Рамазон-2019

Рўзани бузмайдиган амаллар

Танловга!

  1. Агар рўзадор киши рўзалигини унутган ҳолда таом еса, бирор нарса ичса ёки ўз аҳли билан ғуслни вожиб қилувчи ишга киришса – рўзаси бузилмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар (бир киши) унутиб бир нарса еса, ичса, рўзасини тугал қилсин. Албатта уни Аллоҳ таоло таомлантирибди, сероб қилибди”. (Бухорий ривояти)

  1. Уйқусида эҳтилом бўлса, рўзага зарар етказмайди. Чунки, бу ҳақиқий суратда оилавий алоқа ҳисобланмайди. Унутиб нарса еганнинг ҳолатидан ҳам кўра бу ҳолат тез-тез содир бўлади.

Абу Саид Худрийдан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Уч нарса рўзадорнинг оғзини очмайди: “Ҳижома, қусиш ва эҳтилом”. (Сунани Термизий)

  1. Агар бир аёлга назар солса ва эркаклик қуввати тўкилса ёки шу ҳақида ўйласа ва суюқлик тўкилса – рўза бузилмайди. Чунки, бу кўринишда суюқликнинг тўкилиши эҳтилом сингари бўлиб, ҳақиқий алоқа сабабидан эмасдир.
  2. Кундузи хушбўйланса, рўзани бузмайди. Хушбўйлик баданнинг сиртига сурилади, ичига эмас. Худди чўмилишга қиёс қилинади.
  3. Кундузи кўзига сурма қўйса ҳам рўза очилмайди.

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Бир киши Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб кўзи оғриётганидан шикоят қилиб: “Рўзадор ҳолатимда сурма қўйсам бўладими?” деди. У зот: “Ҳа”, дедилар. (Сунани Термизий)

Термизий айтадилар: “Аҳли илмлар рўзадор учун сурма қўйиш борасида ҳар хил фикр айтганлар. Баъзилар макруҳ деган – Суфён, Ибн Муборак ва Аҳмадлар, баъзилар эса рухсат беришган – Шофеъий, Анас, Ҳасан, Иброҳимлар”. (Саҳиҳ Бухорий)

  1. Агар рўзадор бировни ғийбат қилса, маъно ва сурат жиҳатидан ҳақиқий бузувчи бўлмаганлиги боис, рўзаси бузулмайди. Аммо ҳаром ишни қилгани учун учун гуноҳкор бўлади. Қуйидаги ҳадис кўпчиликни шундай гумон қилишига сабаб бўлади: “Ким ёлғон гапни ташламаса ва унга амал қилишдан тийилмаса, унинг еб-ичишни тарк қилганига Аллоҳ таолонинг ҳеч қандай ҳожати бўлмайди”. (Сунани Термизий) Ёлғон, ғийбат сўз айтиб, рўзам бузулди дея, оғзини очиб юборган киши уламоларнинг ижмосига кўра ҳам қазо, ҳам каффорат тутиб беради.
  2. Қусқи ғолиб келса, юқорида айтилганидек рўзани бузмайди.
  3. Рўзадор эркак ўз олд авратига дори қуйса, Абу Ҳанифа ва Муҳаммад наздиларида рўзани очмайди. Аёл кишининг аврати бу ҳукмга кирмайди.
  4. Рўзадорнинг ҳалқумига чанг, пашша каби нарсалар кирса, рўзага зиён бермайди. Чунки, бундан сақланишнинг иложи йўқ.

10. Агар жунуб бўлиб тонг оттирса, рўзани бузмайди. Чунки, Оиша розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз жунуб бўлиб тонг оттирганлар, ғусл қилиб рўзаларини тутганлар. Рамазон кечасининг барчаси тонг отгунга қадар эр-хотин алоқаларига ҳалол қилингандир.

11. Кундузи тишлари орасидаги нўхатдан кичик таомни ютиб юборса, рўзага таъсир қилмайди. Чунки, озгина нарадан сақланишнинг иложи йўқ. Агар нўхатдан катта нарсани ютиб қўйса ёки ўша кичик нарсани оғзидан чиқариб туриб яна қайта оғзига солса – рўза бузилишига сабаб бўлади. Валлоҳу Аълам.

 

“Фиқҳул ҳанафий ва адиллату” китобидан

Н.Саидакбарова таржимаси

 

37664 марта ўқилди
Мавзулар
Другие материалы в этой категории: « Ифторлик Рамазон – ибодат мавсуми »
Top