muslim.uz
Даврий нашрларда: Бирисин ой англа, бирисин қуёш...
«Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир. Унга ҳомиладорлик ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир. Бас, қачонки у вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида: “Эй Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган солиҳ амални қилишга мени муваффақ этгин ва мен учун зурриётимни ислоҳ эт! Албатта, мен Сенга (гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонлардандирман”, дейди. Айнан ўшалар шундай зотлардирки, Биз улардан қилган гўзал амалларини қабул қилурмиз ва жаннат эгалари қаторида уларнинг ёмонликларидан ўтиб юборурмиз. (Бу) уларга ваъда қилинган ҳаққоний ваъдадир» (Аҳқоф сураси, 15–16-оятлар).
Имом Воқидий раҳимаҳуллоҳ Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Оят Абу Бакр розийаллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган. Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу 18 ёшида 20 яшар Набий алайҳиссалом билан Шомга сафар қилди. Йўлда улар Сидр дарахти ёнида тўхташди. Набий алайҳиссалом дарахтнинг соясида ўтирдилар. Шу вақт Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу ўша ерлик роҳибнинг олдига бориб, ундан дин ҳақида сўради. Роҳиб: “Сидрнинг соясида ўтирган ким?” деди. Абу Бакр: “У Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб”, деди. Роҳиб: “Аллоҳга қасам, бу киши Набийдир. Ушбу дарахт тагида Исо ибн Марям алайҳиссаломдан кейин ҳали ҳеч бир киши сояланмаган”, деди. Шу онда Абу Бакрнинг қалбига ишонч ва тасдиқ кирди. Ундан кейин сафарда ҳам, муқимликда ҳам Набий алайҳиссаломдан ажрамади. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга нубувват келганда биринчилардан бўлиб тасдиқлади. Абу Бакрнинг ёши 40 га етганда: “Эй Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга муваффақ этгин”, деб дуо қилди».
Суддий ва Заҳҳок раҳимаҳумаллоҳ айтади: «Бу оятлар Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган. Имом Муслим Саъд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Саъднинг онаси (ҳали имон келтирмаган эди): “Аллоҳ таоло ота-онага итоат этишга буюрмаганми? Диндан қайтмагунингча ҳеч нарса емайман”, дея еб-ичишдан воз кечди. Ҳолат шу даражага етдики, аёлнинг оғзини таёқ билан очиб, таом юттиришди. Шунда: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик” мазмунли ояти нозил бўлди».
“Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик”. Яъни: “Ҳаётликларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам уларга яхшилик қилиш, марҳамат кўрсатиш, ҳожатларини раво кўриш, улар билан кўришганда табассум қилишга буюрдик”. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. “(Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!”» (Исро сураси, 23-оят); «(Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир”» (Луқмон сураси, 14-оят).
Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ривоят қилади: «Абу Усайд Молик ибн Робиа розийаллоҳу анҳу айтади: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан бирга ўтирганимизда Бану саламалик бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ, ота-онам вафотидан кейин уларга қилишим мумкин бўлган бирор яхшилик қолдими?” деб сўради. Набий алайҳиссалом: “Ҳа, ҳақларига дуо қилиш, гуноҳлари учун мағфират сўраш, васиятларини бажариш, улар сабаб юзага келган қариндошлик алоқаларини боғлаш, дўстларини икром этиш”, деб марҳамат қилдилар».
“Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир”. Она ҳомилани машаққат билан кўтаради, фарзандини қийинчилик билан дунёга келтиради, эмизади, ҳолсизлик, чарчоқ ва сабр билан тарбиялайди. Гарчи ота касб ва нафақа ишлари билан машаққат чекса-да, онанинг фарзанди билан кечадиган ҳолларининг ҳеч бирида иштирок этмайди.
“Унга ҳомиладорлик ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир”. Оятда ҳомиланинг энг кам муддати олти ой эканига ишора бор. Ушбу муддатни Али розийаллоҳу анҳу Луқмон сурасида келган оят билан исбот этгандир: “Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар)” (Луқмон сураси, 14-оят). “Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу муддат) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир” (Бақара сураси, 233-оят). Эмизиш ва сутдан чиқаришнинг энг кўп вақти икки йилдир. Мана шунда уч йилнинг олти ойи ҳомила учун қолади. Усмон розийаллоҳу анҳу ва бир гуруҳ саҳобалар шунга иттифоқ қилишган.
Маъмар ибн Абдуллоҳ Жуҳаний айтади: «Орамиздан бир киши жуҳайналик қиз билан турмуш қурди. Турмушнинг олтинчи ойи ниҳоясида аёлнинг кўзи ёриди. Эри Усмон розийаллоҳу анҳунинг ҳузурига борди ва бу ҳақда айтди. Халифа аёлни олиб келишни буюрди. Аёл кийинаётганда, синглиси йиғлаб юборди. Аёл: “Нима учун йиғлаяпсан? Аллоҳга қасам, эримдан бошқа ҳеч ким менга теккан эмас. Аллоҳ таолонинг истагани бўлади”, деди. Аёлни халифанинг ҳузурига келтиришганида Усмон розийаллоҳу анҳу унга ҳад уришни буюрди. Воқеадан Али розийаллоҳу анҳу хабар топиб, тезда етиб келди. У халифадан: “Нималар қиляпсиз?” деб сўради. Усмон розийаллоҳу анҳу: “Олтинчи ойнинг ниҳоясига келиб кўзи ёрибди. Шунақа бўлиши мумкинми?” деб сўради. Али розийаллоҳу анҳу: “Сиз Қуръонни ўқимайсизми?” деди. Халифа: ”Ўқийман”, деди. Шунда ҳазрат Али: «“Унга ҳомиладорлик ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир”; “Тўла икки йил эмизадилар”. Шу муддатдан фақат олти ой қолмоқда», деди. Ҳазрат Усмон розийаллоҳу анҳу: “Аллоҳга қасам, мен бундай деб ўйламаган эдим. Аёлни келтиринглар”, деб ҳадни бекор қилди. Маъмар айтади: “Аллоҳга қасам, бола отасига ўхшаганчалик қузғун қузғунга ва тухум тухумга ўхшамаган. Отаси боласини кўрибоқ: “Аллоҳга қасам, бу менинг ўғлимдир. Бунга шубҳа йўқ”, деб қичқириб юборди».
Ибн Абу Ҳотим Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Айтади: “Аёл тўққиз ойда фарзандини дунёга келтирса, йигирма бир ой; етти ойда кўзи ёриса, йигирма уч ой; олти ойда кўзи ёриса, икки йил тўлиқ эмизади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилди: “Унга ҳомиладорлик ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир”.
“Бас, қачонки у вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида”. Яъни вояга етиб, кучга тўлиб ўсмирликдан эркакликка етади. Ақли, қуввати, фаҳми, ҳилми ошади. Қирқ ёшга тўлиб моддий ва ақлий қуввати камолга етади.
“Эй Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга муваффақ этгин”. Яъни, қирқ ёшга тўлганда бундай дейди: “Раббим, менга берган неъматингга шукр этишимга илҳомлантир ва уни менга муваффақ айла”. Ота-она фарзандини ҳақ йўл ва тавҳидга йўллагани ва бундан бошқа дунёвий неъматлар инъом этганлари ҳамда ёшлигида меҳр бериб парваришлагани учун уларга яхшилик қилиши вожиб бўлади.
“Ва Ўзинг рози бўладиган солиҳ амални қилишга мени муваффақ этгин ва мен учун зурриётимни ислоҳ эт!” Яъни: “Шукр қилишим учун мени илҳомлантир ҳамда Ўзинг рози бўладиган солиҳ амални бажаришимга муваффақ айла. Ўзинг рози бўлган – қабул бўлишига тўсиқ бўлувчи ёмонликдан холи амалга йўлла. Солиҳликни зурриётимда давомли, мустаҳкам қилгин. Токи солиҳлик уларнинг табиати, хулқи бўлиб қолсин.
«“Албатта, мен Сенга (гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонлардандирман”, дейди». Яъни, мен тавба қилдим ва барча гуноҳларимдан Сенга қайтдим. Сенга ўзимни топширганларданман. Тоатингга бўйсунувчи, тавҳидингга содиқлардан ва Рубубиятингга бўйсунувчиларданман.
“Айнан ўшалар шундай зотлардирки, Биз улардан қилган гўзал амалларини қабул қилурмиз”. Аллоҳ таоло уларнинг яхши амалларини қабул қилади. Хатолари ва гуноҳларини кечириб, афв этади. Яхшиликлари туфайли гуноҳларини йўқ қилиб юборади: “Албатта, савобли ишлар гуноҳларни кетказади” (Ҳуд сураси, 114-оят).
“Жаннат эгалари қаторида уларнинг ёмонликларидан ўтиб юборурмиз”. Ким Аллоҳга тавба қилса ва гуноҳдан қайтса, шак-шубҳасиз Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини кечиради. Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайди.
“Ваъда қилинган ҳаққоний ваъдадир”. Аллоҳ таоло имон аҳлига яхшиликларини қабул қилиши ва гуноҳларини кечиб юбориши ҳақ ваъдадир.
“Тафсири Мунир” асари асосида
“Новза” жоме масжиди имом-хатиби
Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ
тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 7-сонидан.
БАА Қирғизистонда Ислом академиясини қуради
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мамлакат муфтийси Замир Ракиев билан учрашув ўтказди, унда мафкуравий хавфсизлик, динлараро бағрикенглик ва диний таълим масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизматига таянган ҳолда Regnum АА хабар бермоқда.
Президент экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олиш мақсадида диний таълим ва тарбия сифатини академик даражада ошириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
"Бу йўналишда мусулмонлар диний идорасининг ўрни жуда муҳим. Мамлакат халқи маданиятларининг бирлиги ва хилма-хиллигини асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш, жамиятни бирлаштириш борасидаги ишларни мустаҳкамлаш зарур", - деб таъкидлади Президент.
Шунингдек, Жапаров Чуй вилоятидаги Тўқмоқ шаҳрида Ислом Академияси қурилиши Бирлашган Араб Амирликларининг шайх Зайд бин Султон Ал-Наҳайён хайрия ва гуманитар жамғармаси кўмагида амалга оширилаётганини ҳам таъкидлади.
Академия қурилиши учун икки гектар ер ажратилди. Таълим муассасасига 200 га яқин ўқувчи қатнаши тахмин қилинмоқда. Университет талабаларни аралаш магистратура ва докторантура дастурига тайёрлайди. Академия талабалари нафақат диний, балки дунёвий таълим олиш имкониятига эга бўлади, бу эса диний фанларни чуқур ўрганишни ўз ичига олади.
Ислом Академияси қурилишида ҳамкорлик тўғрисидаги битим 2019 йилда БААда имзоланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Имом ал-Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётлари (17-қисм)
Ҳанафийларга ҳадис етиб келмаганми? Ёҳуд Aҳли рай ва аҳли ҳадис (видео)
Дубайда дунёдаги биринчи экологик хавфсиз масжид очилди
Дубай электр энергетика ва сув таъминоти бошқармаси (ДЕWА) АҚШдаги Экологик қурилиш кенгашидан 83 балл олган дунёдаги биринчи масжидни очди.
Islam.ru хабарига кўра, Ҳатта шаҳридаги масжид экологик хавфсизликнинг энг юқори стандартларига мувофиқ 600 дан ортиқ намозхонларни 1050 квадрат метр майдонга сиғдира олади.
"Барча лойиҳа ва ташаббусларимизда барқарорлик ва самарадорликнинг энг юқори стандартларига риоя қилишга интиламиз. Бу, вице-президент, бош вазир ва Дубай ҳукмдори Шайх Муҳаммад бин Рашид Ал Мактум томонидан бошланган 2040 йилгача бўлган даврда Дубай Бош ривожланиш режасига мувофиқ келади", - деди Саид Муҳаммад Ал Тайер, MD ва DEWA бош директори.
Масжид мажмуасида баландлиги 25 метр бўлган миноралар, автомобиллар ва мопедлар учун машиналар қўйиш жойи, зарядловчи станция, шунингдек, диний бинода "Қатъиятли одамлар" (People of Determination) учун барча шароитлар яратилган (Амирликлар "имконияти чекланган одамлар" сўзи ўрнига ногиронларни айнан шундай чақиришга қарор қилган).
Масжид электр энергияси ишлаб чиқариш учун қуёш панеллари, шунингдек, ишлатилган сувни тозалаш ва қайта ишлаш учун ускуналар билан жиҳозланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати