muslim.uz

muslim.uz

Ислом дини инсонларни ҳалол касб қилиб, ҳалол мехнат қилишга чорлайди. Ҳаром луқмадан ҳазар қилишга, ундан узоқ юришга тарғиб қилади.


Ўзини мусулмон ҳисоблаган киши бировни ҳаққини ботил йўллар билан йемайди, бировнинг ҳаққи борасида Aллоҳдан қўрқади. Узоқ йиллардан буён уламолар инсониятни бировнинг ҳаққини йейишдек қабиҳ иллатдан, зулмдан қайтариб, унинг оқибатида юзага келадиган азоб-уқубатлардан, бало-ю офатлардан огоҳлантирганлар. Минг афсуслар бўлсинки бугунги кунда ҳам бундай ишлар учраб турибди, инсонлар бировнинг ҳаққидан қўрқмай қўйди. Бемалол ҳаром луқмадан фойдаланишмоқда. Савдода, ҳизмат кўрсатиш соҳаларида, қарз, омонат масалаларида бундай ҳол учраб турибди. Бундай ишни қилаётганлар билмайдиларки, бу амаллари билан ўзларини жаҳаннамга йўлламоқдалар. Ўзларини азобга дучор қилиш билан бирга, ўз оиласини ҳам гуноҳга шерик қилиб уларга ҳаром луқма йедириб, зулм қилмоқдалар.


Aллоҳ таоло бу ҳақда Нисо сураси 29-30 оятида огоҳлантиради:
«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг! Ким буни тажовузкорлик ва зулм ила қилса, албатта, уни оловга киритиб, куйдирурмиз. Бу еса Aллоҳга осондир»


Бировнинг молини, ҳаққини ботил йўллар билан ейиш деганда савдо-сотиқда алдашлик, тарозидан уриб қолиш, халқ бошига тушган мушкул кунларда маҳсулотларнинг нархларини сунъий кўтариш, қимор, қарз олиб узоқ муддат қайтармасдан юриш, мусулмон биродарининг бошига иш тушганидан фойдаланиб унга зулм қилиш ва яна бошқа кўплаб ишларни санаб ўтиш мумкин. Бу ишларни қилган кишининг гуноҳига яраша қандай жазо олиши, оловга (дўзахга) киритилиши айтилмоқда.


Aллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилади: «Эй имон келтирганлар, мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ йўллар билан еманглар. Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, бундан мустаснодир»


Бир қанча ҳадиси шарифларда бу ишнинг оқибати ҳақида баён қилинади. Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ей Каъб ибн Ужра, ноҳақ – ҳаромдан ўсган гўшт (жасад) жаннатга кирмайди» (Ибн Ҳиббон ривояти).


Aбу Бакр розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда еса Расули Aкрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: «Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди» (Aбу Яъло, Баззор ва бошқалар ривояти).
Ҳаром луқма йеган тирик жон борки қандай яхши амали бўлишидан қатъи назар токи бировни ҳақини егасига қайтармагунича жаннатга кирмайди, юқоридаги ҳадишдан тушунишимиз мумкинки ҳаром йўл билан топилган ҳар қандай нарсалар, ушбу гуноҳни қилган кишини азобга ташлаши билан биргаликда, ҳаром луқмани билмасдан еяётган оила азоларига ҳам дўзахдан насибадор қилиб қўяди. Биз бу ҳаётимизда ҳар қандай маъсият, гуноҳ иш қилсак ва тавба қилиб, қайтиб бу ишларни қилмасак Aллоҳ таоло бизни ўз раҳмати билан кечиради. Бунга ҳеч шак шубҳа йўқ. Лекин банда билан банда орасидаги ҳақлар борасида қилинган гуноҳларни, токи ҳаққи поймол бўлган, зулм кўрган банда зулм қилган кишини кечирмагунича Aллоҳ таоло кечирмайди.


Ривоятларда келишича, қиёмат куни бир қанча инсонлар улкан, жуда кўп савоб амаллар билан Aллоҳнинг ҳузурига келадилар, лекин унинг яхши амалларини бир гуруҳ одамлар келиб у кишидан тортиб оладилар ва у ҳеч нарсасиз қолади. Бу кишининг қандай банда еканлиги сўралганида, у киши ҳаётлигида жуда кўп одамларга ноҳақлик қилганлиги, уларнинг молларини ботил йўллар билан йеганлигини ва охир оқибат қиёмат кунида унинг савоблари ҳақдор, мазлум кишиларга бўлиб берилиб, охиратда ҳеч нарсасиз қолганлиги айтилади. Шундай екан ҳар биримиз бировнинг ҳаққидан қўрқишимиз, иложи борича ҳалол касб қилиб, ҳалол-покиза молар бн оиламизни таъминлашимиз керак. Токи ўзимиз ҳам, оила аъзоларимиз ҳам азобга дучор бўлмасин.


Яна бир ҳадиси шарифда айтилади: Aбон ибн Aбу Aйёш розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Aнас розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтганлар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:«Эй Aллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг», дедим. У зот: «Эй Aнас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки бир одам бир луқма ҳаромни оғзига солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди», дедилар» (имом Дайламий ривоят қилган.)
Ушбу ҳадисдан ҳам билиш мумкинки бир луқма ҳаром нарсани емоқлигимиз бизни қирқ кунгача дуоларимизнинг ижобатига монеълик қилар екан. Демак ҳаром луқма бизни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ёмон аҳволга солиб қўяди. Дуоларимиз ижобат болмаслигининг ўзи катта мусибат, биргина ҳаром луқма сабаб Aллоҳнинг раҳматидан, мағфиратидан бенасиб қолиш мусулмон киши учун катта фожиадир.
Ҳаёт эканмиз, Aллоҳнинг берган неъматларига шукр қилиб, унга исён қилмасдан, яхши амаллар билан яшамоқлигимиз даркор. Шунда охиратда ҳам, бу дунёда ҳам саодатга эришамиз.

Раҳматуллаев МУҲAММAДҚОДИР,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Исломшунослик” йўналиши 2-босқич талабаси.

Мамлакатимиз тарақққиётининг янги даврида масжидларни замонавий шаклда қайта бунёд этиш ва мавжудларини гўзал ҳолатга келтириш ҳамда йўловчи-зиёратчи хотин-қизлар учун алоҳида шароитларни яратишга катта эътибор қилинмоқда.
Аллоҳга шукрки, сўнгги йилларда юртимизда фуқароларининг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси саъй-ҳаракати билан 50 дан зиёд жоме масжидлар очилди. Мамлакатимиздаги масжидларнинг умумий сони 2090 тага етди. Жорий йилда 291 та масжид янгидан қуриш режа қилинган, шундан 201 тасида қурилиш ишлари бошланган. Алоҳида таъкидлаш керакки, 25 дан ортиқ маҳалла ичкарисидаги масжидлар диёримизда зиёрат туризмини ривожлантириш режасига мувофиқ, катта йўл ёқаларида қайтадан қурилди.
Мамлакатимизда янги очилаётган, қайтадан бунёд этилаётган, хусусан йўл ёқаларидаги жоме масжидларда хотин-қизлар учун алоҳида таҳоратхона ва мўъжазгина намозхоналар қилинганини кўриш мумкин. Масалан, Тошкент вилояти Янги йўл туманида “Ҳузайфа”, Оҳангарон туманида “Қорахитой”, Олмалиқ шаҳридаги “Хонобод”, Сирдарё вилояти Сирдарё туманида “Бахт”, Мирзаобод туманидаги “Зиё”, Оқолтин туманидаги “Ҳазрати Али”, Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги “Нурул Ислом”, Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги “Амир Ҳамза” каби жомеларда мана шундай шароитлар ҳозирлаган.
Қайд этилганидек, охирги йилларда эски масжидларни янгидан қуриш ва таъмир талаб ҳолга келганларини таъмирлашда ҳамда аёллар учун таҳоратхона ва шинам намозхоналар қилиш ишларига катта эътибор қаратилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, диёримиздаги қайтадан бунёд этилаётган масжидларнинг миллий меъморий услуби, қурилиш архитектураси ҳамда ибодат қилиш учун ҳозирланган қулай шарт-шароитлари дунёда камдан-кам топилади. Бунга хорижлик мусулмон сайёҳларнинг бир неча бор иқрор бўлганларининг кўп бор гувоҳи бўлганмиз.
Юртимизнинг қайси ҳудудига ташриф буюрманг, жоме масжидларда ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари жадал давом этаётганига дуч келасиз. Жорий йилги режамизда ҳам мамлакатимиздаги 100 га яқин жоме масжидни тўлиқ янгидан қуриб фойдаланишга топшириш мақсад қилинган. Айни кунларда бунёдкорлик ишлари қизғин давом этмоқда.
Мана шундай қурилиш ишлари саховатпеша инсонлар ва меҳнатсевар халқимизнинг ҳашари билан бўлмоқда. Мухлис элимиз қаердаки, масжид қурилиши ҳақида дарак топса, мен ҳам ҳиссамни қўшсам, деган илинжда хизматга бел боғламоқда.
Янги Ўзбекистонда Аллоҳнинг уйларини обод ва кўркам қилиш ишлари янада бардавом бўлишини Ҳақ таолодан илтижо қилиб сўраймиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Хозирги кунда юртимиздаги кўплаб зиёратгоҳ ва муқаддас қадамжоларда зиёратга борувчи баъзи бир юртдошларимиз томонидан турли хил динимизга ёт бўлган ширк амаллари бажарилиб келинаётганлигини, ушбу муқаддас жойларда турли хил кўнгилочар тадбирлар уюштирилаётганлиги, мақбара ва қабрларга турли хил ёзувлар ёзиб кетаётганлигини қандай тушуниш мумкин. Динимиз кўрсатмаларида ушбуларга ўхшаган барча ишлар харом эканлиги айтилган.
Араб тилида ширк сўзи «икки нарсани тенглаштириш», «тенгдош қилиш», «шерик қилиш» деган маъноларни билдиради. Шариатимизга кўра, ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳ саналади. Ундан қайтариш жамики анбиёлар даъватининг асоси ва самовий шариатларнинг мағзидир.
Аллоҳ таоло Ўзига ширк келтиришдан Қуръони каримнинг кўплаб ояти карималарида қайтарган. Жумладан, Наҳл сурасининг 51-54 оятларида шундай деган: «Аллоҳ: «Икки (сохта) илоҳни маъбуд қилиб олмангиз! Албатта, У ягона илоҳдир! Бас, Мендангина қўрқингиз!» – деди. Осмонлардаги ва Ердаги барча нарсалар Унинг мулкидир. Дин (итоат қилиш) Унгагина(бўлиши) вожибдир. Аллоҳдан ўзгасидан қўрқасизми?! Сизларда қайси бир неъмат бор бўлса, албатта, у Аллоҳдандир. Шунингдек, қачон сизларга мусибат етса ҳам фақат Унгагина ёлворасизлар. Сўнгра (У)сизлардан (ўша) мусибатни даф этгач, сизларнинг орангиздан бир тўда(кимсалар чиқиб) Парвардигорларига ширк келтирурлар» (Наҳл сураси, 51-54-оят).
Таъкидлаб ўтиш жоизки, қабрлар зиёрати охиратни эслаш учундир. Аммо қабрлар зиёратининг асл моҳиятини унутиб, азиз авлиёлар қабрларига бориб, бахт ёки фарзанд ёҳуд ишига ривож тилаб, истакларини соҳиби қабрлардан сўрайдиганлар ҳам бор. Ваҳолангки, ҳар қандай истак, тилакларни фақат ёлғиз Аллоҳдан сўралиши керак. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиганларга илтижо қиладиган кимсадан кўра ким ҳам адашганроқдир?! Ҳолбуки, у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофил (бехабар)дирлар» (Аҳқоф сураси, 5-оят).
Ҳанафий мазҳабидаги мўътабар манбалардан бири «Раддул муҳтор» китобида шундай дейилган: «Авом халқ тарафидан ўликларга атаб назр қилиш, Аллоҳнинг дўстлари қабрларига уларга яқин бўлиш мақсадида тангалар ташлаш, шам, чироқлар ёқиш ботил ва ҳаромдир».
Шариатимиз кўрсатмаларига кўра қабрларни зиёрат қилиш суннат амаллардандир. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Мана, энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро у сизларга охиратни эслатади» (Имом Термизий ривояти).
Демак, қабристонга борганда у ерда ётган марҳумларнинг аҳволини ўйлаб, ундан ҳар ким ўзига ўгит ва ибрат олиши лозим бўлар экан. Шунингдек, азиз-авлиёларнинг мақбараларини, яқинларимизни қабрларини зиёрат қилиб туриш Ислом динида савобли ишлардан саналади.
Аммо бунинг ҳам ўзига яраша тартиб-қоидалари бор. Бугунги кунда айрим ватандошларимиз юртимиздаги баъзи зиёратгоҳлардаги мақбаралар ва у ердаги айрим ножоиз амаллар қилинаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Тилаклар ижобат бўлади, дея қабристондаги дарахтларга латта боғлаш, қабрлар ёнига шам ёқиш, қабр тошларини ўпиш, мақбараларга турли хил ёзувлар ёзиш бидъат ва хурофот амаллардан ҳисобланади.
Шундай экан азизлар, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни зиёрат қилишликдан асл мақсад ҳосил қилишлик учун шариатимиз кўрсатмаларига мувофиқ зиёратлар амалга оширилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

 

Нуруллоҳ Қодиров

Бутун дунё мўмин-мусулмонлари Рамазони шарифни катта шодиёна ва чексиз хурсандчилик ила якунига етказмоқдалар. Юртдошларимиз ҳам Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфирати ёғиладиган, қалблар завқланадиган ушбу ажойиб фурсатни кўтаринки кайфият билан ниҳояламоқда.
Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, бу йил мамлакатимизнинг масжидларида таровеҳ намозлари ўқилмоқда, 1380 дан ортиқ жомеларда хатми Қуръон тиловатлари янграб турибди. Мўмин-мусулмонлар ҳар оқшом масжидларимизни тўлдириб, карантин талабларига риоя этган ҳолда ибодатларда бўлмоқдалар.
Маълумки, дунёда коронавирус билан хасталанганлар сони ортиб боряпти. Бу эса карантин талабларига оғишмай риоя қилишимизни англатади. Таровеҳ намозларида ҳам бунга қатъий амал қилишимиз, бир-биримизни асраб-авайлашимиз керак. Зеро, динимиз ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар етказмасликка чақиради.
2021 йил 17 апрелда ўтказилган Махсус комиссиянинг навбатдаги йиғилишида масжидларда ўтказилаётган таровеҳ, хатми Қуръон ибодатларида карантин қоидаларига тўлиқ амал қилиш лозимлиги алоҳида таъкидланган эди. Шу боис, 18 апрелдан таровеҳ намозларини очиқ ҳудудларда, очиқ айвонлар, масжид ҳовлиси, масжидга туташ ички кўчаларда адо этиш ва санитария қоидалари ва карантин талабларига тўлиқ риоя этиш жорий этилган.
Шунингдек, ҳар бир намозхон масжид ичида ва намоз давомида тиббий ниқоб таққан ҳолда бўлиши ва масжидга киришда дезинфекция воситасидан фойдаланиши, бино хоналарини ҳар кунлик дезинфекция қилиш, кириш-чиқиш жойларини пирометрлар (контактсиз ҳарорат ўлчагич), антисептик воситалар билан жиҳозлаш каби муҳим жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, юртимиз аҳли муборак ой давомида таровеҳ ва тоатларда қоим бўлиб, ихлос ва сомеъ билан ибодатда бўлмоқдалар. Айрим қўшни ва мусулмон мамлакатларида коронавирус хасталиги сабаб бундай неъматдан ҳамон бебаҳра қолмоқдалар.
Бундай ибодатлардан масрур бўлган мўмин-мусулмонлар ўз дуоларида Аллоҳ таолодан таровеҳ ва хатми Қуръон барокатидан юртимизга тинчлик, осудалик, халқимизга фаровонлик, оилаларимизга қут-барака, беморларга шифои комил, ёшларимизга баркамоллик ҳамда кексаларимизга узоқ умр сўрашмоқда. Зеро, ҳадиси шарифларда “Рўзадорнинг дуоси қайтарилмайди”, дейилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ҳар қандай мусулмон борки, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига эргашишга ва унга тўлиқ амал қилишга уринади. Чунки Аллоҳ таоло ўз ояти каримасида у зотни мақтаб шундай дейди: 

لَّقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا

Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди (Аҳзоб сураси 21-оят).

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида қандай амаллар билан машғул бўлганлар?

Қуйида сизга у зотнинг бу ойда қилган амалларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз:  

— Саҳарликни охирги вақтигача кечиктирар, ифторликни тезлаштирар эдилар. Саҳобаларни ҳам шундай қилишга буюрар эдилар. Яъни ифторликни Қуёш ботиши билан қилар эдилар.  Лекин баъзи мусулмонларда ифторликни шом намозидан кейин ҳатто хуфтон намозигача кечиктириб хатога йўл қўядилар. Худди шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни саҳарлик қилишга ундар эдилар.

 — Қуёмул Лайл (тунги намоз)ни кўпайтирар эдилар.

— Қуръон қироат қилишни зиёда қилар эдилар. Ҳар Рамазон ойида Қуръони каримни Жаброил алайҳиссаломга бир маротаба ўқиб берар эдилар.

— Аллоҳ йўлида кўплаб Хайр-эҳсон қилар эдилар. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг сахийси эдилар. Лекин у зотнинг сахийликлари бу ойда яна ҳам зиёда бўлар эди.

— Фитр садақасини ийд намозига чиқишдан олдин берар ва саҳобаларни ҳам шунга буюрар эдилар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини қулга ҳам, ҳур инсонга ҳам, эркак-аёл, катта-кичик мусулмонларга бир соъ ҳурмо ва арпадан беришни  фарз қилдилар” (Имом Бухорий ривояти).

— Охирги ўн кунликни кўпроқ ибодат билан ўтказар эдилар. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлиги кирганда кечаларни бедор ўтказар, аҳлларини ҳам уйғотар ва изорларини шимарар эдилар” (Имом Муслим ривояти).

Баъзилар ҳадисдаги «изорларини шимарар эдилар» деган гапни, ибодатга кўпроқ вақт бўлиши учун аёлларидан тийилар эдилар деб тафсир қилишган. Баъзилар эса ибодатга қаттиқ киришганларидан киноя тарзда келтириляпти, деганлар.

— Охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Бу пайт аёллардан ва барча ишлардан узоқлашиб, вақтларини зикр, тавба ва ибодатлар билан ўтказар эдилар.

 

Тошкент Ислом институти  талабаси  

Муҳаммад Али Муҳйиддин тайёрлади

Top