muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 15 Апрель 2021 00:00

“Рамазон” сўзининг маъноси

Рамазон сўзини араблар қадимдан келаётган луғатларидан олганлар. Ҳижрий тақвимнинг тўққизинчи ойи бўлмиш Рамазон илк бор шиддатли жазирама иссиқ кунларига, куйдирадиган ҳароратли кунларга тўғри келгани учун “Рамазон” деб аталган. Рамазон дегани “рамз” сўзидан олинган бўлиб, “қизимоқ”, “қизиб чўғ бўлмоқ”, “куйдирмоқ” маъноларидадир. Жазирама иссиқда қолган қўйлар куйиб, қорайиб, ўлиб қолар экан.

Шунинг учун мазкур ойда рўза тутган одамнинг гуноҳлари куйиб, йўқ бўлади, айбу нуқсонлари Рамазоннинг савоблари жилоланиб турган муборак қуёшида ўлиб кетади, деган тушунча пайдо бўлган.

Рамазон рўзаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларининг иккинчи йилида Шаъбон ойидан икки кеча ўтганидан сўнг душанба куни фарз қилинди. Бу милодий 623 йилнинг 7 февралига тўғри келса керак, деган тахминлар бор.

Шаъбон ойи тугаши билан Пайғамбар алайҳиссалом бошлиқ мусулмонлар илк Рамазон рўзасини тута бошладилар. Бу кунлар жуда иссиқ эди. Айтганимиздек, Рамазон ҳам “жуда иссиқ”, “куйдирадиган иссиқ” деганидир. Шояд, Рамазонда рўза тутганларнинг гуноҳлари куйиб йўқ бўлса!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам 9 йил Рамазон рўзасини тутганлар.

Жаҳон оммавий ахборот воситаларида

facebook.com › posts.  Мусулмон оламида масжидларнинг ўрни беқиёс. Улар нафақат ибодат, балки маърифат, саховат, ахборот алмашинуви марказлари ҳамдир. Эътиборингизга дунёдаги энг йирик масжидлар еттилигини келтириб ўтамиз.

Масжид ул-ҳаром. Макка, Саудия Арабистони

Энг улкан, барча мусулмонлар талпинувчи мўътабар масжид. Умумий саҳни 400 минг кв. метр бўлиб, 1,1 миллион намозхонни сиғдира олади. Бу кўрсаткич ҳаж мавсумида 4 миллион нафарга қадар ортади. Каъба эшиги 280 килограммлик соф олтиндан ясалган. Ҳар бирининг баландлиги 90 метрдан ортиқ тўққизта минораси, тўртта бош дарвозаси, қирқ битта эшиги бор.

https://storage.kun.uz/source/4/tRKlJDl9J3qGu6jSd7FDAkoDrIZCOy7E.jpg

Қуръони Каримда «Масжидул ҳаром» ибораси бир неча хил маънони англатади, гоҳида «ҳарам» маъносида келади. Маккаи Мукаррама шаҳри атрофида белгиланган махсус чегара билан ўралган, шаҳар ва унинг атрофидаги муайян жойларни ўз ичига олган минтақадир. Бу ҳудуд, Пайғамбаримиздан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Аллоҳ таоло осмонлар-у ерни яратган кунида ҳаром қилинган. У Аллоҳнинг ҳурмати ила қиёмат кунигача ҳаромдир: дарахти кесилмайди, ўсимлиги юлинмайди, ҳайвонлари овланмайди ва бу ерда уруш қилиб бўлмайди. Ичида ва атрофида ёмонликлар, шариатда кўрсатилган бир қанча ишларни қилиш ҳаром бўлган масжиддир. Марказий Осиёда, хусусан Ўзбекистонда ҳам бир қатор йирик масжидлар жойлашган. Жумладан, 2018 йил Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Туркия билан ҳамкорликда қуриб битказилган масжид бир вақтда 20 минг намозхонни сиғдира олади. Остонадаги «Ҳазрат Султон» масжиди эса 11 гектар ҳудудда жойлашган бўлиб, умумий майдони 17 минг квадрат метрдан ортиқ, сиғими 5 минг киши.

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида жорий йил ишга тушиши кутилаётган Марказий Осиёнинг энг йирик масжиди ўз бағрига 120 минг кишини сиғдиради. Қатарлик ҳомийлар кўмагида 2009 йилдан буён қурилаётган бу масжид битганидан сўнг дунё етакчилари сафидан жой ола билади. 

«Ҳазрати имом» мажмуаси Ўзбекистондаги энг йирик масжид ҳисобланади, Андижон вилояти Асака туманидаги «Холид ибн Валид» масжиди ҳам йирик масжидлар қаторида туради.

***

   Набавий масжиди (Масжид ун-набий), Мадина, Саудия Арабистони

https://storage.kun.uz/source/4/ykqOTu0CEBT01_Vgjpvodi2s710rxvJy.jpg

Мадинаи Мунавварадаги барча мусулмонлар учун табаррук масжид – Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбарнинг масжиди. Масжид қурилишида Расулуллоҳнинг (с.а.в.) шахсан ўзлари иштирок этган. Мажмуа ичида Пайғамбар (с.а.в.) ҳамда Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Ҳаттоб (розияллоҳу анҳум) қабрлари жойлашган. Ушбу масжид кейинчалик Ҳазрати Умар ва Усмон (розияллоҳу анҳум) томонидан бир неча бор таъмирланиб, кенгайтириб борилган. 105 метрли иккита, 75 метрли тўртта минораси, ўзи очиб-ёпиладиган 27та томи, 400дан ортиқ устуни, 6800 қандили бор. Саҳни 100 минг кв. метрдан ортиқ бўлиб, бир вақтда 1 миллиондан зиёд кишини бағрига сиғдира олади.

***

Фейсал масжиди. Исломобод, Покистон

https://storage.kun.uz/source/4/yliOx4-ifXWUS3KQRAqkiUHFf5lvQ4h2.jpg

 

https://storage.kun.uz/source/4/uLmb4GS5HC8U2OEw2z9vs3VLcxjWOymF.jpg

Дунёдаги энг катта масжидлар орасида тўртинчи ўринда турувчи Фейсал масжиди 90 метр баландликдаги тўрт минора билан ўралган. Бу иншоот қурилиши 1976 йил бошланиб, 1986 йилда якунланган. Масжиднинг умумий саҳни 5 минг кв. метрни ташкил этади ва 300 мингга яқин намозхонни сиғдира олади. Лойиҳаси анъанавий масжидларни эслатмаслиги туфайли қурилиш жараёнида кўплаб норозиликлар келиб чиққан. Кўринишидан бадавийлар ўтовини эслатувчи мажмуа тўлиқ қуриб битказилгач, маҳобати, қулайлиги билан барчага манзур бўлган.

 

 

                                                                            И.Абдухолиқов тайёрлади,ЎзА

Среда, 14 Апрель 2021 00:00

Саҳарликда барака бор (Аудио)

 

ЎМИ матбуот хизмати

Бугун биз қанча шукр қилсак – кам. Чунончи, ҳар йили Рамазон ойи ҳамда иккала ҳайит – Рамазон ва Қурбон байрамлари арафасида давлатимиз раҳбарининг қарори қабул қилиниши динимизга, маънавий-маърифий соҳага қаратилаётган эътиборнинг амалдаги бир инъикосидир.

Ўлкамизга улуғ ой, ойларнинг сарвари, саййиди ва султони, Аллоҳнинг муборак китоби Қуръони карим нозил бўлган ой – орзиқиб кутилган Рамазон ойи ташриф буюрмоқда.

Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрида”ги қарори барча мўмин-мусулмон юртдошларимиз сингари бизни ҳам беҳад қувонтирди.

Шу ўринда бир ҳолатни эслаб ўтиш янада кўпроқ шукр қилишимизга туртки бўлса, ажаб эмас. Авваллари Тошкент шаҳрида бармоқ билан санарли масжидларда Қуръони карим хатм қилинар, қорилар Миср, Туркия, Саудия Арабистони каби давлатлардан таклиф этилар эди. “Биров билмасин”, дея уч кунда Қуръони карим хатм қилиб бўлинар эди. Ҳозир эса халқимиз, айниқса, ёши улуғ инсонлар қийналмаслиги, Қуръони карим тиловатидан завқ олишлари учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси тавсиясига биноан хатми Қуръонлар камида 27 кун давом этиши белгилаб қўйилди.

Таъкидлаш жоиз, ўтган йили пандемия туфайли масжидларимиз фаолият юритмади. Бу йил, Аллоҳга шукр, масжидларимиз очиқ. Таровеҳ намозларини карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўқишимиз шарт. Шу билан бирга, ёши улуғ отахонлар, сурункали хасталиги бор кишилар ўзларини эҳтиёт қилишлари, таровеҳларни уйларида ўқишлари мақсадга мувофиқ бўлади. Улар мунтазам равишда тиббий назоратдан ўтиб туришлари тавсия этилади. Чунки ҳали бу хавф, яъни коронавирус балоси тўлиқ чекингани, бутунлай бартараф этилгани йўқ.

Аллоҳга беадад ҳамдлар бўлсин, ҳозир юртимизда 2085 та масжид фаолият юритаётган бўлса, бу йил шулардан 1367 тасида Қуръони карим хатм қилинади.

Тошкент шаҳридаги 114 та жоме масжиднинг барчасида 27 кун давомида мўмин-мусулмонлар Аллоҳнинг каломини тинглашади, иншоаллоҳ. Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилди. Масжидларимиз Рамазонга шай ҳолатга келтирилди.

Ҳозир дунёнинг айрим жойларида урушлар, тўс-тўполон, табиий офатлар бўлиб турибди. Шукурки, Ватанимиз тинч, халқимиз ҳаёти кундан кунга фаровон бўлиб бормоқда. Бу ой савоб, ажр жиҳатидан йилларга, минг ойларга татийди. Шундай экан, ҳар биримиз Рамазонни ғанимат билиб, кўнгиллар эриган, қалблар юмшаган дамларда Яратгандан юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб, дуою илтижолар қилишимиз керак.

Рамазони шариф тоат-ибодат, қут-барака, бахт-саодат ойидир. Шу билан бирга, бу ойда гуноҳлар ювилажак, тавба-тазаррулар, чин ихлос ва эътиқод ила қилинган дуолар мустажоб бўлиб, қалблар таскин топажак.

Рўза инсонни ҳалолликка, покликка даъват этади, унинг қалбини ғуборлардан тозалайди. Зеро, Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Эй, имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза фарз қилинди” (Бақара сураси,183-оят).

Улуғ ойда ҳар бир қилинган амалнинг эвазига 70 тадан 700 тагача савобга эга бўлиш мумкинлиги ҳақида ҳадиси шарифда марҳамат қилинган. Бироқ ушбу ойда инсонларга яхшилик қилиб, хайру саховат кўрсатиб, улкан савоб ва ажрларга эга бўлишнинг ўрнига бозорларда нарх-навони ошириб, манфаат топишга уринаётган юртдошларимиз ҳам бор.

Улардан “нимага бундай?” деб сўрасангиз, уялмай “рўза келди-да”, дейишади. Аслида ҳақиқий мусулмон Рамазон ойида ўта саховатли бўлиши лозим. Чунки Рамазон ойи тақвони, тарбияни ўрганадиган ой. Токи, бу ойда ҳосил қилинган тақво, одоб ва тарбия йилнинг қолган ойларида ана шу мўминга ҳамроҳ бўлсин.

Рамазон ойида инсон ўз нафсини тарбиялаш мақсадида емоқ-ичмоқдан тийилади. Бизда эса кимўзарга катта-катта жойларда дабдабали ифторликлар беришга интилишлар сезилиб қолади. Бу ҳам шаръан дуруст эмас. Чунки Рамазон ойида ифторлик бераман деб, кўп уриниб, дабдабозликка йўл қўйиб, исроф қилаётганимизни ўйламаяпмиз. Ифторликларни ўртача меъёрда қилиб, қолган маблағларимизни қариндошлар орасидаги, маҳалламиздаги муҳтожларга берсак, ана ўша афзалроқдир.

Бугун биз қанча шукр қилсак – кам. Чунончи, ҳар йили Рамазон ойи ҳамда иккала ҳайит – Рамазон ва Қурбон байрамлари арафасида давлатимиз раҳбарининг қарори қабул қилиниши динимизга, маънавий-маърифий соҳага қаратилаётган эътиборнинг амалдаги бир инъикосидир.

Аллоҳ таоло барчаларимизга бу ойни ғанимат билишга тавфиқ берсин.

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳри бош имом-хатиби

Среда, 14 Апрель 2021 00:00

Гуноҳларни куйдиргувчи ой

Яратганга шукрки, минг ойдан афзал бўлган Рамазони шариф ойи муборак кунларни ўтказмоқдамиз. Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари, “Катта Қозиработ” жоме масжиди имоми Абдуқаҳҳор қори ЮНУСОВ билан ушбу саодатли ой фазилатлари ҳақида суҳбатлашдик.

  • Ассалому алайкум, қори ака. Аввало, ойлар султони – Рамазони шариф билан самимий муборакбод этамиз. Ўқувчига, табиийки, ойнинг номи қизиқ. “Рамазон” сўзининг маъносини билиб олган муштарийлар мавзуни аниқроқ тушунишади. Шунингдек, рўзанинг айнан Рамазон ойида бажарлишида ҳам ҳикмат бўлса керак, албатта. Шу ҳақда тўхталсангиз.
  • Ваалайкум ассалом ва раҳматуллоҳ.

Рамазон сўзини араблар қадимдан келаётган луғатларидан олганлар. Ҳижрий тақвимнинг тўққизинчи ойи бўлмиш Рамазон илк бор шиддатли жазирама иссиқ кунларига тўғри келгани учун “Рамазон” деб аталган. Бу ном “рамз” сўзидан олинган бўлиб, “қизимоқ”, “қизиб чўғ бўлмоқ”, “куйдирмоқ” маъноларини англатади. Жазирама иссиқда қолган қўйлар куйиб, қорайиб, ўлиб қолар экан.

Шунинг учун мазкур ойда рўза тутган одамнинг гуноҳлари куйиб, йўқ бўлади, айбу нуқсонлари Рамазоннинг савоблари жилоланиб турган муборак қуёшида ўлиб кетади, деган тушунча яъни рамзий маънога эгадир.

Рамазон рўзаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилганларининг иккинчи йилида Шаъбон ойидан икки кеча ўтганидан сўнг душанба куни фарз қилинди. Бу милодий 623 йилнинг 7 февралига тўғри келади.

Шаъбон ойи тугаши билан Пайғамбар алайҳиссалом бошлиқ мусулмонлар илк Рамазон рўзасини тута бошладилар. Бу кунлар жуда иссиқ эди. Набий алайҳиссалом тўққиз йил Рамазон рўзасини тутганлар.

Бошқа ойларда эмас, айнан Рамазонда рўзанинг тутилишида ҳикмат кўп. Чунки Аллоҳ таоло рўза тутиш учун ушбу ойни танлаган. Бу ойда Қуръон нозил бўлган. Ояти каримада: “Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз. Саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир. Рамазон ойи — одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу — ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир” (Бақара сураси, 183–185-оятлар).

Оятдан маълум бўладики, рўза тутиш ибодати Одам алайҳиссаломдан бошлаб то Муҳаммад алайҳиссалом давригача ўтган барча пайғамбар ва умматларга фарз қилинган. Лекин рўза тутишнинг шарт ва қоидалари турлича бўлган. Айрим умматлар Рамазон ойи ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келиб қолганида Аллоҳдан ёки Унинг пайғамбаридан беижозат шаккоклик ила уни бошқа ойларга кўчириб, бу қилмишларининг жаримаси учун, ўзларича, яна ўн кун қўшимча рўза тутишган.

Демак, рўза Одам алайҳиссаломдан бери бажариб келинаётган ибодатдир.

  • Рўзадорнинг одоблари ҳақида айтсангиз. Кўпчилик рўзани саҳардан шомга қадар еб-ичишдан тийилиш, ижмо қилиш, шаҳватдан тийилишгина деб тушунишади. Аммо рўза бу қадар жўн амал эмас-ку, тўғрими?
  • Ҳалим бўлишлик, ўзгалар билан уришиб тортишмаслик, жаҳли чиққан вақтда ҳам ўзини қўлга ола билиш рўзадорнинг одобларидан ҳисобланади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар: “Рўза қалқондир. Қачон бирортангиз рўзадор бўлса, ёмон гап гапирмасин, жоҳиллик қилмасин. Агар бирор киши у билан урушса ё уни ҳақорат қилса: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳадиси шарифдаги “қалқон” дея таржима қилинган “жуннатун” калимаси луғатда “тўсувчи”, “ҳимоя қилувчи” каби маъноларни англатади. Шунга кўра уламолар ушбу калимадан қандай маъно кўзлангани ҳақида қуйидагиларни айтганлар:

Рўза, гуноҳ маъсиятлардан ҳимоя қилувчидир. Чунки у туфайли рўзадор танасидаги шайтон юрадиган йўллар бўлган таом ва қон йўллари тораяди. Ана шу эътибордан рўза уни гуноҳлардан ҳимоя қилувчи бўлади;

Рўза, дўзахдан тўсувчидир. Чунки иймон ва савоб умидида тутилган рўза рўзадорнинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлади. Ана шу эътибордан у дўзахдан тўсувчи бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларининг давомида рўзадорга “ёмон гап гапирмасин”, дея тайинлаганлар. Яъни, бировни ҳақоратлаш, биров устидан кулиш, лаънат айтиш ва фаҳш гапларни гапириш каби шариат ман қилган гаплардан қайтарганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадорнинг яна бир сифатини таъкидлаб “жоҳиллик қилмасин”, деганлар. Шунга кўра рўзадор кишини биров уришиб ҳақорат қилган тақдирда ҳам: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман”, дейиши ва унинг ҳақоратига “жавоб” қайтаришдан ўзини тийиши лозим. Ана шунда у рўзанинг ҳурматини сақлаган ҳамда мазкур ҳурмат сабабли ўзига жоҳиллик қилаётган беодоб кимсани ҳам одобга чақирган бўлади.

Яна уламолар шундай деганлар: “Инсон бир нарсадан узлуксиз бир ой ўзини сақласа, ўша нарса унинг одатига айланиб, мазкур муддатдан кейин ҳам доимо ундан сақланадиган бўлиб қолади”.

  • Рўзанинг шартлари ҳақида батафсилроқ айтсангиз.
  • Рўза мукаммал бўлиши учун бир қанча шартлар мавжуд. Биринчи шарт — лозим бўлиш шартлари. Бу шартлар тўртта: 1) Ислом. Мусулмон бўлмаган одамга рўза фарз бўлмайди. Ундай одам рўза тутса ҳам, рўзаси ибодат ўрнига ўтмайди. Кофир одам Рамазонда Исломга кирса, ўша кирган кунидан бошлаб рўза тутади. 2) Ақл. Ақли йўқ одамга рўза фарз бўлмайди, чунки у мукаллаф эмас. 3) Балоғатга етганлик. Балоғатга етмаган болаларга рўза фарз бўлмайди. Рамазон ойида балоғатга етганлар ўша кундан бошлаб рўза тутишни бошлайдилар. 4) Рўзанинг фарзлигини билиш.

Иккинчи шарт — рўзани адо этиш учун зарур шартлар. Булар иккита: 1) Беморликдан холи бўлиш. Ҳайз ёки нифос кўрган аёлга ҳамда бемор шахсга рўза тутиш вожиб эмас. Покланганда ва тузалганда қазосини тутиб берадилар. 2) Муқим бўлмоқ. Мусофирга ҳам рўза тутиш фарз бўлмайди. Сафардан қайтганда қазосини тутиб беради.

Учинчи шарти — рўзанинг тўғри бўлиши шартлари. Булар учта: 1) Ният. Ниятсиз рўза тўғри бўлмайди. 2) Нифос ва ҳайздан холи бўлиш. Нифос ва ҳайзли бўла туриб, тутилган рўза ҳам рўза бўлмайди. 3) Рўзани бузадиган нарсалардан холи бўлиш. Рўза тутиб турганда уни бузадиган нарса ориз бўлса, рўза қолмайди. Ўрнига қазосини тутиб бериш лозим бўлади.

  • Рўза аҳамиятига кўра, намоздан кейинги муҳим амал ҳисобланади. Рамазон ойида имкони бўла туриб рўза тутмасликнинг оқибати қандай? Шу ўринда каффорат ҳақида ҳам маълумот бериб кетсангиз.
  • Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ким рухсатсиз ва касал бўлмай туриб, рамазонда бирон кун рўза тутмаса, гарчи бир умр рўза тутса ҳам, ўша бир куннинг қазосини ўтай олмайди” (Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ухлаб ётган эдим. Ёнимга икки киши келиб билакларимдан тутди-да, мени чиқиш қийин бўлган тоғ олдига олиб боришиб, унга чиқинг, дейишди. “Тоқатим етмайди”, деган эдим. “Сизга чиқишни осон қилиб қўямиз”, дейишди. Мен кўтарилиб тоғнинг текис жойига (устига) етганимда кучли шовқин эшитилди. “Бу қанақа шовқин?” деб сўраган эдим, улар: “Бу дўзахийларнинг фарёди”, деди. Сўнг мени у ердан олиб кетишди. Бир жойда оёқларидан осиб қўйилган, лунжлари йиртилиб, қон оқиб турган қавмга дуч келдим. “Ким улар?” — деб сўраган эдим, “Улар рўзалари ниҳоясига етмай туриб ифтор қиладиган кимсалардир”, дейилди (Ибн Ҳузайма, Ибн Ҳиббон ривояти).

Нахаъий рамазоннинг рўза тутилмаган ҳар бир куни учун уч минг кун рўза тутиб беришни вожиб деб билганлар.

Саид ибн Мусайяб: “Ҳар бир кун ўрнига ўттиз кун рўза тутиб бериш вожиб”, деган бўлсалар, Имом Моликнинг устози Робийъа розияллоҳу анҳу: “Ҳар бир кун эвазига, ўн икки кун рўза тутилади”, деганлар.

  • Ифторлик қандай бўлиши керак. Бугунги кунда ифторликлардаги дабдабабозликлар қанчалик тўғри?
  • Ифторлик дабдабадан холи, Аллоҳ учун бўлиши керак.
  • Рўза тутиши шарт бўлмаган кишилар ёки ҳолатлар ҳақида айтсангиз. Улар бунинг ўрнига нима қилишади?
  • Рўза тутмасликни ёки тутган бўлса ҳам, очишни мубоҳ қилувчи бир қанча ҳолатлар мавжуд. Ҳалок бўлиши, бирор аъзосига талафот етиши, янги касаллик пайдо бўлиши, мавжуд беморлиги зиёдалашиши хавфи бўлган кишилар рўза тутмайдилар; Мусофир киши рўза тутиш-тутмасликда ихтиёрлидир. Имкони бўлса, тутгани афзалдир. Рўза тутмаслиги мумкинлигига шариат томонидан рухсат берилган. Рўза тутганидан сўнг сафарга чиқса, рўзасини очишга рухсат берилмайди. Очиб юборса, қазо лозим бўлиб, каффорат вожиб бўлмайди. Рўза тутганидан сўнг сафарни ният қилса-ю, ўз шаҳридан чиқиб кетишидан аввал еб-ичиб юборса, каффорат лозим бўлади; Ҳомиладор ёки эмизикли аёл ўзининг ё боласининг жонига нуқсон, ҳалокат етиш хавфи бўлса, рўза тутмасликка, тутган бўлса, очиб юборишга рухсат берилади. Уларга каффорот вожиб бўлмайди; Очлик ёки чанқоқлик ҳалокат ёки беморликка олиб борса, рўзани очишлик узр саналади; Эркагу аёл ёши кексайиб, рўза тутишга қудрати етмаса, бу ҳолат умрининг охиригача давом этса, рўза тутмасдан бадалига фидя тўлашлари лозим бўлади. Шунингдек, сурункали касалликка дучор бўлганлар ҳам рўза тутмаслиги мумкин. Уларга ҳар кунлик рўзаси эвазига фидя тўлаши вожиб бўлади. Айрим кишилар ёзнинг узун кунларида тутолмай, қишнинг қисқа кунларида тутишга қудратлари етса, рўза тутишлари фарз бўлиб, фидя кифоя қилмайди; Сафарбарлик ҳам рўза тутмасликка сабаб бўлади.
  • Рўзанинг маънавий ва жисмоний фойдалари (тиббиёт томонидан исботланган фойдалари ҳақида) ҳам билиб олсак.
  • Рўзанинг жуда кўп ва турли-туман фойдалари бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни ана шу фойдаларга тарғиб қилганлар. Улардан баъзиларини айтиб ўтсак. Биринчидан, рўза инсон танасини турли касалликлардан асрайди. Чунки танадаги кўп касалликлар асосан меъда ва ичакларда тўпланиб қолган чиқиндилардан ҳамда ортиқча семириб кетишдан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазот қилинглар, ўлжа олурсиз. Рўза тутинглар, соғлом бўлурсиз. Сафар қилинглар, бой бўлурсиз”, деганлар (Табароний ривоят қилган). Иккинчидан, рўза зеҳннинг саломатлиги, фикрнинг тўғри бўлиши, ҳофиза қувватининг фаоллашувида фойдали, унутувчанликни камайтиради. Кўп ейиш мияда намлик ва ботни кўпайтиради ва бу хотира қувватига оғир келади. Учинчидан, рўзадор кишининг тана аъзолари ҳаракати тоат-ибодатлар учун енгил бўлади. Ҳаддан ташқари тўйиб овқатланиш танани бўшаштиради, ибодат қилишга оғирлаштириб қўяди. Тўртинчидан, рўза туфайли шайтоннинг малайлари мағлуб бўлади, Раҳмоннинг лашкарига нусрат ато этилиб, ғолиб бўлади. Рўзада нафсни тийиш аъзоларнинг бемалол бўлишидан, шаҳватларга муккасидан кетишидан сақланишдир. Озуқанинг кўпайиб кетиши нафсни ёмон шаҳватларга ундайди. Бешинчидан, рўза туфайли дуолар қабул ва ижобат бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч киши борки, уларнинг дуосини рад қилмаслик Аллоҳнинг зиммасидаги ҳақдир: оғзини очгунча рўзадорнинг, нусрат топгунча мазлумнинг ва қайтгунича мусофирнинг”, деганлар.

Қолаверса, тиббий-илмий изланишлар натижасида рўзанинг турли жисмоний ва руҳий касалликлардан ҳимояланишда ва уларнинг олдини олишда фойдаси борлиги собит бўлди. Баъзи мисолларни айтадиган бўлсак: Рўза инсондаги касалликларга қарши қобилиятни (иммунитет) кучайтиради, чунки рўза тутган одамда ушбу мақсадга хизмат қилувчи ҳужайралар ўн марта кўпайиши илмий исботини топган.

Шаҳзод ШОДМОНОВ суҳбатлашди.

Top