www.muslimuz
Шоазим Миноваров Президент маслаҳатчиси этиб тайинланди
Ўзбекистон Президенти фармони билан давлат раҳбарининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси тайинланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатга кўра, Шоазим Миноваров Ўзбекистон Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида иш бошлади.
Шоазим Миноваров 1951 йил туғилган. 1997 йил 27 июндан 2006 йил 1 августгача Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, раиси бўлган. 2006 йил 1 августдан 1 декабригача - Ўзбекистон Президентининг давлат маслаҳатчиси, 2006 йил 1 декабрдан 2008 йил 28 июнгача - Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари. У 2008-2012 йилларда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси бўлган, 2013 йилда пенсияга чиқарилган. 2015 йил апрел ойидан 2017 йил июл ойигача Тошкентдаги Француз альянси раиси бўлган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Эътиқод Дурдоналари: ФАРИШТАЛАР ҲАЁ ҚИЛГАН ИНСОН (Усмон розияллоҳу анҳу)
ФАРИШТАЛАР ҲАЁ ҚИЛГАН ИНСОН
37 - وَذُو النُّورَينِ حَقًّا كَانَ خَيْرًا مِنَ الْكَرَّارِ فِي صَفِّ الْقِتَالِ
Маънолар таржимаси:
Зуннуройн (розияллоҳу анҳу), дарҳақиқат, уруш сафларидаги Қайтмас ботир (розияллоҳу анҳу)дан афзалроқ бўлган.
Назмий баёни:
Албатта, Зуннуройн аълороқ бўлган,
Уруш сафларида қайтмас Ботирдан.
Луғатлар изоҳи:
النُّورَينِ ذُو – мубтадо.
حَقًّا – маҳзуф феълнинг мафъули мутлақи. Тақдирида أَحُقُّ феъли бор.
كَانَ – хабар.
خَيْرًا – ноқис феълнинг хабари. Бу калима, аслида, اَخْيَرُ исми тафзилнинг ҳамзаси ҳазф қилинган шаклидир.
مِنْ – “таълилия” (изоҳлаш) маъносида келган жор ҳарфи.
الْكَرَّارِ – жор мажрур كَانَ га мутааллиқ. Луғавий жиҳатдан жанг майдонида ўта ҳужумкор маъносига тўғри келади.
فِي – зарфият маъносида келган жор ҳарфи.
صَفِّ – саф деганда тўғри чизиқда теккис туриш тушунилади.
الْقِتَالِ – луғатда “жанг”, “кураш” маъноларини англатади.
Матн шарҳи:
Усмон розияллоҳу анҳунинг насаби қуйидагича бўлган: Усмон ибн Аффон ибн Абил Ос ибн Умайя ибн Абдушшамс ибн Абдуманноф. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан насаблари Абдуманнофда бирлашади. Милодий 576 йилда Тоифда туғилган. Куняси аввал Абу Абдуллоҳ, у вафот этгач, Абу Амр бўлган. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иккита қизлари аввал Руқайя, у вафот этгач Умму Кулсумга уйланган. Шунинг учун ҳам у зот “Зуннурайн” (икки нур эгаси) деб аталган. Ривоят қилинишича, “Одам алайҳиссалом замонидан то қиёматгача бирор пайғамбарнинг икки қизига Усмон ибн Аффондан бошқа уйланган киши йўқдир”[1].
Усмон розияллоҳу анҳунинг оилалари
- Руқайя бинти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Бу аёлидан Абдуллоҳ[2] исмли фарзанди туғилган.
- Умму Кулсум бинти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Бу аёлидан фарзанди бўлмаган.
- Фохита бинти Ғозвон. Бу аёлидан Абдуллоҳ (кичиги) исмли ўғли туғилган.
- Умму Амр бинти Жундаб. Бу аёлидан Амр, Холид, Убон, Умар, ва Марям исмли фарзандлари туғилган.
- Фотима бинти Валид. Бу аёлидан Валид, Саъийд ва Умму Саъийд исмли фарзандлари туғилган.
- Умму Банийн бинти Уяйна ибн Ҳисн. Бу аёлидан Абдулмалик исмли ўғли туғилган.
- Рамла бинти Шайба. Бу аёлидан Оиша, Умму Убон ва Умму Амр исмли фарзандлари туғилган.
- Ноила бинти Фарофиса. Бу аёлидан Марям исмли қизи туғилган.
- Умму валад чўрилари. Бу чўрисидан Уммул Банийн исмли қизи туғилган.
Албатта юқорида баён қилинганидек ушбу аёлларнинг тўрттадан кўпи битта никоҳда жамланмаган.
Усмон розияллоҳу анҳунинг фазллари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон розияллоҳу анҳу ҳақларида ҳамма ҳавас қиладиган жуда кўплаб мақтовларни айтганлар:
– “ Эй Аллоҳим, мен Усмондан рози бўлдим, Сен ҳам ундан рози бўлгин”;
– “ Усмон менинг жаннатдаги ўртоғимдир”;
– “Усмон дунёда ҳам, охиратда ҳам мен билан биргадир”;
– “Усмон умматимнинг энг ҳаёлироғи ва энг икромлироғидир”;
– “Усмон ҳаёлидир, ундан фаришталар ҳам ҳаё қиладилар”.
“Бир куни Усмон розияллоҳу анҳу ва Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳулар тортишиб қолишди. Шунда Абу Убайда: “Эй Усмон, сен менга қарши гапиряпсан, лекин мен сендан уч хислатда афзалман”, – деди. Усмон: “Улар нима экан”, – деди. Абу Убайда: “Биринчиси, мен байъат кунида ҳозир эдим, сен йўқ эдинг, иккинчиси, мен Бадрда қатнашганман, сен қатнашмагансан, учинчиси, мен Уҳуд кунида собит турганлардан эдим, сен собит турмагансан”, – деди. Усмон: “Тўғри айтдинг, ҳақиқатда шундай бўлган, аммо байъат кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени бир иш билан жўнатган эдилар. Байъат вақтида қўлларини менинг номимдан узатиб: “Бу Усмон ибн Аффоннинг қўлидир”, – деганлар. У зотнинг муборак қўллари эса, албатта, менинг қўлимдан яхшидир. Бадр кунида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Мадинага ўринбосар қилиб қолдирган эдилар. Мен қарши чиқиб, у зот тайинлаган жойни ташлаб кетолмасдим. У зотнинг қизлари Руқайя касал бўлиб ётганди, мен у вафот этгунга қадар хизматида бўлдим, вафот этганидан сўнг уни дафн этдим. Уҳуд кунида қочганимга келсак, Аллоҳ таоло бу иш тўғрисида мени афв қилган ва қилган ишимни шайтонга тааллуқли эканини айтган:
﴿إِنَّ ٱلَّذِينَ تَوَلَّوۡاْ مِنكُمۡ يَوۡمَ ٱلۡتَقَى ٱلۡجَمۡعَانِ إِنَّمَا ٱسۡتَزَلَّهُمُ ٱلشَّيۡطَٰنُ بِبَعۡضِ مَا كَسَبُواْۖ وَلَقَدۡ عَفَا ٱللَّهُ عَنۡهُمۡۗ إِنَّ ٱللَّهَ غَفُورٌ حَلِيمٞ١٥٥﴾
“Икки (ҳарбий) бўлинма тўқнашган кунда орангиздан баъзи қилмишлари билан (тайин этилган жойдан) юз ўгириб кетганларни шайтон янглиштирган эди. Аллоҳ уларни афв этди ҳам. Зеро, Аллоҳ кечирувчан ва ҳалим зотдир”[3].
Усмон тортишувда енгиб чиқди”[4].
Усмон розияллоҳу анҳу ниҳоятда фаросатли киши бўлган. Бир куни у зотнинг ҳузурига бир киши кирди. Шунда Усмон розияллоҳу анҳу: “Сизлардан бирингиз кўзларидаги зино асари билан кириб келмоқда”, – деди. Ҳалиги киши ҳайрат билан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳам ваҳий борми”, – дея ғалати ҳолатга тушиб қолди. Усмон розияллоҳу анҳу: “Йўқ, лекин содиқ фаросат бор”, – деди.
Халифа Умар ибн Хаттоб вафотидан сўнг мусулмонларнинг ўзаро иттифоқлари билан у зот 644 йилда 69 ёшида халифа этиб сайланган.
Усмон ибн Аффон[5] розияллоҳу анҳу милодий 656 йилда, 82 ёшида фитначилар томонидан шаҳид қилинган ва Бақиъ қабристонига дафн этилган. Жанозасини Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳу ўқиган.
[1] Мулла Али Қори. Шарҳу Фиқҳил акбар. Байрут: “Дорул кутубил илмия”, Али Муҳаммад Дандал таҳқиқи. – Б. 112.
[2] Усмон розияллоҳу анҳунинг 9 ўғил, 7 қиз, жами 16 фарзандлари бўлган, иккита ўғилларининг исми Абдуллоҳ бўлган.
[3] Оли Имрон сураси, 155-оят.
[4] Муҳаммад Ризо. Мавсуату хулафои рошидин. Байрут: “Мактабатул Асрия”, 2006. – Б. 28.
[5] Усмон розияллоҳу анҳуни Али розияллоҳу анҳудан афзал бўлган деб эътиқод қилиш Аҳли сунна вал-жамоа жумҳурининг қавли бўлиб, мотуридия ва ашъария мазҳаблари иттифоқ қилган масалалардан ҳисобланади. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ бу масалада жумҳур уламоларга хилоф қилган бўлсада, кейинчалик жумҳурнинг қавлига қайтган.
2. БАҚАРА СУРАСИ, 256 ОЯТ
لَآ إِكۡرَاهَ فِي ٱلدِّينِۖ قَد تَّبَيَّنَ ٱلرُّشۡدُ مِنَ ٱلۡغَيِّۚ فَمَن يَكۡفُرۡ بِٱلطَّٰغُوتِ وَيُؤۡمِنۢ بِٱللَّهِ فَقَدِ ٱسۡتَمۡسَكَ بِٱلۡعُرۡوَةِ ٱلۡوُثۡقَىٰ لَا ٱنفِصَامَ لَهَاۗ وَٱللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ٢٥٦
- Динда мажбурлаш йўқдир. Ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди. Ким тоғутни инкор этиб, Аллоҳга имон келтирса, у ҳақиқатан ниҳоятда мустаҳкам бир тутқични ушлаган бўлади. Аллоҳ эшитувчи, билувчидир.
Дин ва эътиқодга мажбурлаш мумкин эмас, балки у қаноат ва розилик билан қабул этилади. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантирган: "Сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?" (Юнус, 99). "Тоғут" – "Аллоҳнинг йўлидан бошқасига ўтиш, Унинг чизиғидан чиқиш" маъноларини билдиради. Тоғутнинг каттаси шайтондир. Тоғут – шайтон исмларидан бири, кенгроқ маънода «шайтоний йўл», демакдир. Тоғутдан ҳукм сўраш Аллоҳнинг ҳукмига зид, Унинг изнисиз бўлган ҳукмни сўрашдир. Аҳли китоблар ўзларига туширилган китобларга ва кейин нозил қилинган Қуръони каримга имон келтирганлари даъвосида бўлишса ҳам, улар аслида шайтоний йўлни танлашган ва тоғутдан ҳукм сўрашни истаб туришади.
Қуръони карим оятлари орқали Аллоҳ таолонинг тавҳиди бутун инсониятга очиқ-ойдин баён қилинди. Энди кофирлар учун ҳеч қандай узр-баҳона қолмади. Уларни мажбурлаб динга киритишнинг ҳожати йўқ. Ким Исломни қабул қилса, узилмас ва кесилмас нажот арқонини тутган бўлади.
Онлайн: Имом Термизий илмий меросига бағишланган анжуман бошланди
Бугун, 21 май, соат 9:00 да Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистон ва Афғонистон уламолари иштирокида “Имом Термизийнинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусидаги давра суҳбати бошланди.
Анжуманни Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шукурилло Умаров олиб бормоқда. Тадбир анъанага кўра Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан очилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон ва Афғонистон уламолари, соҳа мутахассислари ва мутасадди ташкилотлар вакиллари мавзу доирасида маъруза билан чиқиш қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Эътиқод дурдоналари: ТИЛИ ВА ҚАЛБИГА ҲАҚ ЖОРИЙ БЎЛГАН ИНСОН (Умар розияллоҳу анҳу)
ТИЛИ ВА ҚАЛБИГА ҲАҚ ЖОРИЙ БЎЛГАН ИНСОН
36 - وَلِلْفَارُوقِ رُجْحَانٌ وَفَضْلٌ عَلَى عُثْمَانَ ذِي النُّورَينِ عَالِى
Маънолар таржимаси:
Фаруқ (розияллоҳу анҳу) олий Усмон зиннуройн (розияллоҳу анҳу)дан ортиқ ва афзал бўлган.
Назмий баёни:
Фаруқнинг устунлик, ортиқлиги бор
Бўлса ҳам Зиннуройн, олий фидокор.
Луғатлар изоҳи:
لِ – “шибҳи мулк” (мулк кўринишидаги) маъносида келган жор ҳарфи.
الْفَارُوقِ – жор мажрур мубтадосидан олдин келтирилган хабар.
رُجْحَانٌ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо.
فَضْلٌ – маътуф.
عَلَى – “истиъло” (устун бўлиш) маъносидаги жор ҳарфи.
عُثْمَانَ – жор мажрур رُجْحَانٌва فَضْلٌ га мутааллиқ.
النُّورَينِ ذِي – мажрур исмга сифат бўлгани учун ي ҳарфи билан эъробланиб турибди.
عَالِى – сифатнинг сифати.
Матн шарҳи:
Абу Бакр розиялоҳу анҳудан сўнг валийларнинг улуғи Умар розияллоҳу анҳу ҳисобланади. Умар розияллоҳу анҳунинг насаби қуйидагича бўлган: Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл ибн Абдулуззо ибн Риёҳ ибн Абдуллоҳ ибн Қурут ибн Ризоҳ ибн Адий ибн Каъб ибн Луъай. Куняси Абу Ҳафс бўлган. Умар розияллоҳу анҳу нубувватнинг олтинчи йилида Исломни қабул қилган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўттиз тўққизта эркак ва битта аёл киши Исломга кирган эдилар. Сўнгра Умар Исломга кирди ва улар қирқта бўлдилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом ушбу оятни олиб тушди:
﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّبِيُّ حَسۡبُكَ ٱللَّهُ وَمَنِ ٱتَّبَعَكَ مِنَ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ٦٤﴾
“Эй Пайғамбар! Сизга ва Сизга эргашган мўминларга Аллоҳ кифоядир”[1].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ҳақни Умарнинг тили ва қалбига жорий қилган, у Фаруқдир, Аллоҳ таоло унинг воситасида ҳақ билан ботил орасини ажратди”, – деганлар. Абу Умар Заквондан ривоят қилинади: “Оишага Умарни ким Фаруқ деб номлаган”, – дедим. У: “Набий алайҳиссалом номлаганлар”, – деди”.
Умар розияллоҳу анҳу асос солган ишлар
Умар розияллоҳу анҳу кўплаб улуғ ишларга асос солган:
– Биринчи бўлиб ҳижратнинг ўн олтинчи йили рабиул аввал ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилган йилларидан бошланадиган ҳижрий йил ҳисобига асос солган;
– Биринчи бўлиб Қуръони каримни саҳифаларга жамлашга йўл бошлаган;
– Биринчи бўлиб таровеҳ намозининг жамоат бўлиб ўқилишини йўлга қўйган;
– Биринчи бўлиб Куфа, Басра, Шом, Миср ва Мусил каби шаҳарларнинг барпо этилишига асос солган;
– Биринчи бўлиб шаҳарларда одамларнинг ишларини ажрим қилиш учун қозиларни тайин қилган;
– Биринчи бўлиб девон, яъни рўйхат қилиш ишларини йўлга қўйган;
– Биринчи бўлиб Мисрдан кемаларда озиқ-овқат маҳсулотларини келтиришни йўлга қўйган.
Умар розияллоҳу анҳунинг оилалари
- Зайнаб бинти Мазъун. Бу аёлидан Абдуллоҳ, Абдурраҳмон (каттаси)[2], Ҳафса розияллоҳу анҳолар туғилган.
- Умму Кулсум бинти Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳо. Бу аёли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг неваралари, яъни Фотима розияллоҳу анҳонинг қизлари бўлган. Ушбу аёлларидан Зайд (каттаси) ва Руқойя исмли фарзандлари туғилган.
- Умму Кулсум бинти Жарвал. Бу аёлидан Зайд (кичкинаси) ва Убайдуллоҳ исмли фарзандлари туғилган. Умар розияллоҳу анҳу билан Умму Кулсум бинти Жарвалнинг ораларини Ислом ажратган.
- Жамила бинти Собит. Бу аёлининг олдинги исми Осия бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Жамила деб ўзгартирганлар. Бу аёлларидан Осим исмли фарзанди туғилган.
- Луҳаййа. Бу аёл “умму валад”и бўлган. Бу аёлдан Абдурраҳмон (ўртанчаси) исмли фарзанди туғилган. Ушбу Абдураҳмоннинг лақаби Абул Мужбир бўлган.
- Умму валад чўрилари. Бу аёлнинг исмини баъзилар Факиҳа бўлган дейишган, лекин баъзилар Факиҳа бошқа чўриси бўлган, дейишган. Бу чўрисидан Абдурраҳмон (кичиги) исмли фарзанди туғилган.
- Умму Ҳаким бинти Ҳорис ибн Ҳишом. Бу аёлидан Фотима исмли қизи туғилган.
- Факиҳа. Бу аёл яманлик бўлиб, Умар розияллоҳу анҳунинг “умму валад”и бўлган. Бу чўридан Зайнаб исмли қизи туғилган. Зайнаб Умар розияллоҳу анҳунинг энг кичик фарзанди бўлган.
- Отика бинти Зайд. Бу аёлидан Иёз исмли фарзанди туғилган.
Албатта, ушбу аёлларнинг тўрттадан кўпи битта никоҳда жамланмаган.
Умар розияллоҳу анҳунинг фазллари
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деган: Умар ибн Хаттоб тўртта ишда инсонлардан афзал бўлди:
- Бадр куни асирлар тўғрисида айтган фикри тўғри экани Қуръон оятлари билан собит бўлди:
﴿لَّوۡلَا كِتَٰبٞ مِّنَ ٱللَّهِ سَبَقَ لَمَسَّكُمۡ فِيمَآ أَخَذۡتُمۡ عَذَابٌ عَظِيمٞ٦٨﴾
“Агар Аллоҳнинг (тақдирда хатони кечириши тўғрисидаги) битиги бўлмаганида, албатта, сизларга олган (товон)ларингиз учун улкан азоб етган бўлур эди”[3].
- Ҳижоб тўғрисида айтган гапи Қуръон оятлари билан тасдиқланган. Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига ёпинчиққа ўранишларини буюрган эди. Шунда Зайнаб розияллоҳу анҳо: “Эй Хаттобнинг ўғли, бизнинг уйимизга ваҳий тушиб турган бўлса-ю, сен бизга буйруқ қиласанми”, – деди. Кўп ўтмай қуйидаги оятлар нозил бўлди:
﴿ وَإِذَا سَأَلۡتُمُوهُنَّ مَتَٰعٗا فَسَۡٔلُوهُنَّ مِن وَرَآءِ حِجَابٖۚ ﴾
“Қачонки, сизлар улардан (пайғамбар аёлларидан) бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўрангиз!”[4].
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақида шундай дуо қилганлар: “Эй Аллоҳим, Исломни Умар билан қувватлагин”.
- Абу Бакр розияллоҳу анҳу тўғрисидаги фикри билан. Бу зот Абу Бакр розияллоҳу анҳуга биринчи бўлиб байъат қилиб катта фитнанинг олдини олган эди”.
Умар розияллоҳу анҳунинг халифаликка сайланиши Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ёзма равишдаги васиятига биноан бўлган. Тарихда “Умари одил” дея ном қолдирган бу зот милодий 644 йилда намоз ўқиб турган пайтида мажусий қул Абу Луълуъанинг суиқасди туфайли қаттиқ яраланган ва ўша куни кечқурун вафот этган. Ёши олтмиш учда бўлган. Васиятига биноан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуларнинг ёнларига дафн қилинган.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
ФАРИШТАЛАР ҲАЁ ҚИЛГАН ИНСОН
[1] Анфол сураси, 64-оят.
[2] Умар розияллоҳу анҳунинг Абдурраҳмон исмли учта, Зайд исмли иккита ўғиллари бўлган.
[3] Анфол сураси, 68-оят.
[4] Аҳзоб сураси, 53-оят.