Мақолалар

Катетер уланган бемор таҳорат ва намозни қандай бажаради?

Cавол: Сийдик учун катетер уланган одам таҳоратини қандай қилади? Намозини қандай ўқийди?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу каби беморнинг ҳолатига қараб ҳукмлар турлича бўлади. Агар бундай беморда сийдик тинимсиз келиб турса, бу одам соҳиби узр бўлади. Соҳиби узр – тўлиқ бир фарз намозининг вақтича ёки ундан кўпроқ вақт бетаҳоратлик етиб турган кишидир. Бу ҳақида "Мухтасарул-виқоя" китобида бундай дейилган:

“Кимга тўлиқ бир фарз намозининг вақти истиҳоза (касаллик қони), бурундан қон келиши ёки шуларга ўхшаш таҳоратни синдирувчи нарсалар билан ўтса, ҳар бир фарз намозининг вақти учун алоҳида таҳорат қилади ва ушбу таҳорати билан ўша намоз вақтида истаганича фарз ва нафл намозларини ўқийверади. Соҳиби узрнинг таҳоратини қуёш чиқиши каби вақтнинг чиқиши бузади. Завол каби вақтнинг кириши унинг таҳоратини бузмайди” (“Таҳорат боби”).

Агар бемор мазкур таърифга тушмаса, яъни сийдиги вақти вақти билан келиб турсаю шу ўртада таҳорат қилиб намоз ўқишга имкон топса,  соҳиби узр бўлмайди.

Бундай беморда сийдик қопчаси ва катетери ўзи билан бирга бўлади. Намоз ўқишда ана шу сийдик қопчасини узиб туришнинг иложи бўлса, узиб қўйиб намоз ўқийди. Акс ҳолда нажосат билан намоз ўқиган бўлиб қолади. Агар узиб туришнинг иложи бўлмаса, шу ҳолатда намоз ўқийверади. "Фатавои Оламгирия" китобида бундай дейилган:

“Беморнинг тагида нажосат мато бўлиб, ушбу мато ўрнига бошқа пок матога солинса-ю, лекин солиниши биланоқ яна нажосат бўлиб қоладиган ҳолатда бўлса, бемор шу ҳолатида (яъни шу нажосат мато устида) намоз ўқийверади. Янги солинган мато нажосат бўлмаса-ю, лекин алмаштириш сабабли беморга машаққат туғилса, бу вазиятда ҳам ўз ҳолатида намоз ўқийверади”.

Саволда сўралган бемор ҳам шунга қиёсланади. Яъни беморнинг сийдик қопи ёки катетерини тозасига алмаштиргани билан яна сийдик келиб нопок бўлиб қолса, ёки беморга машаққат туғиладиган бўлса, уни узмаган ҳолатда намоз ўқийверади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

937 марта ўқилди
Мавзулар
Другие материалы в этой категории: « Шукр саждаси қандай қилинади? Халқ ва дин ғами »

Мақолалар

Top