muslim.uz
Бир оят тафсири: Аллоҳ сизларга енгилликни истайди
«Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир» (Бақара, 185).
Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «“Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб, тутмаганингиздан) яхшироқдир” ояти нозил бўлганида, ким хоҳласа рўза тутарди, хоҳламаса, рўза тутмасдан фидя берарди. “Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин” ояти ҳукмни бекор (насх) қилди» (Имом Бухорий ривояти).
«Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир…»
Рамазон қамарий йилнинг тўққизинчи ойидир. Рамазон сўзининг маъноси ҳақида турли фикрлар билдирилган. Жумладан, Халилдан бундай нақл қилинади: «Рамазон “рамзо” сўзидан олинган бўлиб, куздан олдин ёғадиган ёмғир маъносини англатади. Ёмғир ер юзининг ғуборини ювганидек, Рамазон рўзаси бандалар гуноҳларини ювиб, қалбларини поклайди».
Рўза биздан олдинги умматларга ҳам фарз бўлган ибодатдир. Аллоҳ таоло Рамазон ойини рўзасини фарз қилиш ва у ойда Қуръони каримни нозил қилиш билан шарафлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилди. Мен қиёмни (таровеҳ намозини) суннат қилдим. Рамазон рўзасини тутиб, қоим бўлган (таровеҳ намозини адо қилган) одам онадан туғилган кундаги каби гуноҳдан фориғ бўлади”, дедилар.
«…ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон…», яъни Қуръони карим одамларни тўғри йўлга бошлайди. У ҳаққа бошловчи ва ҳақни ботилдан ажратувчи очиқ-ойдин далил ва ҳужжатдир.
Уламолар Қуръони каримнинг “Фурқон” (ажрим этувчи) деб номланиши ҳақида турли фикрлар билдирганлар. Айрим олимлар: «У бир неча йиллар мобайнида бўлак-бўлак бўлиб нозил бўлгани учун “Фурқон” деб номланган», дейишган. Бошқа муфассирлар: «Инсониятга жаннат ва дўзах, савоб ва гуноҳ, ҳалол ва ҳаром, яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик, ҳақ ва ботил ўртасидаги фарқни ажратиб бергани учун “Фурқон” деб номланди», деганлар.
«…Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин…» Ким Рамазон ойи кирганда ўз яшаш жойида саломат бўлса, унга рўза тутиш фарздир.
«…Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир». Беморлар ва мусофирларга рўза тутиш машаққат, қийин бўлса ё сафарда бўлса, саломат бўлганларида ва сафардан ўз яшаш жойига қайтганларида қазосини тутиб беришлари шарти билан касал ё сафарда бўлган кунлари рўзасини тутмаслиги мумкин.
Ким рўза тутса саломатлигига зарар етса ё касаллиги зиёда бўлса, ёки соғайиши кечикса, Рамазон ойида рўза тутмай, тузалганидан сўнг рўза тутиб бериши жоиз.
Абу Ҳанифа ва Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳима: “Бемор ва мусофирни қуввати етса рўза тутиши, кучи етмаса тутмаслиги афзал”, деб таъкидлаганлар.
«…Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди…» Фуқаҳолар оятнинг бу қисмидан “Машаққат енгилликни жалб қилади” деган усул қоидасини оладилар. Аллоҳ таоло инсонларга қийинчиликни эмас, уларга енгиллик ва манфаатни хоҳлайди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу оят тафсирида: “Енгиллик” рўза тутмаслик, “оғирлик” сафарда рўза тутишдир, дейди.
«…Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир».
Имом Абу Жаъфар бу оятни: “Касал ё мусофир бўлиб, рўза тутмаган кунларингизнинг қазосини тутиб, рўза кунлари ҳисобини тўлдиришингиз, сизларни тўғри йўлга бошлагани учун Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, улуғлашингиз ва шукр қилишингиз учундир”, деб тафсир қилган.
Ифторликда нега айнан хурмо билан оғиз очилади?
Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий “Ҳужжатуллоҳил балиғо” китобларининг “Рўза ҳукмлари” бобида бир ҳадисни келтирадилар:
“Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар сизлардан бирортангиз оғиз очадиган бўлса, хурмо билан оғиз очсин. Албатта у баракадир. Агар уни топа олмаса, сув билан ифторлик қилсин. Чунки у покловчидир”. (Аҳмад, Доримий ривояти)
Айтаманки, инсоннинг табиати ширинликни ёқтиради, айниқса очликдан сўнг. Жигар ҳам ширинликни хушлайди. Арабларнинг ҳам табиати хурмога моил. Хурмо муносиб вақтда тановул қилингани учун, барака олиб келади”. (иқтибос тугади)
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ҳар бир ишларида ҳикмат ва фойда мужассамдир. Ушбу ифторликда хурмо танавул қилиш ҳадиси ҳам жуда кўплаб фойдани ўз ичига олади. Айниқса, тиббий жиҳатдан!
- Оғиз очиш пайтида қорин очқаб, бадан кўп таом истаб турган ҳолатда хурмо биринчи бўлиб ошқозонга етиб борса, мияга тўқлик ҳиссини жўнатади. Натижада ҳолсизланиб турган ошқозонга енгил ва тез ҳазм бўлувчи мева жойлашади.
- Витамин А, B-1,2,3,5,6,9, C, D, K, Калций, темир, фосфор, руҳ, натрий ва марганец сингари комплекс элементларни ўзида мужассам қилган.
- Хурмодаги калий миқдорининг юқорилиги боис асаб тизими ўзига келади.
- Очликнинг сўнгги соатларида қонда қанд миқдори кўтарилади. Натижада ҳолсизлик, дангасалик, диққатни жамлай олмаслик каби ҳолатлар авж олади. Хурмо эса қондаги қанд миқдорини пасайтиради.
- Чексиз қувват манбаи бўлиб, кун давомидаги чарчоқдан фориғ этади.
- Таркибида кўплаб фойдали элементлар ва витаминлар сабаб, саратон касаллигини бартараф этади.
- Жигар фаолиятини яхшилайди.
- Ўзи шира, глюкоза ва сахарозага бой бўлсада, қанд миқдорини кўтармайди. Аксинча, туширади. Бир кунда тўрт донадан истеъмол қилиш тасвсия қилинади. Ортиқчаси кўплик қилади.
- Ўпка ишлашини яхшилайди.
- Анемия ва гипертонияда жуда фойдали.
- Иммунитетни кўтаради.
- Юрак фаолиятини ривожлантиради.
- Юздаги нерв толалари шол бўлишидан сақлайди.
- 1 донаси тахминан 23 колорияга эга.
- Озишни истаганлар ширинлик сифатида тановул қилсалар бўлади.
- Кислота балансини ушлаб туради.
- Ҳомиладор ва эмизикли аёлларга энг яхши озуқа манбаи ҳисобланади.
- Стресс ва тарангликни камайтиради.
Шу ва шунга ўхшаш фойдали жиҳатларни ўзида мужассам этган хурмо меваси ёшу қарига бирдай мос келади. Фақат уни ҳам меъёрида истеъмол қилиш зарур.
Ифторлик ва саҳарлик дастурхонингиздан тотли хурмо меваси аримасин!
Н.Саидакбарова тайёрлади
Фиқҳ фани: Ғуслнинг фарзи (аудио)
Рўзага доир 3 саволга 3 жавоб (2-қисм)
Савол: Рамазон ойи рўзасидан қарзим бор. Нафл рўза тутсам бўладими ёки олдин қарз рўзамни тутишим керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рамазон рўзасидан қазоси бор кишининг нафл рўза тутиши ҳақида Алоуддин Косоний "Бадоиус саноиъ" китобида бундай дейди: "Рамазон рўзасидан қазоси бўлган киши нафл рўза тутиши макруҳ бўлмайди".
Мазкур китобнинг бошқа бир ўрнида бундай дейилган: "Қазони ўтаб бериш ҳақидаги буйруқ муайян вақтда вожиб бўлмайди, балки мутлақ вақт (яъни, банда имкон топган)да вожиб бўлади".
Шунга биноан Рамазон рўзасидан қарзи бор киши қазосини тутмай туриб ҳам нафл рўза тутиши мумкин. Валлоҳу аълам.
Савол: Рўзадор сахарликда истеъмол қилган озуқаси оғиз ёпилгандан сўнг кекирганда томоқ йўли орқали оғзига қайтиб чиқса ва уни қайта ютса рўзаси бузиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рўзадор қасддан қайт қилмаса рўзаси очилмайди. Агар қасддан, ўзини-ўзи қайт қилдирса рўза очилади. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадор бўлсаю, унга қайт ғолиб келса, қазо қилиш вожиб эмас. Агар ўзи хоҳлаб қайт қилган бўлса, қазо тутсин”, деганлар (Имом Термизий ривояти(.
Агар қайт рўзадорнинг ихтиёрисиз ўзи ютилиб кетсаю, қайтнинг миқдори оғиз тўладигандан оз бўлса рўза бузилмайди. Бу ҳақда Имом Сарахсий раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар: "Қайт рўзадорга ғолиб келсаю, оғиз тўлмайдиган миқдорда қайт қилса ва беҳосдан ютилиб кетса унинг рўзаси бузулмайди. Бунга уламолар иттифоқ қилишган" ("ал-Мабсут").
Агар қайтнинг миқдори оғиз тўладиган даражада кўп бўлса ва ўзи беҳосдан ютилиб кетса Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга кўра рўза бузилади ва қазо вожиб бўлади. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳга кўра эса рўза бузилмайди. Рўзадор ушбу ҳолатда қайъни ютмасликка имкони бор бўла туриб, ютиб юборса унинг рўзаси бузилишига уламоларимиз иттифоқ қилишган.
Қайтда оғиз тўлиш миқдори борасида ҳам уламоларимиз турли қарашларни айтиб ўтишан. Жумладан, Бурҳониддин ибн Моза ал-Бухорий бу ҳақда бундай деганлар :“Қайтда оғиз тўла бўлишининг чегараси уни оғизда ушлаб тура олмаслик билан белгиланади. Баъзи ўринларда эса уни “Оғиздан чиқариб ташлашдан бошқа чора қолмаган”лик билан изоҳланган. Фақиҳ Абу Жаъфар Ҳиндувоний: “Қайтда оғиз тўлиши – у билан киши гапира олмай қолиши билан ўлчанади” деган” (“ал-Муҳийтул Бурҳоний”). Валлоҳу аълам.
Савол: Рамазон ойида ҳайз кўрган аёллар қандай йўл тутади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аёл киши Рамазон ойи давомида одати бошланиб қолса, у тугагунига қадар рўза тутмайди. Рамазон ойи ўтгандан кейин неча кун рўза тута олмаган бўлса, ўшанча кун қазо қилиб тутиб беради. Бу ҳукмга уламолар ижмоъ қилишган. Муоза розияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилинади: Муоза ал-Адавийя Оиша розияллоҳу анҳодан: “Нима учун ҳайз кўрган аёл рўзанинг қазосини тутадию намозни қазосини ўқимайди?” деб сўради. Оиша онамиз: “Узрли ҳолатга тушиб қолсак, рўзанинг қазосини тутишга, намознинг қазосини ўқимасликка буюрилганмиз”, деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).
Яъни, Пайғамбар алайҳиссалом ҳайз ҳолатидаги аёлларга рўзанинг қазосини тутиш, намознинг қазосини эса ўқимасликка буюрардилар. Ушбу ҳукм мўтабар фиқҳий китобларимизда атрофлича ёритилган:
“Аёл ҳайз ёки нифос кўрса, рўзасини очади. Кундуз куни мусофир сафардан келса ёки аёл ҳайздан покланса, куннинг қолган қисмида еб-ичишдан сақланади” (“Ҳидоя”).
“Ҳайз кўрган аёлдан намоз соқит бўлади, поклангач қазосини ўқимайди. Ҳайз кўрганнинг рўза тутиши ҳаром бўлади, поклангач қазосини тутади” (“Ал-Мухтор”).
“Фарз рўзани тутиб турган аёл ҳайз кўриб қолса, рўзаси ботил бўлади. Фарз адо бўлмай қолгани учун, поклангач унинг қазосини тутиш вожиб бўлади” (“Умдатур риъоя”).
Аёллар рўзани тўлиқ тутиш мақсадида дори истеъмол қилиб, одат қонини кечиктириши жоиз. Одатий қон келмагунча аёл киши пок саналади ва рўза тутиши лозим. Қонни тўхтатиб туриш-турмаслик борасида шаръан қайтариқ йўқ. Бу иш аёл кишининг соғлигига зарар қилмаса жоиз, зарар қилса жоиз эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
"Индонезия овози" радиоканали: Ўзбекистонда Рамазон қандай ўтказилади?
Индонезиянинг етакчи радиоканали "Индонезия овози" " Ўзбекистонда Рамазон" эшиттиришини эфирга узатди. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.
Дастур бошловчиси Асмавати мамлакатимизнинг Индонезиядаги элчихонаси ходимлари билан масофавий мулоқот қилди.
Эфирда Ўзбекистонда Рамазон ойини нишонлаш одатлари, оила ва дўстлар билан ифторларни ташкил этишнинг ўзига хос жиҳатлари ва анъанавий таомлар – нишолда ва палов тайёрлаш ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, юртимизда Рамазон ойини ўтказишни истаган индонезиялик сайёҳ ва зиёратчилар учун зиёрат туризми имкониятлари муҳокама қилинди.
Куни кеча Индонезияда ўзбек меъморлик услубида илк марта қурилган Имом ал-Бухорий масжиди очилиши, айни кунларда мамлакат бўйлаб Абу Али ибн Синонинг "Шарқдан нур" ҳаёти ҳақидаги ҳужжатли фильми ҳақида ҳикоя қилинди.
Дастур якунида элчихона ходимлари Индонезия мусулмонларини Рамазон ойи билан табриклаб, икки мамлакатга тинчлик ва фаровонлик тилашди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати