muslim.uz

muslim.uz

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳамда Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очилди. Икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқалар, мунтазамлик касб этаётган учрашувлар, самимий мулоқотлар ўзаро ҳамкорлик ривожига катта туртки бермоқда. Аслида ҳам, Ўзбекистон ва Саудия халқлари ўртасидаги илмий-маданий алоқалар узоқ ўтмишга бориб тақалади.

Имом Бухорий, Маҳмуд Замахшарий, Абу Исо Термизий, Ҳаким Термизий, Хожа Муҳаммад Порсо каби алломаларимизнинг илмий фаолиятида икки муқаддас шаҳар – Макка ва Мадинанинг ўрни беқиёс. Маҳмуд Замахшарийга бошқа бирор кишига насиб этмаган “Жоруллоҳ” – “Аллоҳнинг қўшниси” деган улуғ ном берилгани фикримизни тўла қувватлайди.

Маълумотларга кўра, самарқандлик етук олим Шайх Али Самарқандий (1320-1442) ўн тўрт йил Маккада имомлик қилган.

Шунингдек, 1979 йилда Каъбатуллоҳнинг олтин эшигидаги ёзув ва безакларни ватандошимиз Абдураҳим Амин Бухорий (1917-1993) “сулс” хатида ёзиб бергани ҳам ҳақиқат. Амин Бухорий Қўқон хонлиги ҳудудида таваллуд топган бўлиб, 1920-йиллар бошларида оиласи билан Саудия Арабистонига кўчиб борган. 1960-йилларда Саудия Арабистонининг энг машҳур хаттоти сифатида шуҳрат қозонган.

Маълумки, ўтган асрларда муқаддас шаҳарлари зиёратига борган аждодларимизда ҳажнома ёки ҳаж сафари хотиралари ёзишдек гўзал анъана бўлган. Мазкур турдаги асарлар сирасига Ҳожи Абдураҳмон Самарқандийнинг “ар-Рисолатул муборака табйину аҳволи Маккатил муаззама вал Мадинатил мунаввара” (“Маккайи муаззама ва Мадинайи мунавваранинг баёни ҳақида муборак асар”, Мирзо Олим Махдум ибн Домулло Мирзо Раҳим Тошкандий (ваф. ХХ аср боши) томонидан ёзилган “Дар баёни роҳи ҳаж” (“Ҳаж йўллари баёни”), Муҳаммад Солиҳ Охунд Тошкандийнинг “Ҳажнома”, Сулаймонхўжа Улуғхўжа ўғли Нодимнинг “Ҳажномаи Нодим”, Қори Раҳматуллоҳ Возеҳнинг “Ғаройибул хабар фи ажойибис сафар” (“Ажойиб сафардаги ғаройиб хабарлар”), Холмуҳаммад ўғли Фурқатнинг “Ҳаж сафари хотиралари”, Исҳоқхон тўра Ибратнинг “Ҳаж сафари хотиралари”, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Саёҳат хотиралари” каби асарларда Макка, Мадина ва Жидда каби шаҳарларнинг иқлими, табиати, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётига доир қимматли тарихий маълумотлар келтириб ўтилган.

Жорий йилнинг 17-18 август кунлари давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига ташрифлари доирасида Мадинаи мунавварада Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратлари ва ислом тамаддуни музейи билан танишиш асносида юртимизда улуғ алломалар номи билан илмий марказлар ташкил қилингани, ислом маданияти обидалари асраб-авайланаётганини таъкидлаб, Саудия олимларини Ўзбекистонга келиб, бу борада илмий ҳамкорликка даъват қилишлари замирида тарихий улуғ мақсад ётибди. Зеро, бугун ҳам муқаддас масжидарда ҳар куни “Устозуд дунё” (олам устози) Имом Бухорий, “буюк муҳаддислар устози” Абдулҳамид Кеший, буюк олтиликдан бири Имом Термизий ривоят қилган ҳадислар айтилади. Бу улуғ зотларнинг номлари зикр қилинади.

Ўрни келганда айтиш лозимки, икки томонлама ҳамкорлик алоқалари ривожида Ҳаж ва Умра сафарларининг аҳамияти алоҳида. Хусусан, ўтган асрларда Туркистон мусулмонлари Макка ва Мадинага асосан қуйидаги уч йўл орқали сафар қилишган: Биринчи йўналиш – Эрон ва Ироқ орқали ўтувчи йўл. Иккинчи йўналиш – Афғонистон, Ҳиндистон ва Ҳинд океани йўли. Учинчи йўналиш – Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия, Қора денгиз, Ўрта ер денгизи, Миср ва Қизил денгизи йўли.

Туркистондан Макка ва Мадинага олиб борувчи ушбу йўллар асрлар давомида халқимизнинг Арабистон билан ижтимоий, маданий, сиёсий, иқтисодий ва илмий алоқаларида муҳим роль ўйнаб келди.

Ислом оламида азалдан юртимиз мусулмонларига нисбатан ўзига хос ва мос ҳурмат шаклланган. Маълумотларда келтирилишича, ХХ аср бошларига қадар Макка ва Мадина шаҳарларида турли ҳомийлар ҳамда маҳаллий ҳукмдорлар томонидан Туркистондан борган зиёратчилар учун қулай шароит яратиш, уларнинг ҳаж ибодатини адо қилиш давомида қолишларига мўлжалланган 27 та вақф такялари, яъни ўзига хос мусофирхоналар фаолият юритган. Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчилар учун “Ўзбек”, “Бухоро”, “Нақшбандий”, “Марғиноний”, “Бухорий”, “Самарқандий”, “Тошкандий”, “Андижоний”, “Хўқандий” ва “Намангоний” каби номлар билан такялар ташкил этилган. Улар ўзбек халқининг миллий маданияти, урф-одатларига мос равишда қурилган ва таъмирланган. Уларда мусофирлар учун ўзбек миллий таомлари тортилган ҳамда Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Бобораҳим Машраб каби ўзбек адабиёти вакилларининг шеърлари ўқилиб, ғазалхонликлар ташкил қилинган. Шу жиҳатдан, ушбу такяларни ўзига хос ўзбек миллий маданий масканлари ҳам дейиш мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига қилган сафарларига доир лавҳаларни кузатар эканмиз халқаро ташкилотлар ва ҳукумат вакилларининг чуқур эҳтироми ҳамда эътирофидан асрий анъана ва алоқаларнинг бугунги ривожининг гувоҳи бўламиз. Мана шундай яқинлик ва мустаҳкам тарихий алоқалар билан Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ҳамкорлиги бундан буён ҳам ҳар икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида, чуқурлашиб боришининг энг ишончли гаровидир!

 

Жониев Музаффархон,

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот

маркази бўлим бошлиғи,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Шайх Салоҳ Aбулҳож ҳафизаҳуллоҳ

Суббота, 27 Август 2022 00:00

Худкушлик шаҳидлик эмас

Ҳозирда баъзи гуруҳ ёки шахслар томонидан “ўз-ўзини ўлдириш” тушунчаси шаҳидлик деб нотўғри талқин қилинмоқда. Аслида бу ҳаракатлар ҳам шахснинг ўз ҳаётига тажовуз қилиши бўлиб, Қуръон ва Суннатга кўра ўз жонига суиқасд қилиш ҳисобланади. Дунёнинг баъзи давлатларида ҳокимиятга эришиш учун ислом динини ниқоб қилиб олган бузғунчи кучлар томонидан мусулмон шахснинг маълум мақсадлар йўлида “ўзини-ўзи ўлдириш”и “шаҳидлик амалиёти” деб баҳоланиши айни адашишдир. Ислом уламолари томонидан мазкур “кучлар”нинг ўз ҳаракатларини оқлаш мақсадида келтирган барча далиллари қораланган ва асоссиз деб топилган. Ибн Хазм айтадилар: “Фуқаҳолар шахсни ўзини-ўзи ўлдириши, аъзоларидан бирортасини кесиши, айниқса, кесса оғриғи ҳаёт учун жуда ҳам хавфли бўладиган аъзосини кесиб даволамасдан ўзини-ўзи қийнаши ҳалол эмаслигига иттифоқ қилишган”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кимсалар шаҳидлик мақомига эга бўладилар:

اَلطَّاعُونُ وَ الْغَرِقُ وَ الْبَطِنُ وَ الْحَرِقُ وَ النُّفَسَاءُ شَهَادَةٌ لِأُمَّتِي

«Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!»

Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагича санаганлар:

اَلْقَتَيِلُ فِي سَبِيلِ اللهِ شَهِيدٌ، وَ الْمَبْطُونُ شَهِيدٌ، وَ الْمَطْعُونُ شَهِيدٌ، وَ الْغَرِيقُ شَهِيدٌ، وَ النُّفَسَاءُ شَهِيدَةٌ

«Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир»

Ҳомиладорлик жиҳод билан тенглаштирилган, ҳомиладор аёл туғса, шаҳидлик савоб берилади унга. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай ҳадислари бор:

إِنَّ شُهَدَاءَ أُمَّتِي إِذَنْ لَقَلِيلٌ: اَلْمَقْتُولُ فِي سَبِيلِ اللهِ شَهِيدٌ وَ الْمَرْءُ يَمُوتُ عَلَى فِرَاشِهِ فِي سَبِيلِ اللهِ شَهِيدٌ وَ الْمَبْطُونُ شَهِيدٌ وَ اللَّدِيغُ شَهِيدٌ وَ الْغَرِيقُ شَهِيدٌ وَ الشَّرِيقُ شَهِيدٌ وَ الَّذِي يَفْتَرِسُهُ السَّبُعُ شَهِيدٌ وَ الْخَارُ عَنْ دَابَّتِهِ شَهِيدٌ وَ صَاحِبُ الْهَدَمِ شَهِيدٌ وَ صَاحِبُ ذَاتِ الْجَنْبِ شَهِيدٌ وَ النُّفَسَاءُ يَقْتُلُهَا وَلَدُهَا نَحَرَهَا بِسَرَرِهِ إِلَى الْجَنَّةِ

«Тўғри, умматимнинг шаҳидлари оз бўлади. Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилган кимса шаҳиддир; инсон ўз тўшагида Аллоҳ йўлида ётганида ўлса, шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир; чаён ёки илон чаққанидан ўлган кимса шаҳиддир; сувга ғарқ бўлиб ўлган кимса шаҳиддир; йиртқич ҳайвон ташланганидан ўлган кимса шаҳиддир; уловидан йиқилиб ўлган кимса шаҳиддир; вайрона остида қолиб ўлган кимса шаҳиддир; зотилжам касалига йўлиққанидан ўлган кимса шаҳиддир; нифосли аёл боласи туфайли вафот қилса, у ҳам шаҳиддир: у аёлнинг бундай қийинчиликдаги вафоти уни жаннатга олиб боради»

Тинч аҳоли орасига кириб ўзини портлатган шахс, ҳам ўз жонига ва ҳам ўзгалар жонига тажовуз қилган бўлади. Бу ҳолатда унга шаҳидлик эмас, балки гуноҳкорлик мақоми берилади. Аллоҳ таоло Моида сураси 32-оятида:

«من قتل نفسا بغير نفس او فساد في الارض فكأنما قتل الناس جميعا»

“Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади”, деб огоҳлантирган.

 

Халқимиз эътиқодини турли ғаразли хуружлар ва ҳамлалардан ҳимоя қилиш, ёшларга динимизнинг асл моҳиятини тўғри тушунтириш, мусаффо ислом ғояларини аҳоли, хусусан, ёшларга тўғри тушунтириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидандир.  Шундай экан доимо ҳушёрлик ва огоҳликни, ёшлар тарбиясига масъулият билан ёндашишни шу йўл билан жаҳолатга маърифатни қарши қўйиб, улар қалбини четдан бўлаётган барча хуружлардан қатъий ҳимоя этишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйишимиз лозимдир.

 

Жўйбори Калон аёл-қизлар ислом 

таълим муассасаси ўқитувчиси:

И.Уста-Алимова 

 

Бугун Ўзбекистон мусулмонлар идораси раисининг ўринбосари фазилатли устоз Иброҳимжон домла Иномов бошчилигидаги уламо ва имом-хатиблар юртимиз чегара ҳудудларида фаолият юритаётган жоме масжидларда жума намозларини жамоат билан адо этиш учун ташриф буюрди. Намоздан аввал уламоларимиз жамоатга бугунги кунда долзарб мавзулар ҳақида маъруза қилиб, уларни яхшиликка чорладилар. 

Ана шундай илмий суҳбат Тошкент вилояти Янгийул тумани “Усмон Зиннурайн” жоме масжидида бўлиб ўтди. Унда устоз Иброҳимжон домла йиғилганларга айни кунда айрим сохта оқимларнинг пайдо бўлганию уларнинг  динимиз асос­ларини бузишда изчил ҳаракат қилаётганини алоҳида қайд этиб, ҳозирги даврдаги жаҳолат уруғини сочаётган сохта экстремистик ғояларга маърифий жиҳатдан курашда ислом динимиз тарихий тараққиётида ҳам шаклан бошқачароқ кўринишда бўлса-да, лекин мазмунан айнан шундай экстремистик ғоялар олдин ҳам бўлганини таъкидлади. “Динимиз тарихига назар солар эканмиз, яна шунга амин бўламизки, соғлом идрок, соғлом ҳақиқат ва ғоялар сохта ғоялар устидан ҳамиша ғалаба қозониб келган. Ислом динимиз ривожига буюк ҳисса қўшган бобокалонимиз Абу Мансур Мотуридийнинг илмий меросида сохта ғояларга қарши иш олиб борган курашини кўриш мумкин”, дея сўзида давом этди Иброҳимжон домла.

Шунингдек, мавъизада бундай оқимларга берилмаслик, айниқса ёш авлодни турли бузғунчи оқимлар сафига кириб қолишларини олдини олиш, уларни интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тарғиб қилинаётган турли мафкуравий ва информацион хуружлардан ҳимоя қилиш зарурлиги таъкидланди.

Бундан муҳим мавзудаги суҳбатлар Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги "Мурчбобо" жоме масжидида ҳам бўлиб ўтди. Тошкент шаҳар Олмазор тумани имом хатиби Адуллоҳ домла Йўлдашев мазкур масжидга ташриф буюриб намозхонларга илмий маърифий суҳбат қилиб, сўнгра жума намозини ўқиб бердилар.

Таниқли уламоларимизнинг ташрифлари доирасидаги жума маърузалари республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бундан 10 йил олдин иш бошлаган Мелбурн Ислом коллежи Тарнейт шаҳридаги энг муваффақиятли таълим муассасаларидан бирига айланди. Бу ҳақда islam.ru маълум қилди.
Мазкур нодавлат таълим муассасасида 1500 га яқин ўқувчи таълим олади. Уларнинг сони йилдан йилга ўсиб боришини инобатга олиб, коллеж маъмурияти янги бошланғич мактаб кампусини очишни режалаштирмоқда.
Келгусида коллеж дарсларни кенгайтириш билан бир қаторда, 11 ва 12-синфларда халқаро бакалавр даражасини ҳам таклиф қила бошлади, натижада ўрта мактаб ўқувчиларининг учдан бир қисми бу йўлни танламоқда.
Коллеж директори доктор Aбдул Қамариддин таълим муассасаси ҳақида бундай дейди: “Биз академик мактабмиз. Бу бизнинг биринчи таянч устунимиздир. Иккинчиси эса имондир, яъни талабаларимиз австралиялик мусулмонлар билан фахрланишларини ва ўзлигини йўқотмасликларини истаймиз. Коллежнинг учинчи устуни бўлса, хулқ-атвор ва фаровонликдир”, дея таъкидлади Қамариддин.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Страница 44 из 1850
Top