muslim.uz

muslim.uz

 

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Тожиддинов Абдусамад

Поп туманида жойлашган “Кичик Хўжаобод” жоме масжиди янги биноси пойдеворига тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтди. Унда
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакили, вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов иштирок этди.

Маросим давомида Абдулҳай домла Турсунов уста ва мутахассислар билан учрашиб, қурилаётган янги бинони мўмин-мусулмонлар учун қулай ва шинам, хонақоҳларни кенг ва ёруғ қилиш бўйича кўрсатма берди.

Шунингдек, қурилиш ишларида замонавий ва миллийликка уйғун ҳолда олиб бориш, масжид атрофини обод ва кўркам этишга алоҳида урғу қаратиш борасида тавсиялар берилди.

Ушбу жоме масжид биноси қурилишига ҳисса қўшаётган масжид имомлари, мутавалли, фаоллар, қурувчи-муҳандис, саховатпеша инсонлар ҳақига ва ўтганлар руҳи покига Қуръони карим оятлари тиловат ва дуои хайрлар қилинди.

Аллоҳ таоло ушбу жоме масжид биноси тез фурсатда бунёд этилиб, халқимизга топширилишини насиб этсин!

Наманган вилоят вакиллиги
матбуот хизмати

Индонезиянинг «Investor ID» янгиликлар сайтида «Ўзбекистон – Марказий Осиё бозорига чиқиш учун имконият» сарлавҳаси остида мақола чоп этилди, хабар бермоқда «Дунё» АА.

Нашрнинг ёзишича, Марказий Осиё, Шарқий Европа ва Жанубий Осиё бозорларига индонезия маҳсулотининг чиқиши учун Ўзбекистон катта салоҳиятга эга. Ўзбекистон ва Индонезия биргаликда ривожлантираётган иқтисодий муносабатлар тез орада ўз натижаларини беради. Республика Марказий Осиёда тобора гуллаб-яшнаётган мамлакатга айланиб бормоқда. Ҳозирда кўплаб мамлакатлар минтақа мамлакатлари, айниқса Ўзбекистон билан муносабатларни йўлга қўйишга уринишмоқда. Ҳозир Индонезия учун бизнинг мамлакат билан ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг айни пайти келди.

Индонезия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик – бу нафақат G2G, балки B2B ва P2P ҳамдир. Иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик маданият соҳасидаги ҳамкорлик билан ҳамоҳангликда олиб борилади. Индонезияликлар ва ўзбекларнинг кўпчилиги исломга эътиқод қилади. Умумий асосларда иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик анча осонлашади. Ўзбекистонда диний туризмнинг бир қатор объектлари, шу жумладан Имом ал-Бухорий мажмуаси, буюк Амир Темур музейи, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Улуғбека мадрасаси мавжуд ва бундай жойлар жуда кўп.

«Индонезия Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришни истайди ва ривожлантиради, деб таъкидлаш учун барча асослар мавжуд», - дейилади мақолада.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

— Эшитишимизча, масжидга борганда масжидни бир марта ўнг тарафидан юриб айланса, мискинларнинг ҳажига ўтар эмиш. Бу қанчалик тўғри?

— Бундай гап динимизда йўқ. Масжидга боришнинг ўзи катта фазилат ва савобга эришишдир. Валлоҳу аълам!

 

— Бошқа мамлакатларга иш юзасидан бориб қолсак, у ердаги масжидларда намозлар биздагидан бошқачароқ ўталишига гувоҳ бўламиз. Бу ҳолда қандай йўл тутиш керак?

— Борган жойингиздаги имом аҳлус сунна вал-жамоадан бўлса, иқтидо қилинади ва ўзимизнинг мазҳабимизда қандай ўқиётган бўлсангиз, шундай ўқийверасиз. Саҳобаларни ҳақорат қиладиган тоифаларнинг орқасида намоз ўқишдан сақланинг.

 

— Масжидда тупуриш мумкин эмас, дейишади. Аммо айрим масжидларнинг ичида ҳожатхоналар ҳам бўлади. Масжид ҳовлисида ҳожатхона қуриш мумкин-ми?

— Ҳадисларда масжидни намоз ўқиладиган қисмига бошқаларга озор бериши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга буюрилган. Тупуриш ҳам шулар жумласидан. Масжид ҳудудига ахлатларни ташлаш учун мўлжалланган идишлар қўйилса, жоиз бўлади. Аммо масжид ҳудудида намозхонлар учун таҳоаратхона бўлишининг монелиги йўқ. Таҳоратхонада намоз ўқиш жоиз бўлмайди.

 

— Айрим ҳолда масжид қабристон билан ёнма-ён жойлашган бўлади. Шу тўғри-ми?

— Бу саволингизга “Фатовий ал-Азҳар” — Ал-Азҳар фатволари” мажмуасидаги қуйидаги фатвони жавоб тарийқасида тақдим этишга ижозат берсангиз:

- Ичида қабр бор масжиддаги намоз ҳукми: Агар қабр масжиддан ажралган жойда бўлса, яъни намоз ўқилмайдиган жойда, унга қўшни масжиддаги намоз тўғридир. Бунинг ҳаромлиги ёки макруҳлиги йўқ.

- Аммо қабр масжиднинг ичида бўлса, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мазҳабидан бошқа имомнинг мазҳабида жоиздир. Фақат улар, қабр намозхоннинг олд тарафида бўлиши макруҳ, деганлар. Чунки, бунда қабрга намоз ўқиганга ўхшашлик бор. Лекин қабр олдида намоз ўқишдан уни муқаддас билиши ва улуғлаш кўзланган бўлса, ҳаромдир. Гоҳида ширкка олиб бориши ҳам мумкин. Бас, қабр намозхоннинг орқасида, чап ёки ўнг тарафида бўлсин!

 

 

 

— Айрим масжидлар ҳовлисида мушки анбар, атирлар, диний китоблар сотилади. Масжидлар ичида савдо қилиш жоиз-ми?

— Масжиднинг хонақосида жоиз эмас. Ҳовлисида жоиз. Масжиднинг ташқарисида ҳунармандчилик, сотиш мақсадида хат битиш, ҳақ эвазига мактабдорлик қилиш жоиздир. Термизий ва Насоий келтирган ривоятда шундай дейилган: “Пайғамбар алайҳиссалом масжидда шеър айтишдан, олди-сотди қилишдан ва жума куни намоздан олдин ҳалқа бўлиб ўтиришдан қайтардилар”. Валлоҳу аълам!

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Индонезиянинг "Islampos" ахборот порталида Шарқнинг буюк илоҳиётчиси Имом ал-Бухорий ҳаёти ва ижодига бағишланган мақола эълон қилинди.
Мақола бошида мусулмон оламида шак-шубҳасиз нуфузга эга бўлган машҳур ислом олими,"Саҳиҳ ал-Бухорий" асарининг муаллифи Имом Бухорийнинг қисқача таржимаи ҳоли келтирилган.

"Болалигида Имом Бухорий ва унинг тенгдошлари Қуръон ва ҳадис ўқиш, ёзиш, ўрганишни ўрганиб олишган. Имом ал-Бухорий ёшлигида кўзи жароҳатланиб кўриш қобилияти сусайган бўлиб, ҳар қанча уринмасин ҳам табиблар уни даволай олмагандилар. Кунлардан бир куни ал-Бухорийнинг онаси тушида Иброҳим алайҳиссаломни кўрганда у зоти шариф бу мушфиқа онага қараб: "Эй волида! Сенинг дуоларингнинг бардавомлигидан Оллоҳ таоло ўғлингга тўлиқ кўриш қобилиятини қайтарди", — деб хитоб қилганлар", - деб ёзади мақола муаллифи Эненг Сусанти.

Бухорий "Саҳиҳ ал-Бухорий" китобини ёзишдан олдин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида учратди. Туш Имом Бухорий ёлғон ҳикоятдан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳимоячисига айланишини англатган. Шундан кейин Имом Бухорий шу кунгача саҳиҳ манбага айланган саҳиҳ ҳадисларни ўз ичига олган китоб ёзишга бўлган истаги тобора ортиб борди.

Ал-Бухорий "Ал-Жоми’ ас-саҳиҳ дан ташқари "Ал-Адаб ал-муфрад", "Ат-Тарих ал-Кабир" ва бошқа китоблар ёзган.
Имом Бухорий қадимги Самарқандда 256 ҳижрий йилнинг Рамазон ҳайити (Ийд ал-фитр) кечасида (870 йил 31 август) 60 ёшида вафот этди. Унинг қабри ва ёдгорлик мажмуаси ҳам бугунги кунда Ўзбекистондаги Самарқанд вилоятида жойлашган, дея хулоса қилади Индонезия ахборот ресурси.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top