muslim.uz

muslim.uz

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. IX-XII асрларда Марказий Осиёда тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида каби илмларга чуқур эътибор қаратилиши билан бир қаторда тасаввуф мактабларига ҳам асос солинди, десак муболаға бўлмайди. Ўз навбатида тасаввуф таълимоти ушбу ҳудуд аҳолисининг ижтимоий ва маънавий ҳаётига чуқур кириб бориши натижасида фан, маданият ва адабиёт соҳаларида ўзига хос бурулиш ясади. XI асрдан бошлаб Шарқнинг деярли барча нуфузли шоир ва ёзувчилари, мутафаккир ва олимлари тасаввуфдан таъсирланиб ижод қилганларини кўришимиз мукин. Шунинг учун: “Тасаввуф адабиётини ўрганмасдан туриб, ўрта асрлар мусулмон Шарқи маданий ҳаёти ҳақида тасаввурга эга бўлиш мумкин эмас, бу адабиётдан хабардор бўлмасдан Шарқнинг ўзини ҳам англаш қийин”- деган эди атоқли олим Е. Э. Бертельс.

X–XI асрларда гуркираб ривожланаётган тасаввуфнинг Ҳалложия, Жунайдия, Суҳравардия, Увайсия, Қодирия тариқатлари билан бир қаторда Марказий Осиёда ҳам XI–XII асрларга келиб Яссавия, Кубравия, Хожагон тариқатлари пайдо бўлди ва шиддат билан ривожланди. Гарчи тасаввуф мактабларининг ташкил топиши дастлаб Кўфа, Бағдод, Басра, Миср каби ислом дини кенг тарқалган ҳудудлар билан боғлиқ бўлса-да, кейинчалик Марказий Осиёда бутун ислом олами миқёсида умумэътироф этилган Яссавия, Хожагон-Нақшбандия ва Кубравия каби йирик тасаввуф тариқатлари вужудга келди.

Албатта, Марказий Осиёдан етишиб чиққан ва бутун ислом оламида катта обрў қозонган илк тасаввуф намоёндаларини кўплаб учратиш мумкин. Улар орасида Бухорода туғилиб ўсган Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ал-Калободийни (ваф. 990 ёки 995 й.) алоҳида зикр этиб ўтиш ўринли. У зот, шунингдек, ҳанафий мазҳаби фақиҳи сифатида ҳам машҳур бўлган. Демак, бундан кўринадики, Бухоро тасаввуф мактаби ҳанафий фиқҳий мазҳабини ўзига асос қилиб олган. Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ал-Калободийнинг ислом оламидаги энг биринчи тасаввуфий адабиётлардан ҳисобланган “ат-Таарруф ли-мазҳаби аҳли-т-тасаввуф” номли асари ҳозирга қадар ҳам тасаввуф соҳасидаги энциклопедик манба ҳисобланади. Асарда тасаввуф назарияси ва амалиётлари тўлиқ баён этилган. Шу боис ушбу китобни қадим тасаввуф уламолари: لولا التعرف لما عرف التصوف (агар Ат-Таарруф китоби бўлмаганда тасаввуф ҳақида тушунчага эга бўлинмасди), дея эътироф этганлар.

Бухорода тасаввуф таълимотининг тарқалиши ўз даврининг етук сўфий алломаси Хожа Юсуф Ҳамадоний (1048–1141) номи билан боғлиқ. Юсуф Ҳамадоний мактабида илму ирфон сабоғини олган Аҳмад Яссавий ва Абдухолиқ Ғиждувонийлар минтақада тасаввуф тараққиётининг кейинги босқичларида муҳим ўрин тутдилар ва икки мустақил тариқат: Яссавийя ва Хожагон-Нақшбандия тариқатларига пойдевор қўйдилар.

Хожагон тариқати XIV асрга келиб, Баҳоуддин Нақшбанд томонидан янада такомиллаштирилди. Хожа Муҳаммад Порсо, Хожа Аҳрор, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий каби йирик шахсларнинг фаолияти эса Хожагон-Нақшбандия тариқатининг кейинги вакилларига ижобий таъсир қилди ва ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишлари учун туртки бўлди.

 

     Нақшбандия таълимотининг моҳияти: “Дил – ба ёр-у, даст – ба кор” (“Кўнгил Аллоҳда, қўл ишда бўлсин”), – шиорида ўз ифодасини топиши билан бирга, яна ўн бир қоидага асосланади. Бу қоидалар “рашҳалар”, яъни “томчилар” деб юритилган. Рашҳалар Юсуф Ҳамадоний, Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд тарафларидан таъйин этилган.

Юсуф Ҳамадоний таъйин этган рашҳалар:

1.Ҳуш дар дам – кираётган ва чиқаётган ҳар бир нафасда Аллоҳнинг ёдидан ғофил бўлмаслик.

2.Назар бар қадам - юрганда қадамига разм солиб, огоҳ бўлиб юрмоғлик. 3.Сафар дар ватан – ватанида туриб атрофни мулоҳаза қилмоқлик.

4.Хилват дар анжуман - зоҳирда халқ билан бирга ва ботинда Аллоҳ таолонинг ёди билан банд бўлмоғлик.

Абдулхолиқ Ғиждувоний таъйин этган  рашҳалар:

5.Ёдкард - тил билан ё қалб билан зикр қилмоқ.

6.Бозгашт - калимаи таййибани дилидан ўтказмоқ.

7.Нигоҳдошт - калимаи таййибани дилидан ўтказаётганда хотирани жам қилиб турмоқ.

8.Ёддошт Аллоҳ таолони доимо ёдда тутмоқ.

Баҳоуддин Нақшбанд таъйин этган  рашҳалар:

9.Вуқуфи замоний - ўтказилаётган вақтни доимо мулоҳаза қилиб бориш.

10.Вуқуфи ададий зикр қилишда ададга алоҳида эътибор қаратиш.

11.Вуқуфи қалбий - Аллоҳ номини доим қалбда тутиш.                               

Нақшбандия тариқатининг нуфузи яна шуниси билан алоҳида аҳамият касб этадики, бевосита Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу орқали боғланган ягона тариқат силсиласидир. Шу нуқтаи назардан ҳам ушбу тариқатнинг силсиласи манбаларда “олтин силсила”  деб, тилга олинади. Бу силсила қуйидагилардан иборат:

1.Сарвари олам Муҳаммад (соллаллоҳу алйҳи васаллам) (570–632).

2.Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) (573–634).

3.Ҳазрат Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) (578–657).

4.Ҳазрат Қосим ибн Муҳаммад (раҳматуллоҳи алайҳ) (ваф. 605 й.).

5.Ҳазрат Имом Жаъфар Содиқ (раҳматуллоҳи алайҳ) (702–765).

6.Ҳазрат Боязид Бистомий (қуддиса сирруҳу) (ваф. 875 й.).

7.Шайх Абул Ҳасан Харақоний (қуддиса сирруҳу) (963–1033).

8.Шайх Абу Али Фармадий (қуддиса сирруҳу) (962–1055).

9.Ҳазрат Хожа Юсуф Ҳамадоний (қуддиса сирруҳу) (1049–1141).

10.Ҳазрат Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний – Хожаи жаҳон (1103–1179).

  1. Ҳазрат Хожа Ориф Ревгарий – Моҳитобон (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1317 й.).
  2. Ҳазрат Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1317 й.).
  3. Ҳазрат Хожа Али Ромитаний (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1326 й.).
  4. Ҳазрат Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1354 й.).
  5. Ҳазрат Хожа Саййид Амир Кулол (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1370 й.).
  6. Ҳазрат Хожа Баҳоуддин Нақшбанд Бухорий (қуддиса сирруҳу) (1318–1389
  7. Ҳазрат Хожа Алоуддин Аттор (қуддиса сирруҳу) (вафотлари. 1400)

18.Ҳазрат Мавлоно Яъқуб Чархий (қуддиса сирруҳу) (вафотлари 1447)

19.Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор (қуддиса сирруҳу) (1404–1490)

20.Ҳазрат Хожа Муҳаммад Зоҳид (қуддиса сирруҳу).

21.Ҳазрат Хожа Дарвеш Муҳаммад (қуддиса сирруҳу).

22.Ҳазрат Хожа Муҳаммад Имканагий (қуддиса сирруҳу).

23.Ҳазрат Хожа Боқий Билло (қуддиса сирруҳу).

24.Ҳазрат Имом Раббоний Аҳмад Фаруқ Сарҳиндий (қуддиса сирруҳу).

      Эътибор берилса, Етти пир номи билан аталувчи Нақшбандия тариқатининг буюк намояндалари ушбу олтин силсиланинг 10-16- силсиласидан ўрин олганлар.

      Тасаввуф таълимотига таҳлилий назар қаратиш орқали унинг бош мақсади бандани Аллоҳ таолонинг йўлига йўллаш, ахлоқий жиҳатдан нафс тарбиясига эътибор қаратишдан бошланиб, мақомлар ва ҳолатлар деб номланмиш бир нечта даражаларни босиб ўтиб, охир оқибат Аллоҳ таолони танишга (маърифатуллоҳ) эриштириш эканлигини англаш мумкин. Тасаввуфда мақом деб, банданинг Аллоҳ таолонинг наздидаги қулчилик даражаси англанилади. Жумладан, тавба, зуҳд, вараъ, фақр, сабр, ризо, таваккул ва ҳоказоларни келтириш мумкин. Ҳолат эса, зикр туфайли қалбда ҳосил бўладиган ўзгаришлардир. Масалан, муроқаба, қурб, муҳаббат, хавф, ражо, шавқ, унс, мушоҳада, яқийн ва ҳоказолар.

      Албатта, тасаввуф таълимотининг асоси Қуръони карим ва ҳадиси набавийга таяниши билан қувватлидир. Юқорида зикр этилган мақомот ва ҳолатларнинг барчаси ҳам Аллоҳ таолонинг каломида ўз исботини топган.  Масалан, Аллоҳ таолога олиб борувчи йўлнинг энг боши бўлмиш нафс тарбияси борасида тасаввуф таълимоти қуйидаги ояти карималарга таянади:

{وَالَّذِينَ جَاهَدُوا فِينَا لَنَهْدِيَنَّهُمْ سُبُلَنَا وَإِنَّ اللهَ لَمَعَ المُحْسِنِينَ}[العنكبوت:69] {وَأَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الهَوَى فَإِنَّ الجَنَّةَ هِيَ المَأْوَى}[النَّازعات:40-41] {إِنَّ النَّفْسَ لَأَمَّارَةٌ بِالسُّوءِ}[يوسف:53].

яъни: Биз учун нафсига қарши жидду жаҳд қилганларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз. Албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчилар билан биргадир!”, “Аммо, кимки Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва ҳисобот бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳаволанишдан қайтарган бўлса, бас, фақат жаннатгина (унга) макон бўлур”, “Зеро, нафс ёмонликка ундовчидир.

         Зуҳд мақомида:

{قُلْ مَتَاعُ الدُّنْيَا قَلِيلٌ وَالآَخِرَةُ خَيْرٌ لِمَنِ اتَّقَى}[النساء:77] {وَيُؤْثِرُونَ عَلَى أَنْفُسِهِمْ وَلَوْ كَانَ بِهِمْ خَصَاصَةٌ}[الحشر:9].

яъни: Айтинг: Дунё лаззати қисқадир. Тақволи кишига эса, охират яхшидир. Хурмо данагининг ипича ҳам (Аллоҳ тарафидан) зулм қилинмайсиз”, “Ўзларида эҳтиёж бўла туриб, (эҳсон қилишда бошқа муҳтожларни) ихтиёр қилурлар” оятларига таянади.

         Сабр мақомида:

{وَاصْبِرْ وَمَا صَبْرُكَ إِلَّا بِاللهِ}[النحل:127] {وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ}[البقرة:155].

яъни: “Сабр қилинг. Сабр қилишингиз эса фақат Аллоҳ (ёрдами) билангина мумкиндир”, “Сабр қилувчиларга хушхабар беринг” оятларига таянади.

         Ҳудди шунингдек, тасаввуфий ҳолатлар ҳам муайян оятларда ўз ифодасини топади. Масалан, хавф холатида:

{يَدْعُونَ رَبَّهُمْ خَوْفًا وَطَمَعًا}[السجدة:16].

яъни: “Парвардигорларига қўрқув ва умид билан дуо қилишади”, оятига таянади. Ражо ҳолатида:

{مَنْ كَانَ يَرْجُو لِقَاءَ اللهِ فَإِنَّ أَجَلَ اللهِ لَآَتٍ}[العنكبوت:5].

яъни: “Кимки Аллоҳга юзма-юз бўлишдан умидвор бўлса, бас, Аллоҳнинг (белгилаган) фурсати, албатта, келувчидир” оятига таянади.

         Тариқатнинг мақсади Аллоҳ таолонинг каломи ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига ихлос билан амал қилишни ўргатиш ва шу орқали инсонни камолотга етказишдир.

         Жорий йилнинг 28 апрель куни Юртбошимизнинг Бухоро вилоятига ташрифлари давомида берилган топшириқлар қаторида Бухородан чиққан алломалар, хусусан, етти пир уламоларининг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш ҳамда уларни кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш масаласи қўйилган эди. Бугунги кунда соҳа мутахассислари томонидан бу борада бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, куни кеча Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси томонидан “Маърифат ва ибрат тимсоллари” мавзусида етти пир уламоларининг илмий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш бўйича соҳа мутахассислари ва тадқиқотчилар иштирокида онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди. Ушбу давра суҳбатида иштирок этган олимларнинг чиқишларидан ҳам маълум бўлдики, мазкур мавзу устида тадқиқотлар олиб бориш ҳақиқатан бугунги кунда жуда муҳим. 

2017 йил 15 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ижтимоий барқарорликни таьминлаш, динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги видеоселекторда аҳоли, айниқса, ёшларни бузғунчи ғоялар таьсиридан ҳар томонлама ҳимоя қилиш, уларни ватанга муҳаббат,
миллий-диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, буюк аждодларимиз қолдирган бой илмий меросни ҳар томонлама ўрганиш, уларни кенг жамоатчиликка етказиш, турли оқимларнинг ёт ғояларига қарши асосли раддиялар тайёрлаш мақсадида Самарқанд вилоятида ҳадис ва калом илми мактаби, Фарғона вилоятида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухоро вилоятида тасаввуф мактаби, Қашқадарё вилоятида ақида мактабларини ташкил этиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Мазкур кўрсатмалар ижросини таьминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2017 йил 30 ноябрдаги буйруғига асосан
Мир Араб олий мадрасаси қошида Тасаввуф мактаби ташкил этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 24 январдаги буйруғи билан Тасаввуф мактаби тўғрисидаги Низом тасдиқланган бўлиб, Мактаб ўз фаолиятини мазкур Низом асосида олиб бормоқда.

Тасаввуф мактабида тингловчиларга асосан Нақшбандия таълимоти ўргатилади. Шунингдек, юртимиздан етишиб чиққан
ва аҳолимиз ўртасида кенг тарқалган, мамлакатимиз тарихида ўзига хос ижтимоий-маданий аҳамият касб этган Кубровия, Яссавия ҳамда Қодирия тариқатлари ўрганилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Ишонамизки, ушбу соҳада олиб борилаётган ишлар аҳолимизнинг маънавий-маърифий  ҳаётида ўзининг ижобий самараларини беради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари                         Ҳомиджон Ишматбеков

Понедельник, 01 Июнь 2020 00:00

Жаннат райҳонларини асрайлик

Аллоҳ таоло бутун оламларни яратиб, уларнинг барчасини  зийнатлади. Дунё осмонини юлдузлар билан безади. Бу ҳақда “ Қуръони Карим”да:“Дарҳақиқат, Биз энг яқин осмонни  чироқлар (юлдузлар) билан безадик...”( Мулк сураси, 5-оят). Инсонни яратиб, уни ҳаётининг давомчиси бўлган болалар билан безади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:“Мол-мулк, болалар дунё ҳаётининг зийнатидир ...”( Каҳф сураси, 46-оят).

Дарҳақиқат, болалар инсон ҳаётининг зийнатидир. Айниқса, ҳаётимиз зийнати бўлган болаларимиз солиҳ фарзандлар бўлса, нур устига аъло нур бўлади. Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам “Боланинг  ҳиди  жаннат ҳидларидан бир ҳиддир” (Алҳоким ривояти) деб марҳамат қилганлар.  Ва яна “ Солиҳ бола жаннат райҳонларидан бир райҳондир” дейилади.

Жаннат райҳонлари бўлган болаларни ҳимоя қилиш муҳим ишлардан биридир. Мана шу мақсадда ҳар йили ёзнинг биринчи куни дунё миқёсида болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида кенг нишонланади.

             Маълумки, халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни 1954 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан барча мамлакатларга 1956 йилдан бошлаб нишонлашни тавсия қилган байрам ҳисобланади. Ушбу байрам дунё болалари ҳаётини, сиҳат-саломатлигини яхшилашга йўналтирилган байрам тадбири саналади.  Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни жаҳон жамоатчилиги эътиборини болаларни турли хил хавфлардан сақлашга қаратиш кунидир. Бу кун болаларни турли хил  шовқин-суронли ўйинлар ўйнатадиган кун эмас, балки болалар катталарнинг ҳимоясига муҳтож эканлигини эслатиб қўйиш кунидир. Ва болалар учун ота-она, барча-барча ёши катта кишилар жавобгар эканлигини таъкидлаш  ҳамдир. 

               Халқимизда азал-азалдан болалар тарбиясига алоҳида эътибор бериб келинади. Болаларни маънавий етук ва жисмонан бақувват бўлишлари уларни келажакда комил инсон бўлиб вояга етишлари учун муҳимдир. Ана шу эътибор туфайли юртимизда кўплаб алломалар, фозилу-фузалолар етишиб чиқди.

             Ёшлигидан ҳар томонлама соғлом бўлиб тарбияланган бола ота-онага меҳрибон, Ватан ва халқига содиқ инсон бўлиб етишади. Ана шундай ҳар томонлама соғлом бўлиб етишган инсон ўзининг кимлигини, қандай буюк зотларнинг авлоди, қандай бебаҳо мерос ворислари эканини теран англаб етади ва у она юртга муҳаббат ва садоқат ҳисси билан яшайдиган,  она юртимизни ёт ва бегона таъсирлардан, бало-қазолардан сақлашга, Ватанимизни ҳар томонлама равнақ топишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшадиган бўлиб вояга етади.

            Хулоса қилиб айтамизки, халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунининг бутун ер куррасида оммавий нишонланиши халқлар ўртасида бирдамлик ва ҳамкорликини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Болаларимиз ҳар кунимизнинг диққат марказида бўлмоғи шарт ва лозимдир. Чунки болалар порлоқ келажагимиз пойдевори ва эртанги кунимизнинг эгаларидир.

 

Р. АКБАРОВ

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими

Фарзанднинг соғлом, илмли, имонли ва иродали бўлиб улғайиши нафақат ота-она, балки  давлатимизнинг ҳам эзгу мақсадларидан биридир. Шу боис мамлакатимизда истиқлолнинг илк кунлариданоқ баркамол авлодга юксак эътибор ва беқиёс ғамхўрлик кўрсатилмоқда.  Азиз фарзандларимизнинг жисмонан соғлом, ақлан баркамол ва ҳар томонлама салоҳиятли этиб вояга етказиш барчанинг бирдек улуғ мақсадидир.

Дарҳақиқат, фарзандларимизнинг яхши, одобли, меҳнатсевар, соғлом ва ҳар томонлама салоҳиятли, баркамол бўлиб ўсиши кўп жиҳатдан уларнинг оналарига боғлиқ бўлади. Шунинг учун динимиз кўрсатмаларида бўлғуси онани танлашга алоҳида эътибор қаратилади. Келажакда дунёга келадиган фарзандларга муносиб она танлаш ҳақида фарзанд ҳали туғилмасидан аввал қайғурилади. Онамиз Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизга муносиб онани ихтиёр қилинглар”, деганлар.

Бироқ ота-онанинг вазифаси фарзандини дунёга келтиришдангина иборат деган фикрга бориш ҳам тўғри эмас. Улар ўз фарзандларини ақлли, эс-ҳушли, жисмонан соғлом, диёнатли, эътиқодли, жамият ва миллатга фойдаси тегадиган инсонлар қилиб тарбиялаш ҳақида қайғуришлари керак. Одатда, оталар оилани боқиши ва моддий жиҳатдан таъминлаш мақсадида кўпинча уйдан ташқарида бўлиб, уй ишлари ва фарзанд тарбияси билан асосан оналар шуғулланадилар. Шунинг учун фарзанд тарбияси фақат онанинг вазифасидек туюлиб қолган. Лекин аслида шариат кўрсатмасига кўра, фарзандлар тарбиясида ота-она бирдек масъулдир.

Балки ота бу борада онадан  ҳам масъулиятлироқ ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам отанинг фарзандига қиладиган моддий таъминотидан маънавий таъминоти устун туришини таъкидлаб шундай марҳамат қилганлар:

 Ҳеч бир ота ўз фарзандига гўзал одобдан ҳам ортиқроқ ҳадя бера олмайди” (Термизий ривояти).

Ота-оналар боланинг табиати, хулқ-атвори шу оиладаги муҳитга қараб шаклланишини эсдан чиқармасликлари зарур. Уларнинг вазифаси худди тажрибали табибнинг беморга нисбатан муносабатига ўхшаш бўлиши керак.

Маълумки, солиҳ фарзандлар ота-она назоратида оилада тарбияланиб, вояга етишади. Болалар тарбиясига улар ёш вақтларида бепарво бўлиш, ёмон хулқли кишиларга аралашиб юришларига йўл қўйиш зарарли оқибатларга олиб келади. Содда қилиб айтсак, бола қалби ҳар турли ёзув ёзиш мумкин бўлган бир оқ қоғозга ўхшайди. Унга мумкин қадар яхши ёзувлар ёзиш керак. Улар тарбиясига астойдил киришиш, яхши кишилар бўлиб етишишлари учун бутун имкониятларни ишга солиш зарур.

Шубҳасиз, ота-она, оила, маҳалла, мактаблар болалар тарбиясида муҳим аҳамият касб этади. Уларни чиройли одоб-ахлоқ, яхши таълим-тарбия асосларида вояга етказиш давлат миқёсидаги долзарб масала экани ҳар биримизга яхши маълумдир.

Муқаддас динимизда ёшларнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясига эътибор бериш энг муҳим масалалардан саналади. Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:

“Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”.

Фарзандларимиз тарбиясига алоҳида аҳамият бериб, уларни покиза кийиниб, ҳалол луқма ейишга одатлантиришимиз, уларни турли зарарли оқимлар таъсиридан сақлашимиз, ёшларимизни уларнинг гирдобига тушиб қолишидан ҳимоялашимиз, ота-онаси, оила, эл-юрт олдидаги бурчи ва масъулиятини доимо ҳис қиладиган, ўйлайдиган қилиб тарбиялашимиз лозим. Айниқса, ота-оналар бир лаҳза бўлса ҳам ҳушёрликни йўқотмасликлари, ёшлар тарбиясида асло бепарво бўлмасликлари керак.

Хусусан, юртимизда соғлом оила муҳитини яратиш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасида жуда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилаяпти. Барча эзгу ниятларимиз замирида фарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом улғайтириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш орзуси ётибди.

Шунинг учун ҳам барча ёшларимиз ҳамма орзулари ушаладиган, интилишлари қўллаб-қувватланадиган мамлакатда яшаётганидан бахтиёр бўлишлари керак. Чунки, ана шу ғамхўрлик ва эътибор натижасида жигарбандларимиз ҳамманинг ҳавасини келтирадиган, истеъдодли бўлиб вояга етишади. Ҳозирда спорт, санъат, мусиқа, фан-техника соҳасида юртимиз довруғини жаҳонга ёяётган ёшлар сони кундан-кунга зиёда бўлиб бормоқда.

Азиз фарзандларимиз дунёвий билимлар билан  барча юксак маънавиятимиз, миллий урф-одатларимиз ва қадриятларимиз асосларини ҳам пухта эгаллашлари керак. Халқимизда бир мақол бор: “Олим бўлиш осон, лекин одам бўлиш қийин”. Демак, илму фан ютуқларини қўлга киритиб боришлик билан бирга дилбандларимизни инсонпарвар, меҳру оқибатли ва ахлоқий баркамол этиб тарбиялашга интилиб боришимиз лозим ишлардандир.

Комил фарзанд тарбияси ўзида қуйидагиларни мужассамлаштиради:

Эътиқодий тарбия-имонли бўлишликни, ҳалол ва ҳаромни ажрата билишни ўргатиш.

Ахлоқий тарбия-чиройли одоб, камтарлик, ростгўйлик, меҳр-шавқатлилик, омонатдорлик каби гўзал ахлоқ ва фазилатларни шакиллантириш.

Жисмоний тарбия-тўғри овқатланиш, спорт билан шуғулланишни ўргатиш, спиртли ичимлик истеъмол қилиш, сигарета чекиш каби зарарли одатлардан қайтариш.

Ақлий тарбия-замонавий илмлар ва жамиятга фойдали касб-ҳунарларни ўргатиш.

Мана шундай ёшлар мустақил Ўзбекистонимизнинг келажаги, ишончи ва давомчиси бўла олади.

 

 

Абдулазиз Бобамирзаев,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом

билим юрти мудири

 

ЎМИ матбуот хизмати

Мақолалар

Top