muslim.uz

muslim.uz

Маълумки, Сурхондарё вилоятига келган ҳар бир сайёҳ буюк аллома ва авлиёлар қадамжоларини ихлос билан зиёрат қилади.
Ҳозир нафақат Ўрта Осиё, балки ислом оламида машҳур бўлган Ал-Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳи X-XIV асрларга тегишли меъморий ёдгорлик мажмуаси ҳисобланади.

ЎзА хабарига кўра, Амударё бўйида жойлашган буюк мутафаккир зиёратгоҳи вилоятдаги энг обод, энг кўркам масканлардан бирига айланган. Бу муқаддас даргоҳга зиёратга келувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони ҳам йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.

Бу ерга келган сайёҳлар буюк бобомиз қабрларини зиёрат қилиш билан бирга, парваришланаётган 39 мингта турли манзарали ва кўркам тропик дарахтлар, атрофга ўзгача чирой бахш этаётган гуллардан ҳам ўзгача завқ олади.

– Сўнгги пайтларда мазкур зиёратгоҳга келувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида бир қатор ишларни амалга оширдик, – дейди Ҳаким ат-Термизий ёдгорлик мажмуаси директори Абдураим Чориев. – Ўтган йили намозхонлар учун барча қулайликларга эга 29 ўринли таҳоратхона қурилди. Бундан ташқари, зиёратгоҳ ёнида вилоят ва туман ҳокимликлари билан келишилган ҳолда, маҳаллий тадбиркорларнинг маблағи ҳисобидан кўркам 10 та савдо растаси ҳам қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бунинг натижасида қўшимча иш жойи яратилди. Ҳунармандлар ўзлари қўл меҳнати билан ясаган кўзалар, тикилган чиройли сурхон кашталари, бойсун дўппиларини кўрсангиз кўзингиз қувнайди.

Маълумотларга кўра, Ҳаким ат-Термизий 400 дан ортиқ асарлар ёзган бўлиб, улар дунёвий ва диний илмларнинг турли соҳаларига бағишланган. Бобомиз асарларининг 50 дан ошиғи бугунги кунгача етиб келган.

Мажмуа ҳудудидаги Термиз ва термизийлар мероси тарихи музейида вилоятнинг тарихий ёдгорлик намуналари намойиш этилмоқда.
Музей бўлим мудири Умид Йўлдошевнинг таъкидлашича, бу ерда қадимги Термиз шаҳри қазишма ишларида топилган 300 га яқин турли ашёлар, тарихий қўлёзмалар, уй-рўзғор буюмлари ва ҳарбий қуроллар жамланган. Қадимги асрларга оид Буддавийлик, Ислом динларига оид эскпонатлар коллекциясини томоша қилганганингизда ўша даврлар ҳақида таассуротларга эга бўлиш мумкин.

Шунингдек, сайёҳларга қўшимча ахборот бериш мақсадида Термизий бобомиз ҳақида ҳужжатли фильмлар ҳам намойиш этилади.
Шу кунларда мазкур ёдгорлик мажмуаси зиёрат учун келган сайёҳлар билан гавжум. Президентимизнинг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан оилавий саёҳат қилувчилар, хусусан, ота-оналар, қариндошлар, қариялар ва ёшлар билан биргаликда муқаддас қадамжоларга келиш учун барча зарур қулайлик яратиляпти.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фақат Рамазончи бўлишдан эҳтиёт бўлинг

Инсонларни ибодатдаги аҳволини кузатган инсон уларнинг кўпчилигини Рамазон вақтида ибодатга қаттиқ берилганини ва Рамазон ўтгач ўзларининг оддий ҳаётларида бекорчилик ва ибодатларни вақтида қилмасликларини кўриш мумкин. Гўё Рамазон ойи Роббиси ўзга ойлар Роббиси эмасдек. Кўпчилик инсонларни масжидда намоз ўқишдан узоқлашганини, садақаларни қизғанишларини, нафл рўзаларни тутмасликларини, чиройли хулқдан узоқлашганини кузатиш мумкин.

Бишрил Ҳофийга айтилди: “Бир қавм борки улар Рамазонда ибодатга қаттиқ киришадилар. “Қандай ҳам ёмон қавм экан, Аллоҳнинг фақат Рамазондаги ҳаққини билишар экан. Йил давомида ибодатга қаттиқ киришган инсонгина солиҳ бўлади”- дедилар. (Ибн Ражабнинг “Латоифул Маъориф” китоби).

Алоҳ таоло маълум бир вақтда ибодатга қаттиқ киришиб бошқа вақт ташлаб қўйишдан огоҳлантириб шундай деди: Ва сизлар бир жамоат бошқа бир жамоатдан (сон ё бойлик жиҳатидан) ортиқроқ бўлгани учун қасамларингизни (ўзларингиз аҳдлашган кишиларга нисбатан) алдов воситаси қилишингиз билан (яъни, бошқа бойроқ ва кучлироқ қавмни топсангиз, аввалги қавм билан қилган аҳд-паймонларингиздан кечиб кетаверишингиз билан) худди ўзи тўқиган нарсасини пишиқ-пухта бўлганидан сўнг парча-парча қилиб бузиб чуватиб ташлаган хотинга ўхшаб қолмангиз. Албатта, Аллоҳ бу (аҳдга вафо қилишга буюриш) билан сизларни имтиҳон қилур ва албатта қиёмат кунида сизларга ихтилоф қилиб ўтган нарсаларингизни баён қилиб берур. (Наҳл сураси, 92-оят).

Ибн Касийр деди: Мужоҳид ва Қатода ва ибн Зайд деди: “Бу аҳд тузиб сўнгра уни бузган инсон кабидир” (ибн Касийр тафсири).

Абдуллоҳ ибн Саржас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Аллоҳим зиёдадан сўнг нуқсондан ўзингдан паноҳ сўрайман”. (Саҳиҳ ибн Можаҳ).

Ибн Ал-Асийр деди: бунинг маъноси “ишимиз тўғри бўлгандан сўнг бузилишидан, бир жамоат билан бўлиб туриб улардан ажралиб қолишдан”. Бу сўзнинг асл маъноси салла ўралгандан сўнг ечиб кетишидир. (Ибн Асийрнинг Ан-Ниҳоя китоби).

Ҳақиқатдан инсонда заифлик борки уни енгиб ўта олмайди. Ундан ўзининг инсонийлик чегарасидан чиқиш талаб қилинмайди, балки ундан Рамазондан кейин ҳам ўзгармайдиган фарз намоз, закот, садақа каби собит ибодатларни маҳкам ушлаш, шунингдек доимо талаб қилинадиган тавбани канда қилмаслик талаб қилинади.

Аллоҳ таолодан Ўзининг олдига боргунимизча тоат ибодатда собит қилишини сўраймиз ва қалблар ўзгаришидан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз, сўнгги дуоимизни оламлар Роббисига ҳамдлар айтиб якунлаймиз!

(Тамом)

Манба: islamtoday.net

Муҳаммадали таржимаси

1-савол: “Аҳли сунна вал жамоа ақоиди” китобини ўқиб, ундаги бир ҳадис тўғрисида сўрамоқчи эдим: “Умматим етмиш уч фирқага бўлингайдир. Буларнинг ҳаммаси дўзахдадир. Илло, биттаси (нажотдадир)”, дейилган. 

Жавоб: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир неча фирқаларнинг пайдо бўлиши тўғрисида башорат қилганлар: 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилдилар: “Умматим етмиш уч фирқага бўлингайдир. Уларнинг ҳаммаси дўзахдадир. Илло, биттаси (нажот­дадир). Шунда улар ким дейилди. У зот: “Менинг ва саҳобаларимнинг йўлини тутганлардир”, дедилар” (Имом Термизий, Ибн Можа ва Абу Довуд ривоятлари). 

Ҳадиси шарифда айтилганидек, яҳудий тоифаси етмиш бир, насроний тоифаси етмиш икки, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматлари етмиш уч фирқага бўлинган. Ҳар бир мусулмон ботил мазҳабларнинг хато йўлларидан сақланиш учун аҳли сунна вал жамоа ақидасини яхши билиши зарур. 

Аҳли сунна вал жамоадан ташқари етмиш икки фирқанинг ўзаги еттита бўлиб, улар мўътазила, шиа, хавориж, хорижия, муржиъа, нажжорийя, жабарийя ва мушаббиҳалардир. 

Улар яна ўз ораларида содир бўлган ихтилофлар натижасида беш, ўн ва йигирма фирқага бўлиниб, 72 фирқани ташкил қилади. Ачинарли томони шундаки, адашган фирқаларнинг барчаси бир-бирларини “кофир” деб айблайдилар. 

Етмиш икки фирқага бўлиниб кетганлар асосан ўзларининг ҳавойи нафслари ва шайтон иғвосига учганлар бўлиб, улардан мўътазилалар 20, шиалар 22, хаворижийлар 20, муржиъалар 5, нажжорийялар 3, жабарийялар 1, мушаббиҳалар 1 фирқага бўлиндилар ва жами 72 фирқа бўлди. Уларнинг баъзиларини эътиқодлари бидъат, баъзилариники эса куфргача бориб етди. 

Юқоридаги тақсимотни Шайх Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавий ўзининг “Жомеъул мутун фий ҳаққи анвоис сифотил илоҳиййа ва ақоидил мотуридиййа ва лафзил куфри ва тасҳиҳил аъмолил ажибиййа” (Аллоҳ таолонинг турли сифатлари, мотуридийя ақоиди, куфр сўзлари изоҳи ва амалларни тўғри бажариш ҳақида матнлар тўплами) китобида бошқачароқ кўрсатган. Унда айтилишича, залолатда бўлган мазҳаблар бир неча гуруҳларга бўлинади: 

  1. Мўътазила 20 фирқага бўлинган. 
  1. Хорижия 20 фирқага бўлинган. 
  1. Муржиъа 5 фирқага бўлинган. 
  1. Жабарийя. 
  1. Мушаббиҳа. 
  1. Нажжорийя 3 фирқага бўлинган. 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан кейин ўртага чиққан турли хил оқимлар ўзларининг бидъатчи эканини англаб етишмаган. 

Ислом динини ниқоб қилиб олиб, олимлик даъво қи­лаётган кишилардан эҳтиёт бўлиш зарур. Уларга асло бефарқ бўлмайлик. Динда бефарқ бўлиш асло ярамайди. 

2-савол: Бугунги кунда масжидларимизда намозхонлар ҳар хил шаклда намоз ўқишмоқда. Ҳар ким ўз ихтиёри билан хоҳлаган мазҳабига эргашиши мумкинми? 

Жавоб: Мутааххир (кейинги) уламолар мусулмонларни муайян бир мазҳабга эргашишлари вожиб, деганлар. Чунки ҳар бир мусулмон ўзи тўғридан-тўғри Қуръон ва ҳадисдан ҳукмларни олиш имкониятига эга эмас. Ва яна ҳар ким ўзи билганича амал қиладиган бўлса, омма ўртасида турли ихтилоф ва низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Мана шундай кўнгилсизликларнинг олдини олиш, жамият барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида уламолар мусулмонларни муайян бир мазҳабга эргашишларини вожиб деганлар. 

3-савол: Мен мазҳаблар ўртасидаги намоздаги фарқни сўрамоқчи эдим. Биз қайси ҳадисни олганмиз бошқа мазҳабдагилар қайси ҳадисни олган. Шунга тўлиқ маълумот берсангиз. Аллоҳ рози бўлсин. 

Жавоб: Сиз “Кифоя” китобини олиб намоз бобини ўқиб чиқинг. Ушбу китобда мазҳабимизга кўра намоз ўқишнинг далиллари батафсил баён қилинган. 

4-савол: Бир дўстим Литва давлатида ишлаяпти у ерда бир масжид бор ва дўстим ишлаётган жойдан анча узоқ ва шу масжиднинг имоми тожик миллатига мансуб домла бўлиб, бошқа мазҳабда экан. Жума намозларини адо этиш учун қандайдир ечим борми? 

Жавоб: Ўша бошқа мазҳабда бўлган имомга иқтидо қилган ҳолда ўз мазҳабига мувофиқ адо этаверади. Намозни бошида такбири таҳримада қўл кўтаришда унга эргашади. Қолган ўринларда имом қўл кўтарса ҳам, у кўтармай ўқийверади. Бир мазҳаб вакили иккинчи мазҳаб вакилига иқтидо қилиши дуруст. 

5-савол: Мазҳаб нима? Мазҳаб дунё бўйича нечта? 

Жавоб: Мазҳаб дегани борадиган йўл деган маънони англатади. Динимизда ҳақ деб эътироф қилинган фиқҳий мазҳаблар тўртта бўлиб, улар ҳанафий, моликий, шофиъий ва ҳанбалий мазҳабларидир. 

6-савол: Мен масжидда ёнимда намоз ўқиётган кишини кўрсатгич бармоғини юзлантираётганига кўзим тушти. Бу бизнинг ҳанафий мазҳабимизга тўғри келадими? 

Жавоб: Бу амални “ишорату саббоба”дейилади, ҳанафий уламоларимиз ҳам уни намознинг суннатларидан деб ҳисоблайдилар. 

7-савол: Нега мазҳаблар ҳар хил намоз ўқийди? Қайси ҳадисларни ҳужжат қилиб олишган. Ҳамма мазҳабларнинг қайси ҳадисни ҳужжат қилиб олишганини қисқа қилиб тушунтириб берсангиз. Мазҳаб ўзгартириш гуноҳ эмасми. 

Жавоб: Сизга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “Ихтилофлар ҳақида”, “Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар”, “Мазҳаблар бирлик рамзи” номли китобларидан бирини, энг камида биринчиси – энг кичик ҳажмлисини ўқиб чиқишни тавсия қиламиз. Батафсил маълумот ва тушунчага эга бўласиз, иншааллоҳ!

ЎМИ Матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев бугун Ҳаким ат-Термизий мақбарасини зиёрат қилди.

Яратгандан юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуолар қилинди. Зиёлилар билан суҳбатда аллома боболаримизнинг маърифий меросини чуқур ўрганиш, ёшларни билимли ва фазилатли инсонлар этиб тарбиялаш ҳақида сўз юритилди.

Мисрнинг «Ал-Хабар ал-Йаум» газетаси «Ўзбекистон - дунёнинг зиёрат туризми қалъаси» сарлавҳали мақола чоп этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Мақола аввалида бой тарих, маданият, жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган кўплаб олим ва мутафаккирлар, бетакрор маданий мерос, кўҳна меъморий обидалар, пазандачилик ва халқ амалий санъатига эга бўлган Ўзбекистон зиёрат сайёҳлиги йўналишида ҳам улкан салоҳият соҳиби экани акс эттирилган.

Нашрда Президент Шавкат Мирзиёев томнидан имзоланган «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон мазкур йўналишда олиб борилаётган амалий чора-тадбирларга ҳуқуқий асос яратгани алоҳида таъкидланган.

«Ўзбекистонда зиёрат туризми учун ҳар жиҳатдан мос келадиган жами 622 та маданий мерос объектининг 595 таси ислом динига, 19 таси насронийлик, 8 таси эса буддавийлик динига мансуб», деб маълум қилинган материалда.

Мақолада Ўзбекистон ҳудудида яшаб ўтган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбандий, Хўжа Абдуҳолиқ Ғиждувоний ва бошқа кўплаб машҳур аллома ва мутафаккирлар мақбаралари мусулмон сайёҳларни ўзига жалб қилиши ва уларнинг мероси нафақат ислом цивилизацияси ривожи, балки дунё илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшгани қайд этилган.

Материалда мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожланишига сабаб бўлаётган омилларга алоҳида эътибор қартилган. Таъкидланишича, туристларни жалб қилиш бўйича қабул қилинган ҳуқуқий-меёрий ҳужжатларга биноан, қатор давлатлар фуқароларига визасиз режимнинг жорий этилгани натижасида 2018-2019 йилларда Ўзбекистонга Индонезиядан келган сайёҳлар сони 170 фоиз, Малайзиядан 158 фоиз, Туркиядан 154 фоиз ва БААдан 153 фоизга ўсган.

«Сингапурнинг «Crescent Rating» ва АҚШнинг «Mastercard» ташкилотлари томонидан ҳар йили эълон қилинадиган «Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси» рейтингида Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар орасида сайёҳларни жалб қилаётган «энг жозибадор» ҳамда «хавфсизлик ва бағрикенглик даражаси юқори» бўлган 10 та мамлакат қаторидан ўрин олгани юқори баҳоланган», - дея қайд этади Миср газетаси.

Миср газетаси 2019 йил февралида Бухоро шаҳрида ўтказилган I Халқаро зиёрат туризми форумида якунида қабул қилинган “Бухоро декларацияси”да Ўзбекистон зиёрат туризми марказларидан бири сифатида эътироф этилганига урғу берган. Ушбу тадбир иштирокчилари ва етакчи мутахассислар тавсиясига таянган ҳолда, газета ўз ўқувчиларига «очиқ осмон остидаги музей” бўлган Ўзбекистонга ҳеч ўйлаб ўтирмасдан сафар қилишни, ушбу юртдаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишни тавсия этган.

«Ал-Хабар ал-Йаум» ўз ўқувчилари эътиборига Ўзбекистон Халқаро ислом академияси томонидан ўтказилган “Рақамли иқтисодиётни шакллантириш шароитида туризмни ривожлантириш: жаҳон тажрибаси ва миллий устуворликлар” мавзусидаги илмий-амалий конференция ҳақидаги маълумотларни ҳам ҳавола этган.

Мақола интиҳосида «Ўзбекистон туризмнинг барча йўналишларини ривожлантириш ва хорижий сайёҳларни жалб бўйича дунёда етакчи мамлакатлардан бирига айланиши учун қулай имкониятларга эга», деб ишонч билдиради «Ал-Хабар ал-Йаум» газетаси.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top