Мақолалар

Қайтим

Бу воқеа муборак Рамазон кунларининг бирида бўлган. Ифторлик вақтига яқин қолганда, Адҳам нон сотиб олиш учун новвойхонага борди. У ерда нав­батда турган инсонлар кўп эди. Бир вақтнинг ўзида харидорларга нон узатиш ва уларнинг пулларини санаб олиш осон эмасди. Адҳамнинг ҳам навбати келди. Чарчаган сотувчи унга ортиқча қайтим берди. Адҳам иккиланиб бир қўлидаги пулларга, бир сотувчига қаради. Новвой унга: “Тинчликми болакай?” деди. Адҳам эса: “Ҳаммаси яхши”, деди-да, нонларни кўтарганча уйига югуриб кетди. Кечки овқат вақтида у бироз ўйчан кўринарди. Кечқурун кимдир ғойибдан унга: “Нега бундай қилдинг? Нега бировнинг ҳаққига хиёнат қилдинг?” дегандек туюларди.

Адҳам бўлиб ўтган воқеаларни онасига айтиб беришга қарор қилди-ю, аммо онаси бу иши сабабли қаттиқ койишидан қўрқди. Туни билан мижжа қоқмади. Саҳарлик пайти унинг кўзи девордаги тақвимга тушди. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳа­дисларини ўқиди:

البِرُّ حُسنُ الخُلُقِ ، والإِثْمُ ما حاكَ في صدْرِكَ ، وكرِهْتَ أنْ يَطلِعَ عليه الناسُ

“Яхшилик гўзал хулқдир. Гуноҳ бу – қалбингни қийнаган ва сен бошқалар уни билиб қолишидан қўрқадиган амалдир (Имом Муслим ривояти). 

Адҳамнинг юзлари қизариб кетди. Гўё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадисни айнан у учун айтгандек эди. У тўғри новвойхонага борди ва новвойдан узр сўраб, ортиқча қайтимни қайтариб берди. Адҳам тўғри иш қилиб, ўзини гуноҳдан сақлаб қолганидан мамнун эди.

Заҳар

Ҳусайн амаки шаҳардан қишлоққа аъло кайфиятда қайтаётганди. Бозорга олиб борган молларининг барчасини сотди. Йўлда эса эшагини ўтлатиш ва ўзи ҳам бироз мизғиб олиш мақсадида булоқ бошида тўхташга қарор қилди. Булоқнинг ёнгинасидаги дарахт соясида уйқуга кетишдан олдин пуллари жойида эканини текшириб, халтачасини қўйнига солди-да, уйқуга кетди.

Бу ҳолатни дарахт устида бир қароқчи кузатиб турар эди. Унинг кўзлари хурсандчиликдан ёниб кетди. У Ҳусайн амакининг ухлаганига ишонч ҳосил қилгач, секингина дарахтдан сирғалиб тушди. Сўнгра чўнтагидан қамиш пояси ва заҳар солинган қутини чиқарди. Қамишнинг ғовак пояси ичига заҳарни солди-да, аста уйқудаги Ҳусайн амакининг олдига яқинлашди. Мақсади уйқудаги кишининг ичига заҳарни пуфлаб ўлдириш ва пулларини ўзлаштириш эди. У энгашиб заҳарни пуфлашни бошлаган ҳам эдики, тўсатдан Ҳусайн амаки аксириб юборди. Қамишдаги заҳарнинг барчаси катта тезликда қароқчининг оғзига қайтиб кирди. Унинг ёмонлиги ўзининг бошига етди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган ушбу ҳадислари нақадар ҳақиқат:

من ضارّ ضارّ الله به

“Бошқаларга зарар берадиган кишига Аллоҳ ҳам зарар беради” (Имом Аҳмад ривояти). 

Охунжон АҲМЕДОВ

таржимаси

 
 
1740 марта ўқилди

Мақолалар

Top