muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 18 Декабрь 2021 00:00

Ихтилоф ҳаром

وَأَطِيعُوا اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَلَا تَنَازَعُوا
فَتَفْشَلُوا وَتَذْهَبَ رِيحُكُمْ ۖ وَاصْبِرُوا ۚ إِنَّ اللَّهَ مَعَ الصَّابِرِينَ


46. Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар биландир. (Ғалаба омилларидан бири–Аллоҳга ва унинг Расулига итоат қилиш бўлиб, у нафақат уруш майдонидаги, балки барча соҳалардаги ғалаба ва муваффақиятларнинг асосий гаровидир. Маълумки, урушда қўмондоликка итоат катта аҳамиятга эга. Бу оддий бандаларга итоат ҳақидагаи гап. Энди оламларнинг яратгувчиси ва тадбирини қилгувчисига, у зотнинг танлаб олган охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўладиган итоат қанчалар улуғ эканини, қанчалик муваффақиятлар гарови эканини ўзимиз билиб олаверишимиз керак.).
Анфол сураси
Адашган фирқалар ўтган уч асрнинг тўғри йўлидан бирин-кетин четга чиқа бошлашди. Ҳар бир фирқа ҳақдан оғиб, ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида қадам ташлади. Одамларни ҳам фикру хаёли, соғлом эътиқодидан чалғитишга уринди. Бу билан улар, Аллоҳ таолонинг Анъом сураси, 153-оятида марҳамат қилган “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинглар. Ва бошқа йўлларга эргашманглар. Бас, сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар.Мана шу сизга қилган амрдирки, шояд тақвоқилсангиз” оятига хилоф иш тутди. Шу тариқа нафсу ҳавосига берилган, бидъат ва залолатга кўмилганлар тоифаси кўпайиб борди. Бу ҳолат асрлардан асрларга ўтиб ҳозирги кунимизда ҳам давом этмоқда. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Дарҳақиқат, Бани Исроил етмиш икки миллат (гуруҳ)га бўлинди, умматим эса етмиш уч миллатга бўлинади. Фақатгина бир миллатдан ташқари уларнинг барчаси дўзахдадир”, дедилар. (Саҳобалар): “(Нажот топган) у (миллат) кимлардир, ё Расулаллоҳ?” деб сўрадилар. (Бунга жавобан) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ва асҳобларим унинг узра бўлган (миллатдир), дедилар” (Имом Термизий[2] ривояти).

Жаъфархон Суфиев

Тўрақўрғон тумани

"Исҳоқхон тўра" жоме масжиди

имом ноиби

Шу йил 16 декабрь куни Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Муйи Муборак» кутубхона-музейига Халқаро оғир атлетика федерацияси менежери жаноб Золтан Верес (Венгрия) ташриф буюрди.

Зиёрат асносида мутассадди вакиллар меҳмонга Ҳазрати Усмон мусҳафи тарихи ҳақида маълумот беришди.

Ташриф давомида Золтан Верес жаноблари ЎМИ кутубхонасига Қуръони карим маъноларининг венгер тилидаги таржимасини совға қилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Инсон ҳаёти яқинлари, дўсту би­ро­дарлари билан гўзал. Зеро, динимиз таълимотида дўстликка алоҳида эътибор қаратилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Мўмин­лар ва мўминалар бир-бирларига дўст­дирлар: (одамларни) яхшиликка бую­радилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрса­тур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикмат­лидир» (Тавба сураси, 71-оят).

Ҳаётда бир-бирлари билан ҳақиқий оға-инилардек бўлиб кетган дўстлар кўплаб топилади. Улар ўзига нима яхшиликни раво кўришса, биродарига ҳам шуни чин дилдан тортиқ қиладилар. Оғир ва енгил кунларида елкадош бўлади. Айниқса, дунё ва охиратнинг бахт-саодатига элтувчи йўлларга дўстларини чорлаб, нотўғри йўллардан қайтаришга уринади.

Дўстлик хусусида бир йигит гап очиб қолди: “Дадам тарбиямизга ўта талабчан эди, – дейди у. – Болалигимдан қаттиқ назорат остида бўлганим боис ҳар ким билан дўстлаша олмасдим. Ҳамиша ким­лар билан улфатчилик қилаётганимни, дўстларим қанақа болалар эканини сўраб-суриштирарди. Айниқса, беодоб болалар­га қўшилиб қолсам, яхшигина дакки эши­тардим. Аммо бир одобли синфдошим билан кўрсалар, хотиржам бўларди. Чунки у дўстим оғир-вазмин, ростгўй эди. Дадам унинг тарбиясига, одобига ҳавас қиларди.

Иккаламиз ҳам вояга етиб, диний ва дунёвий илмларни ўргандик, бир касбнинг бошини тутдик. Шу йиллар мобайнида унинг менга бўлган самимий муносабати ўзгармади. Қолаверса, оғир кунларимда ёнимда тиргак, хато ишларимда тўғри йўл кўрсатувчи бўлган. Ўз ўрнида мен ҳам дўстимга муносиб жавоб қайтаришга ҳаракат қилганман. Шундай дўстни ёндош қилгани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтаман”.

Бу воқеани эшитиб, Абу Ҳурай­ра розий­аллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис хаёлимга келди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўмин мўминнинг кўзгусидир. Мў­мин мў­миннинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради», деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Шу билан бирга, яна бир ҳадисда Ра­сулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рост­­гўйлар билан дўстлашинглар. Улар тинчлик­­да зийнат, хавфда қалқондур”, деган­лар. Демак, дўстларнинг аччиқ бўлса-да, рост сўзлайдиганини танлашимиз лозим. Чунки бундай дўстлар биз учун икки дунёда ҳам манфаатли бўлади.

Зуҳриддин МУСОЖОНОВ,
Андижон шаҳри, “Қорақўрғон” жоме
масжиди имом-хатиби

"Ҳидоят" журналининг 8-сонидан олинди

Саргодҳа университетида Покистонда нашр этилган “Шавкат Мирзиёев – узоқни кўра биладиган давлат арбоби” («H.E. Shavkat Mirziyoyev a visionary statesman») номли таҳлилий мақолалар китобининг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Китоб Исломободдаги Глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази (ГСТМ) томонидан Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликда нашрга тайёрланган.

ГСТМ ижрочи директори Ҳолид Таймур Акром Янги Ўзбекистон эришган ютуқлар, Президент раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва демократик ўзгаришлар, Ўзбекистон раҳбарининг ички ва ташқи сиёсати, унинг минтақавий ва глобал ташаббуслари, жумладан, Тошкент шаҳрида Марказий ва Жанубий Осиёнинг минтақавий ўзаро боғлиқлигига бағишланган халқаро анжуманда илгари сурилган 10 та ташаббуси самараларига бағишланган 14 та таҳлилий материалдан иборат тўплам ҳақида маълумот тақдим қилди.

Тадбир якуни бўйича Саргодҳа университети проректори профессор Салим Мазҳарга университет кутубхонаси учун китоб нусхалари топширилди.

Саргодҳа университети 2002 йилда ташкил этилган ва Покистоннинг йирик давлат университетларидан бири ҳисобланади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Пятница, 17 Декабрь 2021 00:00

Юртимизда диний таълимга эътибор

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Абдураҳманов Нўмон

Top