга. Шунингдек, мамлакатда «Ватандош», «Талаба», «Соғлиқни сақлаш» ҳамда «Зиёрат» каби қулай виза турлари жорий этилган.

Таъкидланишича, Ўзбекистон туризм инфратузилмасини ривожлантиришга ҳамда мамлакат ичидаги тарихий ва туристик осори атиқаларни қўриқлашга қаратилган жуда муҳим чора-тадбирлар билан ўз жозибадорлигини ошириб бормоқда. Жумладан, мамлакатда Туркия ва Жанубий Корея тажрибаси асосида 50 хонали кичик ва бутик меҳмонхоналар қурилиш дастури йўлга қўйилди. Янги меҳмонхоналар қурилишида давлат ва хусусий сектор шерикчилиги тажрибаси тадбиқ этилмоқда.

Мақолада туризм соҳасидаги жозибадорликни янада орттириш мақсадида ўзбек халқи санъати ва маданиятини танитувчи янги фестиваль ва тадбирлар ўтказиш бўйича ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилган. Нашрда, шунингдек, Ўзбекистоннинг тарихий гўзаллиги ва турк-ислом дунёсининг диний қадриятларини кенг тарғиб этиш мақсадида «зиёрат туризми» лойиҳаси йўлга қўйилгани ва бу соҳага алоҳида эътибор қартилаётгани қайд этилган.

Диний ва тарихий жиҳатларга урғу берилган ҳолда ислом мамлакатларидан келувчи сайёҳлар учун мўлжалланган йўналиш шакллантирилди ҳамда бу борада янги турстик лойиҳа ва маҳсулотлар ишлаб чиқилди. Масалан, мақбаралари Бухорода жойлашган етти буюк муршидларнинг зиёратгоҳларини ўз ичига олувчи “Етти пир” туристик пакетлари тақдим этилмоқда. “Макка, Мадина ва Қуддусдан сўнг Бухорога бориш зарур”, - деб ёзади нашр.

Самарқанддаги Имом Мотуридий ва Имом Бухорий мақбаралари жойлашган манзиллар ободонлаштирилмоқда, зиёрат мақсадида келган сайёҳлар учун кўплаб қулайликлар яратилмоқда. Шунингдек, мамлакатнинг Шаҳрисабз, Термиз, Наманган, Хива ва бошқа шаҳарларида жойлашган муборак қадамжолар маҳаллий ва чет эллик сайёҳларнинг севимли масканларидир, дейилади мазкур мақолада.

«Бутун дунёда пандемия туризм соҳасига салбий таъсир кўрсатаётган бир вақтда мамлакатда “Ўзбекистонга хавфсиз саёҳат” тизими йўлга қўйилиб, келувчи сайёҳларга хавфсиз туризм бўйича халқаро стандартлар даражасида хизмат кўрсатилмоқда», - деб қайд этади «Türkiye» газетаси.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1496 марта ўқилди

Янгиликлар

Top