Мақолалар

Даврий нашрларда: Икки дунёда ҳам манфаатли

Инсон ҳаёти яқинлари, дўсту би­ро­дарлари билан гўзал. Зеро, динимиз таълимотида дўстликка алоҳида эътибор қаратилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Мўмин­лар ва мўминалар бир-бирларига дўст­дирлар: (одамларни) яхшиликка бую­радилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрса­тур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикмат­лидир» (Тавба сураси, 71-оят).

Ҳаётда бир-бирлари билан ҳақиқий оға-инилардек бўлиб кетган дўстлар кўплаб топилади. Улар ўзига нима яхшиликни раво кўришса, биродарига ҳам шуни чин дилдан тортиқ қиладилар. Оғир ва енгил кунларида елкадош бўлади. Айниқса, дунё ва охиратнинг бахт-саодатига элтувчи йўлларга дўстларини чорлаб, нотўғри йўллардан қайтаришга уринади.

Дўстлик хусусида бир йигит гап очиб қолди: “Дадам тарбиямизга ўта талабчан эди, – дейди у. – Болалигимдан қаттиқ назорат остида бўлганим боис ҳар ким билан дўстлаша олмасдим. Ҳамиша ким­лар билан улфатчилик қилаётганимни, дўстларим қанақа болалар эканини сўраб-суриштирарди. Айниқса, беодоб болалар­га қўшилиб қолсам, яхшигина дакки эши­тардим. Аммо бир одобли синфдошим билан кўрсалар, хотиржам бўларди. Чунки у дўстим оғир-вазмин, ростгўй эди. Дадам унинг тарбиясига, одобига ҳавас қиларди.

Иккаламиз ҳам вояга етиб, диний ва дунёвий илмларни ўргандик, бир касбнинг бошини тутдик. Шу йиллар мобайнида унинг менга бўлган самимий муносабати ўзгармади. Қолаверса, оғир кунларимда ёнимда тиргак, хато ишларимда тўғри йўл кўрсатувчи бўлган. Ўз ўрнида мен ҳам дўстимга муносиб жавоб қайтаришга ҳаракат қилганман. Шундай дўстни ёндош қилгани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтаман”.

Бу воқеани эшитиб, Абу Ҳурай­ра розий­аллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис хаёлимга келди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўмин мўминнинг кўзгусидир. Мў­мин мў­миннинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради», деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Шу билан бирга, яна бир ҳадисда Ра­сулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рост­­гўйлар билан дўстлашинглар. Улар тинчлик­­да зийнат, хавфда қалқондур”, деган­лар. Демак, дўстларнинг аччиқ бўлса-да, рост сўзлайдиганини танлашимиз лозим. Чунки бундай дўстлар биз учун икки дунёда ҳам манфаатли бўлади.

Зуҳриддин МУСОЖОНОВ,
Андижон шаҳри, “Қорақўрғон” жоме
масжиди имом-хатиби

"Ҳидоят" журналининг 8-сонидан олинди

1510 марта ўқилди

Мақолалар

Top