muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 май куни Ғалаба боғига ташриф буюрди.

Атроф байрамона безатилган. Қуролли Кучлар тизимига кирувчи вазирлик ва идораларнинг раҳбарлар таркиби саф тортган.

Давлат раҳбари, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони уларни байрам билан табриклади.

Ҳарбий оркестр ижросида “Хотирлаш куйи” янгради.

Президент “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйди.

Бу ёдгорлик Иккинчи жаҳон урушида беш ўғлидан айрилган жафокаш ва матонатли она – Зулфия ая Зокирова, унинг садоқатли келинлари ва етим қолган набиралари хотирасига бағишлаб барпо этилган. У халқимизнинг урушдаги йўқотишлари, ғалабага қўшган улкан ҳиссасининг тимсоли сифатида боғ марказидан ўрин олган. Бу ёдгорликка гул қўйиш барча Ўзбекистон оналарига юксак ҳурмат-эҳтиром ифодасидир.

Қуролли Кучлар тизимига кирувчи вазирлик ва идоралар вакиллари ҳам мажмуа пойига гуллар қўйди.

 

Юртимизда ўтган азиз инсонларнинг хотирасини эъзозлаш, бугунги тинч, осойишта, дориломон  кунларга етишимизда фидойилик кўрсатган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар, нуроний отахону онахонлар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш эзгу анъанага айланган.

Ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар республикамизнинг барча ҳудудларида кўтаринки руҳда ўтказиб келинаётир.

Муҳтарам Президентимизнинг 2021 йил 20 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ушбу шодиёна уюшқоқлик билан юртимизнинг ҳар бир гўшасида нишонлашяпти.

Биргина мисол. Куни кеча Оҳангарон шаҳридаги Саховат уйига Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов, камина ҳамда Оҳангарон шаҳар ҳокими ва шаҳар бош имом-хатиби ташриф буюрдик. У ерда яшаётган инсонларнинг юзу кўзидаги ғамгинликнинг ўрнини қувонч ва хотиржамлик эгаллади. Чунки мамлакатимизда ҳар бир инсон эътибордадир.

Хотира ва қадрлаш тушунчалари замирида инсонга, унинг ҳаёти,  шаъни ва қадр-қимматига чексиз эҳтиром туйғуси мужассам. Хотира ва қадрлаш кунлари арафасида бугунги тинч-осойишта ҳаёт, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир синов ва машаққатлар эвазига эришилгани хаёлимиздан ўтади. Шу йўлда қурбон бўлган миллионлаб юртдошларимиз хотирасига таъзим қиламиз. Бизга насиб этган мустақиллик, тинчлик ва осойишталикнинг аҳамиятини янада теранроқ англаймиз. 

Бу йил фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллигини кенг нишонлаймиз. Ана шу буюк ғалабани қўлга киритишда мардлик ва жасорат кўрсатган фахрийларимизни, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизни табриклаб, уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилаш барчамиз учун катта шарафдир. Шу билан бирга, уруш майдонларидан қайтмаган, мана шундай мусаффо осмон, тинч ва осойишта ҳаёт учун жон бериб, қурбон бўлган юртдошларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгамиз.

Уруш бошланганда Ўзбекистон аҳолиси 6,5 миллион кишига яқин бўлган. Шундан 1,5 миллион киши, яъни қурол кўтаришга қурби етган (!) одамлар оловли жанггоҳларда жон олиб-жон беришган. Улардан 500 мингдан кўпроғи жанг майдонларида шаҳид бўлган, кўплари майиб-мажруҳ бўлиб қайтган, бедарак йўқолганлари қанча.

Булар шунчаки оддий рақамлар эмас. Бу рақамлар ортида фидойилик, ҳурлик, истиқлол, эркинлик орзулари мужассам бўлган. Шуларни ўйласак, ўз-ўзидан бугунги саодатли кунларга осонликча эришилмаганини англаймиз. Демак, барчамиз шу азиз Ватанни кўз қорачиғимиздек асрашга бурчлимиз.

Иккинчи жаҳон урушида қатнашган юртдошларимиз сафи тобора торайиб боряпти. Шу боис уларнинг қадрига етиб, дуоларини олиб қолишга ҳаракат қилишимиз керак. Кексаларни эъзозлашни ўзини мусулмон санаган киши борки, шафар билан адо этади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Ёш йигит кекса кишини ёши улуғлиги учун ҳурмат қилса, Аллоҳ таоло уни ҳам кексайганида ҳурмат қилинадиган инсонлар қаторига қўяди”, (Имом Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса: “Кичикларга раҳм-шафқатда, катталарга ҳурмат-иззатда бўлмаган киши биздан эмасдир”, дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).

Фронт ортида меҳнат қилганлар ҳам урушда қатнашганларчалик машаққатларга дучор бўлишгани тарихий ҳақиқатдир. Юртдошларимиз фронт ҳудудларидан кўчириб келтирилган бир миллионга яқин болалар, аёллар ва қарияларни қабул қилгани, уларга бошпана бергани, ҳатто охирги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўргани, “Сен етим эмассан” деб, уларни ўз бағрига олиб, меҳр-мурувват кўрсатгани халқимизнинг одамийлик фазилатлари, олижаноблигининг амалдаги ёрқин ифодасидир. Зеро, ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: “Мен ва етимни кафилликка олган киши жаннатда мана шундай бўлади (деб шаҳодат ва ўрта бармоқларини бир-бирига яқинлаштириб кўрсатганлар)(Имом Бухорий ривояти).

Инсоният тарихидаги энг мудҳиш ва бешафқат урушни бошидан кечирган халқимиз доимо бундай ёвуз офат ҳеч қачон қайтмаслигини, остонамизга яқин йўламаслигини сўрайди. Шу боис доимо дуога қўл очганимизда, аввало, тинчлик-хотиржамликни, саломатликни Яратгандан сўраймиз. Илоҳим, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

 

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Афғонистон Уламолар кенгаши раисининг ислом таълимоти бўйича ўринбосари Муҳаммад Ориф Маликёр «Дунё» АА мухбирига Ўзбекистонда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар ва эришилаётган ютуқлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини изҳор қилди.

“Жорий йил март ойида Афғонистон Ҳаж ва дин ишлари вазири Муҳаммад Қосим Ҳалимий раҳбарлигидаги делегация билан дўст ва биродар Ўзбекистонга сафар қилганимизни мамнуният билан қайд этмоқчиман, - деди М.Маликёр. - Сафар доирасида Самарқанд шаҳрида ўтказилган Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари ва бугунги кундаги тарбиявий аҳамиятига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этиш шарафига муяссар бўлдик. Анжуманда турли мамлакатлардан таниқли диний уломалардан ташкил топган делегациялар қатнашди.

Халқаро конференция иштирокчилари Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари, ушбу бебаҳо бойлик ва қадриятнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида ҳар томонлама мукаммал тайёрланган илмий ёндашувларини тақдим этди.

Маърузачилар Имом Бухорийнинг «Саҳиҳул-Бухорий» асари ва унга ёзилган шарҳлар бутун дунё бўйлаб мутолаа қилинаётганига алоҳида эътиборни қаратди. Улар буюк муҳаддис олимнинг барча асарларини чоп этиш зарурлигини таъкидлади.

Анжуман доирасида афғонистонлик меҳмонлар Самарқанд вилоятида жойлашган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан яқиндан танишиб, у ерда олиб борилаётган кенг қамровли ишларга гувоҳ бўлдик.

Термиз шаҳрига сафаримиз чоғида эса Имом Термизий мажмуаси ва халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан танишдик.
Ўзбекистондаги улкан ўзгаришлар ва янгиланиш жараёни билан яқиндан танишиб, улуғ ўзбек уламолари қўним топган муқаддас масканларни зиёрат қилиб, мамлакат диний-маърифий илмлар соҳасида дунёнинг етакчи марказларидан бирига айланаётганига ишонч ҳосил қилдик.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ва кўрилаётган чора-тадбирлар тарихда ўтган буюк аждодлар меросини ёш авлодга етказишда муҳим ўрин тутишига ҳеч шубҳа йўқ. Ушбу савобли амаллар келажак учун киритилаётган улкан сармоя ҳисобланади. Бунда Имом Бухорий ва Имом Термизий марказларининг роли беқиёс ҳисобланади.

Ҳадис илми мактаби менда катта таассурот қолдирди. Айниқса, ушбу масканда таҳсил олаётган ёшларнинг иқтидори ва уларга таълим бераётган устозларнинг малакаси таҳсинга сазовор. Марказда Мисрнинг ал-Азҳар университети вакиллари ва Ўзбекистоннинг етакчи диний муассасаларини тугатган мутахассислар фаолият олиб бораётгани бизни жуда қувонтирди.

Тошкент шаҳрида янги бунёд этилаёган Ислом цивилизацияси маркази билан ҳам яқиндан танишдик. Мамлакатингизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, айниқса, диний-маърифий ва илмий соҳалардаги изчил ислоҳотлар ва эришилаётган ютуқлар Ўзбекистоннинг дунёдаги мавқеини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бир сўз билан айтганда, биз Ўзбекистондан бир олам таассурот билан қайтдик.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон раҳбарияти, айниқса, ўз халқининг тақдири ва келажаги учун ҳормай-толмай хизмат қилаётган Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига улкан муваффақиятлар тилаймиз. У кишининг Ўзбекистон халқининг азалий орзу-ниятларини рўёбга чиқаришдаги хизматлари жуда катта. Биз дўст халқнинг орзулари рўёбга чиқаётганига гувоҳ бўлдик.

Сўзимнинг якунида Ўзбекистон Президенти ва ҳукуматига олиб бораётган бунёдкорлик ишларида янги муваффақиятлар тилаб, Яратгандан уларни ўзи қўллаб-қувватлашини сўраб қоламан”.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Воскресенье, 09 Май 2021 00:00

“Муборак ой суҳбатлари” (11-сон)

Бошловчи — Саидолим Турдибоев: — Ассалому алайкум, азиз дўстлар! Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳамда “UzReportTV” телеканали билан ҳамкорликда тайёрланиб, жонли эфирга узатилаётган “Муборак ой суҳбатлари” кўрсатувининг навбатдаги сони эътиборингиз марказида.

Эслатиб ўтамиз, кўрсатувимиз бош ҳомийси — “Ipak yo’li banki”. Ҳомийларимиз “Biolife” ҳамда “Plasterm” савдо белгилари.

Рамазони Шариф барчангизга муборак бўлсин! Тутаётган рўзангизни Аллоҳ таоло Ўз даргоҳида хусни қабул айласин.

Бугун студиямиз меҳмони пойтахтимиздаги “Сирож солиҳ” жоме масжидининг имом-хатиби Ҳасан домла Қодиров бўлади. Ассалому алайкум. Кўрсатувимизга хуш келибсиз!

Ўтган кўрсатувларимиз давомида мухисларимиз томонидан йўлланган саволлардан маълум бўлдики, Рамазондаги эҳсон тушунчаси кўпчиликни қизиқтираркан. Шундан келиб чиқиб бугунги кўрсатувимизни эҳсон ибодатига бағишласак. Ўйлаймизки, ушбу саъй-ҳаракатимиз юртдошларимизга наф беради.

Ҳасан Қодиров: — Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм! Алҳамду лиллаҳи Роббил ъаламийн, вассолату вассаламу ъала Росулиҳи Муҳаммадин ва ъала алиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн! Амма баъд. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!

Муҳтарам дўстлар, барчангизга Рамазон ойининг иккинчи мағфират даҳаси қутлуғ бўлсин. Аллоҳ таоло гуноҳларимизни мағфират қилиб, Рамазон ойида гуноҳлардан мағфират бўлиб чиқишлик саодатини ҳаммамизга насиб қилсин.

Халқимизда эҳсон, деганда дастурхон ёзиб, кишиларга таом едириш тушунилади. Бу жузъий маънодаги эҳсон сўзининг маъносидир. Аслида Исломда эҳсон сўзи маъносининг қамрови жудаям кенг. Бу барча соҳани қамраб олган. Мисол учун ибодатдаги эҳсон. Фарз, суннат амаллариини ўз вақтида адо этишлик ибодатдаги эҳсондир. Агар бир киши рўза тутиб, Рамазоннинг барча талабларини бажарган бўлса, бу ҳам эҳсон. Одамларга гўзал муомалада бўлиш ҳам эҳсон. Ота-она билан мулойим сўзлашиш ҳам эҳсон. Қилаётоган амалларимиз шариатга мувофиқ бўлса, ҳаммаси эҳсон ,деб айтилади. Табиат, ҳайвонат оламига кўрсатилган ғамхўрлик ҳам эҳсон, деб тушуниш мумкин.

Айтайлик, оддий дуродгор ҳамма ишини тартибли бажарса, одамларга наф етказса, бу ҳам касбу коридаги эҳсондир.

Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига оппоқ кийимли ва қоп-қора сочли бир киши келиб, менга Ислом ҳақида хабар беринг, деди. Расуллуллоҳ алайҳиссалом Ислом ҳақида хабар бердилар. Сўнг иймон ҳақида хабар беринг, деди ҳалиги киши. Пайғамбаримиз алайҳиссалом иймон ҳақида хабар бердилар. Ваниҳоят эҳсон ҳақида хабар беринг, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом эҳсон, сен Аллоҳни кўриб турганингни ҳис қилиб ибодат қилганинг ёки Аллоҳ сени кўриб турганидек ибодат қилганидир, дедилар. Бу ибодатдаги эҳсонга энг гўзал таърифдир.

Ибодатни биз фақат намоз ўқиш, деб тушунамиз. Аслида, бунинг маъноси кенг. Эҳсон инсоннинг хулқини гўзаллаштиради. Эҳсон коинот ва мавжудот билан шариат нуқтаи назаридан яшашни ўргатади. Эҳсон инсон ҳаётини шариат андозасига солади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Оли имрон” сураси, 148-оятида шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ гўзал амал қилувчиларни севади”. Яъни оятида каримада Аллоҳ эҳсоннинг мақомини билдириб қўяди. Эҳсоннинг бу дунёда ҳам мукофоти борлиги, зое кетмаслигини таъкидламоқда. Яхшилик қилган одам яхшилик кўради. Яхшилигининг яхшилигини бу дунёда ҳам кўрсатиб қўяди. Охиротда эса жаннатдир.

Уломалар эҳсон — санга ёмонлик қилган одамга яхшилик қилишдир, дейди. Бизда эса эҳсон деса дастурхон ёзиб, ноз-неъмат улашиш, камбағалларга ёрдам кўрсатиш тушунилади. Лекин эҳсоннинг қамрави кенг.

Рамазон — эҳсон ойи. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда шамолга ўхшаб сахий бўп кетарди. Сахийилиги ошиб кетарди. Биз ҳам эҳсон ва амалларимизни кўпайтиришмиз керак. Рамазонда закот берилади, бу — фарз амали. Кулиб қўйиш ҳам эҳсондир.

Садақа Раббнинг ғазабини тўхтатади. Ёмон ўлимдан сақлайди. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадис ҳам бор. Ёмон ўлим имонсиз вафот этиш, деганидир. Садақа ана шундай ёмон ўлимдан асрайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам битта хурмо бериб бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар, деган. Ночорларга эҳсон қилсак, ўзимизга яхшилик бўлиб қайтади. Эҳсон қилган одамга Аллоҳ таоло савоб битади ва ажр беради. Шу маънода берган одам ютади. Аслида биз муҳтожмиз эҳсон қилишга.

Аввало, эҳсоннинг мазмунини тушунишимиз керак. Эҳсоннинг мазумнини киши билганида эди, одам ҳамма нарсасини берворарди. Бу дунёда савобнинг бозори арзон. Охиратда бундай бозор йўқ.

Бошловчи: — Кишилар оилада қандай эҳсонларни тез-тез амалга ошириб тургани яхши. Шу тўғрисидаям тўхталиб ўтсангиз?!

Домла: — Оддий, харажат қилмасдан қилинадиган эҳсонлар кўп. Эрталаб ота-онага салом бериш, уларнинг ҳолидан хабар олиш ҳам эҳсон. Бола-чақага яхши гапиириш, уларнинг кўнглини кўтариш ҳам эҳсон. У шу куни баракали бўлади.

Айтайлик, кечқурин ош қилиб, қўшниларга улашиш ҳам катта эҳсон. Аллоҳ бунинг баркасиниям бериб қўяди. Қолаверса, бу қўшнининг ҳаққини адо этиш ҳамдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир динорни қул озод қилишга ишлатдинг, яна бир динорни аёлингнинг оғзига таом қилиб солдинг. Иккинчиси энг яхши эсондир. Нима учун дейилса оилани боқиш фарздир. Аллоҳ таоло бу амални фарз даражасига кўтариб қўйган. Шунинг учун бунинг даражаси ҳам юқори бўлади.

Шундай маънодаги бир ҳадиси қудсий бор: “Аллоҳнинг розилигини синиқ қалблардан излангиз”. Яъни ким Аллоҳнинг розилигини оламан, деган мўмин муҳтож, кўнгли ўксик инсонни топиб эҳсон қилиши керакки, бу ишидан унинг кўзидан ёш чиқиб кетса, ана шу энг яхши эҳсондир. Ана шу муҳтож одам Худодан аслида, сизни сўраган бўлади. Хурсанд бўлдими, қалби сурурга тўлдими, бас, унинг дуо қилгани шу бўлади. Муҳтож, кўнгли ўксикларнинг эса дуоси ижобат бўлади. Аллоҳ билан уларнинг ўртасида парба бўлмайди.

Тарихда қайдай буюк инсонлар ўтган бўлса, улар синиқ қалбларнинг дуосини олиб, шу мақомга етишган. Масалан, Молик ибн Диннор кўчадан кетаётган бир мазлумнинг қизларига олган кийим-кечагини ўзидан бақувват одам куч билан тортиб олаётган бўлади. Молик ибн Диннор эса ўша молни эгасига қайтариб олиб берганида ҳалиги мазлум хурсанд бўлиб, дуолар қилади. Ва айтадики, мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига амал қилиб бу бозорга тушгандим, яъни қизимни хурсанд  қилиш учун кийим олгандим ва уни қизимга олиб бормоқчи эдим, дейди. Энди кетаётганида Молик ибн Диннор тўхта дейди, кийимларни қизларингга олиб борганингда хурсанд бўлиб кийганида мени ҳам битта дуо қилиб қўйсин, дейди.

Молик ибн Диннор шу воқеадан кейин мен умуман бошқа одамга айланиб қолдим, қалбим очилди, ва Аллоҳга бўлган муҳаббатим зиёда бўлди, дейди.

Бошловчи: Эҳсон ҳақидаги суҳбатимизда солиҳлар, бизга ибрат бўла оладиган инсонларнинг ҳаётидаги воқеалар, ўйлаймизки, телетомошабинларга ҳам қизиқарли бўлди. Аслида, илм ҳам бир эҳсон. Илм эса савол ва жавоблар орқали мукаммал бўлади. Демоқчиманки, кўрсатувимизнинг иккинчи қисмига етиб келдик.

 

— Ассалому алайкум. Агар киши Рамазон ойида вафот этса, у жаннатга кирадими?

 

— Рамазон ойида солиҳ банда ҳам, имонсиз киши ҳам вафот этиши мумкин. Ўз-ўзидан маълумки, агар солиҳ амаллар соҳиби, Аллоҳнинг фарзларини мунтазам бажариб келган бўлса, унинг Аллоҳнинг ҳузурида даражаси баланд бўлади. Имонсиз, дунёда одамларга фақат зиён-заҳмат етказиб келган бўлса, бундай одам эса ўз қилмишига яраша жавоб беради. Демоқчимизки, Рамазонда вафот этганнинг ҳаммаси ҳам жаннатга киравермайди.

 

— Айтайлик, пешин намозининг дастлабки тўрт ракат суннатини ўқиб бўлдингиз. Ва фарзини ўқиётганда кишининг таҳорати синса, аввалги суннат намозлари ҳам қайта ўқиладими?

 

— Аввалги ўқилган тўрт ракат суннат намози қайта ўқилмайди. Фиқҳ китобларида агар пешин намозининг тўрт ракат фарзини ўқиётган пайти таҳорати синса, ҳеч кимга гапирмасдан туриб, таҳорат олиб келиб, тўрт ракат фарз намозини бошидан ўқиган афзал, деб айтилади.

 

— Муҳожирмиз. Ватандошлар билан йиғилиб, таровеҳ намозини ўқиймиз. Лекин ҳар тўрт ракатдан кейин тасбеҳни билмаймиз. Таровеҳни тасбеҳсиз ҳам ўқиса бўладими?

 

— Ҳар тўрт ракатдан кейин шу тўрт ракат миқдорича ўтириб, ором олиш мустаҳаб. Энди бекор ўтирмасин, деб тасбеҳ жорий қилинган. Лекин тасбеҳсиз ҳам бўлаверади.

 

— Рўзамнинг бир кунини қасддан бузиб қўйдим. Бу аввалги кунги рўзаларимга таъсир қилмайди. Каффорат рўзасини тутишни соғлиғим кўтармайди. Ишим оғир, бунинг устига олтмиш кишини тўйдиришга ҳам имкониятим йўқ. Қилган ишимдан пушаймонман.

 

— Агар Рамазон ойининг рўзасини қасддан бузиб қўйса, аввалги рўзаларига таъсир қилмайди инша Аллоҳ. Чунки ҳар бир куннинг рўзаси алоҳида бўлакларга бўлинган.

Саволнинг иккинчи қисмига ўтадиган бўлсак, агар киши рўзасини қасддан бузса, кетма-кет олтмиш кун рўза тутади. Агар ҳозир бунга қурби етмаса кейинроқ тутиб бериши мумкин. Агар бунга ҳам қурби етмаса олтмишта мискинга таом беради. Бунга ҳам ҳозир қурби етмаса кейинроқ берса ҳам бўлаверади.

 

— Менинг ичимда ҳам бир одам бордек. Ҳаёлимга ҳар хил фикрлар келаверади. Намоз ўқиётганимда ҳам шундай бўлади. Бундан қутилиш учун нима қилсам бўлади?

 

— Бу каби васвасаларни Аллоҳ таолога истиғфор айтиш билан кўнгилдан аритса бўлади. Иложи бўлса кўпроқ “Нос” ва “Фалақ” сураларини ўқиган маъқул.

 

— Учта қизим бор. Учинчи қизимга Ясина, деб исм қўйганмиз. Бу исмни қўйса бўладими ўзи?

 

— Ясина исмини қўйиб бўлмайди. Аслида бу исм араб тилидаги иккита ҳафр “Я”, “Сиин”дан ҳосил бўлган. Буларнинг маъноси бизга маълум эмас. Умуман олганда, мен бу исмни қўймасликларини тавсия этаман. Ўзгартиришлари керак бўлади.

 

— Бугун саҳарлик пайти оғзимни эртароқ ёпдим. Лекин бироздан кейин дори ичишим эсимга тушиб қолди ва дори ичдим. Бу билан рўзам бузилмайдими?

 

— Субҳи содиқгача ҳали вақт бўладиган бўлса, бемалол у-бу нарса еб олиши ҳам, дори ичиб олиши ҳам мумкин. Сўнг яна ният қилиб оғизни ёпади. Бунда рўза бузилмайди.

 

— Қиз бола машина миниши мумкинмас, дейишади. Шу гап тўғрими?

 

— Бу борада икки хил фикр илгари сурилади. Баъзи уломалар қиз боланинг машина минишига қарши. Сабаби, аёл боши билан кўчада юриши, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари билан муомала қилишларига тўғри келади. Баъзи бирлари эса жуда зарурат бўлса, миниши ҳам мумкин, дейди. Бу борада катта уломаларимизнинг фатволарини тингласак яхши бўлади.

 

— Ассалому алайкум, домла. Шукр саждаси борми?

 

— Шукр саждаси бор. Расуллуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васаллам хурсанд бўлганларида сажда қилганлар. Икки ракат шукр намозини ҳам ўқиш мумкин.

 

— Имом Маҳдий ҳақида маълумот бериб ўтсангиз?

 

— Имом Маҳдий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зурриётларидан дунёга келадиган зот бўладилар. Қиёматнинг катта оламатларидан бири Имом Маҳдийнинг туғилишларидир. Бу киши дажжол чиққанидан кейин чиқади. Исо алайҳиссалом ва Имом Маҳдий дажжолга қарши курашадилар. Дажжолда ҳамма фитна бўлади. Бу қиёматнинг катта аломати. Имом Маҳдий ниҳоятда адолатли амир бўлади. Ер юзини фасоддан тозалайди.

 

— Рўза тутиб келаётгандим. Бир куни зонт ютишимга тўғри келди. Рўзадан кейин бир кун рўза тутсам бўладими?

 

— Агар чиндан ҳам ошқозон чидаб бўлмайдиган даражада оғриқ натижасида зонт ютган бўлса, унда рўзаси очилмайди. Ёки чидаб бўладиган бўлса, кечқуринлари ишлайдиган клиникаларда, ёки тонг саҳарда ишлайдиган клиникаларда зонт ютса бўлади.

 

— Мисрдаги аэропортда эдим. Ҳужжатларимдаги камчилик туфайли жарима тўлашга тўғри келди. Аммо ёнимда пулим етмай қолди. Нима қилишни билмадим. Шу пайт бир ўзбек талаба йигити менинг ўрнимга 100 доллар жарима тўлади. Мен унга манзилингизни ва исмингизни айтинг, дедим. У ҳозир ручка топиб келаман, деб бир зумда ғойиб бўлди. Қиёмат куни бу бўйдимда қарз бўлиб қолмайдими? Мен у йигитни изламоқчи эдим. Лекин қўлимда чақолоғим бор, уддасидан чиқолмадим. Бунинг ҳукми қанақа бўлади?

 

— Агар у йигит қарз маъносида берган бўлса, бўйнида қарз бўлиб туради. У йигитни кутадилар. Унинг гап-сўзини тинглайди. Қарз маъносида бўлса, қайтиб беради. Агар топилмаса, шу миқдордаги пулни жуда қийналганга беради. Шундан сўнггина қайтиб келиб қолса, пулни эгасига тўлайди. Эҳсон бўладиган бўлса, аёлнинг зиммасида у йигитнинг қарзи қолмайди.

 

— Рамазон ойидан бошқа ойларда саҳарлик ва ифторлик вақтларини қандай билишимиз мумкин?

 

— Душанба ва пайшанба кунлари рўза тутишлик суннат амал ҳисобланади. Саҳарлик субҳ билан, ифторлик эса шом намозининг кириши билан белгиланади. Шунингдек, бир йиллик тақвимлар бор. Унда субҳ ва шом вақтлари белгиланиб қўйилган.

 

— Таҳорат олаётган вақтда киши ўзи билмаган ҳолда аъзоларини икки ёки тўрт марта ювса, таҳорат олган ҳисобига ўтадими?

 

— Киши таҳорат олаётганда сувнинг миқдорига қараб бир марта ювса ҳам бўлади. Бунда таҳорат олишнинг фарзини бажарган бўлади. Агар суннатга амал қилинадиган бўлса, уч марта ювиш керак. Ўзи билмаган ҳолда аъзоларини тўрт марта ювиб қўйса, бунинг зарари йўқ.

 

— Намозхон киши ўзидан катта киши намоз ўқиётганда унинг хатоси кўрса ва кейин шу хатоликни айтса, гуноҳ бўлмайдими?

 

— Йўқ, гуноҳ бўлмайди. Албатта, хатоликни қандай даражада тушунтиришларига боғлиқ. Агар дилини ранжитадиган даражада тушинтирса, бу яхшимас. Ёки тушунтириш асносида унинг кўнглини кўтарса, бу албатта, яхши. Агар хатоликни кўриб туриб айтмаслик ҳам яхши эмас. Айтиш керак.

 

— Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини юксак даражада яхши кўрганлар. Биз ҳам уларни шу даражада яхши кўриш, юксак муҳаббатга эга бўлиш учун қандай амалларни қилсак бўлади?

 

— Аввало, Расулуллоҳ алайҳи васалламни яхши кўришлик бу иймон тақозоси. Биринчи навбатда, У зотга муҳаббат қўйишларимиз учун У зотнинг тарихи ва сийратини яхши ўрганиб олишимиз лозим. У зотни яхши таниб олишимиз, мақомларини билишлигимиз керак. Кейин ўз-ўзидан У зотга муҳаббатимиз тушиб қолади.

 

— Ифторликда оғиз очиш учун сув оловга тегмаган, қайнамаган бўлиши керак, дейишади. Шу тўғрими?

 

— Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмо билан оғиз очганлар ва совуқ сувни яхши кўрганлар. Оловга теккан сув билан оғиз очиб бўлмайди, деган гап йўқ динимизда.

 

— Исмим Жалилбек. Бу Аллоҳ таолонинг энг гўзал исмларидан 42-чиси. Нима деб ўйлайсиз, исмимни Абдужалил, деб ўзгартирсаммикин?

 

— Бу исмни Абдужалил, деб эълон қилса, яхши бўлади. Ўша пайтда эътибор беришмаганда.

 

— Сеҳр-жоду борми? Агар бўлса уни қилганларга қандай ҳукм бор?

 

— Сеҳр-жоду қилганлар шариатга қарши иш, бировга зулм қилган бўлади. Яхши оилаларни бузган бўлади. Улар Аллоҳ таолога тавба қилиш керак. Сеҳр-жодунинг таъсири бор. Унинг таъсиридан ҳимояланиш учун инсон таҳоратда, ибодатда ва Қуръон оятларини кўп тиловат қилиб юриши керак.

 

— Мен таксичиман. Баъзан нарсаларни ҳам манзилига етказиб бераман. Бирхиллар телефон қилиб ароқ, сигарет олиб келинг, деб қолади. Шуларни олиб бориб берсам, гуноҳкаор бўлиб қолмийманми?

 

— Гуноҳкор бўлиб қоласиз.

Саудия Арабистони ҳукумати Каъбанинг қора тошига ҳеч қачон яқин кўринмаган кўринишни кўрсатувчи янги фотосуратларни чиқарди. Қора тошнинг фотосуратлари кўп қаватли панорамик фокуслардан фойдаланадиган янги технология ёрдамида олинган.

Islam.ru маълумотларига кўра, тасвирлар етти соатдан ортиқ вақт давомида олинган бўлиб, таҳрир қилиш ишлари бир ҳафта давом этди. Икки муқаддас масжид ишлари бўйича бош бошқарма юқори аниқликдаги ягона аниқ тасвирни яратиш учун аниқликнинг турли даражалардаги тасвирларни бирлаштирувчи Fox Stack
Panorama технологиясини қўллаш билан олди. Қора тош ва Иброҳим мақбарасининг 1 050 фотосуратларини олинди. Биринчи марта расмийлар бундай тафсилотларга эга бўлган Қора тошни кўрсата олишди. Тасвирлар 3D-принтерда чоп этилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top